9-§. Антик давр шаҳарсозлик анъаналари
Ўтган асрнинг 40-50 йилларидан бошлаб мил.авв. IV – милодий IV асрлар даври Ўрта Осиё тарихини ўрганиш жараёнида «антик», «антик давр» жумлалари муомалага кирган эди. Айрим тадқиқотчилар бу жумлаларни фақат Греция ва Рим тарихига нисбатан ишлатиш лозим деган ғояни илгари сурган бўлишларига қарамай, Ўрта Осиё қадимги даври билан шуғулланувчи тадқиқотчи олимлар-археологлар, тарихчилар, антропологлар, санъатшунослар кабиларнинг кўпчилиги бу атамани Ўрта Осиё тарихига нисбатан ҳам ишлатиш мумкин деган нуқтаи назар тарафдори бўлдилар.
Мил. авв. IV асрдан бошлаб Ўрта Осиёнинг асосий деҳқончилик воҳалари ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг батамом янги, фаол йўлига ўтдики, бу ривожланиш милодий III-IV асрларда инқирозга учрай бошлайди. Шаҳарсозлик маданияти ва суғориш тартиби, ёзув ва пул муомаласи, моддий ва бадиий маданиятга оид кўп сонли ва турли-туман ёдгорликлар айнан мана шу ривожланиш жараёнидан далолат беради. Таъкидлаш жоизки, бу давр - қадимги дунё кўпгина давлатлари жамияти тараққиётининг ижтимоий-иқтисодий ва умуммаданий жабҳаларида намоён бўлган янги босқичи билан изоҳланади. Бу янги босқич турли давлатларда ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ундан ташқари, бу давр бутун Қадимги дунё давлатларини қамраб олган жаҳон тарихидаги ҳодисаларнинг баъзи белги ва хусусиятлари жиҳатдан бир-бирига ўхшашлиги жараёнларидан бири эди. «Антик» жумласи европа тилларида “antiguite”, “antigutiy, antigue” қабилида ишлатилиб, «узоқ ўтмиш», «ўтмиш қадимият», «қадимги» деб таржима қилиниши мумкин. Биз ушбу дарсликда кўпчилик олимлар томонидан эътироф этилган «антик» жумласини қўллашни лозим топдик.
Мил. авв. IV асрдан бошлаб Ўрта Осиё цивилизацияси ривожланишида сифатий янгиланиш даври бошланади. Бу давр маданияти тараққиётининг муҳим кўринишлари жамиятнинг доимий ривожланишида ўз аксини топади. Мил. авв. IV асрнинг ўрталаридан бошлаб сўнгги Аҳамонийлар ўртасидаги ўзаро кураш ва кейинроқ македониялик Александрнинг босқинчилик юришлари ҳам бу ривожланишни батамом тўхтата олмади. Ушбу ривожланишнинг энг кўзга кўринган томони турли режавий тузилишга эга бўлган йирик шаҳарлар бўлиб, улар сонининг ортиб бориши жамият тараққиётида шаҳарсозлик ишларига алоҳида эътибор қаратилганидан далолат беради. Бу ҳолат Шарқдаги Урук, Шаҳри Сўхта, Хараппа, Мундигак, Олтиндепа, Сополлитепа, Жарқўтон каби шаҳармонанд ёки илк шаҳарлар шаклланишидан тубдан фарқланиб ўзига хос хусусиятларга эгадир.
Антик давр урбанизацияси ўзининг ривожланиш босқичида иккита катта даврни босиб ўтди. Булар: мил. авв. IV-I асрлар ва милодий I-IV асрлардир. Ушбу даврлар ижтимоий муносабатлар ва маҳаллий кўринишдаги давлатчилик ривожланиши билан боғлиқ бўлиб, уларга хос сиёсий ва мафкуравий томонлари билан ажралиб туради. Антик давр давлатчилигида бутун маданий ҳаётда бўлгани каби шаҳарлар ҳаётининг ўзига хос томонлари маҳаллий ва эллинистик, айрим ҳолларда Ҳинд шаҳарсозлик анъаналарининг ўзаро уйғунлашуви билан изоҳланади. Бу ҳолат маълум маънода сиёсий воқеалар билан ҳам боғлиқ эди. Чунончи, Александр Македонскийнинг юришлари, Салавкийлар ва Юнон-Бақтрия подшоликларининг пайдо бўлиши кейинроқ Қанғ, Даван ва Кушонлар давлати ҳам шаҳарлар тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатди.
Яқин ва Ўрта Шарқнинг турли давлатлари, жумладан Ўрта Осиё ҳудудларида катта хронологик давр юнон-македон сулолалари сиёсий ҳукмронлиги даври сифатида изоҳланиб фанда бу давр – эллинизм даври деб аталади. Эллинизм – (Болқон ярим оролидаги Эллада шаҳри номи билан боғлиқ) бу аниқ тарихий мавжудлик бўлиб, иқтисодий ҳаётда, ижтимоий ва сиёсий тўзумда, мафкура ва маданиятда эллин (юнон) ҳамда Шарқ анъаналарининг ўзаро уйғунлашуви ифодасидир.
Қадимги (антик) даврда эллин дунёси Юнонистондан Ҳинд дарёси водийсигача бўлган улкан ҳудудни қамраб олган эди. Тадқиқотчилар, эллинлашув даражасига қараб бу ҳудудни учта минтақага бўладилар. 1. Эллада; 2. Кичик Осиё, Сурия ва Миср; 3. Ефрат дарёсининг шарқидаги вилоятлар. Бу ҳудудлар тарихий адабиётларда «Эллинлашган Шарқ» тушунчасида акс этган бўлиб, унинг таркибига Месопотамия, Эрон, Ўрта Осиёнинг жанубий вилоятлари, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистоннинг Александр босиб олган ҳудудлари кирган.
Александр Македонский юришлари натижасида кенг миқёсда бошланган эллинизм маданиятининг кириб келиши Бақтрия, Парфия ва Суғдиёна шаҳарлари, ҳунармандчилиги ва бадиий-амалий санъатига катта таъсир кўрсатди. Ёзма манбалар Александр номи билан боғлиқ учта шаҳар: Александрия Оксиана (Окс бўйидаги Александрия), Александрия Марғиёна (Марғиёна Александрияси), Александрия Эсхата (Узоқ ёки Чеккадаги Александрия) ҳақида маълумотлар беради. Улардан ташқари ”катойкиялар” деб номланган юнон ҳарбийлари манзилгоҳлари ҳам мавжуд эди.
Олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида Ўрта Осиёнинг жанубий ҳудудларидан эллинизм маданияти билан боғлиқ бўлган турар-жойлар, моддий-маънавий маданият буюмлари, танга пулларнинг топилиши бу ҳудудлардаги маҳаллий маданиятга эллин анъаналари (шаҳарсозлик, ҳайкалтарошлик, бадиий-амалий санъат, алифбо ва бошқ.) кучли таъсир этганидан далолат беради. Шу билан биргаликда бу топилмалар маҳаллий маданиятдаги ривожланиш қадимги (антик) давр Шарқ ва Ғарб маданиятининг ўзаро уйғунлашуви натижасида ўзига хос маданият даражасига кўтарилишининг ҳам гувоҳидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |