БИЛИШ НАЗАРИЯСИ (гносеология) – борлиқни билиш, инсон билимларининг келиб чиқиши ва методлари ҳақидаги фалсафий таълимот. Фалсафий адабиётларда, шу жумладан фалсафий қомуслар ва луғатларда «гносеология» атамаси «билиш назазарияси» деб таржима қилинган.
Б.н. фалсафа фанининг таркибий қисмларидан бири бўлиб, унда инсоннинг дунёни билиш имконияти, инсоннинг ўзлигини англаш жараёни, билимлар табиати ва уларнинг мазкур билимларда акс этувчи нарсалар билан ўзаро нисбати ўрганилади, билишнинг билмасликдан билим сари юксалиши тадқиқ қилинади.
Қадимги юнон олими Демокрит оламни билиш мумкинлигини таъкидлайди. У билиш жараёнида ҳиссий билимларимиз ва тафаккурнинг ўрнини оддий ва содда ҳолда кўрсатади. Ўрта Осиё мутафаккирлари – Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий борлиқни билиш, билиш жараёнида ҳиссий билиш ва ақлнинг роли ҳақидаги ўз ғояларини илгари сурганлар. Б.н.нинг ривожланиши тарихида XVII – XVIII аср файласуфлари ҳам ўз фикрларини асосладилар.
Б.н.нинг асосий муаммоси қуйидаги «оддий» масалани ечишдан иборат: бизнинг барча билимларимиз тажрибада синалганми? Бу саволга жавоб излаш ва масала ечимини топишда гносеологияда икки мухолиф анъана: билимларимиз тажрибада синалганини қайд этувчи эмпиризм ва буни инкор этувчи рационализм тўқнашади.
Инглиз файласуфи Бэкон, билиш жараёнида фан ва турмушнинг ўзаро боғлиқ эканлигини таъкидлайди. У билишни сезишдан бошланади, унинг манбаи тажриба, деган ғояни илгари сурди. Сезгилар орқали олинган объектив олам ҳақидаги билимлар тафаккур ёрдамида тўлдирилади, деган Бэкон Б.н.да ўзининг эмпирик эканлигини кўрсатди.
Француз файласуфи Декарт эса билиш манбаи тафаккур эканлигини эътироф қилади. Унинг фикрича, билим тажриба билан эмас, ақл билан вужудга келади. Дунёни, унинг моҳияти ва қонуниятларини ҳамда ҳақиқатни билиш мумкинлигини инкор этувчи таълимот фалсафада агностицизм (а–инкор, гносис – билиш) дейилади. Агностицизмнинг йирик вакиллари инглиз файласуфи Давид Юм ва немис файласуфи Иммануил Кантдир.
Билиш жараёни кўп қирралидир. Инсоният ўз фаолиятида кундалик ва илмий билимлардан фойдаланади. Кундалик билим ҳар бир инсонга тегишлидир ва у касб фаолияти натижасида пайдо бўлмаган. Илмий билим эса, нарса ва ҳодисалар тўғрисида чуқур, махсус хусусиятларини ўзида акс эттирган касбий фаолиятнинг маҳсулидир. Билиш жараёни ўз предмети билан ҳам бир–биридан фарқланади. Табиатни ўрганиш физика, химия, биология, геология ва бошқа фанларни вужудга келтиради ва шакллантиради, улар мажмуаси эса табиатшуносликни ташкил этади. Инсонни ўзлигини ва жамиятни билиши ижтимоий фанларнинг шаклланишига асос бўлади. Мавжуд диний билим дин ақидалари ва сирларини ўрганишга қаратилгандир.
Объектив олам ҳақидаги билимларнинг ҳақиқийлигига, амалда, гувоҳ бўлиш мумкин. Амалиёт – билимларнинг келиб чиқиши манбаи ва ҳақиқат мезонидир. Билиш икки босқичдан: жонли мушоҳада ва мавҳум тафаккурдан иборат. Жонли мушоҳада сезги, идрок, тасаввур орқали, ташқи оламнинг мияга бевосита таъсири натижасида пайдо бўладиган инъикос шаклидир. Сезги борлиқни инъикос этишнинг бошланғич шакли ҳисобланади. Идрок ҳиссий билишнинг мураккаброқ шакли. Идрок сезги аъзолари берган маълумотларни, яъни бир бутун образни яхлит акс эттиради. Тасаввур – мавҳум тафаккурга ўтиш босқичидир. Тасаввур, янги образларни илгариги образлар билан таққослаш орқали юзага келади.
Билиш жараёнининг жонли мушоҳада ва мавҳум тафаккур босқичлари, бир бутун билиш жараёнининг сифат жиҳатдан турлича, айни вақтда, бир–бири билан узвий боғлиқ бўлган босқичлардир. Мавҳум тафаккур, мантиқий билиш – борлиқнинг ривожланиш қонунларини очиб беради. Мавҳум тафаккур шакллари тушунча, муҳокама (ҳукм), хулосадир.
Б.н. билишнинг бу босқичларини бир–бири билан диалектик бирликда олиб қарайди. Билишнинг бу икки босқичи бир–бирини тўлдиради ва бойитади. Ҳиссий ва ақлий билиш жараёниниг диалектик бирлиги ҳақиқатга эришишнинг бирдан–бир ягона йўли саналади. Ҳақиқат борлиқни тўла ва чуқур билишнинг энг юқори чўққисидир. Илмий билиш фан орқали амалга ошади. Илмий билишнинг таркибий қисми илмий усулдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |