4-§. Жиноят таркибининг турлари
Жиноят таркибини турларга ажратиш учта мезонга асосланган ҳолда амалга оширилади:
а) жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига кўра;
б) жиноят таркибининг тузилиши (структураси)га кўра;
в) жиноят таркибининг объектив томонининг тузилиши (оқибати)га кўра:
Жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига кўра таснифлашни тўртта турга бўлиш мумкин:
1) асосий (оддий) таркибли жиноятлар;
2) енгиллаштирувчи таркибли жиноятлар;
3) оғирлаштирувчи таркибли жиноятлар;
4) алоҳида оғирлаштирувчи таркибли жиноятлар.
ЖК Махсус қисмида назарда тутилган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасининг ҳар хиллигини ҳисобга олиб, алоҳида моддаларда (масалан, ЖК нинг 104,105,109-моддалари) ёки муайян модданинг турли қисмларида назарда тутилади (масалан, бир неча қисмлардан иборат бўлган жиноятлар).
Жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасини белгиловчи мезонлар ё унинг ижтимоий хавфлилик даражасини камайтиради ёки оширади. Бунда жиноят ижтимоий хавфлилик даражасининг сифат кўрсаткичлари (масалан, жиддий зарар, кўп ёки жуда кўп миқдордаги зарар) ёки миқдор кўрсаткичлари (биринчи марта содир қилинганлиги, такроран қилинганлиги ва ҳоказолар) олинади.
Жумладан ЎзР ЖК нинг 104-моддасида баданга оғир шикаст етказиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, ўта шафқатсизлик билан баданга оғир шикаст етказиш (104-модда 2-қисмининг «в» банди) тамагирлик ниятларида (“д” банди) ва ҳоказолар баданга оғир шикаст етказиш жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини оширувчи сифат кўрсаткичлари бўлса, шундай жиноятни бир гуруҳ шахс томонидан (2-қисми “к” банди), икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан (3-қисмининг “а”банди), такроран (3-қисмининг «б» банди) содир қилинганлиги ижтимоий хавфлилик даражасини оширувчи миқдор кўрсаткичларидир.
ЖК Махсус қисмининг айрим моддаларида жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини камайтирувчи мезонлар назарда тутилади. Буларга ЖКнинг 106-моддасини (кучли) руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш), 107-моддасини (зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва ҳоказо моддаларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Жиноят таркибининг тузилиши (структурасига қараб учта таркибдаги жиноятларга ажратиш мумкин: а) оддий таркибли; б) мураккаб таркибли; в) альтернатив (муқобил) таркибли жиноятлар.
Оддий таркибли жиноятларда жиноят таркибининг мураккаблаштирувчи ёки оғирлаштирувчи белгилари бўлмайди. Бундай таркибли жиноятларда объекти ҳам фақат битта, ҳаракатлар ҳам битта, ижтимоий хавфли оқибат ҳам битта бўлади. Субъектив томондан фақат ё қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилади. Оддий таркибли жиноятларга ЖК нинг 97-моддасининг биринчи қисмини (қасддан одам ўлдириш) ёки 102-моддасининг биринчи қисмини (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдиришни) мисол тариқасида келтириш мумкин, яъни субъектив томондан айб шакли ҳам битта бўлади.
Мураккаб таркибли жиноятларда бир неча объектлар ёки бир нечта ҳаракатларнинг белгилари кўрсатилади. Масалан, босқинчилик жиноятида жиноий тажовуз туфайли мулкка ва шахснинг соғлиғига тажовуз қилинади. Номусга тегиш жинояти (118-модда) эса икки ҳаракатдан иборат бўлиб, биринчи ҳаракати зўрлик ишлатиш ёки қўрқитиш бўлса, иккинчи ҳаракати жабрланувчи билан жинсий алоқада бўлиш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса (104-модданинг 3-қисмининг «д» банди) ва ҳоказо жиноятларни мураккаб таркибли жиноятлар сифатида кўрсатиш мумкин.
Альтернатив таркибли жиноятлар ҳам мураккаб таркибли жиноятларнинг бир кўриниши бўлсада, ўша модданинг диспозициясида бир нечта ҳаракатлар кўрсатилиб, улардан бири содир қилинишининг ўзи билан, шахсни ушбу норма билан жавобгар қилиш мумкин. Масалан, ЎзР ЖК нинг 157-моддасида давлатга хоинлик қилиш учун жавобгарлик белгиланган. Ушбу модданинг биринчи қисми диспозициясида душман томонга ўтиш, жосуслик, давлат сирларини чет эл давлатига етказиш; Ўзбекистон Республикасига қарши душманлик фаолияти олиб боришда чет эл давлатига ёрдам кўрсатиш ҳаракатлари давлатга хоинлик қилиш жинояти деб кўрсатилган. Демак, бу моддада бир нечта мустақил таркибига эга бўлган альтернатив ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, ана шулардан бирини содир қилишнинг ўзи давлатга хоинлик қилиш деб ҳисобланаверади. Ўки қилмишни ЎзР ЖК нинг 248-моддаси билан квалификация қилиш учун қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш ҳаракатларидан бирини содир қилишнинг ўзи етарлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |