Х БОБ. Жиноят босҚичлари
1-§. Жиноят босқичлари тушунчаси
ва унинг турлари
Қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларни ҳар қандай жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш ва жамият манфаатларини қўриқлаш мақсадида фақат содир этилган жиноятларнинг ўзи учунгина эмас, балки қасддан содир этиладиган жиноятни содир қилиш жараёнида, кўп ҳолларда ҳатто қасддан қилинадиган жиноятга тайёргарлик кўрганлик учун айбдор жиноий жавобгарликка тортилади. Яъни жиноят содир этишга суиқасд қилиш ёки унга тайёргарлик кўриш ижтимоий хавфли ва жиноий қилмиш ҳисобланади.
Инсон ўз олдига муайян мақсадни қўяр экан, ўзининг иродасини, ўз хулқини ана шу мақсадга бўйсундиради. «Ўргимчак ўз тўрини тўқир экан, тўқувчи бажарадиган операцияларни бажаради. Асалари ўз инини қурар экан, архитектор бажарадиган операцияларни бажаради. Аммо энг уста ўргимчакдан энг ёмон тўқувчининг, энг уста асаларидан энг ёмон архитекторнинг фарқи шундаки, тўқувчи ва архитектор қилиши керак бўлган ишларни олдиндан онгида бажариб олади62[62]. Бундай ҳолат фақатгина ишлаб чиқаришгагина тааллуқли бўлмай, инсонларнинг ҳар қандай бошқа фаолиятларига, шу жумладан, қасддан содир этадиган жиноятига ҳам тегишлидир.
Қасддан содир этиладиган жиноятларда жиноятга тайёргарлик кўриш ёки жиноят содир этишга суиқасд қилинганда шахснинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари мулк, ижтимоий тартибот ва жамоат хавфсизлиги, ЎзР нинг Конституциявий тузуми ва бошқа қонун билан қўриқланадиган объектлари зарар етказилиш хавфи остида қолади ёки қисман зарар етказилади.Қасддан содир этиладиган жиноятларда субъект жиноий мақсадни дарҳол амалга ошириши ёки уни содир қилиш учун тайёргарлик кўриши мумкин. Дарҳол содир этиладиган жиноятларни айбдор вазиятга қараб дарҳол амалга оширса, бошқа бир ҳолатда жиноятни содир қилиш учун тайёргарлик кўради (масалан, уйга кириб ўғрилик қилиш учун калит тайёрлайди, тўсиқларни бартараф қилиш режасини тузади, уй эгаси қайси вақтларда уйида бўлмаслигини аниқлайди ва ҳоказолар. Дарҳол амалга ошириладиган қасддан қилинадиган жиноятларда ҳам, олдиндан тайёргарлик кўриб, содир этиладиган жиноятларда ҳам объектив ёки субъектив сабабларга кўра, шахс жиноий ниятини охирига етаказолмай қолиши мумкин. Бундай ҳолда жиноят айбдорнинг иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказилмайди. Жиноят ҳуқуқида бундай жиноятлар тамом бўлмаган жиноятлар деб айтилади. ЎзР ЖКнинг VI бобида тамом бўлмаган жиноятлар тушунчаси ва уларнинг турлари назарда тутилган.
ЎзР ЖК 25- моддасининг мазмунига кўра, шахс томонидан содир этилган қилмишда муайян жиноят таркибининг барча белгилари мавжуд бўлса, тамом бўлган жиноят деб топилади.
Ана шу юқорида айтилганларга ва ЎзР ЖКнинг 25-модда-сининг мазмунига кўра, қасддан содир этиладиган жиноятлар учта босқичдан иборат бўлиши мумкин. Булар: жиноятга тайёргарлик кўриш: жиноятга суиқасд қилиш ва тамом бўлган жиноят.
Юқорида таъкидлаганимиздек, жиноятга тайёргарлик кўриш ва содир этишга суиқасд қилиш ва уларни содир этиш қонун билан қўриқланадиган манфаатларни аниқ хавф остида қолдиради. Шунга кўра, бундай жиноятларда тамом бўлмаган жиноят таркиби, яъни жиноятга суиқасд қилиш таркиби мавжуд бўлади.
Жиноятга тайёргарлик кўришни умумий тарзда ифодалаганда, жиноятни содир қилиш учун аниқ шароит яратади. Айбдор бунда жиноятга тайёргарлик кўришнинг объектив томонини бажаради.
Жиноятга суиқасд қилишда эса, бевосита жиноятни амалга ошириш ҳаракатлари бошланади ва жиноий мақсадни қисман амалга оширган бўлиши мумкин Аммо айбдор ўзининг иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноятни охирига етказа олмайди. Тамом бўлган жиноятда эса муайян жиноят таркибининг барча белгилари тўла амалга оширилади.
Жиноят босқичларининг дастлабки иккита босқичини, яъни жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноятга суиқасд қилишни жиноят ҳуқуқи назариясида, «дастлабки жиноий фаолият» деб умумлаштирган ҳолда ифодалайдилар. Чунки бу босқичларда жиноят охирига етказилмайди, субъект ўз жинояти мақсадларини амалга ошира олмайди. Жиноят босқичлари жиноятни амалга оширишнинг босқичлари бўлиб, ЖК Махсус қисмида назарда тутилган бир қатор жиноятларда жиноят босқичлари бўлмайди. Фақат тўғри қасддан содир этиладиган жиноятлардагина жиноят босқичлари бўлади.Қуйидаги жиноятларда жиноят босқичлари бўлмайди:
а) эгри қасддан содир этиладиган жиноятларда;
б) эҳтиётсизликдан содир этиладиган жиноятларда.
Тўғри қасддан содир этиладиган жиноятга олдиндан тайёргарлик кўрилганлиги, айбдорнинг ҳаракатлари муайян мақсадга йўналтирилганлиги, иродаси ва унинг ҳаракатлари шу мақсадга эришиш учун бўйсундирилганлиги туфайли жиноят босқичма-босқич амалга оширилади. Эгри қасддан ва эҳтиётсизликдан содир этиладиган жиноятларда бундай белгилари бўлмай тасодифан содир этилганлиги туфайли жиноят босқичлари бўлмайди. Жиноят босқичлари жиноий ниятни амалга ошириш босқичларидир. Жиноят босқичларининг имкониятлари чекланган бўлиб, жиноятга тайёргарлик кўриш умумий қоидага кўра, моддий таркибли жиноятлардагина уни содир қилиш шакли (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик)дан қатъи назар, мавжуд бўлади.
Бундай қоида жиноятнинг суиқасд қилиш босқичига ҳам тегишли бўлиб, фақат моддий жиноятлардагина қилмиш ҳаракат ёки ҳаракатсизликдан содир этилганлигидан қатъи назар, жиноят босқичлари бўлади. Масалан, ўғри мулкни талон-торож қилиш мақсадида омборхонага киради, она боласини ўлдириш мақсадида чақалоқни эмизмайди ва ҳоказолар.
Формал таркибли жиноятларда эса, фақат ҳаракат орқали содир этиладиган жиноятлардагина жиноят босқичлари бўлиши мумкин. Назарий жиҳатдан олганда ҳаракатсизликдан содир этиладиган формал таркибли жиноятларда тайёргарлик кўриш босқичи бўлиши мумкин, аммо амалда деярли учрамайди. Чунки уни аввало исбот қилиш жуда қийин ва айбдор ўз жиноий қилмишини содир этишга тайёргарлик кўриши қонун билан қўриқланадиган манфаатни хавф остида қолдириш имконияти жуда кам. Чунки формал таркибли жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи нормаларнинг тузилишининг ўзи ҳам ҳаракатни бошлашнинг ўзи билан тамом бўлган ҳисобланади.
Аммо ҳаракат орқали содир этиладиган формал жиноятларда жиноят босқичлари бўлиши мумкин. Лекин бунда тайёргарлик кўриш ва жиноятни амалга ошириш ўртасида маълум вақт ўтган бўлиши керак. Масалан, товламачилик қилиш учун (Ўзр ЖК 165- моддаси) сохта ҳужжат тайёрлаш, келишилган пора (210-модда) предметини воситачи ёки почта орқали жўнатиш ва ҳоказолар.
Жиноят босқичлари содир этилган ҳар қандай жиноятлар учун деярли ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Аммо жиноят объектив ёки субъектив сабабларга кўра охирига етказилмаган бўлса, қилмишни квалификация қилишда муҳимдир. Агар жиноят тайёргарлик кўриш босқичида тўхтатилган бўлса, жиноятга тайёргарлик кўриш деб (ЖК 25-моддасининг 1-қисми) топилади, жиноят суиқасд қилиш босқичида тўхтатилган бўлса, жиноятга суиқасд қилиш деб (25-модданинг 2-қисми) топилади.
Жиноят босқичлари содир этилган қилмишнинг босқичларига кўра, ижтимоий хавфлилик даражаси бир хил эмас. Умумий қоидага кўра жиноятга тайёргарлик кўришга нисбатан суиқасд қилишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқорироқдир, жиноятга суиқасд қилишга нисбатан тамом бўлган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқорироқдир. Демак, жиноят бир босқичдан иккинчи босқичга ўтиб бориши билан охирига етказиш томонга қараб ривожланиб бориши билан ижтимоий хавфлилик даражаси ортиб боради. Шунга кўра, жиноятнинг ҳар бир босқичини аниқлаш, жиноий ҳаракатнинг хусусиятларини ва мазмунини аниқлаш ҳамда жиноят қайси босқичда тўхтатилганлигига қараб квалификация қилиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Жиноят кодекси Махсус қисмида назарда тутилган муайян жиноятга тайёргарлик кўриш босқичида тўхтатилган бўлса, қилмиш ЎзР ЖК 25-моддасининг 1-қисми, сўнг Махсус қисмининг тегишли нормаси билан квалификация қилинади. Жиноят суиқасд қилиш босқичида тўхтатилган бўлса, ЖК 25-моддасининг 2-қисми, сўнг Махсус қисмининг тегишли нормаси билан квалификация қилинади. Масалан, кўп миқдордаги ўғрилик жинояти суиқасд қилиш босқичида тўхтатилган бўлса, 25-169 моддаси 3-қисми тарзида квалификация қилинади. Тамом бўлган жиноятлар эса фақат ЖК Махсус қисмининг тегишли нормаси билан квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |