ЎЗБЕК ТИЛИ - МИЛЛИЙ ЎЗЛИГИМИЗ ВА МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЧИЛИГИМИЗ ТИМСОЛИ
Эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб, курашиб келган улуғвор мақсад -ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ва мамлакатимизда давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши Ватанимиз ҳаётидаги юксак воқелик сифатида тарихга мухрланди.
Ўзининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси ва муносиб мақомига эга бўлган она тилимиз бугун янги ривожланиш ва юксалиш босқичига кўтарилди. Зотан, “Милий тикланишдан -миллий юксалиш" деган бош ғоямизнинг асосида, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсади мужассамдир.
Она тилимизнинг қадр-қиммати, тилимизга ҳурмат ва муҳаббат барча жабҳаларда тўла намоён бўлиши миллат келажагига билан боғлиқ муҳим масаладир. Айтиш керакки, бугун ўзбек тилининг халқаро минбарларда баралла янграши, дунё бўйлаб эътироф этилиши ёруғ истак сифатида қалбимизда жўш урмоқда.
Бу борадаги улуғвор қадамлар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида дадил ташланаётгани фахрланарлидир. Президентимизнинг БМТ минбаридан туриб, ўзбек тилида нутқ сўзлаганлари бутун халқимизга миллий ғурур туйғусини бахш этган бўлса, юртимизда ўзбек тили қадди ва ғурурини тиклашга қаратилган эзгу ишларда она тилига садоқатнинг ёрқин намунаси акс этмоқда.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида 2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2020 йил 20 октябрда «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари имзоланди ва ҳаётга тадбиқ этилди. Шунингдек, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва мазкур коцепцияни 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури, ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Ўтган йили илк маротаба 21 октябр санаси мамлакатимизда Ўзбек тили куни -умумхалқ байрами сифатида кенг тантана қилинди. Бу эса ўзбек тили учун қайта тикланиш, янги қадр топиш палласи сифатида эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбарининг биргина 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда тил сиёсатини амалга оширишга доир муҳим дастуриламал эканлиги бугун тўлақонли исботини топмоқда. Тарихий ҳужжатнинг барча бандларида тилимизнинг бугунги куни, эртанги истиқболи, мустаҳқам ривожига қаратилган аниқ мақсадлар ўз ифодасини топади. Айниқса, фармонда акс этган давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари истиқболларини белгилаш, шунинг баробарида, ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дастурларини яратиш вазифаси илм аҳли, тилшунос олимларимиз зиммасига катта масъулият юклайди. Ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этишга оид ташаббусларимиз эса бизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган миллатпарвар ислоҳотларга муносиб улушимиз бўлади.
2020 йил 19 октябрь куни университетимизда “Давлат тили нуфузи ва мавқеини ошириш: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиб, унда Туркия, Россия, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби 20 тадан ортиқ мамлакатдан, шунингдек, республикамизнинг барча вилоятларидан 180 нафарга яқин етакчи тишунос олимлар иштирок этишди. Анжуманда давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, ўзбек тилини софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, хорижлик тилшунослар туркий тилларнинг умумий ва ўзига хос хусусиятлари, ўзбек тилини жозибадорлиги, хориждаги олий ўқув юртларида ўзбек тилининг ўрганилиши ҳақидаги маърузалари билан иштирок этишди. Келгусида ҳам тилимизни халқаро миёқсда ўрганилиши ва ўзбек тили тарғиботига бағишланган анъаналаримиз муносиб эттирилади.
Юртбошимизнинг "Ўзбек тили -миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир" деган пурмаъно сўзлари эса она тилимиз қадри ва нуфузини юксалтириш йўлидаги эзгу ишларимизнинг қутлуғ шиори бўлиб хизмат қилади.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори.
Do'stlaringiz bilan baham: |