Маънавий соҳада: сўз, виждон ва фикр эркинлиги; ўз фикрини очиқ билдира олишнинг реал имкониятлари; ижодий, илмий ва бошқа уюшмалар мустақиллигининг ҳам қонуний, ҳам амалий жиҳатдан таъминланганлиги.21
У халқнинг фаровонлиги, маданияти ва онгининг ўсиши, мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ривожланишига мос равишда пишиб етилади. Фуқаролик жамияти инсониятнинг тараққиёт маҳсули сифатида, синфий-феодал тизимга хос қатъий қоидаларнинг ўзгаришини, ҳуқуқий давлат шаклланишининг бошланиши даврида пайдо бўлади. Барча фуқароларда хусусий мулк асосида иқтисодий мустақилликка эришиш имкониятининг пайдо бўлиши фуқаролик жамияти вужудга келишининг зарурий шарти ҳисобланади. Синфлараро имтиёзларнинг бекор бўлиши, инсон қадрининг ўсиши ва тобе фуқародан барча билан тенг ҳуқуққа эга бўлган шахсга айланиш фуқаролик жамияти шаклланишининг муҳим шарти ҳисобланади. Шахс ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайдиган ҳуқуқий давлатчилик фуқаролик жамиятининг сиёсий пойдевори бўлиб хизмат қилади. Бу шароитда инсоннинг хулқи унинг манфаатлари билан белгиланади ва ҳар қандай хатти-ҳаракати учун масъулият унинг зиммасига тушади. Бундай шахс ўз эркинлигини барча нарсадан устун қўйган ҳолда, айни вақтда бошқаларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳам ҳурмат қилади. Давлатнинг қўлида кучли ҳокимият тўпланганлиги туфайли, у маъмурий тизим хизматчилари, армия, полиция ва суд орқали ижтимоий гуруҳлар, синфлар ва бутун халқнинг манфаатларини осонлик билан поймол этиши мумкин. Германия ва Италияда фашизмнинг ўрнатилганлиги тарихи давлат қай тарзда жамиятни “қамраб” олганлиги, турли соҳаларнинг тўлиқ давлат тасарруфига ўтгани ва шахснинг батамом давлат назоратида бўлишига ёрқин мисол бўла олади. Шу маънода фуқаролик жамияти зўравонлик ва ҳуқуқбузарликка йўл қўйиб бўлмаслик, эришилган адолат ва эркинликнинг жамият томонидан тан олинган меъёрларига асосланган том маънодаги ижтимоий муносабатларнинг объектив тарзда шаклланган тартиботидир.
Бугунги кунда фуқаролик жамиятига ўтиш асосларини ўрганиш, унинг илмий-назарий ва ижтимоий-фалсафий жиҳатларини таҳлил этиш ҳар қачонгидан ҳам ўта долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Айниқса, бу масала собиқ иттифоқ таркибида бўлган республикалар ва бугунги кунда мустақил тараққиёт жараёнида ўз олдиларига демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишдек стратегик вазифани амалга оширишда муҳим муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Глобаллашув жараёнида бу муаммонинг сиёсий-фалсафий, иқтисодий, ҳуқуқий ва миллий-маънавий асосларини шакллантиришнинг айрим ўзига хос йўналишларини тадқиқ этиш эса ижтимоий-гуманитар фанлар вақиллари олдига бир қатор мураккаб масалаларнинг ҳам мавжуд эканлигини кўрсатмоқда. Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири бу — қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир. Бир сўз билан айтганда, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда.
Мамлакатимиз Биринчи Президенти И. А. Каримов ўзининг бир қатор асарлари, маъруза ва мулоқотларида фуқаролик жамияти, демократия, қадриятлар тушунчаларининг ўзаро диалектик уйғунлигини таъминлашнинг илмий-назарий муаммоларини янада кенгроқ ва чуқурроқ таҳлил этиш заруратини қайта-қайта таъкидламоқдалар. “Биз жамиятимиздаги демократик жараёнлар йўли – келажак тараққиётимиз ҳақида фикр юритар эканмиз, бу борада бизда кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамиятига ўтиш ғояси, бу ғоянинг маъно-мазмуни исботлаб, асослаб берилганлиги кўришимиз мумкин.
“Фуқаролик жамияти” тушунчаси, унинг тарихий ва сиёсий-фалсафий илдизлари қадимги дунё мутафаккирларининг давлат назарияси билан бевосита боғлиқдир. Бинобарин, фуқаролик жамиятининг шаклланиши ва ривожи инсоният, давлат, ҳуқуқ тарихининг муайян цивилизациялашган даври билан ҳам боғлиқдир. Лекин жамият пайдо бўлгандан бошлаб унинг маълум бир тараққиёти даврида давлат пайдо бўлган. Шунинг учун ҳам “жамият” ва “фуқаролик жамияти” тушунчаларини айнан бир хил талқин қилиш мумкин бўлмаганидек, уни давлат назарияси билан боғлиқдир деб кўрсатиш ҳам масалага сиёсий-фалсафий жиҳатдан тор маънода тушунишга олиб келади. Негаки, давлатдан фарқли ўлароқ, жамият ҳамиша мавжуд бўлган1. Бунинг устига давлат ҳамма вақт жамиятда асосан сиёсий функцияларни бажарган. Бугунги кунга келиб илмий-назарий, сиёсий-фалсафий адабиётларда “фуқаролик жамияти” тушунчаси кўпгина ҳолларда давлат тушунчасига боғлаб ўрганилишнинг асосий сабаби эса – антик давр ижтимоий-сиёсий қарашларида уларнинг давлат тушунчаси билан боғлаб тушунганликларидадир. Унинг яна бир сабаби қадимда фуқаролик жамияти билан давлат ўртасида фарқнинг йўқлиги эди. Унинг учунчи сабаби, қадимги юнон ўлкасида оила, эътиқод, маърифат, маданият, санъат, умуман ҳаётнинг барча-барча қирралари сиёсатлаштирилган эди. Бунинг устига, алоҳида олинган шахс ўзини жамиятдан айрим ҳолда ҳис қила олмас эди.2
Шу ўринда ушбу муаллифнинг қадимги дунё мутафаккирлари даврида “фуқаролик жамияти” тушунчаси “сиёсий жамият”нинг муқобили сифатида ҳам ишлатилган деган фикрига тўлиқ қўшилиб бўлмайди. Биз “Фуқаролик жамияти” тушунчасини сиёсий-фалсафий жиҳатдан таҳлил этар эканмиз, фуқаролик ва фуқаро ҳақидаги тасаввурлар пайдо бўлган даврлардан бошлаб фуқароларнинг умумуюшмаси сифатида жамият тушунчаси юзага келганлигини таъкидлаш зарур.
Илмий-юридик, ижтимоий-сиёсий ва фалсафий адабиётларда жамият тушунчаси «давлат» тушунчасидан кенгроқдир деган қарашлар илмий ҳақиқатга яқин. Дарҳақиқат, шу нуқтаи назардан фуқаролик жамиятининг дастлабки шакл-шамойиллари антик давр ижтимоий-сиёсий қарашларида ҳам ўз ифодасини топган эди дейишга асос бўлади. Фақат улар фуқаролик жамияти тушунчасини давлат тушунчаси билан боғлаб тушунганлар. Масалан, қадимги Хитой мутаффаккири Конфуцийнинг «Фуқаролик дунёсининг қадриятлари, юнон донишмандларидан Афлотун (Платон)нинг идеал давлат, Арасту (Аристотель)нинг инсонни сиёсий мавжудот сифатида қадрлаши - фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлларини эмас, балки унинг илк назарияларини ўртага ташлашга интилиш деб тушунмоқ зарур.
“Бу – деб таъкидлайди академик М. Шарифхўжаев, - аввало, шарқда, жумладан, қадим Бобилда “Ҳаммурапи қонунлари”, қадим Туронда “Авесто” сиёсий ва ҳуқуқий таълимоти билан боғлиқ оташпарастлик, яъни зардўштийлик замонида, кейинчалик қадим Эллада, қадим Римда пайдо бўлди.”3
Россиялик академик В. С. Нерсесянц ўзининг бир қатор асарларида, жумладан “Ҳуқуқ фалсафаси”4 рисоласида “қадимги дунё сиёсий-фалсафасида “фуқаролик жамияти” ҳуқуқ ва қонун тушунчалари орқали ифодаланган эди” деб ёзади. Ҳақиқатдан ҳам фуқаролик жамиятида ҳар бир табақа ва давлатнинг ҳар бир аъзоси ўз иши билан шуғулланишидан ва ўзгаларнинг ишларига аралашмаслиги “ҳеч ким ўзганинг молини эгаллаб олмаслигини ва ўз молидан маҳрум бўлмаслигини” талаб этади. Бинобарин, полис ва қонунларнинг ўзаро алоқаси ҳамда бирлиги Афлотун (Платон) бутун сиёсий фалсафасининг муҳим тамойили ҳисобланади. “Мен, - деб ёзган Платон, - қонун кучга эга бўлмаган ва кимнингдир ҳокимияти остида бўлган давлатнинг ҳалокати яқинлигини кўраман. қонун ҳукмдорлар устидан ҳоқон, ҳукмдорлар эса унинг қули бўлган жойда мен давлат қутқарилади ҳамда худолар давлат орқали барча нарсани инъом этади, деб ҳисоблайман” (Законў, 715 с «Қонунлар»5). Афлотун фуқаролик жамиятининг маънавий асос белгиси ва мезони бўлган инсон комиллиги масаласини ҳам қонун билан боғлиқлигини кўрсатади. У қонунлар тўғрисидаги фанни жуда юксакка қўяди. “Чунки барча фанлар ичида қонунлар тўғрисидаги фан инсонларни барчасидан кўпроқ камолга етказади”. Бинобарин, “фуқаролик жамияти” тушунчаси ҳуқуқ билан бевосита боғлиқдир. Демак, “фуқаролик жамияти”нинг дастлабки шакл-шамоиллари антик давр ижтимоий-сиёсий қарашларида ўзининг чуқур ифодасини топган бўлса-да, лекин улар фуқаролик жамияти тушунчасини давлат тушунчаси билан боғлиқ ҳолда тушунганлар. Шунинг учун ҳам қадимги дунё мутафаккирларининг “фуқаролик жамияти” тушунчаси ҳақидаги фикрларидаги алоҳида ҳолат у ёки бу тарзда давлатни такомиллаштириш (усиз бу жамият яшай олмайди), ҳуқуқ ва қонун ролини юксалтириш муаммолари билан боғлаб кўрсатганликларида кўринади. Афлотуннинг Эйдос (давлат ғояси) назарияси шунга хизмат қилган. “Одатда, фуқаролик жамияти хусусида гап кетганда, қадимги Юнон файласуфи Арасту фикрларига таянилади. Дарҳақиқат, бу тушунча Арасту томонидан илк бор илмий ва сиёсий истеъмолга киритилган эди. У фуқаролик жамиятини сиёсий қурилишнинг маълум шакли орқали бир-бирлари билан боғланган эркин ва тенг ҳуқуқли фуқаролар уюшмаси сифатида ҳарактерлаган эди”.6 Муаллиф ўзининг фикрларини исботлаш мақсадида бир қатор россиялик олимларнинг қарашларига таянади. Бироқ уларнинг биронтаси бу тушунчани айнан Арасту илк бор илмий, сиёсий-фалсафий адабиётларга истеъмолга киритган деган фикрни айтишмаган. Фақат Арастунинг давлат фуқароларининг ўз эҳтиёжларини ўзи қоплаб яшай оладиган даражадаги бирлашмасидир, яъни айнан фуқаролик жамиятидир, деган фикрига ҳам шу аснода қараш керак – деб таъкидлайди С. А. Жўраев.7 Шу ўринда, бугунги кунда ҳам кўплаб илмий баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган ҳолатлардан бири – бу “фуқаролик жамияти” тушунчаси қадимги файласуфларининг ижтимоий-сиёсий фалсафасида айнан шу тушунча мавжуд эдими ёки йўқ? Бу илмий-назарий жиҳатдан принципиал масала, албатта. Шунга кўра Арастунинг сиёсий фалсафасида, айниқса, унинг “Сиёсат ” асарида, “фуқаролик жамияти” тушунчаси ишлатилмаган бўлса-да, лекин у бу масалага алоҳида эътибор қаратган. У ўз қарашларида умумманфаат ва фозилликни қўйганлиги – бу давлатни бошқарув шакли демократия эмас, балки полития эканлигини таъкидлайди. Арасту “фозил давлат” деб атаган давлатга илмли фуқаролар ва онгли фаолият асосида эришиш мумкунлигини ҳам алоҳида таъкидлайди. Шу ўринда яна бир табиий савол туғилади. Нима сабабдан Арастудек буюк мутафаккир, намунали, фозил давлат қурилиши муаммосига ниҳоятда кўп диққат-эътибор берган-у, лекин “фуқаролик жамияти” деб атамаган. Бунинг ижтимоий-фалсафий ва тарихий илдизларини у яшаган даврда фуқаролик тушунчаси чекланган ҳарактерда бўлганлигидан излаш керак деб ҳисоблаймиз. Тарихий ҳақиқат шундан иборатки, қадимги дунёда, жумладан демократиянинг мумтоз шакли бўлган Афинада, яъни Арастудан олдин ҳам фуқароликка бўлган чеклашлар мавжуд бўлган. Бундан ташқари фақат туғилишдан озод бўлган эркакларгина фуқароликка сазовор бўлган, деб топилган. Аёллар, қуллар ва Афинада истиқомат қилувчи ажнабийларга эса фуқаролик берилмаган.
«Фуқаролик жамияти» тушунчаси, унинг айрим ижтимоий-фалсафий жиҳатлари немис классик фалсафасининг асосчиси Эммануэл Кант (1724 - 1804) асарларида илмий мунозара сифатида ўртага ташланган эди. Умуман Кантнинг фикрлаш ва яшаш тарзига учта ижтимоий омил кучли таъсир кўрсатган. Биринчиси Жан Жак Руссо асарлари. Айниқса, унинг «Ижтимоий шартнома тўғрисида»ги асари. Иккинчиси – уни ҳуқуқ, давлат назарияси ва фалсафа тарихига эътибор қаратишга ундаган францўз инқилоби. Учинчиси 1794 йилда чоп этилган «Дин фақат ақл доирасида» асари туфайли прусс ҳукумати билан зиддиятга киришиши содир бўлган воқеалар натижасида вужудга келган эди. Э. Кант сиёсий – фалсафасини тўлиқ таҳлил этиш ишимизнинг асосий вазифаси бўлмаганлиги туфайли бу муаммони биз «фуқаролик жамияти» тушунчаси нуқтаи назаридан таҳлил этамиз, холос. Э. Кантдан олдин яшаган Европа уйғониш даври мутафаккирлари дин билан муроса қила олмай, ҳурфикрликка эришиш учун курашга йўл тутган бўлса-да, фалсафа соҳасида дин билан муроса қилиш ҳеч қачон кўзга ташланиб турмас эди. У ана шу мураккаб давр вақили, унинг сиёсий фалсафаси эса ўша давр инъикоси эди. XVII аср охиридаги Франциядаги инқилобий ҳаракатлар Кантга жуда кучли таъсир қилади. У янгича мазмундаги фуқаролик тартиби ва ҳуқуқий омилларни амалга ошириш йўлларини айнан шу воқеаларда кўради. Э. Кантнинг 1789 йилги францўз инқилобига хайрихоҳлиги ҳам шундан. У замонасининг долзарб назарий муаммолари билан шуғулланар экан, инсоният тарихий тараққиёти ва келажаги фуқаролар тенглиги масаласининг қай даражада ҳал этилишига боғлик деб кўрсатади. Кант фуқаролик жамиятида ҳар бир кишининг эркинлиги бошқалар эркинлигига монанд келиши билан ифодаланишини алоҳида уқтириб, куйидаги тушунчаларни илгари суради:
- инсон сифатида жамият аъзолари эркинлиги;
- фуқаро сифатида уларнинг тенглиги;
- фуқаро сифатида ҳар бир жамият аъзоларининг тенглиги ва бошкалар.
Кант сиёсий-фалсафаси ва этикасида шахснинг маънавий мустақиллиги ва автономиясини, унинг лозимлик қоидаларини ўзи белгилаши, ташқаридан бўладиган мажбурларсиз ва таъзйикларсиз уларга риоя қилиш қобилияти ҳамда ҳуқуқини белгиловчи эркин иродаси алоҳида ўринга эгадир.
Ҳозирги пайтда мамлакатимиз аҳолисининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онг даражасининг ўсиб бориши, жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши, юртимизда кўппартиявийлик тизимининг тобора мустаҳкамланиши давлат ҳокимиятининг учта субекти, яъни давлат бошлиғи бўлган Президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни юзага келтирмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф қилинади:
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раисларидан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.
Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди.
Вазирлар Маҳкамаси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади, Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларига раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради, Ўзбекистон Республикаси қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.
Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида жавобгардир.
Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколат доираси қонун билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан таклиф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.
Бош вазир номзоди унинг учун тегишлича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда тасдиқланган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Бош вазир тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.
Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми тегишлича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.
Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини лавозимидан озод этиш бўйича қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.
Янги Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан тегишли маслахатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади.
Олий Мажлис томонидан Бош вазир лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисини тарқатиб юборади».
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига киритилаётган ушбу ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, уларга кўра, Бош вазир лавозимига номзод кўрсатиш ва уни тасдиқлашнинг янада демократик принципларини ифодалайдиган янги тартиби ўрнатилмоқда. Шунингдек, Конституцияга киритилаётган бу ўзгартишларга биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотумини билдириш ҳуқуқи берилмоқда. Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари доирасидан чиқарилмоқда
Умуминсоний қадриятлар туркумига қуйидаги умумбашарий муаммолар киради:
- Ер юзида илм-фанни тараққий эттириш
- тинчликни сақлаш
- ядровий қуролланиш пойгасини тўхтатиш
- халқаро хавфсизликни таъминлаш
- турли касалликларнинг олдини олиш
- табиатни муҳофаза қилиш
- қашшоқлик ва саводсизликка барҳам бериш
- саноат хом ашёси, энергия манбалари ва озиқ-овқат билан таъминлаш
- коинотни ва жаҳон океани ресурсларини ўзлаштириш билан боғлиқ бўлган муаммолар киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |