XVI БОБ. ЖАЗО ТАЙИНЛАШ
1-§. Жазо тайинлашнинг умумий асослари
Инсоният тарихида жиноят деган салбий ижтимоий ҳодисага қарши доимо курашиб келинган. Бу масала мустақил Ўзбекистон Республикасининг ҳам муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолди. ўоят мураккаб бўлган ўтиш даврида кўрилган кескин чоралар туфайли мамлакатимизда жиноятчиликнинг ўсишини тўхтатишга, айрим турдаги жиноятларнинг содир этилишини камайтиришга эришилди.
Бу — мустақил ёш давлатимизнинг беқиёс катта ютуғидир. Аммо айрим турдаги жиноятларнинг, масалан, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш, айрим турдаги оғир жиноятларнинг камаймаётганлиги ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш жараёнида жиноятчиликка қарши кураш ишини бир дамга ҳам сусайтирилиши мумкин эмаслигини тақозо этмоқда.
“Қанчалик қайғули туюлмасин, жиноятчилик ҳамма мамла-катларда ва ҳамма даврларда бўлган. Бироқ, ўтиш даврида унинг мазмуни фақат жиноий қилмиш доираси билангина чекланиб қолмайди. Янги мустақил давлатларда амалга оширилаётган ислоҳотлар орқали амалда мулкни қайта тақсимлаш жараёни юз бермоқда. Айни шу ҳол ислоҳотларнинг моҳиятини белгилайди. Аввалги тузумда давлат томонидан тортиб олинган бойлик эндиликда уни яратган ва ўз меҳнати билан кўпайтираётганларга тегишли бўлиши лозим.Қайта тақсимлашнинг моҳияти шундадир деб ёзади Президентимиз И.А. Каримов116[116].
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир, — дейилади (24-модда). Шунингдек, Конституциямизнинг 26-моддасида “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”, деб кўрсатилган.
Жиноятчиликка қарши курашда фақат қаттиқ жазо чоралари орқали кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. И.А. Каримов XXI асрнинг дастлабки йилларида мамлакатимизнинг ривожланиш стратегияси, ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берар экан, ана шу устувор йўналишлардан бири — мамлакат сиёсий, иқтисодий ҳаётини, давлат ва жамият қурилишини янада эркинлаштириш117[117], деб кўрсатиб ўтди. Эркинлаштириш бевосита жазо сиёсатига ҳам тегишлидир.
Мамлакатимизда жиноятчиликка қарши кураш иши бутун бир дастур асосида кенг доирадаги ижтимоий-ҳуқуқий чораларни қўллаш асосида олиб борилмоқда.
Жиноятчиликка қарши кураш асосан икки йўналишда - ижтимоий чоралар (аҳолини моддий, маданий, маънавий турмушини ривожлантириб бориш), ҳамда ҳуқуқий чоралар орқали олиб борилмоқда. Ҳуқуқий чоралардан энг муҳими жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жазо чораларини қўллаш ҳисобланади.
Маълумки, жиноят учун жазо тайинлаш фақат судга тегишлидир. Шунга кўра жазо тайинлаш суд фаолиятининг энг масъулиятли қисми ҳисобланади. Айнан ана шу жазо тайинлаш босқичида кўп масала ҳал бўлади. Чунки ана шу вақтда жиноят қонунининг адолатлилик принципи амалда намоён бўлади, одил судловнинг қай даражада амалга оширилганлигининг бош мезони ҳисобланади. Жиноят содир этган шахсга нисбатан унинг шахсини, содир этилган жиноятининг ижтимоий хавфлилигини, жиноят туфайли келтирилган зарарнинг миқдорини ва ишнинг бошқа ҳолатларини эътиборга олган ҳолда адолатли жазо тайинлаш, жиноят содир қилган шахснинг ўз қилмишига яраша жазосини олганлик ҳиссини ҳам уйғотади. Ана шундай ҳиснинг пайдо бўлиши жазо мақсадининг дастлабки, аммо энг муҳим ютуғи ҳисобланади.
Шунинг учун жиноий жазо ва унинг самарадорлигини тадқиқ қилган барча криминалист олимлар жиноятчиликка қарши курашда, муҳими жазонинг қаттиқлигида эмас, балки битта ҳам жиноят содир қилган шахс жавобгарликка тортилмай қолмаслигидадир, деб тўғри таъкидлаганлар. Аммо адолатсиз тайинланган ҳар бир жазо шахсни тезроқ тўғри йўлга ўтиб олишига ёрдам бериш ўрнига, салбий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.Қаттиқ жазо чораси фақат жазоланувчиларнигина эмас, балки жазоловчиларнинг ҳам ахлоқий ва ҳаёт тарзини қўполлаштириб юборади, қаттиқ жазо чоралари орқали жиноятчиликка қарши курашнинг фойдасизлигини барча илғор фикр қилувчилар доимо тушуниб келганлар, — деганда И.И. Карпец икки карра ҳақдир.118[118]
Айниқса, жиноий жазолар ичида озодликдан маҳрум қилиш жазоси жиноят содир қилган шахс учун ҳам, жамият учун ҳам ғоят оғир оқибатлар келтириб чиқаради. Озодликдан маҳрум қилишнинг ёмон оқибатлари ҳақида тасаввур қилганда унинг оғир оқибатларини қуйидагиларда кўриш мумкин.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс жазо муддати мобайнида оиласидан, ишлаётган меҳнат жамоасидан, доимий яшаётган муҳитдан тамоман ажратилади.
Жазони ўташ муддати мобайнида, ўзининг касби, билими, мутахассислиги бўйича ишламаганлиги туфайли кўп йиллар мобайнида ўрганган билими, касби бўйича ишлашни эсидан чиқаради.
Жазони ўташ муддати мобайнида жамиятдан ажратилгани учун шахс ўз малакасини, билимини ошириш, янги мутахассис-ликни ўзлаштириш, жамият ижтимоий ишлаб чиқаришида катнашиш имкониятидан тамоман маҳрум бўлади ва ҳоказолар.
Биз озодликдан маҳрум қилишнинг айрим салбий оқибат-ларини айтар эканмиз, озодликдан маҳрум қилиш жазосидан воз кечиш керак, ёки уни тайинламаслик керак, деган фикрдан тамоман йироқмиз. Буларни кўрсатиш билан судлар жазо тайинлаш вақтида ғоят адолатли бўлишлари, айб ва жазонинг мослигини эътиборга олишлари лозимлигини таъкидламоқчимиз ҳолос.
Бу масалага Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил 14 майдаги 11-сонли “Жиноий жазо чораларини қўллаш бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар ҳақида”ги қарорининг 3-бандида “Шахсни озодликдан маҳрум қилиш масаласи жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи барча ҳолатларни инобатга олган ҳолда суд ҳукмида ҳар томонлама ва батафсил асослантирилмоғи лозим. Жиноят қонуни санкциясида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо турлари ҳам назарда тутилган бўлса, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қандай ҳолатларни инобатга олган ҳолда қўлланилганлиги ҳукмда албатта кўрсатилиши шарт119[119], дейилади.
Судлар жиноят учун жазо тайинлашдан олдин қилмишнинг тўғри квалификация қилинганига биринчи даражали аҳамият беришлари керак.Қилмишни қонун талабларига мувофиқ равишда квалификация қилиниши, одил судловни амалга оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Судларнинг жазо тайинлаш вақтида хатога йўл қўйиши жиноят таркибига кирувчи квалификация қилишнинг белгиларига тегишли аҳамият берилмаслиги туфайли бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 54-моддасида, жиноят содир этишда қонунда белгиланган тартибда айбли деб топилган шахс жазога тортилади. Суд ушбу Кодекс Махсус қисмининг жиноят содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган моддасида белгиланган доирада Умумий қисмнинг қоидаларига мувофиқ жазо тайинлайди, — дейилади.
Жазо тайинлашнинг умумий асослари, энг аввало, жиноят қонунининг принциплари билан боғлиқдир. Ўзбекистон Респуб-ликаси ЖК 10-моддасида “Қилмишда жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт”, дейилади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 4-10-моддаларида жиноят қонунининг еттита принципи ва уларнинг тушунчалари берилган бўлиб, жазо тайинлаш ана шу принципларнинг ҳар бири ва барчаси билан бевосита боғлиқдир. Масалан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 8-моддасида одиллик принципининг тушунчаси берилган бўлиб, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак, дейилади. Жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишнинг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 42-моддасида назарда тутилган жазонинг мақсадига эришишни назарда тутади.
Жазо тайинлашниннг умумий асослари суднинг Жиноят кодекси Махсус қисмининг жиноят содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган моддасида белгиланган доирада Умумий қисмининг қоидаларига мувофиқ жазо тайинлаши бир қатор масалаларни эътиборга олинишини тақозо қилади.
Жиноят кодексининг Махсус қисмининг санкцияси доирасида жазо тайинланади, деганда нимани тушуниш керак?
Маълумки, Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаларидаги санкциялар альтернатив санкция тариқасида берилган бўлиб, суд жазо тайинлашда фақат ана шу санкцияда кўрсатилган жазолардан бирини асосий жазо сифатида тайинлайди. Бунда суд тайинлаш учун танлаган жазо турининг миқдори ва муддати шу санкцияда кўрсатилган доирадан ташқарига чиқмаган бўлиши керак. Масалан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 173-моддасининг 21-қисмида мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, миллатлараро ёки ирқий адоват ёхуд диний таассублар замирида, атрофдагилар учун хавфли усулда, кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бароваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, дейилади. Демак, бу санкцияда учта асосий жазо кўрсатилган бўлиб, суд ишдаги ҳолатлар ва айбдорнинг шахсини эътиборга олиб, шу жазолардан бирини танлаб тайинлайди. Агар жаримани тайинласа, энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан кам ва юз бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тайинлайди. Ахлоқ тузатиш ишларини тайинласа, бу жазонинг муддатини икки йилдан кам, уч йилдан кўп тайинлай олмайди. Озодликдан маҳрум қилишни эса уч йилдан кўп бўлган муддатга тайинлай олмайди. Аммо суд жазони тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган моддий зарарни уч карра миқдорда ўз ихтиёри билан қоплаганлигини ҳисобга олиб санкцияда кўрсатилган озодликдан маҳрум қилишни тайинламай, санкциядаги енгилроқ жазони тайинлаши мумкин. Агарда шахс ушбу жиноятни биринчи марта содир этган бўлиб, ўз айбига иқрор бўлган ва жабрланувчи билан ярашса ҳамда етказилган зарарни бартараф этса, суд уни ЎзР ЖК нинг 661-моддаси қоидалари асосида жавобгарликдан озод қилиши мумкин.
Жазо тайинлаш масаласига Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳам алоҳида аҳамият бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги 16-сонли “Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 1,2-бандида “Судлар оғир жиноят содир этган шахсларга, уюшган гуруҳ ташкилотчилари ва фаол иштирокчиларига, муқаддам судланганларга нисбатан қаттиқ жазо чораларини қўллашлари лозим. Бунда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига тажовуз қилиш, порахўрлик, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар ва қуроллар тарқатиш каби, шунингдек республика иқтисодиётига зарар етказувчи жиноятларни алоҳида хавф туғдиришини назарда тутишлари керак. Шу билан бирга оғир жазо чоралари Жиноят кодекси 7-моддасининг 3-қисмига асосан, бошқа чораларни қўллаш орқали эришиб бўлмайдиган ҳолдагина тайинланиши мумкинлиги ҳам эътиборга олиниши керак”, 120[120]дейилади.
“Жазонинг самарадорлигини оширишни таъминловчи объектив шароитлар бузилар экан, ҳар қандай жазо тизими кўзланган натижаларга олиб келмайди”, деб М.Д. Шаргародский жуда тўғри таъкидлайди.121[121] Демак, суд жиноят учун жазо тайинлаганда, энг аввало, шу жазо субъектнинг айби даражасига мослиги ва айбдорни тарбиялашдаги самарадорлигини ўйлаши керак. Аммо шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, жиноий жазо қанчалик инсонпарвар бўлмасин, айбдорга жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламаган-лигига (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 7-моддаси) қарамай, қўрқитиш хусусияти бўлиши керак. Шахсга содир қилган жиноя-тига яраша моддий, маънавий, ҳуқуқий чеклашларни келтириб чиқариши керак. Акс ҳолда жиноий жазонинг жамият нуқтаи назаридан қараганда ҳеч қандай аҳамияти қолмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1999 йил 14 майда бўлиб ўтган навбатдан ташқари Пленуми мажлисида судлар кўп ҳолларда асоссиз равишда, айниқса, вояга етмаганларга ва аёлларга оғир жазо чораларини қўллаётганликлари таъкидланиб, шундай дейилган эди: “Жазо турини танлашда, судьяга ўз нуқтаи назарини чуқур ва ҳар томонлама асослаб бериш мажбуриятини юкловчи қонун талаблари ҳам кўпинча бузилмоқда. Аксарият шу сабабга кўра, асосий жазо тури сифатида жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ каби жазолар деярли қўлланилмайди. Масалан, ўтган йилда (1998 йил назарда тутилмоқда) умумий судланганлардан фақат 8,3 фоиз шахсга нисбатан жарима, 3,3 фоиз шахсга нисбатан қамоқ жазоси тайинланган”.122[122] Айтиш керакки, иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг (2001 йил 29 августда бўлиб ўтган) олтинчи сессияси жазо сиёсатида туб бурилиш ясади. Бу сессияда мамлакатимизда бозор иқтисодиёти тизимига очиқ демократик давлат қуриш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш йўлида жиддий ютуқларга эришилганлиги таъкидланди. Маълумки, 2000 йил июн ойида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳадаги ислоҳотлар жараёнини эркинлаштириш ва чуқурлаштириш Дастури қабул қилинган эди. Бу дастур жамиятимизнинг ҳамма жабҳаларини либераллаштиришни қамраб олган. Дастур суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш ва демократлаштиришга ҳам бевосита тааллуқлидир. “Судлар тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирда қабул қилинганлиги, Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жиддий ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилганлиги суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш йўлида жиддий қадам бўлди.
1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган амалдаги Жиноят кодексида мустақилликка эришилган дастлабки йилларда жиноятчиликка қарши кураш ғоят кескин қўйилганлиги сабабли кўпроқ оғирроқ жазо турлари тайинланишига мойиллик кучли бўлди. Натижада судлар кўпроқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган эдилар. Энди жамиятимиз тараққиёти янги босқичга кўтарилдики, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш зарурлигини келтириб чиқарди.
Президентимиз И.А.Каримов иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг олтинчи сессиясида “Адолат– қонун устуворлигида” 123[123]деб номланган маърузасида “Энг аввало, жазолашнинг репрессив, озодликдан маҳрум қилиш ҳолларини қисқартириш ҳисобига қонунчиликнинг адолат ва инсонийлик каби тамойилларининг кучайишини ва амалда қўлланишини таъминлашимиз зарур”, деб таъкидлаган эди.
Президентимизнинг ана шу сессияда қилган маърузалари, Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшим-чалар киритиш ҳақида аниқ таклифлар асосида ЎзР ЖК га бир қанча ўзгартириш киритилди. Жиноят кодексига ана шу ўзгарти-риш ва қўшимчалар киритилгунча судлар унча оғир бўлмаган жиноятларни содир қилган шахсларга нисбатан ҳам озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб келган бўлсалар, энди биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир қилган шахсларга нибатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни тайинлаш мумкин бўлди.
Айтиш керакки, жиноятларни таснифлашнинг янги қабул қилинган таҳрири жазо тайинлашда либерализация қилишнинг имкониятларини кенгайтириб юборди. Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш (661- модда)нинг ЖКга киритилиши жавобгарликдан озод қилиш институтини янада кенгайтирди, кўплаб моддаларда етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда ёки етказилган моддий зарар уч карра қопланган тақдирда қамоқ ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони қўлланмасликнинг назарда тутилганлиги, Ўзбекистонда жиноят учун жазолаш сиёсатининг янги босқичга кўтарилганлигини кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 54-моддасида Жиноят кодекси Умумий қисмининг қоидаларига мувофиқ жазо тайинла-ниши кўрсатилган. Умумий қисми қоидаларига мувофиқ жазо тайинлаш деганда нималарни тушуниш керак?
Маълумки, Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддала-рини амалга тадбиқ қилишнинг барча қоидалари Умумий қисмда кўрсатилган. Махсус қисм нормаларини қўллашда Умумий қисм нормалари йўналтирувчи ва тартибга солувчи нормалардир. Демак, Умумий қисмнинг нормалари Махсус қисмининг калити ҳисобланади. Жиноят кодекси Махсус қисмида бирорта модда йўқки, Умумий қисми моддаларига тегишли бўлмасин. Масалан, ЖКнинг Махсус қисми моддаларида жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган бўлса, Умумий қисмда Жиноят тушунчаси (14-моддаси) берилган, Махсус қисмда кўрсатилган жиноятлар фақат жисмоний шахслар томонидан содир этилса, Умумий қисмнинг 17-моддасида жисмоний шахс, 18-моддасида ақли расолик тушунчалари берилган. Жиноят кодекси Махсус қисмининг кўпчилик моддаларида жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан қилинса, дейилган, иштирокчилик тушунчалари эса, 27-30 моддаларида берилган. Махсус қисм моддаларида жиноят такроран, хавфли рецидивист, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилса, дейилади, уларнинг тушунчалари эса Умумий қисмнинг 32, 33, 34-моддаларида берилган. Жиноят кодекси Махсус қисми моддалари санкцияларида муайян доирада тайинланадиган жазо турлари назарда тутилган, жазо тайинлаш қоидалари эса Умумий қисмнинг 57-63-моддаларида кўрсатилган ва ҳоказолар. Бундан ташқари, Махсус қисм моддаларида назарда тутилмаган, аммо жазо тайинлашда эътиборга олиниши шарт бўлган бир қанча жиноят қонуни институтлари борки, бу институтлар шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши жиноят деб топилиб, Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортиладиган бўлса, Умумий қисмда назарда тутилган қоидаларнинг қўлланилишининг ўзи етарлидир. Масалан, жавобгарлик ва жазодан озод қилиш кўзда тутилган моддалар, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш, судланганлик ва уни ҳисоблаш қоидалари фақат Умумий қисмда кўрсатилган. Тўғри, ЖК Махсус қисмининг айрим моддаларида ҳам жавобгарлик ва жазони озод қилиш (масалан, 211-модданинг 4-қисми, 212-модданинг 4-қисми, 248-модданинг 4-қисми ва ҳоказолар) кўзда тутилган. Аммо жавобгарлик ва жазодан озод қилишнинг бу турдаги нормалари фақат ўша модданинг ўзи учунгина тегишли, холос.
Умумий қисмдаги жавобгарлик ва жазодан озод қилишни назарда тутувчи моддалари умуман, Жиноят кодекси Махсус қисми моддаларига тегишлидир.
Маълумки, суд жиноят учун жазо тайинлашда айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган модданинг санкциясида кўрсатилган жазо турлари ва муддати доирасидан четга чиқа олмайди. Аммо иш ҳолатларига кўра, айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган модда санкцияси доирасида жазо тайинланса, жазо адолатсиз бўлиб қолиши мумкин бўлган ҳоллар ҳам бўлади. Шунда суд, ЖК Умумий қисмининг 57-моддасида кўзда тутилган енгилроқ жазо тайинлаш қоидаларини қўллаб, қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаши мумкин.
Вояга етмаганларнинг жавобгарлиги масаласига қонунда алоҳида аҳамият берилиб, Жиноят кодексининг Умумий қисмида алоҳида бобда ажратиб кўрсатилган. Махсус қисми моддаларида кўрсатилган жиноятларни вояга етмаганлар томонидан содир этганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмаган. Ҳатто, Махсус қисми моддасининг санкциясида ҳам вояга етмаганларга нисбатан тайинланадиган жазо тури ва муддати алоҳида ажратилиб кўрсатилмаган. Шунга мувофиқ вояга етмаганларнинг жинояти ҳам ЖК Махсус қисмининг тегишли моддаси билан квалификация қилинади. Аммо жазо тайинлашда вояга етмаганларнинг қилмиши квалификация қилинган модданинг санкциясида назарда тутилган жазо миқдори ва муддат доирасида тайинланмай, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 82-85- моддаларида кўрсатилган жазо турининг миқдори ва муддати доирасида тайинланади. Бунда ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қонунларига мурожаат қилинмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги 16-сонли “Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 1.7 бандида “Вояга етмаганларга жазо тайинлашда жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ каби жазоларнинг самарадорлигига эътибор бериш лозим. Шу билан бирга оғир жиноят содир этишда айбланган, муқаддам судланган, ҳуқуқни бузганлиги учун ички ишлар органларида ҳисобда турган вояга етмаганларга жазо тайинлашда қатъиятсизликка йўл қўйиб бўлмайди”, дейилади.124[124]
М.А. Скрябин вояга етмаганларга нисбатан тайинланган жазоларни қуйидаги хусусиятлар билан ифодалайди:
1. Вояга етмаганларга нисбатан жиноят қонунида назарда тутилган барча жазо чора қўлланилмайди
2. Вояга етмаганларга нисбатан тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш энг оғир жазо сифатида ўзига хос хусусиятларга эга.
3. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятни суд жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб ҳисоблайди (ЖК 55- моддасининг «ж» банди).125[125]
М.А. Скрябиннинг бу ёзганлари бизнинг ҳозирги амалдаги жиноят қонунчилигимизга ҳам тўла мос келади. Яъни, шу уч ҳолатнинг биринчисини оладиган бўлсак, Жиноят кодексининг 43-моддасида саккиз турдаги асосий жазо ва фақат иккита қўшимча жазолар назарда тутилган бўлса, 81-моддасида эса вояга етмаганларга тайинланадиган тўртта жазо тури кўрсатилган.
Булар: жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ, озодликдан маҳрум қилиш.
Демак, вояга етмаганларга нисбатан ана шу жазолардан бошқа мажбурлов чоралари жиноий жазо сифатида тайинланмайди. Вояга етмаганларга нисбатан қўшимча жазо умуман тайинланмайди. Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилишнинг муддати Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 85-моддасида кўрсатилган муддатлар доирасида тайинланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |