3-§. Жиноятга суиқасд қилиш
Қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд қилиш деб топилади.
Жиноятга суиқасд қилиш бевосита жиноятни содир қилиш-нинг бошланиши ҳисобланади. Жиноятга суиқасд қилиш босқичида қонун билан қўриқланадиган объектга тажовуз қилиш бошланади, муайян жиноят объектив томонининг бир қисми бажарилади.
Жиноятга суиқасд қилиш бевосита жиноий ҳаракатларни бошланғич қисмини бажариш билан боғлиқ бўлганлиги боис унинг объектив ва субъектив белгиларини таҳлил қилиш зарурати келиб чиқади. Жиноятга суиқасд қилиш энг аввало, бевосита жиноятни содир қилишга қаратилган ҳаракатлардан (ҳаракатсизликдан) иборат бўлади. Яъни жиноятга суиқасд қилишда муайян жиноятнинг объектив белгиларини ифодаловчи ҳаракатлар бошланган бўлади. Айбдор аниқ бир объектга тажовуз қилади ва бу объектга аниқ зарар етказиш хавфини туғдиради ёки қисман зарар етказади. Жиноятга суиқасд қилишнинг асосий объектив белгиси ЖК Махсус қисми моддасида назарда тутилган жиноят учун жавобгарликни белгиловчи модда диспозициясида назарда тутилган муайян жиноятнинг объектив томонини ифодаловчи ҳаракатлардан бир қисмини бажариб қўяди. Масалан, уй-жойга кириб ўғрилик қилиш мақсадида уйга кирган шахс уй эгаси томонидан ушланса, ўғрилик жиноятига суиқасд қилиш деб квалификация қилинади. Чунки шахс ўғрилик қилиш мақсадида уй-жойга кириши, бу жиноят объектив томонини ифодаловчи ҳаракатлар бошланган қисми ҳисобланади.
Юридик адабиётларда жиноятга суиқасд қилиш ҳаракатсиз-ликдан ҳам содир этилиши мумкинлиги ҳақида ёзилади. Жумладан, кўзи ожиз киши ҳаёти учун хавфли бўлган жар ёқасида ёки сув ҳавзаси ёнида кетаётганида, унга ғамхўрлик қилиш шахснинг зиммасида бўлсада, ундан қутулиш мақсадида ҳаёти хавф остидаги шахсни қайтармай, унинг жарга ёки сувга йиқилиб ўлишини кутиб турганида жабрланувчи сувга йиқилса ва бошқа бир шахс томонидан у қутқариб қолинса, ўз чақалоғини ўлдириш мақсадида уни эмизмаса,бундан огоҳ бўлган кишилар чақалоқни қутқариб қолса, жиноятга ҳаракатсизликдан суиқасд қилиш деб топилади.
Жиноятга суиқасд қилишда муайян жиноятнинг объектив томонини ифодаловчи ҳаракатлар охирига етказилмайди. Айнан ана шу белгиси жиноятга суиқасд қилишни тамом бўлган жиноятдан фарқини кўрсатиб туради. ЖК Махсус қисми моддаларида назарда тутилган ҳар бир жиноят тамом бўлган жиноят деб ҳисобланиб, тамом бўлиш вақти қонунда кўрсатиб қўйилган. Демак, ЖК Махсус қисми моддаси диспозициясида назарда тутилган оқибат ҳали юз бермаган бўлса, жиноят тамом бўлмаган ҳисобланади.
Айниқса, моддий таркибли жиноятларда жиноятнинг тамом бўлиш вақти аниқ кўриниб туради. Чунки моддий жиноятларда муайян жиноий оқибатнинг келиб чиқанлиги ўша жиноят объектив томонининг зарурий белгилари доирасига киритилган бўлади. Жиноятга суиқасд қилишда ҳам қисман зарар етказилган бўлиши мумкин, лекин етказилган зарар жиноят таркиби доирасига кирадиган зарар миқдоридан анча кам бўлиши мумкин. Масалан, жуда кўп миқдордаги мулкни талон-торож қилиш мақсадида сейфни очган жиноятчи сейфда оз миқдордаги пул борлигини кўради ва уни олади. Бундай ҳолда айбдорнинг ҳаракати жуда кўп миқдордаги пулни талон-торож қилишга суиқасд қилиш деб квалификация қилинади.
Формал таркибли жиноятларда ҳам айбдор муайян жиноят таркибини ифодаловчи барча ҳаракатларни бажаришга улгурмайди. Масалан, пора берувчи пора предметини мансабдор шахснинг столи устига қўяди. Аммо мансабдор шахс порани олмай тегишли идораларга хабар беради. Бундай ҳолда айбдорнинг ҳаракати пора беришга суиқасд қилиш деб топилади.
Жиноятга суиқасд қилишда айбдорнинг иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноят объектив томонини ифодаловчи ҳаракатларнинг охирига етказилмаганлигидир. Айнан ана шу айбдорнинг иродасига боғлиқ бўлмаган объектив ва субъектив сабабларга кўра, жиноятни охирига етказилмаганлиги жиноятдан ихтиёрий равишда қайтишдан фарқини билдириб туради.
Айбдорнинг иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноятни охирига етказишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар шахснинг жиноят содир этишга пухта тайёргарлик кўра олмаганлиги (тажрибаси, билими етишмаслиги, ҳақиқий вазиятни тўғри тасаввур қила олмаганлиги) ва ҳоказолар. Масалан, ўғри сейфни очиш учун калит ясайди. Бу калит билан сейфни оча олмайди. Бировни ўлдириш мақсадида ўқ отар қурол ясайди, аммо бу қуролни ишлатиш вақтида отилмай қолади. Айбдорнинг ўз айби билан жиноятни охирига етказа олмаганлиги субъектив сабабларга кўра, охирига етказилмаган ҳисобланади.
Бошқа шахслар туфайли ёки объектив сабабларга кўра жиноят охирига етказилмаган бўлса, объектив сабабларга кўра жиноят охирига етказилмаган ҳисобланади. Масалан, ўғрилик жиноятини содир қилиш мақсадида уйга кирган шахсни уй эгаси ушлаб олади. Номусга тегиш жиноятини содир қилиш мақсадида зўрлик ишлатаётган шахсни бошқа кишилар келиб қолиб жиноятчини ушлаб тегишли давлат органига топширадилар ва ҳоказолар.
Жиноятни охирига етказа олмаганликдан жиноятдан ихтиёрий қайтишнинг фарқини аниқ билиш талаб қилинади. Айрим ҳолларда муайян сабабга кўра айбдор жиноятни охирига етказа олмай қайтиб кетади. Масалан, сейфни очиб пулни олишни мақсад қилади, аммо сейфни очолмай қайтиб кетади. Шундай ҳолатни жиноятдан ихтиёрий қайтиш деб ҳисоблаш мумкинми? Албатта, йўқ. Чунки сейфни очиш имконияти бутунлай бўлмаганлиги учун жиноятни давом эттирмаган. Агарда сейфни очиш учун тўла имкониятлари бўла туриб, жиноий фаолиятни давом эттирмаганда жиноятдан ихтиёрий қайтиш деб ҳисоблаш мумкин бўлар эди. Жиноятдан ихтиёрий қайтишда жиноий фаолиятни давом эттириш учун имконияти бўла туриб, жиноий фаолиятни давом эттирмаса жиноятдан ихтиёрий қайтиш деб ҳисобланади. Жиноий ҳаракатни давом эттириш имконияти қолмаганлиги туфайли охирига етказа олмаса жиноятга суиқасд қилиш деб топилади.
Жиноятга суиқасд қилиш субъектив томонидан фақат тўғри қасд орқали содир этилади.
Жиноятга тайёргарлик кўриш ҳам, суиқасд қилиш ҳам муайян мақсадга йўналтирилган ва кўзланган мақсадни амалга оширишга қаратилган жиноят босқичлари ҳисобланади. Шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англайди, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етади ва ният қилинган оқибатнинг юз беришини истайди, аммо ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, жиноятни охирига етказа олмайди. Жиноят содир этишга суиқасд қилиш фақат тўғри қасддан содир қилинадиган жиноятларда бўлади. Тўппончадан шахс жабрланувчини ўлдириш мақсадида отар экан, муқаррар равишда жабрланувчининг ўлишини билади ва шуни истайди. Аммо жабрланувчининг ўқ ҳаёт учун хавфли бўлган аъзосига тегмаганлиги туфайли ўлмай қолади. Бунда айбдорнинг онги жабрланувчини ўлмай қолиши мумкинлигини ҳам қамраб олади. Жиноятга суиқасд қилишнинг тамом бўлган жиноятнинг субъектив томонининг ҳам фарқи ана шунда ифодаланади. Бундай ҳолда айбдор ўйлаган оқибат келиб чиқмайди. Яъни қилмиш туфайли субъектнинг ният қилган қилмишини ифодаловчи жиноят таркибининг барча белгилари юз бермайди.
Жиноят қонунида жиноятга суиқасд қилиш турларга бўлинмайди. Аммо ҳуқуқ назариясида жиноятга суиқасд қилишни иккита турга бўладилар. Булар:
а) тамом бўлмаган суиқасд;
б) тамом бўлган суиқасд.
Айрим муаллифлар бундай бўлинишнинг асоси сифатида субъектив мезонини олсалар, бошқалар объектив мезонини оладилар63[63].
Жиноятга суиқасд қилишнинг субъектив мезони айбдорнинг ўзининг ҳаракати билан жиноят охирига етказилмайди (масалан, ўлдириш мақсадида ўқ отар қуролдан отмоқчи бўлади, аммо қурол отилмайди. Уйга ўғрилик қилиш мақсадида кириш учун калит ясайди, аммо бу калит билан эшик очилмайди ва ҳоказо). Суиқасд қилишнинг субъектив мезони шахснинг тажрибаси етишмаслиги, пухта режа туза олмаганлиги, жиноят қилиш қуролини текшириб кўрмаганлиги, вазиятни яхши билмаганлиги, жиноят жойи ҳақида етарли маълумотларга эга эмаслиги ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Демак, жиноятнинг субъектив мезонида айбдор ўзига боғлиқ бўлган барча ҳаракатларни бажаришга улгурмайди.
Жиноятга суиқасд қилишнинг объектив мезонида шахс ўзига боғлиқ бўлган барча ҳаракатларни қилади, аммо бошқа шахснинг (жабрланувчининг, ҳар қандай учинчи шахснинг) ҳаракати ёки бошқа объектив сабабга кўра, жиноят охирига етказилмайди.
Шундай қилиб, субъектив мезони туфайли охирига етказилмаган суиқасдни тамом бўлмаган суиқасд деб айтилади.
Тамом бўлган суиқасдда шахс жиноятни охирига етказиш учун ўзига боғлиқ бўлган барча ҳаракатларни бажарган ҳисоблайди ва жиноятни охирига етказиш учун ана шу ҳаракатларнинг ўзи етарли деб ҳисоблайди ва яна бирон-бир қўшимча ҳаракатларни бажариш шарт эмас, деб ҳисоблайди. Аммо объектив сабабларга кўра, жиноят охирига етказилмайди. Масалан, ўқ отар қуролдан отаётганида бошқа бир шахс унинг қўлига уради ва қурол унинг қўлидан чиқиб кетади. Талончилик қилиш мақсадида мулкни тортиб олмоқчи бўлган шахсни жабрланувчининг ўзи ушлаб, ички ишлар органига топширади ва ҳоказолар.
Суиқасд қилишни қонунда ана шу иккита турга бўлмай, жиноят ҳуқуқи назариясида бўлинганлиги бирон-бир амалий аҳамиятга эгами? Ушбу мавзуни тадқиқ қилган муаллифлар амалий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайдилар. Ҳақиқатдан ҳам суиқасд қилишни иккита турга бўлиниши қонунларни амалда қўлланишида аҳамиятлидир.
Биринчидан, тамом бўлган суиқасднинг ижтимоий хавфлилик даражаси тамом бўлмаган суиқасдга нисбатан юқорироқдир. Чунки, шахс жиноятни амалга ошириш учун пухта тайёргарлик кўрган ва жиноятни охирига етказиш учун ишонч билан ҳаракат қилади. Агар бирор объектив сабаб бўлмаганда эди, муқаррар равишда жиноят охирига етказилган бўлар эди. Шахсда ҳам маълум даражада жиноят содир қилишнинг анча пухта йўллари шаклланган бўлади. Тамом бўлган суиқасд тамом бўлган жиноятга яқинроқ бўлганлиги боис ижтимоий хавфлилик даражаси тамом бўлмаган суиқасдга нисбатан юқорироқдир.
Иккинчидан, шахсни жиноятдан ихтиёрий қайтиш масаласини ҳал қилишда муҳимдир.
Юридик адабиётларда яроқсиз суиқасд тури ҳақида ҳам айтилади. Яроқсиз суиқасдни ўз навбатида яроқсиз объект (ёки предмет)га ва яроқсиз воситалар билан суиқасд қилишга бўладилар. Яроқсиз объект (предмет)га суиқасд қилишда шахс ўзининг хатога йўл қўйганми ёки объектив сабабга кўра, шахс ўзи тажовуз қилмоқчи бўлган объект (предмет) ўрнига бошқа объект (предмет)га тажовуз қилади. Масалан, ухлаб ётибди деб жабрланувчига пичоқ санчади. Аммо жабрланувчи олдинроқ юрак хуружидан вафот этган бўлади. Чўнтак ўғриси ўзганинг чўнтагидан пулни ўғрилаш мақсадида чўнтакка қўл тиқиб унинг ичидаги нарсаларни олади. Аммо чўнтакда умуман эски қоғозлар тахлаб солиб қўйилган экан. Ушбу келтирилган мисолларнинг биринчисида одам ўлдириш мақсадида ҳаракат қилганлиги учун одам ўлдиришга суиқасд қилиш, иккинчи мисолда эса ўғрилик жиноятига суиқасд қилиш деб квалификация қилинади. Объектга нисбатан хато қилиш дейилсада, аслида айбдор жиноятнинг предметига нисбатан хато қилади.
Яроқсиз воситалар билан суиқасд қилишда субъектнинг жиноятни амалга оширишда ишлатган қуроли ёки воситаси ишламай қолади, ёки яроқсиз бўлиб чиқади. Масалан, жабрланувчини ўлдириш мақсадида заҳар беради. Аслида заҳар деб берилган нарса шифобахш дори бўлиб чиқади. Субъект жабрланувчига қарата қуролдан отади, аммо қурол отилмайди. Сейфни очиш учун калитнинг нусхасини ясайди, аммо бу калит билан сейф очилмайди.
Қоронғи кечаси полизда қўриқчи сифатида эски кийимлар кийдириб тиклаб қўйилган қўриқчига қарата отиш одам ўлдиришга суиқасд қилиш, деб ҳисоблаш керакми ёки йўқми? Суиқасд фақат қонун билан қўриқланадиган объектга нисбатан қилинаётган жиноят ҳисобланади. Полиз қўриқчиси сифатида тиклаб қўйилган нарса эса қонун билан қўриқланмайди. Шунга кўра, одам ўлдиришга суиқасд қилиш, деб ҳисобланмайди.
Яроқсиз суиқасдни тадқиқ қилган барча муаллифлар бундай қилмишда жиноят таркибининг суиқасд қилиш босқичи бор деб ҳисоблайдилар. Чунки бундай суиқасдларда субъектнинг иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноят охирига етказилмайди. Шунга кўра, жиноятга суиқасд қилиш босқичининг тўғри аниқланиши жиноятни тўғри квалификация қилиш ва адолатли жазо тайинлашда муҳимдир.
ЎзРнинг амалдаги ЖКда тамом бўлган жиноят тушунчаси берилмаган. Шахснинг содир этган қилмишида жиноят таркибининг барча белгилари мавжуд бўлса, жиноят тамом бўлган ҳисобланади. Демак, жиноят таркибининг объекти, объектив томони, субъекти ва субектив томонини ифодаловчи барча белгилар юз берган бўлса, жиноят охирига етказилган, деб ҳисобланади.
Жиноятнинг тамом бўлганлиги жиноят объектив томони ва субъектив томони тўла амалга оширилганлиги билан белгиланади
Ҳар бир жиноятнинг тамом бўлиш вақти ЖК Махсус қисми моддаларининг диспозициясида белгилаб қўйилади. Шунга кўра, ҳар бир жиноятнинг тамом бўлиш вақти Махсус қисми моддасининг тузилишига қараб алоҳида ҳолда аниқланади.
Моддий жиноятларда ЖК Махсус қисми моддаси диспозициясида кўрсатилган оқибатнинг келиб чиқиши билан ёки унинг мазмунидан келиб чиқадиган ижтимоий хавфли оқибатнинг (одамнинг ўлиши,баданига шикаст етказилиши ва ҳоказолар) юз бериши билан жиноят тамом бўлган ҳисобланади. Айнан худди шундай оқибатнинг келиб чиқишини субъект ният қилган ва шу ниятининг объектив томонини ифодаловчи оқибатлар юз берган бўлиши керак. Агарда ЖК Махсус қисми моддасида назарда тутилган оқибат келиб чиқмаган бўлса, жиноятга суиқаcд қилиш, деб топилади.
Формал таркибли жиноятларнинг тамом бўлиш вақти ЖК Махсус қисмининг муайян моддаси диспозициясида назарда тутилган ҳаракатлар тўла бажарилганда жиноят тамом бўлган, деб топилади. Бунда муайян бир оқибатнинг келиб чиққанлиги жиноят таркиби белгилари доирасидан ташқарида бўлади. Масалан,номусга тегиш жинояти бевосита икки босқичда содир этилиб номусга тегиш жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш босқичида тўхтатилган бўлса, бу жиноятга суиқасд қилишда, жинсий алоқа қилиниши билан бу жиноят тамом бўлган, деб топилади.
Жиноят кодекси Махсус қисмининг айрим нормалари шундай тузилганки,бундай жиноятни тамом бўлган жиноят деб ҳисоблаш учун муайян оқибатнинг келиб чиққанлиги эмас, балки шундай оқибат келиб чиқиши учун аниқ хавф туғилган тақдирда ҳам жиноят тамом бўлган ҳисобланади. Масалан, ЎзР ЖК 113-моддасининг 1-қисмида била туриб,бошқа шахсни таносил касаллигини юқтириш хавфи остида қолдириш, ушбу модданинг 4-қисмида била туриб бошқа шахсни ОИТС касаллигини юқтириш хавф остида қолдирганлик учун жавобгарлик назарда тутилади. Бунда шундай касалликни юқтирганидан кейин эмас,балки юқтириш хавфи остида қолдирганлигининг ўзи тамом бўлган жиноят ҳисобланади. Босқинчилик жинояти эса (164- модда) ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёки шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитишнинг ўзи тамом бўлган жиноят ҳисобланаверади. Товламачилик жинояти (165-модда) жабрланувчини ўз мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқни беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиши билан жиноят тамом бўлган жиноят деб топилади.
ЎзР ЖКнинг 242-моддасида ҳали бирон бир жиноят содир қилмасдан жиноий уюшма ташкил этишнинг ўзи тамом бўлган жиноят ҳисобланади. Бундай жиноятларни жиноят ҳуқуқи назариясида кесик таркибли жиноят деб топилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |