Александр Македонский даврида асос солинган шаҳарлар. Кўпчилик тадқиқотчиларнинг эътироф этишларича, Александрнинг шаҳарсозлик фаолияти катта аҳамиятга эгадир. Плутарх берган маълумотларга кўра у 70 дан зиёд шаҳарларга асос солган. Археологик тадқиқотлар натижалари эса бошқачароқ хулосалар беради. Шунинг учун ҳам Александрнинг шаҳарсозлик фаолияти хусусидаги илмий баҳслар ҳанўзгача давом этмоқда.
Жумладан, В.Тарн, А.Шофман ва баъзи бир бошқа олимлар бу рақамга шубҳа билан қарайдилар ва у анча ошириб кўрсатилган деган фикрни илгари сурадилар. В.Тарннинг ҳисоб-китобларига қараганда, Александр ўнтадан ортиқ, аниқроғи, 13 та шаҳарга асос солган. Бу жараёнда у Тигр дарёсининг шарқий томонида шаҳарлар асос солишга алоҳида эътибор берган. «История таджикского народа» китобининг биринчи нашрида ҳам мазкур масала худди шундай талқин қилинган.
Аммо, Г.А.Кошеленко томонидан амалга оширилган ёзма, археологик ва эпиграфик маълумотларни қиёсий таҳлил асосида ўрганиш В.Тарн ва унинг тарафдорлари хато қилганликларини кўрсатди. Археологлар ҳали юнон-македон шаҳарларининг ҳаммасини кашф этмаганликлари, кўпгина ҳудудлар археологик жиҳатдан яхши ўрганилмаганини эътиборга олсак, келгусида антик анъаналарни тасдиқловчи қўшимча маълумотлар олиш мумкин. Г.А.Кошеленко шундай хулосага келади: «умуман олганда, юнон-македон истилосининг кўламига нисбатан антик анъанани қабул қилиш мумкин. У анча катта бўлган ва бу ерда асос солинган шаҳарлар сони бир неча ўнтага етган».
Страбоннинг маълумотларига кўра, Александр Бақтрия ва Суғдиёнада 8 та шаҳарга, Юстиннинг маълумотларига қараганда эса 12 та шаҳарга асос солган. Аммо, бу маълумотлар археологик тадқиқотлар маълумотлари билан тасдиқланмаган ва кўпгина илмий мунозараларга сабаб бўлганки, бу алоҳида мавзу ҳисобланади.
Биз Ўрта Осиё ҳудудларида Александр Македонский учта: Окс Александрияси, Александрия Эската (Чеккадаги Александрия) ва Марғиёнадаги Александрия шаҳарларига асос солганлиги ҳақида маълум маълумотларга эгамиз. Бу маълумотларни қисқача таҳлил этамиз.
Тадқиқотлар натижаларига кўра Окс (Амударё) бўйидаги Александрия турли шароитларни ҳисобга олиб бунёд этилган. Ушбу кўҳна шаҳар Шарқий Бақтриянинг муҳим марказларидан бири бўлиши лозим эди. Шаҳар бир томондан, бу ҳудудлардаги юнон-македон ҳокимиятининг таянч нуқтаси бўлиб, серҳосил Бақтрия текислигини Бадахшондаги тоғликлардан (шарқий йўналишда) ҳимоя қилса, иккинчидан, тоғли воҳалар орқали шимоли-шарқдан келувчи кўчманчилардан ҳимоя қилган. Ундан ташқари, Оксдаги Александрия фойдали қазилмаларга ниҳоятда бой бўлган (темир, мис, олтин, ложувард ва б.) Бадахшонга кетувчи йўлни ҳам назорат қилиб турган.
Шаҳарга асос солиниши учун иккита дарёнинг қўшилиш (Амударё ва Кўкча) жойи бўлган қўлай жой танланган. Бу жойда баланд табиий тепаликнинг борлиги ҳам муҳим бўлиб, унинг устига шаҳар акрополини қуриш имконияти бор эди. Шунингдек, шаҳарнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаб турувчи жуда катта серҳосил текислик (10.000 гектарга яқин)ка туташиб кетганлиги ҳам иқтисодий тараққиётни таъминлар эди.
Кўҳна шаҳар текисликда ҳам, дарё бўйлаб ҳам мустаҳкам девор билан ўраб олинган. Акропол (юқори шаҳарда)да турар-жойлар йўқ. Бу ерда афтидан ўлчамлари жиҳатдан унча катта бўлмаган 2 та қалъа, гарнизон ҳарбийлари учун кичик ва оддий бинолар ва эронийларга хос алтар жойлашган. Барча турар-жойлар ва жамоат иншоотлари пастки шаҳар ҳудудида жойлашган. Тадқиқотчилар шаҳар қиёфасини белгилаб берувчи қуйидаги омилларни ажратадилар: шаҳар пайдо бўлишининг «мустамлакачилик» хусусияти, чунки шаҳар юнон-македонлар Бақтрияни босиб олиши натижасида пайдо бўлган эди; унда подшо қароргоҳининг мавжудлиги; шаҳарнинг йирик вилоят маркази сифатидаги ўрни. Умуман олганда, кўҳна шаҳар тузилиши ва сарой меъморчилиги юнон услубларини элсатсада, аслида унинг тузилишида қадимги Шарқ анъаналари устунлик қилади.
Қадимги Фарғона ва Уструшона чегараларида, Сирдарё бўйида, ҳозирги Хўжанд ҳудудларида мил. авв. VI-V асрларда манзилгоҳ пайдо бўлади. Бу ердан ҳимоя деворлари ва шаҳар қурилишининг қолдиқлари очиб ўрганилган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, кейинчалик бу шаҳар Александр томонидан босиб олинади ва унинг ўрнига Чеккадаги Александрия бунёд этилади.
Кўҳна шаҳарнинг қалъаси пахсадан қад кўтарган алоҳида девор билан ўраб олинган. Кўҳна шаҳар антик давр анъаналари асосида қад кўтарган. Шаҳарнинг пастки қатламларида қурилиш излари яхши сақланмаган. Мил. авв. IV-III асрлар қатламларида турар-жойлар, хўжалик хоналари, ҳарбийлар бошпаналари очиб ўрганилган. Бу шаҳар Александрнинг Сирдарё бўйларидаги таянч нуқтаси бўлган бўлиши мумкин.
Археологик тадқиқотлар натижаларига кўра, Аҳамонийлар давридаёқ «Марғиёна шаҳри» мавжуд эди. Бу даврда Марв воҳасидаги Эркқалъа майдони 1800х500 метр бўлган шаҳар типидаги ёдгорлик бўлган. Говурқалъа ҳудудлари ҳам айнан мана шу даврда ўзлаштирилади.
Тадқиқотлар натижаларига кўра, бу ёдгорлик ўша даврдаёқ шаҳар хусусиятига эга бўлиб, бутун воҳанинг маркази эди. Давр охирларига келиб кўҳна шаҳардаги ҳаётнинг фаоллиги кучаяди. Говурқалъа кўҳна шаҳри ҳудудининг шимоли-шарқий ва марказий қисмларидаги маданий қатламлар жадаллик билан тўлиб боради. Тадқиқотчиларнинг фикрича, айнан мана шу аҳоли пункти македониялик Александр юришлари даврида юнон-македон қўшинлари томонидан эгалланади. Курций Руфнинг Александр, «Ох ва Окс дарёсидан ўтиб Марғиёна шаҳрига келди», деган хабари айнан мана шу аҳоли пунктига таалуқли деб ҳисобланади. Археологик маълумотлар натижаларига кўра, ушбу шаҳарнинг бўйсундирилиши тинчлик хусусиятига эга бўлиб, урбанизация жараёнларига таъсир этмаган. Айнан мана шу шаҳар қайта номланиб Александрия номини олган.
Тадқиқотлар натижаларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, Александр томонидан асос солинган пунктлар – шаҳарлар ёки мустаҳкамланган қалъалар бўлган. Александр шаҳар манзилгоҳларида аҳолини аралаштириш сиёсатини изчил амалга оширган. Улар айрим ҳолларда полис тузилишига эга бўлсада – шаҳарни гипарх яккабошчилик асосида бошқарган. Уни подшонинг ўзи тайинлаган ва амалдан туширган. Умуман олганда бу кўҳна шаҳарлар Ўрта Осиё урбанизация жараёнининг ривожланишига катта туртки берганлигини эътироф этган ҳолда, Александр юришларига қадар ҳам бу ҳудудларда юксак шаҳарсозлик маданияти мавжуд бўлганлигини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |