ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ
А.АВЛОНИЙ НОМИДАГИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИ РАҲБАРЛАРИ ВА МУТАХАССИСЛАРИНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ИНСТИТУТИ
ТАЪЛИМ ВА МАЪНАВИЯТИМИЗНИНГ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ
мавзусидаги давра суҳбати материаллари тўплами
ТОШКЕНТ–2017
Ушбу тўплам А.Авлоний номидаги ХТТРМҚТМОИ Илмий кенгашининг 2017 йил 28 ноябрдаги 11-сонли қарори билан нашрга тавсия этилган.
УДК
БКК
Таълим ва маънавиятимизнинг ҳуқуқий пойдевори: давра суҳбати материаллари тўплами.//Масъул муҳаррирлар ю.ф.д., проф. М.Б.Усмонов, ю.ф.д. Р.Ж.Матқурбанов. -Т.:НАВРЎЗ, 2017, 105 бет
Тақризчилар:ТДЮУ профессори Ж.Т.Ҳолмўминов,
ЎзДСМИ доценти З.С.Исоқов
Ушбу тўплам мустақил давлатимизнинг биринчи Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган бўлиб, унда Асосий қонунимизда ўрнатилган таълим, маданият ва маънавият масалаларига бағишланган ҳуқуқий нормаларнинг жамиятимиз ҳаёти ва тараққиётида тутган ўрни ва ролининг мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилган мақолалар жой олган.
Тўплам профессор-ўқитувчилар, катта илмий ходим-изланувчилар, мустақил изланувчилар, магистрлар, талабалар ҳамда Асосий қонунимиздаги таълим ва маънавият масалалари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи қоидаларнинг мазмунига қизиқувчи кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган.
(с) А.Авлоний номидаги ХТТРМҚТМОИ
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
қабул қилинганлигининг
25 йиллигига бағишланади.
Сўз боши
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда эришилган улкан ютуқларнинг ҳуқуқий пойдевори ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганлигига бу йил 25 йил тўлди. Шу йиллар давомида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларининг устунлиги ҳамда юксак демократик ва умуминсоний тамойилларни ўзида мужассам этган Асосий қонунимиз халқимиз ҳаётида ҳақиқий қомусий ҳуқуқий ҳужжатга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг халқимиз ҳаётида ҳақиқий қомусий ҳуқуқий ҳужжатга айланганлигининг асосий сабаби унинг дунё давлатлари конституцияларининг бой тажрибаси андозалари асосида, бугунги кун цивилизация тараққиётининг энг юксак ютуқлари, миллий қадриятларимиз, бой тарихий, маданий меросимиз, миллий урф-одатларимиз, маънавиятимиз, миллий ғоя ва мустақиллик мафкурасига таянган ҳолда яратилганлигидадир.
Маълумки, Конституция ўзида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тизим, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларини ўрнатиш билан бир қаторда, шу мамлакатда яшайдиган ҳалқнинг урф-одати, маданияти, маънавияти, миллий ғояси ва мафкураси, таълим тизими, илм олиш ва ижод қилиш эркинлиги асосларини ҳам белгилайдиган муҳим сиёсий ва ҳуқуқий ҳужжат ҳам ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам мазмун-моҳиятига кўра ўзида халқимизнинг эрки, эзгу-ниятлари, орзу интилишлари, мақсади, миллий қадриятлари, таълим олиш, илм билан шуғулланиш, ижод қилиш эркинлиги, маънавияти ва маданиятини тўлиқ акс эттиради.
Чунончи, Асосий қонунимизнинг муқаддимасида инсон ҳуқуқларига содиқлик, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш ғоялари мустаҳкамланган, шунингдек унда таълим олиш ҳуқуқи, ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши, ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши белгиланган бўлиб, улар бугунги кунда ҳаётимизга тўла жорий этилмоқда.
Конституциямиз сиёсий барқарорлик ва миллий тотувликни мустаҳкамлаб, мамлакатимизда таълим, ижод қилиш эркинлиги, маънавият асосларини такомиллаштиришни таминлашда йўлчи юлдуз вазифасини бажармоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўрнатилган қоидалар асосида мамлакатимизда таълим олиш, илм билан шуғулланиш, ижод қилиш йўналишларида муҳим ютуқларга эришилмоқда.
Ушбу тўплам А.Авлоний номидаги ХТТРМҚТМОИ, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида тайёрланган бўлиб, ундан жой олган мақолаларда Асосий қонунимизнинг таълим, ижод қилиш эркинлиги ва маънавият масалаларига бағишланган қоидаларининг мазмун-моҳиятини ёритишга алоҳида эътибор қаратилган.
Тўплам илмий ходимлар, докторантлар, малака ошириш институтлари тингловчилари, магистрлар, умуман таълим ва ижод эркинлигининг конституциявий асослари билан қизиқувчи мутахассис ҳамда ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотади, деб ўйлаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |