Даргоҳ фаолияти бошқарувида қуйидаги мансаб ва вазифалар мавжуд эди.:
арзбеги – даргоҳдаги муҳим вазифалардан бири бўлиб, унинг хизмати даргоҳга арз-дод, шикоят билан келганларни ҳамда мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабатларини билдирувчиларни қабул қилишни уюштириб туриш эди. Ундан ташқари, тушган арзлар, шикоятлар ва таклифларни олий ҳукмдорга етказиб туриш ҳам арзбегининг вазифаси бўлган;
адолат амири – бу мансабдаги шахс турли ўлка, вилоят ва шаҳарларда “сипоҳ ва раиййат орасида урф-одатларга оид жанжалли ишлар ҳақида” олий ҳукмдорга ҳисобот ва маълумот етказиб турган. Тадқиқотчиларнинг хулосаларига кўра, жойлардаги аҳволдан бохабар бўлиб туришнинг икки йўлидан фойдаланилган:бири пастдан юқорига, яъни, арзчилар, тўғридан-тўғри даргоҳга мурожаат қилиш имконига эга бўлганлар, иккинчиси эса, махсус хизмат орқали жойлардаги вазият давлат томонидан, аниқроғи, олий ҳукмдор даргоҳи орқали текшириб борилган. Мавжуд ҳолатлар аниқланиб, шунга яраша чора-тадбирлар кўрилган;
аминлар – тушган маълумотларни жойларга топшириб, адолатсизлик, тартибсизлик, давлат ва жамият манфаатига зид ишлар ҳақида ёзма маълумот бериб турадиган махсус ишончли вакиллар ҳисобланиб, уларнинг вазифасига бундан ташқари тобе ерлар тўловларининг йиғиб келиш ҳам кирган;
тавочи – муҳим лавозимлардан бири бўлиб, олий фармонга кўра, жойларга бориб ҳарбий юриш учун лашкар тўплаш билан шуғилланган. Тавочилар аввал бошдан белгиланган лашкар сонининг тахт бўлиши, тайёргарлик даражаси, таъминоти кўнгилдагидек талабга жавоб бериши, кўрсатилган жойга муайян йўл билан ўз вақтида етиб бориши каби ғоятда маъсулиятни тадбирларга жавобгар бўлганлар. Уларнинг бошлиғи бош тавочи деб аталиб, улар туманот (ўн минглик), ҳазоражот (минглик), садажот (юзлик), етакчиларидан, вилоят ҳокимларидан қўшинни ўз вақтида, белгиланган сон ва сифат, таъминланганликда етказиш бериш тўғрисида тилхат олганлар.
Шунингдек даргоҳда бош ҳожиб, ҳожиблар (расмий тадбирлар бошқарувчиси ва ташкилотчилари), хазинадор, хонсолар (дастурхон тузатишга бош-қош бўлувчи), жибачи (қурол-аслаҳа сақловчи), қушчи (подшоҳона овлар уюштирилганда махсус ўргатилган ов қушларини олиб юрувчи ва парвариш қилувчи) ва мана шу хизматни бошқарувчи қушбеги, баковулбоши ( сарой ошпазларининг бошлиғи), котиблар, битикчилар, табиблар, созандалар, ғазалхонлар, фаррошлар кабилар мавжуд бўлган.
Мамлакатдаги ижроя тизими марказдаги вазирликлар фаолиятида мужассамлашган. Амир Темур сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, ануштегинлар даврларидаги ижроя ҳокимиятининг вазирликлар тизимини ўз даврига мослаб, янги асосларда қайтадан йўлга қўйди. Давлат бошқарувида қуйидаги вазирликлар мавжуд эди:
Do'stlaringiz bilan baham: |