135.Зарар етказган шахсга нисбатан регресс ҳуқуқи қай тартибда амалга оширилади.
1001-модда. Зарар етказган шахсга нисбатан регресс ҳуқуқи
Бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.
Биргаликда етказилган зарарни тўлаган зарар етказувчи зарар етказувчиларнинг ҳар биридан жабрланувчига тўланган товоннинг ҳар бир зарар етказувчининг айби даражасига мос улушини талаб қилишга ҳақли. Айбнинг даражасини аниқлаш имконияти бўлмаганда улушлар тенг баравар деб ҳисобланади.
Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарарни тўлаган давлат бундай шахсларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳолларда, бу шахсларга нисбатан регресс ҳуқуқига эга.
Террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаган давлат содир этилган айбли ҳаракатлари террорчиликка қарши операция ўтказилишига сабаб бўлган шахсга нисбатан тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.
Ушбу Кодекснинг 993 –– 996, 998-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича зарарни тўлаган шахслар зарар етказган шахсга нисбатан қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга эмас.
136.Соғлиққа шикаст етказилганлиги туфайли кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳажми ва хусусиятини ёритиб беринг.
006-модда. Соғлиққа шикаст етказилганлиги туфайли кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳажми ва хусусияти
Фуқаро майиб қилинганда ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганда жабрланувчи оладиган ёки муайян равишда олиши мумкин бўлган йўқотилган иш ҳақи (даромадлари), шунингдек саломатлигига шикаст етказилиши туфайли қилган қўшимча харажатлари, шу жумладан даволаниш, қўшимча овқатланиш, дори-дармонлар сотиб олиш, протез қўйдириш, бировнинг парваришида бўлиш, санаторий-курортда даволаниш, махсус транспорт воситаларини сотиб олиш, бошқа касбга тайёргарликдан ўтиш харажатлари, агар жабрланувчининг ана шу ёрдам ва парвариш турларига муҳтожлиги ҳамда уларни бепул олиш ҳуқуқига эга эмаслиги аниқланса, ўрни қопланиши лозим.
Йўқотилган иш ҳақини (даромадларни) аниқлашда жабрланувчига майиб бўлиши ёки соғлиғига бошқача шикаст етиши сабабли тайинланган ногиронлик пенсияси, худди шунингдек соғлиғига зарар етказилмасидан олдинги ва ундан кейинги бошқа турдаги пенсиялар, нафақалар ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар эътиборга олинмайди ва зарарни қоплаш миқдорини камайтиришга сабаб бўлмайди (зарарни қоплаш ҳисобига киритилмайди). Зарарни қоплаш ҳисобига, шунингдек жабрланувчи соғлиғига шикаст етказилганидан кейин оладиган иш ҳақи (даромади) ҳам киритилмайди.
Қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан ушбу моддага мувофиқ жабрланувчига тегадиган тўлов ҳажми ва миқдори кўпайтирилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |