Педагогика фанлари номзоди илмий даражасини
олиш учун ёзилган
Д И С С Е Р Т А Ц И Я ТОШКЕНТ – 2010 мундарижа Кириш.
I БОБ. Мактабгача таълим муассасаларида БОЛАЛАР нутқини сенсор тарбия воситасида ривожлантиришнинг назарий асослари
1.1. Мактабгача таълим муассасаларида болалар нутқини сенсор тарбия воситасида ривожлантириш педагогик муаммо сифатида
1.2. Сенсор тарбия воситасида болалар нутқини ривожлантиришнинг педагогик-психологик имкониятлари
Биринчи боб бўйича хулосалар
II БОБ. Мактабгача таълим муассасаларида болалар нутқини сенсор тарбия воситасида ривожлантириш МЕТОДИКАСИ
Сенсор тарбия воситасида болалар нутқини ривожлантириш жараёнининг мазмуни
Мактабгача таълим муассасаларида болалар нутқини сенсор тарбия воситасида ривожлантиришнинг усул ва методлари
Иккинчи боб бўйича хулосалар
III БОБ. Мактабгача таълим муассасаларида болалар нутқини ривожлантиришнинг самарадорлик даражаси
3.1. Мактабгача таълим муассасаларида сенсор тарбия воситасида болалар нутқини ривожлантиришга қаратилган тажриба-синов ишларини ташкил этиш йўллари
3.2. Мактабгача таълим муассасаларида болалар нутқини сенсор тарбия воситасида ривожлантириш самарадорлиги
Учинчи боб бўйича хулосалар
Умумий хулоса ва тавсиялар.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати.
Иловалар.
КИРИШ. Мавзунинг долзарблиги: “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”да мактабгача таълим жараёнини такомиллаштириш ҳақида қуйидаги фикрлар берилган: “Мактабгача таълим ва тарбиянинг аҳволи қониқарсизлигича қолмоқда. Боғча ёшидаги болаларнинг 25 фоизигина мактабгача тарбия муассасаларига қамраб олинган, холос. Мактабгача болалар муассасаларидан ва оиладан мактабга келган болаларнинг тайёргарлик даражаси ўртасида сезиларли даражада тафовут мавжуд” (11, 36).
Мактабгача таълим соҳасида мавжуд бўлган бундай камчиликларни бартараф этиш масаласига педагогик жиҳатдан чуқур ёндашиш тақозо қилинади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда фойдаланилаётган адабиётларнинг аксарият қисми рус педагоглари ва психологлари томонидан яратилган. Мазкур адабиётларда ўзбек болаларининг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олинмаган. Ўзбек педагоглари эътиборидан мактабгача таълимнинг кўпгина масалалари четда қолмоқда.
Бунинг натижасида тарбиячилар илмий-педагогик жиҳатдан етарлича асосланмаган тавсиялар ва кўрсатмалардан фойдаланишга мажбур бўлмоқдалар. Бу айниқса сенсор тарбия асосида болалар нутқини ўстириш муаммоси илмий жиҳатдан асосланмаганлигида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Масалан, психик жараённинг таъсири бўлган жойда “шакллантириш” ёки “ривожлантириш” тушунчаларининг ўрнига “тарбиялаш” тушунчасидан фойдаланилади. Бундай ҳолларда психология ва педагогикага оид манбалардан ўзаро уйғун тарзда фойдаланганда кутилган самарадорликка эришиш мумкин. Бироқ, аксарият ҳолларда тарбиячилар фақатгина педагоглар томонидан яратилган тавсиялардан фойдаланишга мажбур бўлмоқдалар. Бу эса мактабгача таълим самарадорлигининг бир қадар паст бўлишига олиб келмоқда.
Маълумки, ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб мактабгача ёшдаги болаларни сенсор тарбиялаш назариясига асос солинди:
дастлаб бола шахсини ҳар томонлама ривожлантириш масалаларига бағишланган илмий-амалий конференцияларда сенсор тарбия масалаларига мурожаат қилинди;
кичик мактабгача ёшдаги болаларда сенсор қобилиятлар ва шахсий сифатларни ривожлантиришга қаратилган педагогик-психологик қарашларга бағишланган илмий мақолалар вужудга келди;
гўдаклик даври ва кичик мактабгача ёшдаги болалар сенсор тарбиясининг концептуал асослари тақдим этилди.
Буларнинг барчаси болаларни сенсор тарбиялаш асосларини ишлаб чиқиш имкониятини кенгайтирди.
Боланинг билиш вазифаларини педагогик жиҳатдан тўғри ечгандагина, унинг идроки ва нутқи самарали ривожланади. Бу ўз навбатида атроф-муҳитдаги нарсалар ва ҳодисалар, уларнинг ўзаро муносабатлари, хусусиятларини бола томонидан жадал ўзлаштиришга имконият яратади.
Таълим жараёнини такомиллаштириш ва юқори поғонага кўтариш ҳар бир боланинг ёш хусусиятларига қараб, уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланишни назарда тутади.
Ўтган давр мобайнида мактабгача таълим муассасалари учун Давлат талаблари ишлаб чиқилди ва мазкур талаблар мунтазам такомиллаштирилмоқда. Мактабгача таълим тизимида эришилган натижаларни ҳаққоний баҳолаш имкониятлари кенгаймоқда.
Мактабгача таълим муассасаларида болалар нутқини шакллантириш ва мунтазам ривожлантириш, бунда сенсор тарбия имкониятларидан фойдаланиш алоҳида педагогик аҳамиятга эга.
Ўтган давр мобайнида сенсор тарбияга нисбатан кенг кўламдаги педагогик ёндашувлар амалга оширилган.