2. Салавкийлар давлати.
Мил.авв. 323 йилда Александр Бобилда тўсатдан вафот этди. Унинг вафот этиши биланоқ давлатдаги марказдан қочувчи кучларнинг ҳаракатлари фаоллашуви натижасида Александр тўзган давлат парчаланиб унинг ўрнига нисбатан барқарорроқ бўлган давлат уюшмалари пайдо бўлади. Таъкидлаш лозимки, Александр давлатининг парчаланиши ва унинг харобаларида янги давлатлар тизимининг пайдо бўлиши тинчлик йўли билан эмас балки, Александрнинг Македонскийнинг яқин саркардалари – диадохлар ўртасидаги тинимсиз урушлар туфайли бўлиб ўтди. Диадохлар ўртасида 40 йилдан зиёдроқ давом этган жангу-жадаллар натижасида Александр мулклари бўлиб олинади.
Александр Македонский мулкларига эгалик қилиш шу билан якунландики, мил.авв. 306 йилда нисбатан кучли бўлган диадохлар – Антигон Биркўзли (Одноглазый), Деметрий Полиоркет, Птоломей Лаг, Лазимах, Салавка, Кассандрлар ўзларини подшо деб эълон қилдилар ҳамда бу билан Александр давлати харобаларида ўз давлатларини барпо этишни маълум қилдилар. Шу тариқа тарих саҳнасида Ғарб ва Шарқ анъаналарини уйғунлаштирган эллинистик давлатлар пайдо бўлди. Ана шундай йирик давлатлардан бири-Салавкийлар давлати эди.
Ўзининг энг гуллаб – яшнаган даврида бу давлат илгари Александр салтанатига кирган катта ҳудудларни эгаллаб, ғарбда Эгей денгизидан Шарқда Ҳинд субконтинентигача чўзилган ҳамда Кичик Осиёнинг жанубий қисмини, Сурия, Шимолий Месопотамия, Бобил, Эрон, Ўрта Осиёнинг жанубий вилоятлари ва Афғонистоннинг катта қисмини ўз ичига олган эди. Бу улкан давлатнинг асосчиси – даставвал Александрнинг тансоқчиси, кейинроқ йирик саркардаси бўлган Салавка эди.
Юнон тарихчиси Помпей Трогнинг ёзишича, «Салавка баъзи бир ўлкаларни мўзокаралар йўли билан эгаллади, аммо Бақтрия, Парфия, Суғд ерларида у қаттиқ қаршиликка учради ва оғир жанглар олиб боришига тўғри келди». Бу маълумотни қадимги тарихчи Арриан ҳам тасдиқлайди. Яъни у шундай хабар беради: «Салавка I бақтрияликлар, Суғдийлар, парфияликлар ва гирканияликлар билан кўп урушлар олиб боргач, улар ерларига ҳукмронлик қила бошлади». Тадқиқотчиларнинг фикрича, Ўрта Осиё ерларининг Салавка томонидан босиб олиниши мил.авв. 306-301 йилларга тўғри келади.
Мил.авв. 293 йилда Салавка ўғли Антиох I ни Шарқий сатрапларга яъни, Ўрта Осиё вилоятларига ўзининг ноиби этиб тайинлайди. Салавка I ва Антиох I (мил.авв. 281-261 йиллар мустақил) ҳукмронлиги даврида Салавкийлар давлати сиёсатининг асосий йўналишлари шаклланади. Салавкийлар учта минтақада – Жанубий Сурия, Кичик Осиё ва Шарқда фаол ташқи сиёсат олиб боришга мажбур бўлган эдилар. Жанубий Сурия ва Кичик Осиё учун Птолемейлар (Птоломей Лаг асос солган Ўрта ер денгизининг шарқидаги давлат сулоласи) билан тинимсиз урушлар бўлиб турган. Чунки бу ҳудудларда муҳим савдо йўллари тугаб, гуллаб-яшнаган порт-шаҳарлар мавжуд эди. Кичик Осиёнинг юнон шаҳарлари ҳам муҳим аҳамиятга эга эди.
Шарқий вилоятларда хусусан, Ўрта Осиёдаги аҳвол бирмунча мураккаброқ вазиятда эди. Биринчидан, бу ҳудуд бошқарув марказларидан анча узоқда жойлашган бўлиб, бу вилоятлар билан алоқа қилишда қийинчиликлар мавжуд эди. Иккинчидан, Салавкийлар давлатининг чегараларида жойлашган кўчманчиларнинг доимий хавфи мавжуд эди. Мил.авв. III асрдан бошлаб кўчманчиларнинг кўчишлари бошланиши натижасида чегаралардаги бу хавф янада кучаяди.
Салавкийлар давлатида ички сиёсий бошқарув масалалари ҳам анча мураккаб эди. Катта ҳудудларни қамраб олган бу давлатда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси ва жамият сиёсий ташкилоти турлича бўлган кўплаб вилоятлар мавжуд бўлиб, бу ҳолат ушбу кучларни ягона давлатга бирлаштириб туришни анча қийинлаштирар эди. Бу давлатнинг ўзига хос хусусиятларидан бири у фақат ҳарбий юришлар натижасида, куч ишлатиш йўли билан пайдо бўлган эди. Шунинг учун ҳам давлатнинг асосий вазифаларидан бири қарам этилган халқларни зўравонлик билан ушлаб туриш ёки бирлаштириб туриш эди. Шарқ халқлари маҳаллий зодагонларидан бир қисми ёки айримлари бошқарув тизимига жалб этилган бўлса-да, асосий бошқарувчилар македонлар ва юнонлардан иборат бўлган.
Салавкийлар сулоласида давлат бошлиғи подшо бўлиб, унинг ҳокимияти мутлақ эди. Подшо бир вақтнинг ўзида фуқаролар маъмурияти олий бошлиғи, қўшинларнинг бош қўмондони, олий судья ва ҳатто, бош қонун чиқарувчи вазифаларини бажарган. Манбаларнинг маълумот беришича, сулола асосчиси Салавка I, «Подшо томонидан буюрилган барча нарсалар доимо адолатлидир», деган тамойилга қатъий амал қилган. Салавкийлар сулоласи подшолари қўйидаги иккита ҳуқуқий асосга эга эдилар: 1. Босиб олиш ҳуқуқи. 2. Ҳокимиятни отадан болага мерос қолдириш ҳуқуқи. Кўп ҳолларда салавкийлар подшолари илоҳийлаштирилган. Масалан, тангашунослик маълумотлари Сотер-Қутқарувчи, Дикайос-Адолатпарвар, Эвергет-Эзгулик каби подшолар бўлганлигини тасдиқлайди.
Давлатнинг ниҳоятда катта ҳудудларни қамраб олганлиги айрим ҳолларда маъмурий назоратнинг сусайиб кетишига олиб келган. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, бир нечта маҳаллий сиёсий уюшмалар (алоҳида қабилалар, юнон полислари, ибодатхона жамоалари, маҳаллий сулолалар) ички ишларда мустақил сиёсат олиб боришга ҳаракат қилганлар.
Манбаларнинг маълумот беришича, Салавка I Птоломейлар билан ҳокимият талашиб Шарқий ҳудудлар ва Кичик Осиё учун кураш олиб бориш жараёнидаёқ ўз ҳокимиятида бошқарув тартибини жорий эта бошлаган эди. У Александр анъаналарига содиқ қолганлигини кўрсатиш мақсадида сатрапияларни йирик вилоят уюшмалари сифатида сақлаб қолди. Тангашунослик маълумотларига қараганда, Салавка I давлати Аҳамонийлар ва Александр давлатига нисбатан анча кичик бўлиб, ҳокимият 27-28 та сатрапияга бўлинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |