2-§. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишнинг юридик таҳлили.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш жиноятга дахлдорлик шакли сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексиниг 31-моддасида назарда тутилган бўлиб, ушбу модда мазмунига кўра, жиноятга дахлдорлик деганда жиноятга тайёргарлик кўрилаётганлиги, жиноят содир этилаётганлиги ёки жиноят содир этилганлиги ҳақида аниқ била туриб, олдиндан ваъда бермаган ҳолда, ҳокимият органларига хабар қилмаслик ҳамда жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда яширганлик тушинилади. Жиноят кодексининг 31-моддаси биринчи қисмида жиноятга тайёргарлик кўрилаётганлиги, жиноят содир этилаётганлиги ёки жиноят содир этилганлиги ҳақида аниқ била туриб, олдиндан ваъда бермаган ҳолда, ҳокимият органларига хабар қилмаслик, Жиноят кодексининг 1551 (33) ва 241-моддасида назарда тутилган ҳоллардагина жавобгарликка сабаб бўлишигина белгиланган.
Жиноят кодексининг 1551-моддаси (Тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлар ва фактларни хабар қилмаслик) шахс томонидан Жиноят кодексининг 155 (Терроризм), 1552 (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш), 1553 (Терроризмни молиялаштириш), 158 (Ўзбекистон Республикаси Президнтига тажовуз қилиш), 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 161 (Қўпорувчилик), 242 (Жиноий уюшма ташкил этиш), 245 (Шахсни гаров сифатида тутқунликка олиш), 254 (Радиоактив материаллардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш), 2551 (Бактериологик, кимёвий ва бошқа хил ялпи қирғин қуроллари турларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тўплаш, олиш, бировга ўтказиш, сақлаш, қонунга хилоф равишда эгаллаш ва улар билан бошқа ҳаракатларни содир этиш) ва (ёки) 264-модда (Темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркибини, ҳаво, денгиз ёки дарё кемасини олиб қочиш ёки эгаллаб олиш)-ларида назарда тутилган, дастлабки тергов ҳамда суд муҳокамаси материаллари билан исботланган, аниқ маълум бўлган тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик хусусиятига эга жиноят тўғрисида хабар қиламсалик учун жавобгарликни назарда тутади.
Жиноят кодексининг 241-моддаси биринчи қисмида тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаслик учун жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, Жиноят кодекси 15-моддаси мазмунига кўра, оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар, ўта оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёҳуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.
Жиноят кодексининг 31-моддаси иккинчи қисмида жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда яширганлик жиноят кодексининг 241-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллардагина, яъни оғир ва ўта оғир жиноятларни олдиндан ваъда бермасдан яшириш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 31-моддаси учинчи қисмига асосан, одиндан ваъда бермаган ҳолда жиноят ҳақида хабар бермаганлик ёки жиноятни яширганлик учун гумон қилунувчи, айбланувчи ёки судланувчининг яқин қариндошлари жавобгарликка тортилмайди.
Жиноят кодекси Махсус қисмининг саккизинчи бўлими (Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси)да «яқин қариндошлар» атамасига қуйидагича ҳуқуқий таъриф берилган: «Яқин қариндошлар – қариндош ёки қуда томонидан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари»34.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишнинг бевосита объекти одил судлов органларининг жиноятларга қарши кураш олиб боришга йўналтирилган суриштирув, тергов ва суднинг нормал иш фаолиятини таъминловчи жиноий муносабатлар ҳисобланади. Шу билан бирга, мазкур жиноятнинг содир этилиши одил судловни амалга оширадиган суд, прокуратура, даслабки тергов ёки суриштирув идораларнинг жиноятларни тез ва тўла фош этилишига тўсқинлик қилади. Бу эса, одил судлов органларинг жиноят ишларини тергов қилиш, жиноятларни очиш, жиноят содир этган айбдорларни фош қилиш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш борасидаги вазифаларини амалга оширишларида нормал иш фаолиятини бузади.
Жиноят кодекси 241-моддаси ўз тузилиши мазмунига кўра, объектив ҳаракатлари бўйича бир-биридан фарқ қилувчи икки мустақил таркибли жиноятлардан ташкил топган.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик деганда, жиноятга тайёргарлик кўрилаётганлиги, жиноят содир этилаётганлиги ёки жиноят содир этилганлиги ҳақида аниқ била туриб олдиндан ваъда бермаган ҳолда ҳокимият органларига хабар бермаслик тушунилади35. Мазкур таърифда жиноят содир этган шахс ҳақида хабар бермаслик тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилмаган. Шунингдек, олдиндан ваъда берилган ҳолда, жиноят ҳақида хабар бермаслик жиноят қонуни нормасида ва юридик адабиётларда бир хилда ҳал этилмаган. Айрим адабиётларни ўрганиб чиқиш натижасида келинган хулосага кўра олдиндан ваъда қилинган ҳолда хабар бермасликнинг юридик табиати ҳақидаги тортишувларнинг моҳияти унинг жиноятда иштирокчиликка ёки жиноятга дахлдорликка тегишли эканлигини тўғрисида билдирилган фикрларда ўз аксини топади36. Тажовузнинг асосий хусусияти тайёрланаётган, содир этиган ёки содир этилаётган муайян жиноятларнинг таркибий элементларини ташкил қилувчи жиноий-ҳуқуқий ҳолатлар ҳақидаги фактик маълумотлар ҳисобланада. Масалан, бундай фактик маълумотларга жиноят содир этган шахс, жиноят содир этиш қуроли ва воситалари, жиноят содир этиш жойи ва бошқаларни киритиш мумкин.
Жиноят ҳақида хабар бермасликнинг объектив томони фақат шахснинг пассив хулқ-атворини ташкил қилувчи ҳаракатсизликда ифодаланади. «Объектив томондан хабар бермаслик тайёргарлик кўрилаётган, содир этилган ва содир этилаётган жиноятлар ҳақида тегишли органга хабар қилиш бўйича қонун билан юклатилган юридик мажбуриятни бажармасликда ифодаланади»37.
Қонунга асосан хабар бермаслик учун жиноий жавобгарлик фақат шахсга аниқ маълум бўлгани ҳолда, оғир ёки ўта оғир жиноятлар ҳақида хабар бермаслик учун белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 15-моддасининг жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусиятни инобатга олиш асосида жиноятларни таснифловчи нормасига назар ташлайдиган бўлсак, қонун чиқарувчи жиноятнинг у ёки бу тоифасига тегишли мезонларни аниқ белгилаб берган. Жиноятларни таснифлаш мезонлари сифатида жазо тури ва миқдори ҳамда айб шакли олинган. Жиноят кодексининг 15-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони назарда тутувчи жиноятлар оғир жиноятлар ҳисобланади. Жиноят кодексининг 15-моддаси бешинчи қисмига муофиқ эса қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш, ёҳуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони назарда тутувчи жиноятлар ўта оғир жиноятлар деб топилади.
У ёки бу жиноятнинг оғир ёки ўта оғир жиноятлар тоифасига тегишли эканлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда, шахсга аниқ маълум бўлган ва бу ҳақида у хабар бермаган бўлса, бевосита ушбу жиноятнинг моддаси ёки муайян қисми деспозициясида назарда тутилган қилмиш учун белгиланган санкциясини аниқлаш керак. Бироқ буни тўғри белгилаш учун шахснинг хабар бермаган жиноятига аниқ ҳуқуқий баҳо бериш керак бўлади. Агар шахс томонидан хабар берилмаган жиноят нотўғри квалификация қилиниб, хабар бермаган шахс жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлса, бу каби баҳо берилиши хато ҳисобланади ҳамда оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида хабар бермаслик учун жиноий жавобгарликнинг асосий шартларидан бири бўлган зарурий белги аниқланмаган бўлади. Агар шахс ижтимоий ҳаракатда бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаса, Жиноят кодексининг 241-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноят таркибини белгилари мавжуд бўлмайди ва бундай қилмиш жиноий жавобгарликни истисно этади. Юридик адабиётларда тайёргарлик кўрилаётган жиноят ҳақида хабар бермаслик деганда, «жиноят содир этиш ёки суиқасд қилиш учун тайёргарлик кўришни ташкил қилувчи қилмишлар ва жиноят содир этиш учун иштирокчиларни танлаш ва қидириш»38, содир этилган жиноятлар деганда эса, «Жиноят кодекси Махсус қисмининг аниқ моддаларида назарда тутилган жиноят таркиби белгиларини ташкил қилувчи жиноятнинг зарурий белгилари ҳисобланган жиноий қилмишларнинг барчасини амалга ошириш ва шахс жиноий ниятини амалга ошириш ҳамда жиноят содир этишдан аввал режалаштирилган ижтимоий хавфли қилмишларини тўлиқ бажариши, агар жиноятнинг оқибати қонунда назарда тутилган бўлса, ушбу жиноий оқибатнинг келиб чиқиши тушунилиши»39 белгиланган.
Шу билан бирга, жиноят ҳақидаги маълумотлар аниқ, ўз вақтида берилиши ва тўлиқ бўлиши керак.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик учун жиноий жавобгарлик фақат тайёргарлик кўрилаётган, содир этилган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаган ҳоллардагина келиб чиқади. Аниқ билиш жиноят ҳақидаги маълумотни аниқ, ишончли ва муқаррар билишни англатади. Жиноят ҳақида хабар бермаётган шахс онгининг ақлий хусусиятлари хабар берилмаётган жиноят таркибининг барча зарурий белгиларини қамраб олиши лозим. Масалан, ҳақиқатан ҳам жиноят содир этилётганлигини ёки ҳақиқатан ҳам жиноят содир этишга тайёргарлик кўрилаётганлигини англаши лозим. Бундай белгиларнинг аниқланмаганлиги жиноят ҳақида хабар бермаслик жиноят таркибини инкор этади.
Маълумотларнинг аниқлиги шахсга бошқа шахс ёки бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилаётган жиноий қилмишнинг жиноят эканлиги ҳақида аниқ, унда шубҳа туғдирмайдиган далиллар маълумлигини билдиради.
Шахс жиноят ҳақидаги аниқ маълумотларни шахсан кузатиши жиноятни содир этган шахс ёки жиноят иштирокчиларининг маълумотлари, муайян ҳужжатлар билан танишиш орқали олиши мумкин. Шахс хабар бериш шаклидаги ҳуқуқий мажбуриятини ўз вақтида бажариши билан бирга бераётган маълумотлари тўлиқ бўлиши керак. Маълумотларнинг тўлиқлиги тўғрисидаги масала ҳам юридик адабиётларда турлича ҳал қилинган. Юридик адабиётларда мавжуд бўлган фикрларни умумлаштирсак, бу масалани ҳал қилишга нисбатан билдирилган қарашларни икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳ тарафдорларининг фикрича, «қонун фуқароларда ишнинг ҳолатлари бўйича шахсга маълум бўлган жиноятга, айбдор ёки айбдорларнинг шахсига тегишли барча маълумотларни хабар қилиш мажбуриятини юклайди. Бундан келиб чиққан ҳолда, шахс ушбу маълумотларнинг барчаси ҳокимият органларига тўлиқ равишда бериши маълумотларнинг тўлиқлигидан далолат беради» 40.
Иккинчи гуруҳ тарафдорлари «жиноят ҳақида хабар бермаслик учун жиноий жавобгарлик фақат тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган жиноят ҳақида хабар берилмаган маълумотлар хабар берилмаётган жиноят таркибига тегишли бўлган маълумотларни ташкил қилса, мазкур жиноят таркибини келтириб чиқаради»41 , деган фикрни қўллаб-қувватлайди.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик -узоққа жўзилган жиноятдир. У субъектнинг жиноят ҳақида хабар бериш мажбуриятларини бажаришга реал имкониятлари мавжуд бўла туриб бажармаган пайтидан эътиборан тугалланган ҳисобланади ва у ҳақида ҳокимият органларига хабар бергунга қадар давом этади.
Жиноят хақида хабар бермаганлик учун жиноий жавобгарликка тортишнинг шартларидан яна бири бу жиноятнинг субъектив томонини тўғри белгилаб олишдир. Шуни таъкидлаш жоизки, юридик адабиётларда жиноятга дахлдорликнинг шакли бўлган жиноят хақида хабар бермасликнинг субъектив томонини тавсифловчи мунозарали фикрлар мавжуд. Бироқ барча муаллифлар мазкур жиноят фақат қасддан содир этилиши ҳақидаги фикрларни баён этганлар. Бир қатор муаллифлар хабар бермаслик эгри қасд шаклида ҳам ифодаланиши мумкинлигини илгари сурганлар42. Демак, айбдор тайёрланаётган, содир этилган, содир этилаётган жиноятлар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади ва бу ҳақда одил судлов органларига хабар бермасдан, қонунда белгиланган мажбуриятларни қасддан бажармйди. Айбдор шахснинг жиноят ҳақида хабар бермаслик натижасида келиб чиқадиган оқибатларга бўлган муносабати ушбу жиноятнинг айб шаклини белгилашга таъсир этмайди. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда таъкидлаш мумкинки, жиноят ҳақида хабар бермасликнинг субъектив томони тўғри қасдда ифодаланади. Унинг тузилиши икки белги, яъни тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган жиноятлар ҳақида аниқ билгани ҳолда, ваколатли органларга хабар бермаслик шаклидаги ўз ҳаракатсизлигининг ижтимоий хавфли оқибатини англайди. Иккинчи белги – унинг иродавий белгиси, яъни шахснинг шундай ҳаракатсизлик қилишни хоҳлаши билан изоҳланади.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик жиноятининг субъекти, Жиноят кодексининг 17-моддасига асосан, жиноят содир этгунга қадар 16 ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар туради.
Шу билан бирга, З.Х.Гулямов ушбу жиноятнинг субъекти нуқтаи назаридан қуйидагиларни ҳам алоҳида кўрсатиб ўтади, яъни унинг фикрича, «ушбу умумий қоидадан истисно ҳолатлар ҳам мавжуд, унга кўра, жиноят ҳақида хабар бермаганликлари учун алоҳида тоифадаги шахслар жиноий жавобгарликка тортилмайдилар. Булар: 1) яқин қариндошлар; 2) хабар берилмаган жиноятни содир этган шахслар; 3) хабар бермаган жиноятлар билан алоқдор бўлган ўзи содир этган бошқа жиноятнинг фош этилишига олиб келиши мумкин бўлган жиноят ҳақида хабар бермаган шахслар; 4) гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини қонунда белгиланган тартибда ҳимоя қилишни амалга ошириш ваколатлари берилган ва уларга зарурий ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи ҳимоячилар»43.
ЖК 241-моддаси иккинчи қисми диспозициясида олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятни яшириш учун жавобгарликни назарда тутади.
Юридик адабиётларда жиноятни яшириш тушунчасини турлича таърифлар берилган. Маслан, З.Х. Гулямовнинг фикрича, «жиноятни яшириш шахснинг оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этишда қатнашмаган, одил судловни амалга оширишга йўналтирлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг нормал фаолиятига тажавуз қилувчи, жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда, яширишга қаратилган қасддан қилинган қилмишдир»44. М.Х.Рустамбоевнинг таъкидлашича, «жиноятчини, унинг жиноят изларини, оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этишдаги восита ва қурол-яроғини ёҳуд оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этиш натижасида олинган буюм ва қимматбаҳо нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда бекитишдир»45. Ушбу фиркларга таянган ҳолда оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган шахсларни, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёҳуд жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда бекитишни жиноятни яшириш деб изоҳлаш мумкин.
Шубҳасиз, жиноят қонунида «жиноятчи» атамасидан фойдаланиш амалиёт ва назарияда айрим муаммоларни келтириб чиқаради. Чунки жиноят қонуни шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бошқа ижтимоий муносабатларни бир хилда ҳимоя қилади. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари миллий Конституциямизда ҳам мустаҳкамланган. Унда шахснинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатининг таъминланиши белгиланган. Шулардан бири Конституциянинг 26-моддаси биринчи қисмида келтирилган бўлиб, унда «жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди», дейилган. Мазкур конституциявий нормага асосан, ҳар бир шахс, гарчи у жиноят содир этишда гумон қилинаётган бўлишига қарамай, айби судда исботланмагунга қадар, жиноятчи (айбдор)деб топилиши мумкин эмас.
Юқорида келтирилганларни инобатга олган ҳуқуқшунос олим А.С.Якубов «... жиноят қонуни: биринчидан, муайян жиноят таркибини белгилаш ва уни содир этган шахсни жиноятчи деб топиш фақат қонунга асосан амалга оширилиши; иккинчидан, шахснинг жиноятчи деб топилиши ва унинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида назарда тутилган жиноий жавобгарликка, жазо ёки бошқа жиноий-ҳуқуқий таъсир чораларига дучор бўлиши фақат суднинг айблов ҳукми бўйича амалга оширилиши лозим»46лигини эътиборга олишни мақсадга мувофиқ равишда ўрнатишни таъкидлайди.
Демак, жиноятга жиноят ҳақида хабар бермаслик ва уни яшириш билан боғлиқ нормаларни тузишда «жиноятчи» атамаси ўрнига «жиноят содир этган шахс» атамасидан фойдаланишимз мантиқан тўғри бўлади.
Жиноятни яширишнинг объектини белгилашда ҳам ягона тўхтамга келинмаган. Жумладан, баъзи олимлар жиноятни яширишнинг объекти «жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминловчи ижтимоий муносабатлар»47, деб ҳисоблашади. Аммо бу фикрга қўшилиб бўлмайди, чунки жиноятни яшириш, биринчи навбатда, одил судлов манфаатларини таъминловчи ижтимоий муносабатларга зарар етказади. Бинобарин, бундай қилмишнинг содир этилиши жиноят ва жиноят содир этган шахсни фош этишда жиддий қийинчиликларни келтириб чиқаради. Жиноят қонуни билан қўриқланадиган мазкур объектга зарар етказиш ушбу жиноятнинг ижтимоий хавфлилигини ташкил этади. Шу сабабдан ҳам жиноятни яшириш одил судловга қарши жиноятларнинг бири сифатида қаралиши керак.
Ушбу жиноят объектив томондан шахснинг фаол хулқ-атворида, яъни унинг хатти-ҳаракатида ифодаланади. Аммо жиноятни яширишнинг объектив томони ҳаракатсизликда ҳам содир этилиши мумкин48, деган фикрлар ҳам мавжуд. Айрим муаллифларнинг бундай фикрга келишлари, аввало, уларнинг жиноятни яширишни жиноятга дахлдорликнинг мустақил шакли ҳисобланган жиноятга йўл қўйиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки мустақил жиноят таркиби ҳисобланган ёлғон гувоҳлик бериш жиноятига ўҳшатиш каби типик хатоликларга йўл қўйилганлиги билан изоҳланади.
Жиноятни яширишнинг объектив томони Жиноят кодекси 31-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ очиб берилади ва у бир қатор фаол ҳаракатларни ўзида намоён этади: 1) жиноятчини яшириш; 2) жиноятни содир этиш қуролини яшириш; 3) жиноят содир этиш воситаларини яшириш; 4) жиноят изларини яшириш; 5) жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яшириш.
Жиноят содир этган шахсни яшириш ҳар қандай усуллар билан уни бекитишда ифодаланади. Бу транспорт воситасини бериб туриш орқали унинг қочишига кўмаклашиш, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, ташқи кўринишин ўзгартириш, муайян жой бериб туриш ва шу каби ҳаракатлар мавжуд бўлиши мумкин. Масалан, Андижон вилоятида яшовчи фуқаро К. тамагирлик мақсадиди икки нафар фуқарони ҳаётидан маҳрум қилади. Мазкур факт тўғрисида оммавий ахборот воситаларида кўрсатиб берилади. К.нинг таниши Н. унинг қандайдир жиноятни содир этганлиги учун қидирилаётганлигини била туриб, унга ўз уйида яшаб туриши учун жой бериб, К.ни яширади ва унинг ташқи кўринишини ўзгартириш кераклигини айтиб, сочини бўяшга ёрдам беради. Кейинчалик Н.нинг қилмиши фош этилиб, унинг қилмиши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-моддаси 2-қисми билан квалификация қилинади49.
Жиноят содир этган шахсни ёки жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини яшириш деганда, уларни олиш, сақлаш ёки нобуд қилиш ёхуд унинг ташқи кўринишини ўзгартириш ва бошқаларни тушуниш керак. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Н.нинг қилмишини олдиндан ваъда бермаган ҳолда, жиноятни яшириш деб квалификация қилди. Яъни, айбдор ўз таниши К.нинг одам ўлдириш жиноятини содир этганлиги ҳақида билиб, унинг кўрсатмаси асосида мурда ётган жойдан, уни ўлдиришда фойдаланилган пичоқни олади ва К.га ушбу пичоқдан қутулиш кераклигини айтади. Натижада К. ушбу пичоқни ҳожатхонага ташлаб юборади50.
Жиноят изларини яшириш, қоида тариқасида ушбу изларни йўқ қилишда (кийимдаги жиноят изларини йўқ қилиш, транспорт воситасининг зарар етган қисмини таъмирлаш ва ш.к.) ифодаланса, жиноий йўл билан топилган мулкини яшириш эса, уларни қайта ишлаш ёки сақлашда намоён бўлади.
Жиноятни яширувчи ўзининг ҳаракатлари билан жиноятни яширишга олдидан ваъда бермайди, бироқ жиноят содир этган шахснинг ўзини, жиноят содир этиш қурол ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яширишда жиноят содир этган шахсга ёрдам беради. Жиноятни яширишнинг ушбу усуллари кенг тарқалган бўлиб, у жиноий йўл билан қўлга киритилган предметларни нобуд қилиш, сақлаш ёки ўтказишда намоён бўлиши мумкин. Бироқ мулкнинг жиноий йўл билан топилганлигин била туриб, уни олдиндан ваъда бермаган ҳолда, олиш ёки ўтказишни жиноятни яшириш каби баҳолаш мумкин эмас, бундай қилмиш мустақил таркибли қилмиш ҳисобланади ва Жиноят кодексининг 171-моддасида белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.
Жиноятни яширишнинг субъектив томони айбнинг тўғри қасд шакли билан тавсифланади. Жиноятни яшириш ҳаракатларини содир этишга нисбатан шахснинг руҳий муносабати айбнинг қасд шаклида эканлигига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. Шахс ўз ҳаракатлари билан жиноят қурол ва воситаларини, жиноят излари ва жиноий йўл билан қўлга киритилган предметларни ҳамда жиноят содир этган шахсни яшираётганлигини англайди ва ушбу ҳаракатларни содир этишни хоҳлайди. Шунинг учун мазкур жиноят эгри қасд билан содир этилиши мумкин эмас. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жиноятни яширишга суиқасд қилиш ҳам жазоланувчи қилмиш ҳисобланади.
Шунингдек, жиноятни яширишни жиноят ҳақида хабар бермасликдан фарқлаш лозим, чунки бу ҳолат жиноятни квалификация қилишда муҳимдир. Жиноятни яшириш жиноят ҳақида хабар бермасликдан яширувчи ҳаракатларининг фаоллиги билан фарқланади, жиноят ҳақида хабар бермаслик эса ҳаракатсизликда ифодаланади.
Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, жиноятни яширган шахс бир вақтнинг ўзида жиноят ҳақида хабар бермаганлиги учун ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, чунки у жиноятни яширишнинг таркибий қисми сифатида намоён бўлади.
Ушбу бобга якуний хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Жиноят кодекси 241-моддаси ўз тузилиши мазмунига кўра, объектив ҳаракатлари бўйича бир-биридан фарқ қилувчи икки мустақил таркибли жиноятлардан ташкил топган. Шу сабабли унинг юридик таҳлилининг ўзидан келиб чиқиб, уни алоҳида нормаларга ажратиш мақсадга муофиқ деб ўйлаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |