2. Бош мия пўстининг анализ ва синтез қилиш фаолияти
И.П.Павлов шартли рефлекслар методидан фойдаланиб, миядаги катта ярим шарлар пўстининг фаолияти ташқи муҳитдан, шунингдек, организмнинг ичидан нерв системасига таъсир қиладиган жуда кўп қўзғовчиларни анализ ва синтез қилишдан иборат эканлигини аниқлади.
Бош мия пўстининг анализ қилиш фаолияти «мураккаб муҳитнинг» организмга фойдали ёки зарарли таъсир этадиган «айрим элементларини» ажратишдан иборат.
Бош мия пўстининг синтез қилиш фаолияти ташқи муҳитнинг ана шу айрим элементларини муайян бир комплексларга бирлаштиришдан иборат. «Синтез – нерв туташиш ҳодисаси бўлса керак» дейди И.П.Павлов.
Катта ярим шарлар пўстининг синтез қилиш фаолияти туфайли шартли рефлекслар вужудга келиши, яъни бош мия пўстининг турли қисмлари ўзаро боғланиши мумкин. Масалан, овқатни қўйиш билан сўлак ажралиш шартли рефлекси кўрув анализатори билан таъм билиш анализаторининг мия пўстидаги қисмлари ўзаро боғлангандагина вужудга келиши мумкин.
Анализ ва синтез И.П.Павлов анализаторлар деб атаган маҳсус нерв механизмлари ёрдами билан воқеъ бўлади. Павлов таълимотига кўра, анализатор – нерв-физиологик аппарат бўлиб, сезувчи нервнинг перифериядаги чекка тармоқлари (рецептор), нервнинг ўзи (ўтказувчи йўл) ва мия пўстининг муайян қўзғалишини қабул қиладиган қисмидан иборат.
Ҳар бир анализаторнинг перифериядаги чекка тармоқлари тегишли сезги органларида – кўрув органида (кўз), эшитув органида (қулоқ), ҳид билиш органида (бурун - ҳалқум) ва бошқа органларда бўлади.
Анализатор – аввало сезги ва идрокларимизнинг нерв-физиологик аппаратидир.
Анализатор қуйидагича ишлайди: анализаторнинг чекка тармоқ эгати (рецептор) тегишли қўзғалишларни сезиб, қайтадан ишлаб, маҳсус нерв қўзғалишига айлантиради. Масалан, кўрув рецептори табиатдан ёруғлик тебранишларини, эшитув рецептори эса ҳаво тебранишларини ажратиб олади.
Анализаторнинг иккинчи бўлими қўзғалишни перифериядаги (чекка) тармоқлардан бош мия пўстига ўтказади.
Бош мия пўстида жуда нозик, юксак даражадаги анализ жараёни рўй беради. Қўзғалишлар бошқа қўзғалишлар билан ҳам шу ерда боғланади. «Марказий нерв системасининг шу юксак даражадаги қисмида, дейди И.П.Павлов, жуда нозик ва чексиз хилма-хил анализаторларнинг чекка тармоқларини кўрамиз, шу билан бирга, ташқи оламнинг анализаторлар томонидан ажратиладиган энг майда элементлари организм билан доимо янгича боғланиб, шартли рефлекслар ҳосил қилади…».
Шу тариқа И.П.Павлов таълимотига мувофиқ, бош мия катта ярим шарлари анализаторлар йиғиндисидан иборат, бу анализаторлар эса доим ташқи таъсирларни таркибий қисмларига ажратади ва уларни организмнинг бирор фаолияти билан боғлайди.
Қўзғовчиларнинг анализ ва синтез қилиниши бош мия пўстидаги ягона анализ-синтез қилиш фаолиятининг ўзаро боғланган икки томонидир. Бош мия пўстининг бу фаолияти идрок, хотира, хаёл, тафаккур ва шу кабиларнинг асосий механизмидир.
И.П.Павлов бош мия пўстининг анализ ва синтез қилиш фаолияти организмнинг теварак-атрофдаги муҳит билан нақадар кенг ва чуқур мослашуви ҳамда мувозанатлашувини белгилаб беради, деб ҳамиша ўқтиради.
Анализ ва синтез юксак нерв фаолияти ҳақидаги И.П.Павлов таълимотининг асосий тамойилларидан биридир.
Do'stlaringiz bilan baham: |