Ҳодиса жойида фототасвирга тушириш қоидалари. Ҳодиса жойида фототасвирга тушириш - содир этилган ҳодисанинг моҳиятини аниқлаш, содир этилган ҳаракатларнинг оқибатлари ва хусусиятларини акс эттириш, ушбу ҳаракатлар натижасида қолган излар, буюмлар ва ашёвий далилларни кўрсатиш мақсадида амалга оширилади.
Фототасвирларда қуйидагиларни қайд этиш зарур:
-ҳодиса жойидаги аҳвол, яъни ҳодиса содир бўлаётганида ташқи шароитларнинг таъсири мажмуи;
-содир бўлган ҳодиса тўғрисида ахборот берувчи предметларнинг ҳолатлари ва уларнинг жойлашуви;
-жиноятчи ҳаракат қилиши мумкин бўлган ҳудуд ёки бинонинг атрофи;
-содир бўлган ҳодиса оқибатида вужудга келган ёки ўзгарган обьектлар, уларнинг озаро жойлашуви ва хусусиятлари;
-тажовуз обьекти, унинг жойлашуви, ҳолати ва қўлланган ҳаракат усулини белгиловчи аломатлар;
-содир бўлган ҳодисага аниқлик киритиш учун аҳамиятли бўлган ашёвий далиллар, излар ва предметлар.
Юқорида санаб ўтилганларни фототасвирларда акс эттириш учун суд фотографиясининг метод ва усуллари ишлаб чиқилган бўлиб, уларга қуйидагилар киради:
1) мўлжалли;
2) умумий кўринишли;
3) қисмли;
4) деталли;
5) хочсимон;
6) қарама-қарши;
7) сигналли.
Ҳодиса жойини тасвирга олиш жараёнида, агар тасвирга туширилаётган обьектнинг ўлчамлари катта бўлса, чизиқли ва айлана бўйлаб панорама усулларидан фойдаланилади.
Мўлжалли тасвирга олиш. Мўлжалли фототасвирга тушириш деганда, кўздан кечирилаётган ҳудудни атрофдаги вазиятга нисбатан боғлаб тасвирга тушириш тушунилади. Мўлжалли фототасвирларда тасвирга тушириш обьектини ўраб турган муҳит ҳамда унга боғлиқ бўлиши мумкин бўлган бошқа обьектлар ҳам акс эттирилиши керак. Масалан, узумзор олдида санчувчи-кесувчи предмет таъсирининг аломатлари билан, шахси ноаниқ мурда топилди. Мурда бошининг шимол томонида, бир неча юз метр узоқликда чорвачилик фермаси жойлашган ва у жойга тўғридан-тўғри борадиган йўл мавжуд эмас. Жанубий томонда эса, 1,5 км узоқликда қишлоқ мавжуд бўлиб, унга мурда топилган жойдан тупроқли йўл олиб боради. Бундай ҳолатда ҳодиса жойининг мўлжалли фотосурати икки панорама орқали амалга оширилади. Биринчи панорамада тупроқли йўл билан қишлоқ ва ҳодиса жойи боғланса, иккинчи панорамада ҳодиса жойи чорвачилик фермаси билан боғланиши керак.
Мўлжалли панорама икки усулда амалга оширилиши мумкин: айлана бўйлаб панорама ва чизиқли панорама. Панорама камида учта фотосуратдан иборат бўлади. Панорама марказида ҳодиса жойи туради. Суратга олишдан аввал, обьектив орқали кўринаётган ҳудуд ҳаёлан бир неча кадрларга бўлинади, сўнг уланиш жойлари белгилаб олинади. Панорамали суратга олиш жараёнида ҳудуднинг фотоаппарат обьективида кўринаётган юқори ва қуйи қисмларига нисбатан горизонтал ҳолат сақланиши зарурдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |