Адлия вазирлиги, Бош прокуратура,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ёшлар иттифоқининг 2019 йил 14 октябрдаги
1-8/05-1623/8, 50ҚҚ, 49-ҚҚ,
50-ҚҚ, 40-ҚҚ-сон қарорига
1-илова
Ёшларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши
муросасизлик туйғусини шакллантиришга қаратилган
иншолар танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга муросасизлик туйғусини шакллантириш, шу жумладан, ёшлар онгида коррупцияга қарши иммунитетни кучайтириш мақсадида ташкил этиладиган иншолар танловини (бундан кейинги ўринларда – танлов деб юритилади) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танлов ҳар йили анъанавий тарзда октябрь-декабрь ойларида ўтказилади.
3. Танловни ўтказиш бўйича республика ва ҳудудий ташкилий қўмиталар тузилади.
Қуйидагилар ташкилий қўмиталарнинг вазифалари ҳисобланади:
танловни юқори савияда ўтказилишини таъминлашга қаратилган
чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини мувофиқлаштириш;
иншолар учун мавзуларни белгилаш ва тасдиқлаш;
танлов ҳайъатларини тузиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
танлов ҳайъатлари таркибидан уларнинг раис ва котибларини сайлаш;
танловни юқори савияда ташкил этилишини таъминлаш;
мазкур Низомга кўра, ғолибларни тақдирлаш ва рағбатлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш.
4. Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси республика ташкилий қўмитасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлимлари эса ҳудудий ташкилий қўмиталарнинг ишчи органи бўлиб ҳисобланади.
II боб. Танловни ўтказиш тартиби
5. Танлов уч босқичда (туман (шаҳар) – вилоят – республика) қуйидаги муддатларда ўтказилади:
биринчи босқич: 16-21 октябрь (баҳолаш ва натижаларни эълон қилиш
– 22-25 октябрь);
иккинчи босқич: 30 октябрь – 5 ноябрь (баҳолаш ва натижаларни эълон қилиш – 6-9 ноябрь);
учинчи босқич: 14–22 ноябрь (баҳолаш ва натижаларни эълон қилиш – 23-30 ноябрь) кунлари.
Агар босқичларнинг унинг охирги куни дам олиш санаси (шанба, якшанба ёки байрам куни)га тўғри келганда, танловга тегишли ҳужжатлар ушбу кун(лар)га қадар қабул қилинади.
6. Танлов икки гуруҳ кесимида ўтказилади:
биринчи гуруҳ – умумий ўрта таълим мактабларининг 8-11 синфлари ҳамда лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида;
иккинчи гуруҳ – олий таълим муассасалари талабалари ўртасида.
7. Танловни ўтказишга қуйидагилар масъул ҳисобланади:
а) мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида:
биринчи босқич учун туман (шаҳар) адлия бўлимлари, прокуратуралари, халқ таълими бўлимлари ва Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашлари ҳамда ҳудуддаги академик лицей ва коллежлар, умумтаълим мактаблари;
иккинчи босқич учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, ҳудудий касб-ҳунар таълими марказлари.
б) олий таълим муассасалари талабалари ўртасида:
биринчи босқич учун тегишли олий таълим муассасаси;
иккинчи босқич учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари.
8. Танловнинг биринчи гуруҳи биринчи босқичида иштирок этувчилар рўйхати (иштирокчиларнинг алоқа маълумотлари (манзил, телефон рақами,
e-mail ва ҳ.к.) кўрсатилган ҳолда) мактаб, лицей ва коллежлар раҳбарияти томонидан шакллантирилиб, 15 октябрга қадар туман (шаҳар) адлия бўлимига тақдим этилади.
Ушбу гуруҳда иштирокчиларнинг танловда иштирокини ташкиллаштириш ва таъминлаш учун мактаб, лицей ва коллежлар раҳбарияти масъул ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |