7-§. Интизомий қисмга жўнатиш
ЎзР ЖКнинг 49-моддасида белгиланишига кўра, интизомий қисмга жўнатиш — муддатли ҳарбий хизматчиларни суд томонидан белгиланган муддат мобайнида ички тартиби анча қаттиқ бўлган махсус ҳарбий қисмга жойлаштириш орқали, муайян ҳуқуқ ва имтиёзлардан маҳрум этишдир.
Қонун мазмунига кўра, интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазо фақат муддатли ҳарбий хизматчиларга тайинланади. Интизомий қисмга жўнатиш фақат ЖК Махсус қисми моддаси санкциясида назарда тутилган ҳолларда уч ойдан бир йилгача муддатга тайинланади. Демак, интизомий қисмга жўнатиш ЖК Махсус қисмининг ҳарбий хизматни ўташ тартибига қарши содир қилинган жиноят учун тайинланади. Ҳарбий хизматчининг ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ бўлмаган жиноят содир қилганлиги учун ҳам интизомий қисмга жўнатиш жазосини тайинлаш мумкинми? (Масалан, безорилик, ўғрилик ва бошқа жиноятлар)
ЎзР ЖК 49-моддасининг иккинчи қисмида «Суд иш ҳолатлари ва маҳкумнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига шу муддатга интизомий қисмга жўнатиш жазосини қўллаши мумкин”, дейилади.
Қонуннинг бу мазмунидан кўриниб турибдики, муддатли ҳарбий хизматчи ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ бўлмаган (масалан, ҳарбий қисмдан ташқарига чиқишга рухсат берилганда жамоат тартибини бузиб безорилик жинояти содир этилса ёки фуқаролар билан жанжаллашиб жабрланувчининг баданига ўртача оғир ёки енгил шикаст етказиш жинояти)жиноят содир этилса ва айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган қонун нормасининг санкциясида интизомий қисмга жўнатиш жазоси назарда тутилмаган ва айбдорга уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланадиган бўлса, суд бу жазо ўрнига шу муддатга интизомий қисмга жўнатиш жазосини қўллаши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси жиноят-ижроия кодексининг 160-моддасига кўра, интизомий қисмда маҳкумларнинг жазони ўташ вақти ҳарбий хизмат вақтига қўшилмайди. Демак, ҳарбий хизматчи интизомий қисмга жўнатиш жазосига ҳукм қилиш вақтида ҳарбий хизматнинг ўталмай қолган қисмини бу жазони ўтиб бўлганидан кейин ҳарбий хизматнинг қолган қисмини ўташни давом эттиради.
Агар шахс интизомий қисмда жазони ўташ вақтида ўзининг намунавий хулқи, жазони ўташнинг талабларига сидқидилдан муносабатда бўлганлигини ҳисобга олиб, интизомий қисмда сақлаш вақтини ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан жиноят-процессуал кодексининг 546-моддасига мувофиқ кўриб чиқилади. Хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмда сақлаш вақтини ҳарбий хизмат муддати ҳисобига киритиш тўғрисидаги масала гарнизон ҳарбий судининг судьяси томонидан ана шундай турдаги жазоларнинг муддати тугагач қўмондонликнинг илтимосига биноан ЎзР ЖПКнинг 545-моддасида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади. Интизомий қисмда жазони ўташ вақтини ҳарбий хизмат муддати ҳисобига киритиш тўғрисидаги масала судья томонидан кўриб чиқилаётган пайтда, илтимоснома ким ҳақида берилган бўлса, илтимос қўзғатган ҳарбий қисм вакили қатнашиши шарт.
Жазони интизомий қисмда ўтаётганлар бундай жазога ҳукм қилингунча қандай унвонга эга эканлиги, қандай лавозимда хизмат қилганлигидан, бошқа хусусиятидан қатъи назар, оддий аскар (матрос) ҳолатида бўладилар ҳамда белгиланган кўринишдаги кийимда юрадилар ва махсус тафовут белгиларини тақадилар.
Интизомий қисмда жазони ўташ узлуксиз бўлиб, уларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган таътиллар берилмайди. Аммо бу жазони ўтаётган шахсга алоҳида ҳолларда (яқин қариндошининг вафоти ёки ҳаёти хавф остида қолган оғир касаллиги, маҳкумга ёки унинг оиласига жиддий моддий зарар (ёнғин ёки бошқа табиий офатлар туфайли етказган зарар) муносабати билан бориш келиш учун кетадиган вақтни ҳисобга олмаган ҳолда интизомий қисм доирасидан чиқадиган ҳуқуқни берувчи қисқа муддатли (етти суткагача) таътил берилиши мумкин. Маҳкумнинг таътилда бўлиш вақти жазони ўташ муддатига қўшилади.
Интизомий қисмга жўнатиш жазосига ҳукм қилинган шахсга нисбатан ЖКнинг 72-моддаси асосида шартли ҳукм қилишни 73-моддаси асосида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўлланиши мумкин.
Интизомий қисмга жўнатиш жазосидан турли асосларга кўра, озод қилинган шахслар жазодан озод қилинган кундан бошлаб судланмаган деб топилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |