Таянч тушунчалар
Шайбонийнома, Зафарнома, Аштархонийлар, Манғитлар, тузум мактаби, Ғаспарали, жадидлик, қатағон.
Мавзу бўйича такрорлаш саволлари
XVI-XVII асрларда Моварауннахрда кечган маданий жараёнларни умумий изоҳланг.
XVI-XVII асрларда яратилган қандай санъат асарлари ва меъморчилик ёдгорликларини биласиз.
XVII асрни биринчи яримида Мовароунахда рўй берган маданий таназзулнинг сабаблари.
XVIII асрни иккинчи ярмида Марказлашган давлатчиликнинг вужудга келишининг маданий тараққиётга таъсири.
XVIII-XIX асрларда адабиёт ва санъатга оид қандай йирик асарлар яратилган.
XVIII-XIX асрларда Хива, Қуқон ва Бухорода барпо этилган меъморчилик мажмуалари.
Туркистони забт этилишини маданий ҳаётга салбий таъсири.
Туркистон маънавий ҳаётида жадидчилик ҳаракатининг ўрни.
Жадидларнинг Туркистонда миллий маданиятни тиклашдаги фаолияти ва унинг ижтимоий-сиёсий аҳамияти.
АДАБИЁТЛАР:
1. Каримов И.А. Асарлар тўплами. 1-15 жилдлар. - Тошкент, 1996-2007 йй.
2. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: «Маънавият», 2008
3. Вафаева Д. Культурология. Тексты лекций. – Самарканд: Изд.-во СамГУ, 2002.
4. Гулметов Э., Қобилжонова Т., Эрназаров Ш., Маврулов А. Маданиятшунослик. Маърузалар матни. – Т., 2000.
5. История и культура народов Средней Азии. – М., 1976.
6. Маданият ва жамият. – Т., 1993.
7. Культурология. Учебное пособие. – Т.: «Янги аср авлоди», 2006.
8. Культурология. Конспект лекций. – Ростов-на-Дону: Феникс, 2007.
9. Маданиятшунослик асослари. Ўқув қўлланма. – Т., 2006.
10. Теория и история культуры. – Т., 1992.
11. Ўзбекистон тарихи ва маданияти. – Т., 1992.
8-МАВЗУ: МИЛЛИЙ ИСТИҚЛОЛ ВА ЎЗБЕКИСТОНДА
МАДАНИЙ ТАРАҚҚИЁТ (4 соат)
Маъруза режаси:
Мустақиллик шароитида ўзбек миллий маданиятини ривожлантиришнинг назарий асослари.
Маданият жабҳасидаги ислоҳотлар ва унда давлатнинг тутган ўрни ва вазифалари.
Ҳозирги шароитда адабиёт, тасвирий санъат, меъморчилик, театр, кино ва телевидениеивожланишида ўзига хослик.
Миллий маданият равнақида миллий-маданий марказлар ва халқаро маданий алоқаларнинг ўрни ва аҳамияти.
Ҳар қандай жамият тараққиёти, унинг у ёки бу вақт ва макондаги даражаси кўп жиҳатдан фуқаролар маънавияти, турмуш тарзи, кишиларнинг маънавий-моддий, ижтимоий эҳтиёжлари ҳамда уларнинг қай даражада қондирилишига боғлиқдир. Мустақиллик давригача ва ундан кейинги ўтган тарихан қисқа муддат ичида рўй берган ҳолатлар, жамият ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ва тарбиявий-мафкуравий соҳасидаги ўзгаришлар бизга шўролар мустабид тузуми ҳамда истиқлол йилларида Ўзбекистоннинг реал ҳаётида холисона жавоб излашга ва унга эришишга имкон беради.
Узоқ минг йилликлар тарихи шундан далолат берадики, ўзбек миллий давлатчилик тарихи энг аввало маънавият-маърифатнинг жамият ҳаётида муҳим ўрин эгаллаганлиги билан чамбарчас боғлиқдир. Ушбу азалий анъанага мустақиллик йилларида ҳам алоҳида эътибор берилиши жуда аҳамиятли бўлди. Қайд этиш лозимки, истиқлолнинг дастлабки даврлариданоқ маданиятнинг методологияси ўзгарди. Агарда, шўролар мустабид тузими даврида маданиятнинг асосий вазифаси жамият аъзоларининг коммунистик мафкура ва сохта ғояга эътиқодини мустаҳкамлашга сафарбар этиш бўлса, истиқлол даврида унинг мақсади тамомила ўзгарди.
Хўш, булар нималарда кўринди? Хусусан, энг аввало, мамлакат хукумати, Президентнинг маънавий-маърифий омилларга нисбатан муносабати шаклланди. Жумладан, маънавий-маърифий ислоҳотлар давлат сиёсатининг асосий устивор йўналиши, деб ҳисобланди. Жойларда маънавият билан боғлиқ шуларнинг амалга оширилиши учун бутун масъулиятнинг ҳокимлар, вазирликлар, идоралар, ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари зиммаларига юклатилиши жуда катта ижтимоий аҳамият касб этди.
Иккинчидан, маънавияти юксак миллат ва давлатнигина келажаги буюк бўлиши мумкин эканлиги тўғрисидаги ижтимоий фикр шакллана бошланди. Дарҳақиқат иқтисодий-сиёсий омилларнинг ҳар қандай давлат, миллат ҳаётидаги ўрни ва роли каттадир. Бироқ, маънавий омилларгина жамиятда содир бўлган барча муаммоларни ҳал этишга қодир омил эканлиги энди ҳақиқатдир.
Учинчидан, маънавият ва маърифат жамиятни поклантирувчи куч эканлиги эътироф этилмоқда, зеро шўролар мустабид тизими давридан қолган ярамас «маънавий» меросдан покланмасдан туриб истиқлолга хизмат қиладиган, фуқаролар қалби ва онгини янгилашга қодир маънавиятни шакллантириш мумкин эмас.
Тўртинчидан, истиқлол даври Ўзбекистон жамияти маънавиятининг энг муқаддас мақсадларидан бири – ўтмиш тарихий-маданий, илмий, ахлоқий-мафкуравий, ижтимоий-сиёсий қадриятларига шўро даврида таркиб топган муносабат каби «иллат» сифатида эмас, аксинча, жамиятни поклантирувчи ва келажакни маънавий жиҳатдан мустаҳкамловчи омил асносида қарашдан иборат жамоатчилик фикри шаклланди.
Бешинчидан, истиқлол даврида маънавиятнинг ҳар қандай сиёсий ҳукмрон мафкуралардан ҳолилиги, муҳими, шаклланаётган миллий мафкуранинг маънавият билан уйғунлиги таъминланди. Мамлакат Президенти Ислом Каримов қайд этганидек, мустақиллик даврида бажарилиши лозим бўлган энг устивор вазифа «халқимиз орасида катта маърифий-амалий ишларни олиб бориб, миллий мафкурамизга куч-қувват берадиган, уни янги-янги марралар сари сафарбар этадиган, кенг оммага таъсир ўтказишга, халқни ўзига тарафдор этишга хизмат қиладиган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий манбаларни тўғри белгилаб олишдир».
Ҳақиқатдан ҳам, мустақиллик йилларида маънавият ва маърифатнинг ижтимоий мақсади аниқлаб олинди, унинг бажариши лозим бўлган вазифалари белгиланди. Ана шундай шароитда жамият фуқаролари томонидан билдирилган ижтимоий эҳтиёж – маънавий-маърифий соҳаларда янги аср ва умуман, учинчи минг йилликдаги бош ғоя қандай бўлиши аниқланди.
Хўш, ҳозирги ва янги асрда маънавият соҳасидаги бош ғоямиз нималардан иборат? Мазкур саволга жавоб бера туриб, И. Каримов қуйидагиларни ёзади: «Модомики биз ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қураётган эканмиз, маънавият соҳасидаги йигирма биринчи асрга мўлжалланган ҳаракат дастуримиз ҳам ана шундан келиб чиқмоғи даркор. Яъни эркин фуқаро-онгли яшайдиган, мустақил фикрга эга бўлган шахс маънавиятини камол топтириш бизнинг бош миллий ғоямиз бўлиши зарур.
Дарҳақиқат, мустақил Ўзбекистонда истиқлол маънавият соҳасида мавжуд бўлган вазифалар ижтимоий-сиёсий, иқтисодий барқарорлик шароитида муттасил равишда бажарилиб келинмоқда. Чунончи, агар истиқлолнинг дастлабки йилларида жамият маънавий ҳаётида турган энг бош вазифа фуқароларда шўролар даврига хос тафаккурни эскича фикрлаш сарқитларини бартараф этиш эди. Мазкур масалада қатор ютуқларга эришилди. Бироқ, бу борада ҳали талай ишларни бажариш лозим».
Иккинчи, энг муҳим вазифалардан яна бири эркин фуқаролик жамиятининг маънавиятини шакллантиришдир, зеро «озод, ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши танийдиган, боқимандаликнинг ҳар қандай кўринишларини ўзи учун ор деб биладиган, ўз кучи ва ақлига ишониб яшайдиган, айни замонда ўз шахсий манфаатларини халқ, Ватан манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган комил инсонларни тарбиялашдан иборатдир».
Истиқлол йилларида Ўзбекистон маданияти хусусида фикрлаш асносида алоҳида қайд этилиши лозим бўлган масалалардан яна бири – маънавият соҳасидаги давлат сиёсатининг тобора конкретлашиб бориши, вазифаларни ҳал этиш йўлларининг ойдинлашувидир.
Маънавият жамият аъзоларини рухан поклантирувчи, қалбан улғайтирувчи, инсон ички дунёсига, иродасига куч-қувват берувчи, миллий виждонини уйғотувчи ва доимий ҳаракатдаги конкрет кучдир. Шундай экан, маънавиятга умумий тарзда муносабатда бўлиш хатодир, зеро ҳар бир фуқаронинг маънавий-мафкуравий, комиллик даражаси бир хил бўлмагани каби, уларнинг бундай сифатларини уйғунлаштириб турувчи кўринишлари ҳам конкретдир.
Хусусан, янги аср бўсағасида энг асосий вазифамиз нимадан иборат? Мамлакат Президентининг таъкидлашича, маънавият соҳасидаги стратегик мақсадимиз – «миллий қадриятларимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, миллий ғоя ва мафкурани шакллантириш, муқаддас динимизнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрнини ва ҳурматини тиклаш каби мустақиллик йилларида бошланган эзгу ишларимизни изчиллик билан давом эттириш, уларни янги босқичга кўтариш ва таъсирчанлигини кучайтиришдир».
Юқорида билдирилган фикрдан табиий равишда келиб чиқаётган хулоса шундан иборатки, истиқлолнинг ҳозирги босқичида маънавий-маърифий соҳадаги ишларнинг ташкил этилишидан, энди, бундай ишларнинг самарадорлигига эришиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Хўш, маънавият соҳасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш деганда нимани тушуниш мумкин? Умуман, маданий-мафкуравий соҳасидаги ишларимиз жамиятни маънавий юксалтиришга қодир-ми?
Шу ўринда қурилаётган демократик, ҳуқуқий инсонпарвар жамият юксак маънавий ва ахлоқий қадриятларга таянишини бу жараён эса миллий ғоя ва миллий мафкурага, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга асосланишини алоҳида қайд этиш жуда муҳимдир.
Агар, истиқлолнинг дастлабки йилларида маънавий-маърифий тадбирлардан кўзланган мақсад шўро мустабид тизими асоратларидан қутулиш, жамиятда маънавий якдиллик яратишдан иборат бўлган бўлса, энди эса, ижтимоий ҳамкорлик, комил инсонни тарбиялаш устивор тавсифга эга бўлмоқда. Маънавиятнинг мамлакатда демократик, ҳуқуқий, қудратли давлат қуриш йўлидаги муҳим омил эканлиги энди ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистоннинг ҳозирги тараққиёт босқичида маънавий омиллар ҳамда миллатлараро муносабатлар масаласига қараш ҳам тубдан ўзгарди. Чунончи, истиқлолнинг дастлабки даврларида «сохта байналмилаллик» олдида юрак олдириб қўйган ҳамда хадиксираш касалидан холи бўлмаган ҳолда ҳар қандай миллийликни улуғлаш ва ҳар қандай «байналмилаллик» дан қочиш хиссиёти юзага келган эди. Бундай жиддий ва қатъий қутблилик, табиийки, жамият ижтимоий тараққиётига, айниқса, миллатлараро муносабатлар масаласига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати маданиятдаги миллийлик ва байналмилаллик нисбатини сақлашга муҳим вазифа сифатида муносабатда бўла бошлади. Айни пайтда 130 га яқин миллат ва элат яшаётган Ўзбекистонда ҳар бир миллат равнақи, унинг барқарор тараққиёти, хавфсизлиги ва яшаш кафолотларига ҳар қандай таҳдидларнинг олдини олиш, у ёки бу миллатга мансуб кишилар гуруҳининг худбинлик кайфиятларини муқаррар тарзда бошқа миллат, халқ имкониятларини зўравонлик ва зуғум билан чегаралаб қўядиган давлат сиёсатининг ишлаб чиқилиши бу борадаги амалий ишларнинг самарасини оширди.
Ўзбекистонда истиқомат қилаётган кўп миллатли халқларнинг маданий тараққиёти, уларнинг ўзликларини англаш жараёнларига бўлган интилишларини қонуний-ҳуқуқий асосда қондириш масалалари ҳам мамлакат хукумати олдидаги энг муҳим вазифалардан бири бўлди. Шу ўринда 1989 йили маданият вазирлиги ҳузурида республика миллатлараро маданий марказнинг ташкил этилишини алоҳида таъкидлаш лозимдир. Агарда 90-йилларнинг бошларида Ўзбекистонда 12 та миллий-маданий марказ фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 80 дан ортди. Мустақиллик йилларида миллий-маданий марказлар фаолияти устидан мувофиқлаштирувчи ишларнинг кўлами ҳам ортди ва 1992 йил январ ойида ҳукумат қарори билан Республика Байналмилал Маданий маркази ташкил этилди.
Ушбу марказнинг бош вазифаси қилиб эса миллий маданий марказларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, миллий анъана, урф-одатларни қайтадан тиклаш, МДҲ ва хориж давлатларидаги байналмилал маданий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, Ўзбекистонда миллатлараро алоқаларни яхшилаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш каби муҳим масалалар киритилди.
Истиқлол йилларида маънавият-маърифат масаласига жиддий эътибор хукумат томонидан бу борада мукаммал тарзда ишлаб чиқилган дастур асосида иш олиб боришни талаб этди. Шу аснода 1994 йил 23 апрелда мамлакатимиз маънавий ҳаётида муҳим воқеа юз берди: Президент Ислом Каримов фармони билан Республика Маънавият ва Маърифат жамоатчилик маркази ташкил этилди.
Маълумки, собиқ иттифоқ тугатилиши билан бирга унинг коммунистик мафкураси ҳам барҳам топди. Бу мунофиқ, яккахоким мафкуранинг аччиқ сабоқларидан аччиқ сабоқларидан хулоса чиқариб мамлакатимизнинг Асосий Қонунида «Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси бўлишига йўл қўйилмайди», деб ёзиб қўйилди. Шу аснода, жамиятимиз ҳеч қачон мафкура яккахокимлиги рўй бермаслиги учун зарур бўлган ҳуқуқий пойдевор яратилган. Маънавият ва маърифат жамоатчилик маркази айни шу мақсадни кўзда тутиб ташкил этилди.
Қайд этиш лозимки, маънавият-маърифат маркази қисқа давр ичида халқимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида мамлакат ва миллат келажагини белгилайдиган илғор ғояларни юзага чиқариш бўйича йирик ишларни бажарди. Шу билан бирга, маънавият ва маърифат масалаларини бевосита жамоатчилик йўли билан ривожлантиришга алоҳида эътибор берилиши ўз самарасини бермоқда.
Ушбу йўналишдаги фаолиятни янада ривожлантириш мақсадида 1996 йил 9 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маънавият ва маърифат жамоатчилик маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги фармони жамиятни маънавий барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Ундан мазкур масалада жиддий ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда айрим ҳолларда маънавиятнинг моҳиятини, унинг силжишимиш, фаровон жамиятга тезроқ етишимиздаги қимматини чуқур идрок этмаслик ҳолллари мавжудлиги, бу ишга дахлдор раҳбарларда масъуллик хислари паст эканлигига эътибор қаратилди.
Фармонга асосан 1997 йилдан бошлаб 1 октябр «Ўқитувчилар ва мураббийлар» куни деб эълон қилинди, «Маънавият» нашриёти ташкил этилди, «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази қошида «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси таъсис этилди.
Бу борадаги ишларни тартибга келтириш, фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов 1999 йил 3 сентябрда «Республика маънавият ва маърифат кенгашини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Ушбу фармон маънавият ва маърифат давлат сиёсатининг устивор йўналиши эканлиги тўғрисидаги ғояни янада мустаҳкамлади ва янада унга куч берди.
Хукумат томонидан қурилган тадбирлар самараси натижасида маънавият ва маърифат жамиятда руҳий покланишга, шахс улуғворлигини оширишга, демократик, ҳуқуқий, инсонпарварлик давлат қуришга мустаҳкам пойдевор яратди.
2. Таълим тараққиёти, унинг ўзига хос хусусиятлари.
Инсоният тарихида ўз ижтимоий аҳамияти жиҳатдан алоҳида эътиборга лойиқ ҳолатлар, қадриятлар мавжудки, булар у ёки бу миллат, элат, халқнинг мавжудлик белгиси, тараққиёт мезони сифатида баҳоланиши мумкин. Миллат мавжудлигининг ана шундай муҳим белгиларидан бири таълим тизими ҳамда юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш масаласидир.
Дарҳақиқат, таълим тизими демократик тамойиллар билан уйғунлашган, унинг инсонпарвар жамият барпо этиш каби зарур ижтимоий эҳтиёж талабларига жавоб бергандагина у ўз олдига қўйган буюк мақсад – баркамол авлодни тарбиялаш ва шакллантириш вазифасини адо этиши мумкин.
Коммунистик «назария» томонидан таълим тизимига қўйилган асосий мақсад – жамият аъзоларини мафкуравий қулликка, итоаткорликка мажбур қилишдан бошқа нарса эмасди. Мафкуравий бикиклик, эркин фикр юритишдан иборат (шахс дахлсизлиги, демократик тамойилларга беписандлик билан муносабатда бўлиш каби иллатлар кишиларда ижтимоий пассивлик ҳолатини юзага келтирди).
Буларнинг бариси Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки давриданоқ барча соҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам чуқур ўзгаришларни амалга оширишга, туб ислоҳотларни ўтказишга ундади. Истиқлол мамлакат фуқароларида эркин фикрлашга бўлган ижтимоий эҳтиёжни уйғотди.
Мафкуравий қулликдан ҳоли равишда, мамлакат ва халқ манфаатларига мос тарзда фаолият кўрсатишга интилиш хиссиётини бемалол, эмин-эркин рўёбга чиқариш Ўзбекистон фуқаролари дунёқарашида янгиликка ташналик кайфиятини пайдо қилди. Бу масала айниқса, янги тайёрланиши, шаклланиши лозим бўлган мутахассис кадрларга нисбатан муносабатни ўзгартириб юборди. Истиқлолнинг дастлабки даврлариданоқ мамлакат хукумати мавжуд таълим тизимида туб ислоҳотларни ўтказишга алоҳида аҳамият беришга киришиши лозимлигини англаб етди. Мамлакат Президенти таъкидлаганидек, «олдимизга қўйган энг эзгу мақсадларимиз билан узвий боғланган бугунги кундаги яна бир ғоятда долзарб масала – кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш, бу борада бошланган ишларимизни давом эттириш ва кучайтириш бундан буён ҳам биз учун устивор вазифа бўлиб қолди».
Хўш, юқорида қайд этилган ҳолатлардан ташқари, яна қандай сабаблар таълим тизимида туб ислоҳотларни ўтказишга ундади? Булар, кадрлар тайёрлаш тизимининг демократик ўзгаришлар ва бозор ислоҳотлари талабларига мувофиқ эмаслиги, ўқув жараёнининг моддий-техника ва ахборот базаси етарли эмаслиги, юқори малакали педагог кадрларнинг етишмаслиги, сифатли ўқув-услубий ва илмий адабиёт ҳамда дидактик материалларнинг камлиги таълим тизими, фан ва ишлаб чиқариш ўртасида пухта ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро фойдали интеграциянинг йўқлиги кабилардир.
Буларнинг бариси таълим тизимини зудлик билан ислоҳ этишни, мазкур соҳани чуқур инсонпарварлаштиришни талаб этарди. Тўғри, 1992 йил июлида қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонун ва давлатимизнинг шу асосдаги таълим-тарбия сиёсати ишлаб чиқилган эди. Унда умумий таълим қуйидаги босқичлар бўйича амалга оширилади:
I босқич – бошланғич таълим (1-4 синф);
II босқич – асосий (таянч) мактаб (4-9 синф);
III босқич – юқори ўрта мактаб (10-11 синф);
10-11 синфлар ихтисослашган бўлиб, ўқувчиларни олий ўқув юртларига тайёрлашга хизмат қила бошлади.
Таъкидлаш лозимки, ҳамдўстлик мамлакатлари орасида биринчи бўлиб республикамизда «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилинганлиги, «Мактабгача тарбия», «Умумий ўрта таълим», «Мактабдан ва синфдан ташқари тарбиявий ишлар», «Ёшлар сиёсатига оид» каби қатор концепциялар ва дастурлар яратилганлигини, давлат таълим тизими жаҳон амалиёти талабларига мувофиқ келиши учун хорижий давлатлардаги илғор тажрибаларнинг ўрганилаётганлиги ва шу аснода 20 дан ортиқ йўналишлар, фанлар бўйича стандартлар лойиҳали тайёрланди.
1993-94 ўқув йилида барча вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси мактаблари ўқувчилари билимларини текшириш юзасидан ўтказилган тест синовлари қуйидаги натижаларни кўрсатди. Ушбу синовга 70 та туман ва шаҳарларнинг 400 дан ортиқ мактабларнинг ўқувчилари жалб этилди. 9-синфларда кимё ва адабиёт фанларидан тест синови ўтказилди. Якунлар қуйидаги меъёрда баҳоланди: 90 фоиздан ортиқ тўғри бажарганларга «5» баҳо, 80 фоиздан камига «4» баҳо, 60 фоизидан ортиғига эса «3» баҳо.
Мазкур синовлар натижалари ўқувчиларнинг гуманитар йўналишдаги фанлар бўйича чуқур билим олаётганликларини кўрсатди. Масалан, адабиёт фани бўйича таянч мактабларининг 10186 ўқувчисидан 1275 таси 90%дан ортиқ вазифаларни, 2552 ўқувчи 80%дан ортиқ вазифаларни бажардилар, яъни ўқувчиларнинг тўртдан уч қисми фанни яхши ва аъло баҳоларга ўзлаштирганликларини намойиш этдилар.
Истиқлол йилларида умумтаълим мактабларида она тилини ўқитишга муҳим эътиборнинг қаратилиши ва «Давлат тили ҳақида»ги Қонунни бажариш юзасидан олиб борилган ишлар таълим-тарбия жараёнининг сифатини янада ошишига сабаб бўлди. Ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда она тили ва адабиётига ажратилган соатлар ҳажми кўпайиб, 2720 соатга етди. Ўқиш рус тилларида олиб бориладиган мактабларда эса ўзбек тили фанига ажратилган соатлар 544 соат ўрнига 1020 соатга етди. Булар ўқувчиларда миллий ўзлигини англаш хиссини кучайтирди, ўз ўлкасига, тарихига қизиқишини ва ўз Ватанининг гуллаб-яшнаши йўлида фаолият кўрсатиш хиссини уйғотди.
Умуман, 1992 йилда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги Қонун Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилишда маълум рол ўйнади. Мазкур ҳужжат шўролар мустабид тизими давридан «мерос» бўлиб қолган, коммунистик мафкурага хизмат қилувчи мафкуравий кучни бартараф этишда алоҳида аҳамият касб этди, жаҳон андозаларига мос тизим яратилишида дастлабки қадам бўлди.
Бироқ, қайд этиш жоизки, мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг янги шароитдаги вазифаларига тўлиқ жавоб бера олмас эди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати таълим тизимини тўлиқ ислоҳ этишга қодир ҳужжатларни қабул қилишга эътиборни кучайтирди ва бу борада бош ислоҳотчилик йўлини ўйнади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси IX сессиясида тамомила янги, сифат жиҳатдан мукаммал «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ишлаб чиқди.
Мамлакат Президенти юқорида қайд этилган ҳужжатларни қабул қилишга ундаётган омилларни эътиборга олган ҳолда қуйидаги фикрни баён этди. Биринчидан, биз эски шўролар замонидан қолган таълим-тарбия тизимига хос мафкуравий қарашлардан ва сарқитлардан хали-бери тўлиқ қутулганимиз йўқ. Иккинчидан, барча амалдаги ўзгаришлар ва тадбирлар, асосан юзаки бўлиб, таълим-тарбия ва ўқув жараёнларининг таркибини, босқичларини бир-бири билан узвий боғлаш, яъни узлуксиз таълим-тарбия тизимини ташкил қилиш муаммоларини ечиб берган эмас.
Учинчидан, бизнинг амалдаги таълим-тарбия тизимимиз бугунги кун замонавий, тараққий топган демократик давлатлар талабларига жавоб бера олмаслиги кўп жойларда яққол кўринмоқда. Мазкур мулоҳазалар янги ҳужжатлар қабул қилингунгача бўлган даврдаги таълим тизимининг чекланганлигидан яққол далил берарди.
«Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг энг илғор жиҳатларидан бири – унда таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойилларининг баён этилиши бўлди. Улар қуйидагилардан иборат эди:
таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги;
умумий ўрта, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги;
таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги;
ўрта-махсус, касб-ҳунар таълимининг йўналишини: академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни танлашнинг ихтиёрийлиги;
таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;
давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;
таълим дастурини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндошув;
билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;
таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш.
Масалага бундай тарзда ёндошув таълимнинг мамлакатда кўрилаётган демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият талабларига тўлиқ жавоб бериши, унинг миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигидан гувоҳдир. Шу билан бирга, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, мактабдан ташқари таълим турларига асос солинди, мавжудларини такомиллаштириш йўллари ишлаб чиқилди.
Мамлакатимиз рахбариятининг таълим-тарбия соҳасига шу даражада катта эътибор бериши бежиз эмасдир. Гап шундаки, мамлакатимиз аҳолисининг аксарият кўпчилиги ёшлар, ўсмирлардан иборат бўлиб, улар ўз келажакларини айнан билим олиш билан боғлагандирлар. Хусусан, ҳозирда Ўзбекистонда 9,5 мингга яқин умумтаълим мактаблари, гимназиялар, лицейлар, коллежлар, 300 га яқин ўрта махсус муассасалар, 65 та олий ўқув юртлари бўлиб, улардан 600 мингдан ортиқ турли малакадаги педагоглар меҳнат қилади.
Сўнгги йилларда миллий мактаблар тизимини яратиш борасидаги ишларнинг таркибий қисми сифатида республикамизда яшаётган ва озчиликни ташкил этган (мамлакатлар) миллатлар фарзандлари таълим-тарбиясига ҳам эътибор кучайтирилди. Ўзбекистонда 2,5 мингдан ортиқ ўқувчиси бўлган 50 га яқин қрим-татар мактаби, 130 та ўқувчисига эга бўлган 2 та немис мактаби, 2400 га яқин ўқувчисига эга бўлган 24 та корейс мактаби, 4 та уйғур, 1 дан курдлар, яҳудийлар мактаблари фаолият кўрсатмоқдалар. Бундан ташқари, 9 мингдан ортиқ қозоқ фарзандлари, 3000 мингдан ортиқ тожик фарзандлари, 1 мингдан ортиқ қирғиз фарзандлари ва 1,5 мингга яқин туркман фарзандлари ҳам ўз тилларида таълим-тарбия ола бошладилар.
Ўзбекистон хукумати истиқлол талабларига жавоб бера оладиган иқтидорли ёшларни танлаб олиш, уларга фан йўлидаги сўқмоқларни шараф билан босиб ўтиш борасида ҳам қатор ишларни амалга оширмоқда. «Умид» жамғармасининг Ўзбекистон Президенти томонидан таъсис этилишини шу маънода тушуниш лозим. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 13 январ Қарорига мувофиқ иш бошлади.
Маълумки, мамлакатимизда тарихий туб ўзгаришларни муваффақиятли ўтказиш, ижтимоий-сиёсий, маънавий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун жаҳон андозалари даражасида билим олган истеъдодли, руҳан баркамол ёш миллий кадрлар зарурдир. «Умид» жамғармасининг ўз олдига қўйган энг катта мақсади ҳам халқ хўжалигининг нуфузли тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлашдан иборат бўлди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонлик талабалар ўз танлаган ихтисосликлари бўйича АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Япониянинг жаҳонга машҳур олий ўқув юртларига муваффақият билан шуғулланмоқдалар.
«Таълим тўғрисида»ги қонун, кадрлар тайёрлашнинг миллий дастури жамиятни маънавий жиҳатдан барқарорлаштириш жуда катта вазифаларни бажармоқда, ёшларда Ватанга, миллатга меҳр-муҳаббат хиссини сингдиришда, жаҳон андозаларига мос фаолият кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда. Шу билан бирга, янги таълим-тарбия дастури ёшларда мафкуравий эътиқодни мустаҳкамлашда, миллий ғоя ва миллий мафкура моҳиятини англашда алоҳида аҳамиятлидир, зеро, мафкуравий таъсирлар салбий оқибатларга олиб келмаслиги учун ёшларимизнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, иродасини бақувват қилиш, уларни ўз мустақил фикрига эга бўлган баркамол инсонлар этиб тарбиялаш жуда зарурдир. И Каримов қайд этганидек, энг муҳим вазифа «уларнинг тафаккурида ўзлигини унутмаслик, ота-боболарнинг муқаддас қадриятларини асраб-авайлаш ва ҳурмат қилиш фазилатини қарор топтириш, уларнинг мен ўзбек фарзандиман, деб ғурур ва ифтихор билан яшашига эришишдир».
Маданий ҳаёт.
Ҳар қандай шароитда ҳам барча миллат ва халқлар ўзининг маънавий эҳтиёжларини қондиришга муҳтожлик сезади. Маънавият – инсон учун мавжудлик белгиси. Маънавий бойлик – у ёки бу миллатни бошқа этник бирикмалардан ўзига хослигини билдирувчи, англатувчи муҳим омилдир. Маънавияти йўқ халқнинг ўзи йўқ. Шу билан бирга ҳар бир халқ маънавияти ҳам бир хил даражада эмас.
Шу ўринда мамлакат юртбошисининг «биз халқни номи билан эмас, балки маданияти, маънавияти орқали биламиз, тарихнинг таг-томиригача назар ташлаймиз», – деган фикрларида жуда мантиқ ва маъно бор. Бироқ, шўролар мустабид тизими шароитида ўзбек миллий маданияти ҳаддан ортиқ даражада кўп зарар кўрди. Барча мустамлакачилик каби коммунистик мафкура маддоҳлари ҳам ўзбек халқини қул қилиш учун энг аввало шу халқнинг миллий маданиятини йўқ қилишга зўр бердилар.
Таъкид этиш жоизки, маънавий маданияти юксак, унинг илдизлари бақувват халқнинг ижтимоий онгидан шу халқ маданиятини ҳеч қачон тамомила йўқ қилиш мумкин эмас. Тўғри мустамлакачиликлар натижасида ўзбек маданиятига катта зарар етказилди, унинг маънавий илдизларини қирқиб ташлашга уринилди. Лекин улар бунинг уддасидан чиқа олмадилар.
Ўзбек халқи катта йўқотишларга қарамасдан ўзлигини, ўз миллий маданиятини сақлаб қола билди. Бунга яқин ва узоқ тарих гувоҳдир. Эндиги вазифа – маънавий ҳаётдаги барча йўқотишларнинг ўрнини қоплашдан иборат бўлди. Бу нарса халқимизнинг маънавият ва маърифатга муҳтожлиги ва унинг танқислиги билан белгиланди. Кишининг ўзлигини англаши, ўз шаънини ҳимоя қила олиши ва барча ёмонликлардан ўзини тия олиши учун ориф бўлмоғи, қалбининг тубида, жиндай бўлса-да, маърифат шамчироғи ёниб турмоғи лозим. Ана шунда одам гуноҳдан ҳазар қилиш, барча неъматлардан ақл-идрок ва инсоф доирасида фойдаланиш йўлини тутади. Ножўя хатти-ҳаракатлари учун тавба-тазарру қилиш зарурлигини англай бошлайди.
Ўзбек халқи айнан шу йўлдан борди, ўз миллий-тарихий, маданий меросига содиқлигини кўрсата билди. Бу эса мустамлакачиликлар даврида йўқотилган, тапталанган маданий меросни тиклаш, ўзлигини англашга бўлган рағбатни уйғотди.
Истиқлол йилларида ўзбек маданий ҳаёти уйғонди, жонланди ва ўзининг бутун мавжуд бўй-бастини кўрсата билди. Театр, мусиқа санъати ривож топди, маданий алоқалар кенгайди, маданий-маърифий муассасалар фаолияти такомиллашди, музейларнинг ижтимоий-маърифий аҳамияти ошди, миллий адабиёт равнақ топди.
Айниқса, театр санъатининг ривожи гуллаб яшнади. Бу бежиз эмасди, зеро мустамлакачилик даврида театрлар коммунистик мафкуранинг хизматкорига айланган, сиёсий мақсадларнигина бажарувчи кучга айланган эди. Шу аснода асосий эътибор репертуар масаласини ҳал этиш, томошабинларни бездирадиган саҳна асарлари ўрнига уларнинг маънавий-ижтимоий эҳтиёжларини қондирувчи спектаклларни фуқаролар ҳукмига ҳавола этишга асосий эътибор қаратилди.
Ҳозирги шароитда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган 36 та драматик, мусиқали драма ва комедия, опера ва балет, қўғирчоқ театрлари ана шундай вазифаларни бажардилар. 1998 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг «Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Унга биноан, Ўзбекистон томоша санъатининг кўп асрлик анъаналарини ўрганиш, бойитиш ва тарғиб қилиш, театр санъатини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг моддий базасини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларни амалга оширишда театр арбобларининг фаол қатнашишини таъминлаш, республика Маданият ишлари вазирлиги театр ташкилотлари негизида ва театр арбоблари уюшмасида бадиий замонавий саҳнабоп асарлар яратиш мақсадида Маданият ишлари вазирлиги тизимида ва театр ижодий ходимлари уюшмаси қошида «Ўзбектеатр» ижодий-ишлар чиқариш бирлашмаси ташкил этилди.
«Ўзбектеатр» бирлашмаси ўзининг театр ташкилотлари ҳамда минтақавий бўлимига эга бўлиб, мулкчилик шаклларидан ва қандайдир муассасага идоравий дахлдорлигидан қатъи назар мамлакатдаги барча давлат театрлари, театр студияларида халқ театрлари ва бошқа тегишли ташкилотлар жамоаларини ихтиёрий тартибда бирлаштирди.
Театр санъатини ривожлантириш йўлида 1998 йил ноябр ойида ўтказилган «Хумо» халқаро ёшлар театрларининг фестивали алоҳида аҳамият касб этди. Ушбу фестивалда Ўзбекистон ва Исроил давлатларининг энг яхши театр жамоалари иштирок этдилар. Мазкур фестивал доирасида 32 та спектакл намойиш этилди, уларни 20 мингдан ортиқ томошабин томоша қилди.
Ўзбекистоннинг ўз мустақиллигини қўлга киритиши натижасида маънавий маданиятнинг муҳим жабҳаси бўлган мусиқа санъати ҳам жуда ривож топа бошлади, зеро табиатан нозиктаъб, санъатсевар ва санъат аҳлига талабчан ўзбек халқининг мусиқаси кенг кўламли маънавият кўзгусидир. Шўролар даврида асосан мафкуравий ҳукмронлик қўлига айланган мазкур санъат тури эркинлик йўлига кирди. Жамият аъзолари миллий қўшиқчилик санъатидан баҳраманд бўла бошладилар.
Ўзбекистон ҳукумати халқимизнинг миллий қўшиқчиликка бўлган ижтимоий эҳтиёжини эътиборга олиб миллий руҳдаги, халқнинг кўнглига яқин мусиқа асарларини яратишга бўлган қизиқишни доимо рағбатлантирди. Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ мусиқа санъати бўйича қатор кўрик-танловлар ўтказила бошланди. Хусусан, 1992 йил март ойида Тошкент шаҳрида танбур, сато, қўшнай, сурнай ва бошқа миллий соз ижрочиларининг «Асрларга тенгдош наволар» деб номланган республика кўрик танлови, апрел ойида Тошкент вилоятида ҳаваскор қўғирчоқ театрлари жамоаларининг кўрик-танлови, шунингдек, машҳур санъаткорлар Жўрахон Султонов, Саиджон Калонов, Комилжон Жабборов, Набижон Ҳасанов, Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Содиқов, Жанақ Шомуратовларнинг асарлари ижрочиларининг «Боқий овозлар» деб номланган кўрик-танловлари ўтказилди. Айни вақтда 1992 йил май ойида Хоразм вилоятида фольклор жамоаларининг, аския, қизиқчи ва масхарабозларнинг, июн ойида Қўқонда ўтказилган IX анъанавий ва лапар, ялла ижроияларининг август ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган XI анъанавий кўрик танлови миллий санъатимиз ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Мамлакатимиз ҳукумати қўшиқчилик санъатидан мустақилликнинг маънавий заминларини мустаҳкамлашда ҳам унумли фойдаланишга эътиборни кучайтирди. Шу мақсадда 1995 йил декабрда «Ўзбекистон – Ватаним маним» мавзуидаги қўшиқлар кўрик-танлови эълон қилинди. Мазкур танлов барча вилоят, шаҳар ва туманларда жуда катта кўтаринкилик руҳида ўтказилди ва унинг натижасида юзлаб янги, мустақиллик даври қўшиқлари яратилди, кўплаб истеъдодли санъаткорларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди.
«Ўзбекистон – Ватаним маним» қўшиқ кўрик-танловининг 1996 йил март ойида бўлиб ўтган биринчи босқичида 54 мингдан ортиқ санъаткорлар иштирок этди, 10 мингдан ортиқ янги мусиқий асарлар яратилди. Қайд этиш лозимки, мазкур танлов истиқлолни, Ватанни, ўзлигини англашда муҳим қадам бўлди. Халқимизнинг бундай тадбирга қизиқиши ортиқ бўлди.
Буларнинг барчасини эътиборга олиб, 1996 йил августда «Ўзбекистон – Ватаним маним» қўшиқ байрами ҳақида» махсус фармон қабул қилинди. Фармонда фуқаролар қалбида муқаддас Ватан туйғусини тарбияловчи юксак бадиий савиядаги мусиқа асарлари ва қўшиқларнинг яратилишига кенг имконият яратиш мақсадида ҳар йили август ойининг учинчи якшанбаси «Ўзбекистон – Ватаним маним» қўшиқ байрами куни, деб белгилаб қўйилди. Айни пайтда, халқимизнинг қўшиқчилик санъатига бўлган буюк қизиқишини эътиборга олиб, Маданият ишлари вазирлиги ҳузурида «Ўзбекнаво» гастрол-концерт бирлашмаси ташкил этилди.
Натижада, мазкур кўрик-танлов ҳозирда оммавий тус олди, унда нафақат ўзбек миллий, шу билан бирга мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа барча халқлар вакилларининг эркин ижод қилиши, ўз санъатларини намойиш этиш имконияти яратилди. Профессионал ва халқ бадиий ижодиёти асосида санъатнинг қўшиқчилик турига тенг эътибор берилиши, уларнинг уйғун ривожланишига шароит яратилиши туфайли мазкур санъат тури янада ривож топмоқда.
Маълумки, Ўзбекистонда жаҳон цивилизациясида алоҳида ўринга эга бўлган буюк моддий маданият яратилди. Улар халқаро ҳамжамият томонидан аллақачон эътироф этилган. Бироқ, шўролар мустабид тизими даврида Ўзбекистон моддий маданиятига катта зарар етказилди. Минглаб ноёб маданият дурдоналари, асори-атиқалари хорижга, асосан, Москва, Санкт-Петербург музейларига ташиб кетилди. Миллий ўзликни англашда бундай ёдгорликларнинг аҳамияти катта эканлигини эътиборга олиб, мустамлакачилар иложи борича улар ижтимоий-маданий аҳамиятни камчитишга ҳаракат қилдилар.
Аммо, мустақиллик бундай жирканч сиёсатга барҳам берди. Истиқлолнинг дастлабки даврлариданоқ музейлар, қўриқхоналарнинг ўрни ва ролини белгилаб беришга алоҳида аҳамият берилди. Маълумки, ҳозирда биргина Маданият ишлари вазирлиги тизимида турли соҳалар бўйича 68 та музей мавжуд бўлиб, булар 21 та ўлкашунослик, 10 та бадиий, 14 та мемориал, 5 та адабий-мемориал, 7 та бадиий, 1 та табиий-илмий музейлардир.
Шу билан бирга Самарқандда Давлат музей-қўриқхонаси, Бухорода Давлат музей-қўриқхонаси, Хивада «Ичон-Қалъа» давлат музей-қўриқхоналари фаолият кўрсатмоқда. 1999 йилги маълумотларга кўра, республикамиздаги музейлар фондида 1305786 экспонат сақланмоқда. Биргина 1999 йилда уларнинг асосий фондига 7544 та экспонат қабул қилинди. Шу йилнинг ўзида барча музейларга 1655400 киши ташриф буюрди.
Ўзбекистон ҳукумати халқимизнинг ў миллий ўзлигини англаш жараёнини янада жадаллаштиришни эътиборга олиб, 1994 йил 23 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Республика музейлари фаолиятини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 1999 йил 5 декабрда эса «Музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида»ги қарорларни эълон қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 12 январдаги «Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони эса музейлар ишида тубдан бурилиш ясади. Унга биноан барча турдаги музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш, қўллаб-қувватлаш ва уларга зарур илмий-услубий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида Маданият ишлари вазирлиги қошида «Ўзбекмузей» жамғармаси ташкил этилди, ўзбек, инглиз, рус тилларида чоп этиладиган илмий-амалий, маънавий-маърифий, рангли «Мозийдан садо» журнали таъсис этилди.
Кўрилган барча тадбирлар натижасида музейларнинг ижтимоий-маданий аҳамияти анча ортди, уларнинг ўзбек халқи миллий ўзлигини англаш жараёнидаги роли кучайди. Музейларга эътибор хорижлик фуқароларнинг Ўзбекистонга, унинг бой ва қадимий маданиятига бўлган қизиқишини оширди.
Истиқлол ўзбек халқига ўз миллий адабиётини қайтариб берди. Коммунистик мафкуранинг жарчисига айланган «совет адабиёти» вайронлари ўрнига пайдо бўлган ўзбек миллий адабиёти тезликда ўзининг қаддини кўтарди, партиявийлик, синфийлик каби хатто методологик асослардан воз кечила бошланди. Мумтоз адабиётга муносабатда диний адабиёт, феодал-клерикал адабиёт, сарой адабиёти дейилган тушунча ва бир миллат адабиётини реакцион ва прогрессив деб иккига бўлиб ўрганишдекк ҳатто назарий чеклашларнинг даф этилиши миллий адабиётнинг холисона баҳоланишига имкон яратди.
Диний манбаларнинг, жадид адабиётининг сиёсий-мафкуравий ақидаларсиз ўрганилишига нисбатан бўлган муносабатнинг ижобий ҳал этилиши жамиятни маънавий жиҳатдан барқарорлаштиришга шарт-шароитлар яратди.
Шундай қилиб, мустақиллик Ўзбекистон маънавий ҳаётини барқарорлаштириш учун замин яратди, маънавий-маърифий ҳодисаларга муносабатни ўзгартирди. Истиқлол туфайли маънавий турмушимиздаги кўплаб муаммолар ҳал этила бошланди. Қурилаётган демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият, бозор муносабатларига ўтиш, жаҳон ҳамжамияти билан мафкуравий тазйиқларсиз ўзаро ҳамкорлик қилиш имконияти – буларнинг баричи Ўзбекистон маданиятини халқчил қилди. Ўзбекистон, ўзбек халқининг дунёдаги ўзига хос ва мос ўрни борлиги, унинг жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасининг эътироф этилиши туфайли маънавий ҳаётнинг гуллаб-яшаши учун мустаҳкам замин яратилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |