ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВАЗИРЛИГИ
МУҲАММАД АЛ-ХОРАЗМИЙ НОМИДАГИ
ТОШКЕНТ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ
«ТАРМОҚ ХАВФСИЗЛИГИ»
фани бўйича мустақил ишларни бажаришга оид
УСЛУБИЙ КЎРСАТМА
СЎЗ БОШИ
Мустақил ишлар бўйича услубий кўрсатма фан бўйича ўқув дастурига асосланган бўлиб, талабанинг мустақил ишини ташкил этиш, назорат қилиш ва баҳолаш тартиби тўғрисида “намунавий низом”га мувофиқ тузилган ва 5А350101 - Телекоммуникация инжиниринги (Ахборот узатиш тизимлари, Телекоммуникация тармоқлари, Телерадиоэшиттириш) мутахассислиги бўйича таълим олувчи талабаларга мўлжалланган.
Мазкур услубий кўрсатмада мустақил иш таркиби, мустақил ишни бажариш тартиби, талаба ўз билимини мустахкамлаши учун лозим бўлган мустақил иш мавзулари, мавзуни ўрганиш учун лозим бўлган қисқа маълумотлар ва қўлланиладиган адабиётларнинг варақлари кўрсатилган.
КИРИШ
5А350101 - Телекоммуникация инжиниринги (Ахборот узатиш тизимлари, Телекоммуникация тармоқлари, Телерадиоэшиттириш) мутахассислигининг ўқув режасига кўра «Тармоқ хавфсизлиги» фани бўйича 40 соатлик ҳажмда мустақил ишларни ўтказиш кўзда тутилган. Берилган топшириқлар ва уларни бажариш бўйича услубий кўрсатмалар, мустақил ишнинг мазмунини белгилаш ва уларни самарали ташкил этишга қаратилган.
Ахборот жамияти шароитида ахборот оламидаги ўзгаришлар ниҳоятда мураккаблиги билан характерланади. Тармоқ хавфсизлигини таъминлаш зарурияти ёшларни бу ўзгаришлардан воқиф этишни тақозо қилади. Шунинг учун Олий таълим Давлат стандартида Алоқа ва ахборотлаштириш, телекоммуникация технологиялари таълим соҳасида тармоқ хавфсизлигига кенг ўрин ажратилган. “Тармоқ хавфсизлиги” фани хавфсизлик учун зарур бўлган ҳимояланган телекоммуникация тармоқларини қуриш тамойиллари ва тармоқ хавфсизлиги халқаро стандартлари, симли ва симсиз технологияларни асосий тахдидлари ва заиф жойлари, симметрик ва асимметрик шифрлаш тамойиллари ва алгоритмлари, калитларни тақсимлаш ва фойдаланувчилар аутентификацияси усуллари, симли ва симсиз тармоқларда хавфсизликни таъминлаш усуллари ва воситалари, NGN, IP-телефония, IPTV тармоқлари хавфсизлиги, тармоқ хавфсизлигини бахолаш мезонлари ва бошқаришни ўз ичига олган бўлимларидан иборат.
Мустақил ишни бажаришдан асосий мақсад, талабалар дарс жараёнида олган билимларидан ташқари, мавзуга оид қўшимча маълумотлар ва кўникмаларга эга бўлиши ва ушбу услубий кўрсатмада хар бир иш учун берилган адабиётларга асосланган ҳолда, мустақил равишда ўз билимларини оширишдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |