С алавкийлар давлат бошқаруви
Ҳар қайси сатрапияни подшо томонидан тайинланиб қўйилган сатрап ёки стратег мансабидаги шахс бошқарган. Форс сатрапларидан фарқ қилган ҳолда улар ҳам маъмурий, ҳам ҳарбий бошқарувни қўлга олганлар. Сатрап-стратег маъмурий бошқарувда энг яқин одамларидан ўзига ёрдамчи танлаган. Бу ёрдамчи солиқ йиғувчилар фаолияти, ички ва ташқи савдо, хўжалик ҳаётини назорат қилиб борган.
Тарихий манбаларда салавкийлар сатрап-стратеглари юнонча номда (Стратоник, Александр, Гиеракс, Антиох ва бошқалар) тилга олинади. Демак, салавкийлар ҳукмдорлари асосан юнонлардан ва айрим ҳолларда эллинлашган маҳаллий зодагонлардан тайинланган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Ўрта Осиёда юнон ҳокимлари ва улар атрофида тўпланган юнон зодагонлари билан бирга маҳаллий зодагонлар ҳам ҳокимлик қилар эдилар. Салавкийлар ҳокимияти Ўрта Осиёдаги ҳарбий пунктларда (катойкиялар) жойлашган ҳарбий кучларга таянган эди.
Салавкийлар даври Бақтрия, Марғиёна, Суғдиёна ва Парфия ҳудудларида кўп аҳолили шаҳарлар кўп эди. Мароқанд, Бақтра, Нисо каби кўплаб қадимги шаҳар харобаларида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида топилган топилмалар бу ҳудудларда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва хўжалик ишлари ривожланганлигидан далолат беради.
Салавкийлар давлати маълум бир халқ ёки элатлардан иборат бўлмай, кўпдан кўп этник гуруҳларни ҳарбий йўл билан бирлаштиришдан ташкил топган уюшма эди. Давлат бошқарувининг барча сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий йўналишлари подшо саройи билан боғлиқ бўлиб, бу ҳолат давлат бошқарувида катта аҳамиятга эга бўлган. Аҳамонийлар давлатида бўлгани каби салавкийлар давлатида ҳам кўпгина давлат ишларини олиб борувчи девонхона мавжуд бўлган. Айрим манбалар салавкийлар саройидаги хат-ҳужжат ишларининг бошлиғи лавозими ҳақида маълумотлар беради.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, салавкийлар даврида анчагина муракаб солиқ тартиби жорий қилинган бўлиб, салавкийлар ҳукмдорлари ўзларигача мавжуд бўлган солиқ тартибини ўзлаштирган ҳолда унга ўзгартиришлар киритиб, мукаммаллаштирганлар. Деҳқонлардан ер солиғини йиғиб олиш сатрап-стратегларнинг вазифаси бўлган. Бундай солиқларнинг миқдори аниқ белгиланган бўлиб, вилоятлардан келадиган солиқларнинг умумий миқдори қишлоқ жамоаларидан тўшадиган солиқларга боғлиқ бўлган.
Мил.авв. III асрнинг 60-50-йилларига келиб Кичик Осиё ва Болқон ярим оролида Салавкий ҳукмдорлари ўртасида ҳокимият учун курашлар авж олди. Натижада салавкийлар давлатининг шарқий вилоятларида сиёсий вазият ўзгариб марказдан қочувчи кучларнинг ҳаракатлари фаоллашади. Мил.авв. 250 йилда келиб дастлаб Парфия, кейин эса Юнон-Бақтрия давлатлари салавкийлар давлатидан ажралиб чиқиб ўзларини мустақил деб эълон қиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |