Жазо тайинлашда ҳисобга олиниши керак бўлган ҳолатлар. Ҳар қандай жиноят учун жазо тайинланар экан, жазо ўз қилмишининг оқибати эканлигини шахс англаши керак. Асоссиз равишда жуда енгил жазо тайинлаш айбдорда етарли даражада жазоланмай қолганлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни боплаб алдаганлиги ҳиссини пайдо қилса, бошқа шахсларда эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ишидан норозилик ҳиссини келтириб чиқаради. Чунки “Ижтимоий адолат юз бермаганлиги” ни кўриб норози бўладилар. Бундан ташқари, бундай ҳолатда ижтимоий адолатни тиклаш юз бермаган ҳисобланади.
Асоссиз равишда оғир жазо чорасини тайинлаш эса субъектда адолатсизликдан норозилик, адолат ва қонунга ишончсизлик ҳиссини вужудга келтиради. Бундай ҳолат ҳам жазонинг мақсадига эришишга тўсиқ бўлиб қолади. Энг ёмони, Жиноят кодексининг 8-моддасида назарда тутилган одиллик принципи бузилади. Шунинг учун ҳам суд жазо тайинлаётган вақтда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 54-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни эътиборга олади. Жазо тайинлашда бундай ҳолатларни эътиборга олинмаслиги одил судлов принципларининг бузилишига сабаб бўлади.Қуйида уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхтаб ўтамиз.
а) жазо тайинлашда жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасининг ҳисобга олиниши.
Содир этилган жиноятнинг хусусияти, энг аввало, тажовуз қилинган объект орқали аниқланади. Содир этилган жиноятнинг хусусияти унинг сифат кўрсаткичи ҳисобланади. Жиноий тажовуз орқали қандай ижтимоий муносабатга тажовуз қилинганлиги жиноятнинг хусусиятини ифодалайди.
Маълумки, Жиноят кодекси Махсус қисмида назарда тутилган барча жиноятларни таснифлашнинг иккита тури қабул қилинган бўлиб, булар: жиноятларни объектига қараб таснифлаш ва ижтимоий хавфлилигига қараб таснифлашдир.
Жиноятларни ижтимоий хавфлилик даражасига қараб таснифлаш масаласига кейинроқ тўхталамиз. Жиноятларни объектига қараб таснифлаш Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаларида жавобгарлик белгиланган жиноятларни махсус ва бевосита объектларига қараб жойлаштирилганлиги жиноят қонунининг нормаларини муайян тизимда жойлаштириш ва бунда махсус бўлим ва бобларнинг аҳамиятини расмий белгилашдан иборатдир.
Жиноят қонунчилигимизнинг Махсус қисми биринчи бобида шахснинг ҳаётига тажовуз қилиш жиноятлари учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, шахснинг ҳаёти энг муҳим объект сифатида белгиланган. Шунинг учун ҳам жазони оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жинояти учун қонунда 15-20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки ўлим жазоси назарда тутилган.
Демак, суд жазо тайинлаётганда тажовуз объектининг аҳамиятини ҳам эътиборга олади. Масалан, безорилик жинояти уриш, дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш, анча миқдорда зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса, айбдор энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорида жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланиш назарда тутилган бўлса, безорилик баданга ўртача оғир шикаст етказиб, содир этилса (227-модда 2-қисмининг “а” банди), айбдорга нисбатан уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Чунки бу жиноят туфайли фақат жамоат тартиби бузилибгина қолмасдан шахснинг соғлиғига ҳам тажовуз қилинмоқда.
Демак, жиноятнинг хусусияти деганда квалификация қилиш учун зарурий белги ҳисобланган ва жиноят таркиби доирасига кирувчи хусусиятлари назарда тутилади.
Содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб жазо тайинлаш деганда, нималарни тушуниш керак?
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 15-моддасида жиноят-ларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб таснифлаш берилган бўлиб, Жиноят кодекси Махсус қисмининг барча моддаларида жавобгарлик белгиланган жиноятлар тўртта туркумга бўлинади.
Булар: ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган, оғир ва ўта оғир жиноятлардир.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қонунда озодликдан маҳрум қилишга нисбатан енгилроқ жазолар назарда тутилган жиноятлар, шунингдек, қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар ҳамда эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киритилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184-моддаси 1-қисмида солиқ ёки бошқа тўловларни тўлашдан қасддан бош тортганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ жазоси билан жазоланиш кўрсатилган. Демак, бу жиноят ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киради. Аммо асосий жазо сифатида тайинлаш мумкин бўлган учта жазо турлари, яъни жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ва қамоқ кўрсатилган бўлиб, ана шу жазолардан қайси бирини тайинлаш масаласини ҳал қилишда суд Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184-моддаси 1-қисми билан квалификация қилинган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олади ва шу учта жазо туридан энг енгилини ёки энг оғирини тайинлаш масаласини ҳал қилишда 55 ва 56-моддаларда назарда тутилган енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатларни эътиборга олади.
1999 йил 3 сентябр куни Қўқон шаҳар судида Урунов Шукурали Расуловични Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси биринчи қисми билан айблаш тўғрисида жиноят иши кўрилган.
Иш ҳолатларидан маълум бўлишича, 1998 йилнинг 17 октябрида Бобоев Дадажоннинг уйида Ш. Урунов ва яна 65 ёшли киши учовлари биргаликда спиртли ичимликлар ичадилар. Улар биргаликда тўрт шиша вино ичганларидан кейин Ш. Урунов ва 65 ёшли қария ўртасида гап қочиб, оғзаки уришадилар. Аммо, Урунов қарияни мушт билан дўппослайди ва кўкрак ва қорин томонига кетма-кет бир неча марта қаттиқ тепади. Натижада қариянинг қовурғалари синади, ички органларидан талоқ мажақланади.Қарияни Урунов ташқарига чиқариб ташлайди. Ички қон кетиши натижасида қария шу жойнинг ўзида вафот этади. Терговчи ишни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан квалификация қилиб, судга чиқаради. Суд Уруновни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан айблаб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлайди. Суд ҳукмда Урунов томонидан содир этилган жиноят маст ҳолда қилинганлигини, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддасининг “о” бандига мувофиқ жазони оғирлаштирувчи ҳолат эканлигини, шунинг билан бирга Урунов ўз айбини бўйнига олиб қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигини, бу эса Ўзбекистон Республикаси ЖК 55-моддасининг “а” бандига кўра жазони енгиллаштирувчи ҳолат эканлигини эътиборга олиб жазо тайинланганлигини ҳукмда кўрсатган.
Юқорида келтирилган мисолдан кўриниб турибдики, агар айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган модданинг санкциясида альтернатив жазолар назарда тутилган бўлса, айбдорнинг айбига яраша бўлган муайян жазо турини ва шу турнинг муддатлари доирасида жазо тайинланади. Агарда жиноят оғир ёки ўта оғир жиноятлар туркумига кириб санкциясида фақат озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлса, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар шу санкцияда белгиланган муддат доирасида ҳисобга олинади. Агар иш ҳолатларига кўра шахс ёки қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси камроқ деб ҳисобланса санкциядаги жазонинг минимал муддатига яқинроқ, ижтимоий хавфлилиги юқорироқ деб ҳисобланса, энг кўп муддатга яқинроқ бўлган жазо муддати тайинланади.
Жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги даражаси, энг аввало, унинг миқдор кўрсаткичларидир. Одатда, ҳар бир жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, шу жиноят учун жавобгарликни белгиловчи модданинг санкциясидаги жазо тури ва миқдори билан белгиланади. Бу ўз навбатида турли жиноятларнинг санкциясидаги жазонинг муддатига қараб уларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси солиштирилади ва аниқланади. Масалан, қасддан баданга оғир шикаст етказганлик (104-модданинг 1-қисми) учун уч йилдан беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш кўрсатилган бўлса, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш (105-модасининг 1-қисми) учун уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.
Жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб тавсифлашнинг яна бир мезони айб шаклидир. Жумладан, баданга оғир шикаст етказиш қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилиши мумкин. Масалан, эҳтиётсизликдан баданга ўртача ёки оғир шикаст етказганлик (ЖКнинг 111-моддасининг 1-қисми) учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари назарда тутилади.
Жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб тавсифлашнинг яна бир мезони айб шаклидир. Жумладан, баданга оғир шикаст етказиш қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилиши мумкин. Масалан, қасддан баданга шикаст етказганлик (ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми) учун уч йилдан беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган бўлса, эҳтиётсизлик орқасидан баданга оғир шикаст етказганлик (111-моддасининг 2-қисми) учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ жазоси билан жазоланиш кўрсатилган. Амалдаги Жиноят кодексида белгиланишига кўра, оғир ва ўта оғир жиноятлар фақат қасддан содир этилади. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 15-моддасида белгиланишига кўра эҳтиётсизлик орқасидан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киради. Бунда белгиланган озодликдан маҳрум қилиш муддатининг аҳамияти йўқ. 1959 йилда қабул қилиниб, 1995 йил 1 апрелгача амалда бўлган Жиноят кодексида эҳтиётсизликдан қилинадиган жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилишнинг муддати 15 йилгача белгиланган эди (масалан, 208-модданинг 3-қисмида). Амалдаги Жиноят кодексида эса, эҳтиётсизликдан содир этилган жиноят учун энг кўпи билан озодликдан маҳрум қилишнинг муддати ўн йил белгиланган (масалан ЖК 266-моддасининг 3-қисми).
Do'stlaringiz bilan baham: |