Салавкийлар даври шаҳарсозлиги. Ўз даврида Салавкий ҳукмдорлари кенг истилочилик сиёсатини амалга ошириш мақсадида шаҳарсозлик билан ҳам фаол шуғулланганлар. Улар кейинчалик «Селевкия» деб номланган шаҳар марказларига асос солганлар. Бунёд этилган манзилгоҳ сулола вакилларидан бирининг номи билан номланган ҳолларда унга полис ҳуқуқи берилган. Таъкидлаш жоизки, Салавкийлар даврида ўзи асос солган шаҳарларда турли этник гуруҳлар (юнонлар, македонлар, маҳаллий аҳоли)нинг чатишишини қўллаган ҳукмдорларнинг Александрнинг шаҳарсозлик сиёсатидан тўлиқ четлашиши содир бўлади. Салавкийлар даврида янги шаҳарлар полислар кўринишида ташкил этилиб, илгари ташкил этилган шаҳарларга ҳам полис мақоми берилган. Бунда «полисларда фуқаролар жамоаси фақат юнонлар ва македонияликлардан таркиб топди».
Бу шаҳарларда юнон аҳолиси жамланиши лозим эди. Чунончи, Марғиёнага оид маълумотларга қараганда, мазкур шаҳарнинг юнон аҳолиси орасида суриялик юнонлар катта ўрин тутиши лозим бўлган. Плиний Марғиёна ҳақида шундай маълумот беради: «Унда Александр Александрияга асос солди, аммо варварлар бу шаҳарни вайрон қилдилар. Селевкнинг ўғли Антиох бу шаҳарни худди шу жойда қайта тиклади. ... У шаҳарга ўз номини беришни лозим топди». Бундай хабар Страбонда ҳам учрайди.Ушбу ёзма манбалар маълумотларини археологик маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Таъкидлаш жоизки, Салавкийлар подшолигида шаҳарга тобе қишлоқлар, ўзининг жамоа тузилишини сақлаб қолган, уларнинг тобелиги жамоавий хусусиятга эга бўлган ва улар полис ҳудудига киритилмаган.
Салавкийлар даврида Ўрта Осиё шаҳарларининг ҳолати ва ички тузилиши ҳақида маълумотлар етарли эмас. Салавкийлар давлатининг шарқида кўпгина маҳаллий шаҳарлар маълум даражада мустақилликка эга бўлганлар. Одатда Салавкийлар подшоси босиб олган шаҳарга унинг мақоми белгиланган картия берган. Баъзан бундай картия шаҳарнинг мавжуд мақомини тасдиқлаган. Шунингдек мустақил шаҳарлар ҳам бўлган. Аммо, бундай сиёсат Ўрта Осиёда ҳам маълум даражада олиб борилган, деган фикрни тасдиқловчи маълумотлар ҳозирча йўқ.
Афтидан, Ўрта Осиёда юнон ҳарбий манзилгоҳлари – катойкиялар ҳам қурилган. Кўчириб келтирилган юнонлар Салавкийлар ҳокимиятининг асосий таянчини ташкил этган. Кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрича, Салавкийлар ўз шаҳарсозлик фаолиятини шарқда ҳам, ғарбда ҳам амалга оширганлар. Шунингдек, бу даврда Ўрта Осиёга жуда кўп юнонлар кўчириб келтирилган, деган қарашлар ҳам мавжуд. Масалан, Х.Бенгстон Юнон-Бақтриянинг ҳарбий қудрати манбалари ҳақида фикр юритар экан, бунинг сабабларини Салавкийлар Бақтрияда асос солган ҳарбий колонияларда кўради. Мазкур масалани ҳал қилишда Ўрта Осиёда юнон-македонлар истилосидан анча олдин ҳам жуда кўп маҳаллий шаҳарлар ва ривожланган шаҳар ҳаёти мавжуд бўлганини эътиборга олиш мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |