9-§. Амнистия акти ёки авф этиш асосида жазодан озод қилиш Амнистия эълон қилиш муайян туркумдаги шахсларнинг гуноҳидан кечиб, жиноий жавобгарлик ёки жазодан тўла ёки қисман озод қилишдан иборатдир. Шунингдек, амнистия актида жазонинг қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш судланганлигини олиб ташлаш ҳам кўрсатилиши мумкин.
Амнистия акти чиқариш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномаси билан Олий Мажлис Сенатига берилган. Амнистия акти орқали жавобгарликдан озод қилиш ушбу дарсликнинг ХVII бобида берилганлиги сабабли бу бобда батафсил тўхталиб ўтирмай, амнистия акти орқали жазодан озод қилишнинг айрим муаммоларига тўхталиб ўтилди, холос.
Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганидан кейин амнистия акти орқали жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш тўғрисидаги фармон тез-тез чиқарилмоқда. Бу жиноий жазо инсонпарварлик принципининг амалда қўлланишининг яққол намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинган-лигининг ўн йиллиги муносабати билан чиқарилган амнистия тўғрисида фармонда қуйидаги маҳкумлар жазодан озод қилинсин, дейилган эди:
1) а) аёллар; б) вояга етмаган ёшида жиноят содир этган шахслар; в) ногиронлар ва жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган шахслар; г)оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган шахслардан ташқари 55 ёшдан ошган эркаклар ва чет фуқаролари;
2) олти йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган ёки озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга, шунингдек, эҳтиётсизлик орқасида содир этган жинояти учун ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинсин.
Бу амнистия актида жазонинг муайян қисмини ўтаб бўлганларни ҳам жазодан озод қилиш кўрсатилган эди. Булар:
3) саккиз йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган ва тайинланган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини ўтаган шахсларни жазодан озод қилиш;
4) ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган ва тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаган шахсларни жазодан озод қилиш;
5) ушбу фармон чиқарилган кунга қадар тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ учун уч йилдан кам муддат қолган маҳкумларни жазодан озод қилиш кўрсатилган эди.
Ушбу Фармонда жазодан озод қилинмайдиган шахсларнинг жазо муддатининг ўталмаган қисми қуйидагича қисқартирилиши кўрсатилган эди:
а) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилганларга — ярмига;
б) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганларга учдан бир қисмига қисқартириш кўрсатилган эди.
Булардан ташқари ушбу Фармоннинг биринчи моддасида назарда тутилган шахсларни жавобгарликдан озод қилиш ҳамда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар юзасидан олиб борилаётган тергов ишлари ва судда кўрилмаган ишлар ҳаракатдан тўхталиши назарда тутилган эди.
Амнистия тўғрисидаги ушбу Фармоннинг мазмунидан кўриниб турибдики, унда жиноят содир қилган шахслар устидан тергов ишлари ва судда кўрилган ишларни ҳаракатдан тўхтатиш, жиноий жавобгарликдан озод қилиш, жазодан озод қилиш, жазони муайян қисми ўталган бўлса жазодан озод қилиш ҳамда амнистия акти орқали жазодан озод қилинмайдиган шахсларнинг жазосини қисқартириш назарда тутилган эди. Ўзбекистон Республикаси Мустақилиги эълон қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан чиқарилган амнистия тўғрисидаги фармон жуда кенг доирада шахсларни қамраб олган эди. Шунингдек, бу амнистия акти тўғрисидаги фармонда амнистия актини қўлланиш мумкин бўлмаган шахслар доираси ҳам баён қилинган эди.
Давомли ва узоққа чўзилган жиноятларга нисбатан эса амнистия акти чиққан кунга қадар жиноят тўхтатилган бўлса, амнистия акти қўлланиши мумкин. Жиноят тўхтатилмай яна давом эттирилган бўлса, амнистия акти қўлланмайди.
Амнистия акти орқали жазодан озод қилинган шахслар судланган ҳисобланадилар. Агар жазодан озод қилиш тўғрисидаги амнистия акти жазодан озод қилиш билан бирга судланганлигини ҳам олиб ташлаш кўрсатилган бўлса, жазодан озод қилинган шахслар судланмаган ҳисобланадилар.