Ўзбекистонда демократик тамойиллар асосида миллий давлат бошқарув тизимининг яратилиши ва мустаҳкамланиши
Ўзбекистон Республикасида давлат мустақиллигига эришилгандан кейин ўтган йиллар давомида барқарор ривожланаётган иқтисодиёт ва кучли фуқаролик жамиятига эга демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш йўналишида давлат бошқаруви соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Давлат бошқаруви соҳасидаги аниқ мақсадли вазифалар, бир томондан, қонунларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилишини кафолатлаш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қодир давлат ҳокимияти ва бошқарувининг ҳам вертикал, ҳам горизонтал самарали бўлган тизимини яратишни талаб этарди. Иккинчи томондан, бу даврда бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимига барҳам беришга; ижро ҳокимияти айрим вазифаларини марказий органлардан жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига аста-секин ўтказишга, ижтимоий йўналтирилган иқтисодиёт талабларига жавоб берадиган, қонунчилик ва суд ҳокимияти, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик қилувчи бошқарувнинг уйғун тизимини яратишга йўналтирилган чора-тадбирлар белгиланиб, босқичма-босқич амалга оширилди.
Биринчи босқич (1991-2000 йй.) – ўтиш даври ва миллий давлатчилик асосларини шакллантириш билан боғлик биринчи галдаги ислоҳот ва ўзгаришларни ўз ичига олди. Ушбу босқичда ўтиш даврида ҳокимият тақсимланишининг конституциявий тамойили асосида давлат бошқаруви- нинг тубдан янги тизими яратилди ҳамда иқтисодий ривожланиш, ижтимоий-маданий ва маъмурий-сиёсий қурилиш соҳасида янги бошқарув тузилмалари шакллантирилиб, мустаҳкамланди. Бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимидан воз кечиб, ижро ҳокимиятнинг бутун тизими ва механизмини босқичма-босқич ислоҳ қилишга киришилди. Биринчи босқичга хос асосий хусусият ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг янги тизимига ўтиш, ўтиш даврида миллий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ бўлган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ўзгаришларни амалга ошириш мақсадида ижро этувчи ҳокимиятининг кучли, марказлашган тизимини барпо этишдан иборат эди. Энг муҳим масала янги тузумга ижтимоий ларзаларсиз, инқироз ҳолатларига йўл қўймай ва вазият устидан назоратни сақлаган ҳолда ўтишни таъминлашдан иборат эди.
Мазкур босқичда мамлакат олдида иккита асосий вазифа турар эди: бозор муносабатлари ва демократия талабларига мувофиқ равишда давлат аппаратини қайта ташкил этиш, айни пайтда, барқарорликни сақлаб, самарали ислоҳотлар учун шарт-шароит яратиш.
Ушбу босқич давомида тоталитар тизимдан демократик тизимга, қатъий маъмуриятчилик ва буйруқбозликдан иқтисодий дастаклар ва рағбатлар асосида ўзини ўзи бошқариш ва ўзини ўзи тартибга солишга мураккаб, баъзан оғриқли ўтиш амалга оширилди. Биринчи босқичда давлат бошқарувининг янги тизими яратилди. Миллий шарт-шароитлар талабига жавоб берувчи, 1992 йил 9 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармойиши асосида ҳокимлик институти яратилди, у жойлардаги вакиллик ва ижро ҳокимиятининг ягона тўлақонли органи ҳисобланди.
1993 йилда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳукуматнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши борасидаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу Қонунда ва қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг асосий тамойиллари, таркибини шакллантириш тартиби, ҳукуматнинг ваколатлари ва давлат ҳокимиятининг бошқа органлари билан муно- сабатлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аппаратини такомиллаштириш масалалари мустаҳкамланди.
Вазирлар Маҳкамаси таркибига, қонунга мувофиқ, Бош вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раҳбарлари, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари раҳбарлари киритилди.
1993 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, жойлардаги вакиллик ва ижроия органлари бошлиқларини сайлаш ва бўшатиш, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан муносабатлари, вилоят, туман ва шаҳар мол-мулки ва молиявий ресурсларни шакллантириш тартиби, халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг бюджетга оид ҳуқуқлари, вилоят, туман ва шаҳар бюджетининг даромади ва харажатлари каби масалалар тартибга солинди.
1994 йилда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органлари тизимини мустаҳкамлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ушбу даврдаги асосий вазифа давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклашга имкон берувчи самарали давлат бошқарувини ташкил этиш учун шарт-шароитларни яратишдан иборат эди. Макро даражада рақобат муҳитини, бизнесни ривожлантириш, мамлакатдахорижлик инвесторлар учун қулай инвестиция муҳитини яратишни англатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |