7-§. Амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиш
ЎзР ЖКнинг 68-моддасида жиноят содир қилган шахснинг амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимнома киритади.
Жиноят содир қилишда айбланаётган шахснинг жиноий жавобгарликдан озод қилиш ваколати фақат судга ва Ўзбекистон Республикасининг Президентининг тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенатига берилган. Суд жиноят содир қилишда айбланаётган шахсларни жавобгарликдан озод қилишда фақат жиноят қонуни нормаларини қўллайди.
Амнистия акти Ўзбекистондаги муҳим саналар (Ўзбекистон мустақиллиги куни ва ҳоказолар) муносабати билан жиноят содир қилишда айбланаётган жазони ўтаётган кенг доирадаги шахсларнинг гуноҳидан кечиш орқали жиноий жавобгарликдан ёки жиноий жазодан озод қилишдан иборатдир.
Амнистия акти муайян жиноятлар учун жиноий жавобгарликни белгиловчи жиноят қонуни нормаларини бекор қилмаган ҳолда муайян туркумдаги шахсларнинг ёки муайян туркумдаги жиноят содир қилган шахсларнинг гуноҳидан кечиб, жавобгарлик ёки жазодан озод қилишдан иборатдир.
Амнистия акти орқали жиноий жавобгарликдан, жиноий жазодан озод қилиш жазони енгилроғи билан алмаштириш ёки жиноят иши қўзғатишни бекор қилиш тарзида бўлиши мумкин. Ўзбекистонда авф этиш тўғрисида махсус қонун қабул қилинган. Аммо амнистия акти тўғрисидаги қонун қабул қилинмаган ва шундай қонуннинг қабул қилинмаганлиги тўғри ва асослидир. Ҳар сафар амнистия акти қабул қилинганида ўша актнинг ўзида амнистия қилиш тартиби, кимларга нисбатан қўлланиши мумкинлиги кўрсатилади.
Амнистия акти орқали жавобгарликдан озод қилиш асосан иккита ҳолатни қамраб олади:
биринчидан, жиноят иши ҳали судда кўрилмаган, ҳали шахснинг жиноятда айбли эканлиги кўриб чиқилмаган;
иккинчидан, ҳали жазо тайинлаш масаласи ҳал қилинмаган бўлса, амнистия акти орқали жавобгарликдан озод қилиш масаласи қўйилади (ЖКнинг 68-моддаси). Жазо тайинланганидан кейин эса амнистия акти асосида жазодан озод қилиш (76-модда) қўлланади.
Амнистия акти орқали жавобгарликдан озод қилиш авф этиш орқали жазодан озод қилишдан фарқ қилиб, бу фарқ кейинги бобда батафсил баён қилинади. Амнистия акти кенг доирадаги жиноят содир қилишда айбланаётган ёки жазони ўтаётган муайян туркумдаги кенг доирадаги шахсларга нисбатан чиқарилади. Амнистия акти кенг доирадаги шахсларга нисбатан чиқарилсада, амалда эса ҳар бир шахсга нисбатан алоҳида-алоҳида қўлланади. Демак, амнистия акти норматив хусусиятга эга бўлиб, амнистия қилинадиган шахсларнинг исми шарифи кўрсатилмай, муайян туркумда жиноят содир қилган гуруҳдаги шахсларга ёки жиноят содир қилган гуруҳдаги шахсларга ёки ижтимоий хавфлилиги ҳисобга олинган жиноят содир қилган шахсларга нисбатан чиқарилганлиги амнистия актида кўрсатилади.
Амнистия акти мамлакат миқёсидаги муҳим воқеа, қўлга киритилган ютуқ ёки жиддий ўзгаришлар муносабати билан чиқарилар экан, ҳар бир амнистия актининг мазмуни қандай воқеа ёки нима муносабати билан чиқарилганлиги ҳам боғлиқ бўлади.
Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришилганидан кейин йилларни муайян номлар билан ифодалаш анъанага айланиб қолди. Масалан, болалар йили, аёллар йили, қарияларни эъзозлаш йили, обод маҳалла йили ва ҳоказолар. Болалар йили деб эълон қилинган йилда вояга етмаган жиноят содир қилганларни амнистия қилиш, аёллар ва болаларни эъзозлаш йилида оналарни амнистия қилиш орқали жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида амнистия акти чиқарилган эди.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ўн йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида аёллар, вояга етмаган ёшида жиноят содир этган шахслар, ногиронлар, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар юзасидан олиб борилаётган тергов ишлари ва судда кўрилмаган ишлар ҳаракатдан тўхтатилиши кўрсатиб, жавобгарликдан озод қилиш белгиланган эди.
Умумий қоидага кўра, амнистия акти чиққан кунгача содир этилган жиноятларга нисбатан қўлланади ёки амнистия актида кўрсатилган вақтгача содир этилган жиноятларга нисбатан қўлланиши мумкин.
Амнистия акти умумий тарзда чиқарилиб, амалда алоҳида-алоҳида қўлланганлиги туфайли амнистия актигача жиноят содир қилиб, терговдан, суддан ёки жазони ўташдан қочиб кетган бўлсалар, амнистия актигача қилмишига пушаймон бўлиб, келсалар, амнистия актини қўллаб жавобгарликдан озод қилиш мумкин.
Давомли ёки узоққа чўзилган жиноятларни содир қилган шахсларга нисбатан амнистия актини қўллашнинг ўзига хос хусусияти шундаки, давомли жиноятларда амнистия акти чиққан кунгача ёки амнистия актида кўрсатилган кунгача жиноий ҳаракатини тўхтаган бўлиши керак. Узоққа чўзилган жиноятни содир қилган шахслар эса жиноий фаолиятини тўхтатган бўлиши керак.
Шундай қилиб, амнистия акти орқали жиноий жавобгарлик-дан озод қилиш шахснинг жиноятини бекор қилиш ёки оқлаш орқали жиноий жавобгарликдан озод қилиш бўлмай, айбдорни давлат томонидан гуноҳидан кечиб, уни жиноий жавобгарликдан озод қилишдан иборат.
Агар шахс ўзининг амнистия акти орқали жавобгарликдан озод қилинишига норозилик билдирсаж унга нисбатан амнистия акти қўлланмайди. Бундай ҳолда жиноят ишини юритиш процессуал қонунларда белгиланган тартибда давом эттирилади. Бу дегани, терговчи тергов ҳаракатларини давом эттиради ва айблов хулосасигача етказиб, прокурор орқали судга оширади. Суд эса бу ишни кўришга мажбурдир. Ана шундай йўл билан жиноят содир этишда гумон қилинувчига шахс ўзининг расмий равишда оқланишига эришиш имкони берилади. Агар суд бу шахсни жиноят содир этишда айбли деб топса, айблов ҳукмини чиқариб, сўнг амнистия актини қўллаб жавобгарликдан озод қилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |