ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ
МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ БОШҚАРМАСИ
ҲАФТАНИНГ ҲАР БИР КУНИНИ НОМЛАНИШИ ҲАМДА МАЗКУР КУНЛАРДА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ТАДБИРЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
ТОШКЕНТ - 2013
Халқ таълими вазирлиги
Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси
томонидан 2013 йил тавсия этилган
Ҳафтанинг ҳар бир кунини номланиши ҳамда мазкур кунларда таълим-тарбия жараёнини мувофиқлаштиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш бўйича ЙЎРИҚНОМА
Душанба – “Сиёсий ва иқтисодий билимлар куни”да:
– умумтаълим мактабларида душанба куни ўтказиладиган “Сафланиш” ва “Биринчи дарс”ларда ўқувчиларнинг сиёсий-иқтисодий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган “Дунёда ва мамлакатимизда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий янгиликлар” ҳақида маълумот бериш. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида илк сиёсий-иқтисодий таълим-тарбияни болаларнинг кундалик фаолиятидаги ўйин ва машғулотлар орқали сингдириб бориш;
– ўқувчиларнинг сиёсий-иқтисодий савиясини юксалтиришга қаратилган тадбирлар (“Ёш хуқуқшунос” ва “Ёш иқтисодчи” тўгарак (клуб)лари фаолияти доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ва олимлар билан учрашувлар, суҳбатлар) ташкил этиш.
Сешанба – “Спорт ва соғломлаштириш куни”да:
– ўқувчи ва тарбияланувчилар ўртасида жисмоний баркамолликни, спортнинг оммавий ва миллий турлари ҳамда халқ ўйинларини кенг тарғиб қилиш;
– ўтказилган сўровномалар асосида жисмоний тайёргарлик ва мунтазам спорт билан шуғулланадиган ўқувчилар учун зарурий шарт-шароитларни яратиш ва доимий мониторинг юргазиш;
– таълим муассасаларидаги мавжуд спорт заллари ва майдончалари, улардаги жиҳозларнинг ҳолатини назорат қилиш, бутлигини таъминлаш ҳамда доимий фаолияти учун ўқитувчи ва ўқувчиларнинг масъулиятини ошириш;
– таълим муассасаларидаги спорт зали ва майдончаларидан тўлақонли, мақсадли фойдаланиш юзасидан тасдиқланган жадвал асосида спорт турлари бўйича спорт секциялари фаолиятини назорат қилиш;
– спортни оммавийлигини таъминлаш бўйича вояга етмаганларнинг ёшини инобатга олиган ҳолда турли спорт мусобақалари (“Соғломжон-полвонжон”, “Қувноқ стартлар”, “Умид ниҳоллари” ва бошқа)ни ташкил этиш.
Чоршанба – “Ҳуқуқий саводхонликни ошириш куни”да:
– мактабгача таълим муассасаларида илк ҳуқуқий таълим-тарбияни болаларнинг кундалик фаолиятидаги ўйин ва машғулотлар орқали сингдириб бориш;
– умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг ёш хусусиятидан келиб чиқиб, уларнинг ҳуқуқий саводхонликни ошириш, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш;
– ҳуқуқий таълим-тарбия ва тарғиботни ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш (дарслик ва адабиётлар, “Ҳуқуқий саводхонлик бурчаги”), шу асосда амалга оширилаётган ишларни назорат қилиш;
– таълим муассасаларида “Ҳуқуқий саводхонлик” тўгараклари фаолияти доирасида ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, диний уламолар ва мутахассислар иштирокида профилактик туркум тадбирлар (учрашув, якка тартибда суҳбат, жавол-жавоб, амалий-машғулот, семинар-тренинг ва танловлар) ташкил этиш.
Пайшанба – “Ота-оналар куни”да:
– “Ота-оналар мажлислари”ни (синф, умумий мактаб бўйича) мазмунли ва мақсадли ташкил этиш. Бунда, фарзанднинг камол топиши, таълим-тарбияси, касб-ҳунар ва жамиятдаги ўз ўрнини эгаллашида ота-оналарнинг бурчи, вазифаси ва қонун билан белгиланган мажбуриятларини тўлақонли бажарилишига масъуллигини сингдириш;
– фарзанднинг таълим-тарбияси ва ҳулқ-атворидаги ютуқлари ва мавжуд бўшлиқни тўлдириш юзасидан ҳар бир ўқувчи учун тузилган “Ижтимоий паспорт” ни мунтазам бойитиб бориш ва мониторинг юргазиш;
– фарзандларнинг таълим-тарбияси ва касб-ҳунарга йўналтиришда оталарнинг ролини кучайтириш мақсадида “Оталар мажлиси”ни тизимли ўтказиш (“Оталар мажлиси” ҳар чоракнинг охирги якшанба куни синфларда ва касб-ҳунарга йўналтириш бўйича касб-ҳунар таълими муассасалари билан ҳамкорликда);
– ота-оналарнинг таълим муассасалари билан ҳамкорлигини кучайтириш, фарзандининг ўқиши, “Мактабнинг ички тартиб қоидалари”га тўлиқ риоя қилиши, дарслардаги иштироки ва фаоллиги билан яқиндан таништириш мақсадида уларнинг иштирокида “Очиқ дарс”лар ташкил этиш;
– “Оила, маҳалла, мактаб” ҳамкорлиги маркази ва “Жамоат кенгаши” фаолиятлари доирасида ўқувчилар орасида “Мактабнинг ички тартиб қоидалари”ни бузиш, ўз жонига қасд қилиш, зўравонлик, ҳаёсизлик ва шафқатсизлик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик иллатларини олдини олиш ҳамда уларни миллий менталитетимизга ёт зарарли таъсирлардан, паст савияли “Оммавий маданият” хуружларидан ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларда фаол иштирокини таъминлаш.
Жума – “Маънавият куни”да:
– “Маънавият ва маърифат” хонасини тасдиқланган иш тартибига мувофиқ мазмунли ва самарали фаолият юритишини таъминлаш;
– ўқувчи ва тарбияланувчиларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида режа асосида маданият масканларига оилавий ва ташкилий равишда жалб этиш, мустақиллик йилларида юртимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, айниқса таълим соҳасида эришилган ютуқлар билан таништириш ва дарс жараёнида олган билимларини мустаҳкамлаш юзасидан Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги тарихий қадамжолар, музейлар ва табиатнинг бетакрор гўшаларида “Очиқ дарс”лар ташкил этиш;
– таълим муассасалари кутубхоналари ва ахборот-ресурс марказларида турли маънавий-маърифий тадбирлар (“Адабиёт кунлари”, “Китобим-офтобим”, “Китоб тақдимоти” номли маданий-маърифий тадбирлар, “Энг яхши китобхон ўқувчи”, “Китобхон мактаб”, “Энг билағон ўқувчи” танловлари, “Мактаб-кутубхона-оила-жамоат ташкилотлари” хайрия тадбири, ота-оналар ўртасида “Бир фарзандга-уч китоб” акцияси) ҳамда ҳудуддаги таниқли ижодкор ва санъаткорларнинг ижодий тўгаракларини ташкил этиш ва улар билан ҳамкорликда “Драма тўгараклари”да кичик саҳна кўринишларини саҳналаштириш;
– ўқувчиларни мактабдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва билимларини мустаҳкамлаш мақсадида уларни фан ва қизиқишлари бўйича ҳамда мактабдан ташқари таълим муассасалари тўгаракларига жалб қилиш, мониторингини юргазиш;
– ўқувчилар ўртасида қаровсизлик, назоратсизлик, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, миллий менталитетимизга ёт зарарли таъсирлардан, паст савияли “Оммавий маданият” хуружларидан ҳимоя қилишга қаратилган профилактик тадбирларни (ҳуқуқ - тартибот идоралари, “Маҳалла” жамғармаси, “Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорликда “Ўқувчи” ва масжидларда назорат рейдлари, имом хатиблар иштирокида якка тартибда профилактик суҳбатлар, турли танловлар) ташкил этиш;
– таълим-тарбия жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида ўзини-ўзи бошқарув тузилмалари (умумий ўрта таълим мактабларидаги “Камолот” ЁИҲнинг бошланғич ташкилоти, “Ота-оналар университети”, “Оила, маҳалла, мактаб” ҳамкорлиги маркази, “Жамоат кенгаши”, “Васийлик кенгаши”, “Тарбиявий соатлар” ва бошқа) фаолиятидан кенг фойдаланиш.
Шанба – “Озодалик куни”да:
– дарсдан бўш вақтда, ҳар бир синф учун бириктирилган ҳудудда, тасдиқланган режага мувофиқ ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш (ҳашар) ва синфда тозалаш ишларини амалга ошириш;
– “Мактабнинг ички тартиб қоидалари”га тўлиқ риоя қилган, ўзининг намунали ҳулқи, фанларни ўзлаштиришдаги ютуқлари ва умумтаълим мактаби ҳаётидаги фаоллигини инобатга олиб рағбатлантириш (юқори натижаларга эришган ўз вазифасига виждонан ёндошган ўқитувчиларни мактаб маъмурияти томонидан мукофотлаш ёки моддий рағбатлантириш). Шунингдек, “Мактаб ички тартиб қоидалари”ни бузганлиги учун интизомий чоралар кўриш (Ота-онасининг иш жойига, турар жойидаги маҳалла қўмитасига салбий холат юзасидан хат юбориш, “Сафланиш”ларда алоҳида кўрсатиб ўтиш);
– ҳафта давомида ўқувчиларнинг хулқ-атворлари ҳақида синф раҳбарлари томонидан кундалик дафтарларида тегишли фикрларни билдириш ва ота-оналар билан ҳамкорликда назоратни кучайтириш;
– оилада, маҳаллада ва мактабда экологик тарбия ва тафаккурни шакллантириш, атроф муҳит ва табиатга бўлган ижобий муносабатни ривожлантириш мақсадида турли тадбирлар (“Экология келажагимиз”, “Томчи сувда ҳаёт жилваси” каби кўрик танловлар) ўтказиш.
Изоҳ: 1. Ҳафта давомида мактабнинг ҳаёти билан боғлиқ ташкилий ва оммавий тадбирларда
ҳар бир ўқувчининг фаол иштирокини таъминлаш.
2. Ҳафта кунлари ва унда белгиланган вазифаларга таълим муассасаларининг ижодий
ёндашувига қараб қўшимчалар киритилиши мумкин.
@ustozlar_uchun @rishton7
Do'stlaringiz bilan baham: |