Локал (маҳаллий) услуб ва уларнинг ўзига хос характерли белгилари.
Ўзбек анъанавий мусиқаси ўтмишдан икки йўналиш, яъни бир-биридан пайдо бўлувчи, бир-бирини тўлдирувчи, шу билан бирга ўзининг алоҳида хусусиятлари ва сифатларига эга бўлган йўналишлардан ташкил топган. Шулардан бири, ҳаётий мезон билан боғлиқ мусиқа фолклори бўлса, иккинчиси, ана шу жонли жараённинг ижодкорлар тафаккури билан тўлдирилган мумтоз мусиқа йўналишидир. Шаклланиш ва равнақи ё`лида ҳар икки йўналиш ўзининг ички қонуниятлари, шаклу шамоили, ишлаш услуби, мавқеи, жойи, вақти, ижро анъаналари ва шу каби қатор хусусиятларга эга бўлган. Ҳар икки йўналишда ҳам умумий ҳисобланган миллий анъаналари билан боғлиқ томонлари бўлгани каби, ўз йўналишига хос услубларни ифода этадиган алоҳида жиҳатлари ҳам йўқэмас. Лекин ижодий мезон, ижрочилик анъаналари ва талқин масалаларида эътиборга лойиқ ўзига хослик жиҳатлари талайгинадир.
Мавсумий маросим қўшиқлари ўзбек халқ оғзаки бадиий ижодиётининг муҳим қисмини ташкил этади. Мавзу ва шакл жиҳатдан хилма-хил бўлган бу айтимлар ўзининг ифодасига кўра, “Меҳнат қўшиқлари” – “меҳнат айтимлари”, “Тўй маросим айтимлари”, “Мавсумий маросим айтимлари” каби турларга ажратиш мумкин.
Меҳнат қўшиқлари – халқ оғзаки ижодининг қадимий намуналаридан бирини ташкил этади. Бу турдаги айтимлар инсон фаолиятининг турлиги жабҳаларида ижод этилган. Масалан: ер ҳайдаш, тегирмон янчиш, ип йигириш, сигир ёки турли уй ҳайвонларини соғиш. Хусусан, бу айтимлар меҳнат жараёнини бир маромда уюшқоқлик билан бажаришга кўмак беришни қаторида яна меҳнатчи қалбига кўтаринкилик кайфиятини жо қилган, ҳолда бўлиб хизмат қилган. Меҳнат айтимларининг ижтимоий кўлами узоқ ўтмишда яшаган авлод-аждодларимиз учун янада кенг бўлган. Бу тойифа айтимлари турли эътиқодлар билан боғлиқ расм-русм ва маросимларнинг таркибий қисми сифатида ҳам намоён бўлиб келган. Ҳар ҳолда бизга қадар етиб келган меҳнат айтимлари мисолида шунга ишора этувчи аломатлар сақланиб қолганлигини айтишимиз мумкин.
Ҳозирда бизга маълум меҳнат айтимларининг бир неча хусусиятлари ва белгилари аниқланган. Масалан бундай белгиларидан бири – меҳнат қўшиқлари жўрсозсиз айтилади, - куй оҳанглари кичик овоз доирасида бўлиб меҳнат мазмунига боғлиқ шеърий тўртликлар асосида яккахон томонидан айтилади.
Меҳнат қўшиқларида шеърий бандлар олдидан ёки улардан сўнг нақоратлар деярли қўлланилмайди, аммо банд мисраларига уланиб келувчи махсус такрорий сўз-иборалар нақорат вазифасини ўташи мумкин. Масалан: хўш-хўш, чурей-чурей, майда-майда.
Меҳнат қўшиқларида ритмик тузилиш олти бўғинли тузилмаси етакчилик қилади.
Айтим куйларида нутқдош ва сўздош оҳанглар бирламчи аҳамият касб этади.
Бажарилаётган меҳнат турига кўра айтимлар уч гуруҳга бўлинади. Булар асосан чорвадорлик, деҳқончилик, ҳунармандчилик қўшиқлари.
Чорвадорлик қўшиқлари аҳолининг чорвачилик билан боғлиқ турмуш тарзи ва меҳнат жараёнида шакл топган. Уларнинг бизгача йетиб келган намуналари асосан “соғим қўшиқларидан” иборат, яъни бу айтимлар сигир, бия, туя, эчки каби уй ҳайвонларини соғиш пайтида куйланади. Соғим қўшиқларининг турли хиллари ва шунга мувофиқ номлари ҳам мавжуд. Масалан: қорамолни соғишда “хуш-хуш”, қўй, эчкиларни соғишда “турей-турей, чурей-чурей” каби аталувчи махсус айтимлар куйланади. Мазкур номлар эса шу айтимларда нақорат сингари такрор бўлувчи сўзлардан олинган бўлиб, соғилаётган жониворни тинчлантириш, еркалаш, ийдириш ва бошқа мақсадда куйланади.
Соғим қўшиқлари одатда тўртлик (кварта) ёки бешлик (квинта) пардалари қамровида охиста куйланади. Бунда куй оҳанглар ёнма-ён жойлашган поғоналар билан садоланади. Бу каби хусусиятлар юзага келишини эса айтим вазияти ва ундан кўзланган мақсад тақозо этади. Соғувчи жониворни майин товушлар билан ийдириб кўп сут соғиб олиш мақсадида
Хуш-хуш ол болангни хўш-хўш,
Пақир тўлиб сут берсин хўш-хўш.
Борган еринг ўт бўлсин хўш-хўш,
Бало қазо йўқбўлсин хўш-хўш.
Шуни айтиш ҳам керакки, соғим қўшиқларида қадимий даврларда эътиқод этилган “сеҳрли” рақамлар ва улар билан боғлиқ афсун ўқиш ҳолати ҳам маълум аксини топган. Ҳар бир чорвадор ўз оиласини боқадиган қорамолни кўз тегишидан ёки ёвуз руҳлар назаридан сақлаш чораларини ахтарган. Шу мақсадда, хусусан, турли ирим-сиримлар амалга оширилган, сигир шохига, бўйнига “назарни” даф қилувчи туморлар осилган ва ҳатто, соғим айтимларининг ўқилиши ҳам маълум маънода афсун ҳисобланган. Соғим қўшиқларида учрайдиган “хўш-хўш” сўзини тўрт маротаба такрорланиши, бу айтим бўғинлари етти ҳижоли шеър мисраларини ташкил қилиш етти ва тўрт рақамлари билан боғлиқ.
Бу рақамлар авлоддан-авлодга ўтиб халқ орасида эътиборли ва эътиқодли сонлари сифатида эъзозланади. Масалан, тўрт рақам билан боғлиқ мисоллар тўрт томоннинг қибла, тўрт фасл, саломатлик рамзида – “тўрт мучанг соғ бўлсин” – иборасидан келиб чиққан .
Шу ўринда табиий савол туғилади: чорвадор қорамолни асраш учун кимга илтижо қилади. Бу саволга айтимда етти рақам рамзий маъносидан келиб чиқилади.
Қадим туркий халқларда етти қароқчи юлдузларни ҳомий руҳ деб эътиқод қилганлар. Бу хусусида айтилган ривоятларга кўра етти қароқчи юлдузлар (бошқача номланиши етти ака-ука, етти қария, етти азизлар) ўз элини ёвуз душмандан ҳимоя қилган, шунингдек, етти ҳомий доимий –мададкор, етти кун сиғиниш удумларини келтириб чиқарган. Масалан, руҳлар шарафига етти пилик ёқиш, маълум ҳаракатни етти марта такрорлаш, етти нон ёпиб, етти қўшнига бериш ҳамда фолклор намуналарида ҳам намоён бўлган. Бу каби ҳолатлар чорвадорлар орасида ҳам кенг ёйилган эди. Чунончи, оқшом пайт, юлдузлар ҳаққига ерга етти томчи сут томизилган ва бу ирим ҳозир ҳам учрайди. Уй ҳайвонлари билан боғлиқ айтимларда, масалан қўш ҳайдаш, хирмон янчишда ҳам тўрт ва етти рақам билан боғлиқ шу каби тушунчалар учрайди.
Деҳқончилик қўшиқлари ҳам меҳнат айтимларининг салмоқли қисмини ташкил қилади. Уларга оид намуналар эса деҳқончиликнинг турли фаолиятлари билан боғлиқ ҳолда ижод этилган. Жумладан, “хўш-ҳайдаш” –ер ҳайдаш пайтида, ўрим қўшиғи – ҳосилни ўриб олишда айтилган. Бу қўшиқлар баралла овозда куйланган. Беҳқончилик қўшиқлари давр талабига кўра бу жараёнга оид айтим намуналари унутилиб борилмоқда, фақат этнографик гуруҳда саҳнавий кўринишга эга ҳолда сақланиб келмоқда.
Меҳнат жараёни билан боғлиқ ҳунармандчилик қўшиқлари асосан “чарх” йигириш, гилам тўқиш, дўппи тикиш, ганчкорлик меҳнат вазиятлари билан боғлиқ кўпинча хотин-қизлар ижодидир. Уларда меҳнат билан боғлиқ айтимлар бадиий жиҳат ва хусусиятлари кузатилади. Бироқ, шуни инобатга олмоқ керакки, бизга қадар йетиб келган ҳунармандчилик айтимлари турлари тарихий даврларга тааллуқли бадиий ва бошқа унсурларни намоён этади. Бу ҳол уларнинг шеърий мазмунидан ҳам сезилиб туради. Айтимнинг нисбатан қўҳна намунаси мавзу жиҳатидан меҳнат вазияти билан қатъий чекланиш, куй-оҳанглари эса юқорида кўриб ўтилган меҳнат айтимлари садоларига яқинлиги ва унда еттилик бўғин ритми қўлланганлиги билан тавсифланади. Масалан, “Урчун” қўшиғида меҳнатни бажараётган хотин-қизлар беихтиёр шахсий ҳаётлари билан боғлиқ ҳолатларни руҳий кечинма ва дардларини айтим орқали айтадилар ва шу тариқа меҳнат қўшиқларига лирик туйғулар кириб боради.
Куй оҳангда еттилик тузилмасига уланган янги сифатли тўлқинсимон куй оҳанглари садолана бошлайди.
Ўзбек халқининг узун ўтмиши давомида шаклланган турли маросим ва урф-одатлардан мавсумий маросим қўшиқлари кўп асрлик тарихий жараёнида маълум табиий ўзгаришлар ва халқнинг дунёқараши билан боғлиқ. Мавсумий маросим қўшиқларнинг энг кўп намуналари гўзал баҳор фасли билан боғлиқ ва ундаги асосий сана Наврўз байрами. Ана шундай маросимлардан баъзилари унутилиб юборилган. Маросимларни аксарияти қўҳна ҳаётга тааллуқли бўлиб, йил фасллари ва меҳнат мавсумларига боғлиқ ҳолда ўтказилар эди. Қиш фаслларида – Яс Юсуп, гап-гаштак. Баҳор фаслида - чой момо, куз фаслида- обло – барака, шамол чақириш. Мавсумий маросим қўшиқлардан баҳор фасли қўшиқларини аксарияти болалар фолклорида сақланиб қолган, аммо бир қатор маросимларнинг маълум воқелик ўйинларига асосланганлиги пировардида болалар табиатига ниҳоятда мос ва шу жиҳатдан ҳам болалар фаолиятида сақланиб қолган. Хусусан, “Бойчечак”, “Лайлак келди”, “Читти гул”, “Оқ теракми. Кўк терак” каби ҳозирда маълум ўйин-қўшиқлар шу тарзда бизгача етиб келди. Эндиликда кўпроқ бадиий қизиқиш уйғотаётган яна бир қатор мавсумий маросимлар эса, жумладан, “Суст хотин”, “Шох мойлар”, “Арғимчоқ”, “Ашшадарози”, “Фолклор-этнографик” ансамбллари томонидан қайта тикланиб “Саҳнавий” кўринишларда бу қўшиқлар ижро этила бошлади. Шуни айтиш жоизки, гарчанд у ёки бу маросим эндиликда ўз мавқеини йўқотган бўлса-да, аммо улар ижтимоий бадиий тафаккур ривожида маълум аҳамият касб этиб келган.
Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари — Сурхандарё ва Қашқадарё аҳолисининг катта қисми республиканинг бошқа ўлкаларидаи фарқли ўлароқ яқин ўтмишда ҳам, асосан, чорвачилик, фақат бир қисмигина деҳқончилик билан шуғулланиб, кўчманчи ҳолда ҳаёт кечирар эди. Бу вилоятлар мусиқа фолклорида чорвадорлар меҳнати ҳақидаги, ўтмишда эса кўчманчилик ҳаёти ҳақидаги қўшиқларнинг характерли ўрин эгаллаши ҳам ана шундандир.
Бу ўлка мусиқа ҳаётида достон ижрочилари—бахшилар муҳим ўрин тутган. Улкада чолғу асбоблари тури жуда ҳам чегараланган бўлиб, дўмбира йетакчи асбоб сифагида кенг тарқалган (бошқа вилоятларда эса у жуда кам учрайди).
Сурхандарё ва Қашқадарёдан фарқли ўлароқ, Ўрта Осиёнинг маданият маркази бўлган Бухоро ва Самарқандда ўзбек мусиқа санъатининг хусусиятлари деярли бошқачадир. Бу хусусиятлар мерос тематикаси ва жанрлари ҳамда мусиқа ҳаёти характерига тааллуқлидир. Бухоро ва Самарқанд локал услуби хусусиятларининг муҳим фарқи мусиқа мероси ва ижрочилигининг икки турга—оғзаки анъанадаги профессионал санъат ва фолклорга бўлинишида, яъни мусиқали меросда қадим даврлардан бошлаб профессионал мусиқанинг шаклланиб ривож топганидадир. Мусиқа фолклорининг моҳир намояндалари билан бир қаторда бу ерда профессионал санъаткорлар — созанда ва ҳофизлар катта ўрин тутиб, улар мақом ва бошқа профессионал мусиқа жанрларининг билимдон ижрочилари сифатида танилган. Кичик шаклдаги маълум сиклни ташкил этувчи хилма-хил мазмунга эга бўлган рақс-ўйин қўшиқларининг ижрочилари—созандалар ҳам кенг эътибор топган.
Бу қадимий шаҳарларда чолғу асбоблари турларининг бойлиги маросим қўшиқ-куйларининг хилма-хиллиги характерли бўлиши билан бирга, энг яхши ижрочи хонанда ва созандалар иштирокида мусиқа ва шеърият кечаларининг мунтазам ўтказилиб туриши ҳам одат бўлган эди. Маишат, турмушнинг шаҳарча тарзи ашу-лачилар, раққос ва раққосалар ҳамда созандалар ансамбллари-нинг ўзига хос тусда кенг ривожланишига ҳам имкон берганди.
Бухоро ва Самарқанд вилоятидаги ўзбек мусиқа фолклори эса кўп жиҳатдан тожик мусиқаси билан маълум даражада умумийликка эга бўлиб, тарихий тақдири деярли ўхшаш бўлган ҳар иккала қардош халқ—ўзбеклар ва тожикларнинг баб-баравар даражадаги мусиқа меросидир. Жумладан, Шашмақом бунга ёрқин мисол бўла олади.
Бухоро-Самарқандга анча яқин бўлган Хоразм маҳаллий услуби, аввало, ўзининг колорити билан ажралиб туради. У маҳаллий қўшиқларнинг интонатсион-куй тузилиши ҳамда талқинига ўз таъсирини кўрсатади. Хоразм услубининг туркман ва озарбайжон мусиқаси билан маълум умумийликка эгалиги ҳам шубҳасиздир.
Хоразм халқ мусиқасининг ўзига хос маҳаллий хусусиятларига достонлар ижроси ҳам тааллуқлидир. Агар Ўзбекистоннинг барча вилоятларида достонлар мусиқаси, одатда, речитатав-декламатсион ёки оҳангдор-речитатив характерда бўлса, Хоразмда улар ёрқин ифодали қўшиқлари билан фарқ қилади ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида бўлганидек, дўмбира билан эмас, балки дутор ёки анъанавий ансамбл—буламон, гижжак ва дутор (баъзида доира ҳам) жўрлигада айтилади.
Хоразм чолғу асбоблари ҳам ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Масалан, юқорида эслатилган буламон чолғу асбоби республикамизнинг фақат Хоразм вилоятида учрайди. Айни вақтда бу ерда дўмбира мутлақо учрамайди. ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб бугунги кунгача Хоразмда кенг фойдаланилиб келинаётган гармон ҳам худди шу ўлка маҳаллий услубининг ўзига хос хусусиятларидан бири бўлиб қолди. Айрим мусиқа асбобларининг маҳаллий фарқи ўз тузилиши ва тембр-акустик хусусиятларида кўринади. Масалан, Хоразм дутори косахонаси ҳажмининг нисбатан кичиклиги, дастасининг ингичкароқ ва калтароқлиги ҳамда ўз акустик-тембр хусусиятларига кўра Ўзбекистоннинг бошқа локал зоналари, хусусан, Фарғона вилоятида расм бўлган дуторлардан фарқ қилади.
Фарғона мусиқа фолклори ҳам ўзига хос характерли белгилари билан ажралиб туради. Бу ерда ихчам ҳажмли оддий, аммо жозибадор ва тематикасига кўра хилма-хил қўшиқлар муҳим ўрин тутади. Айниқса хотин-қизлар қўшиғи машҳурдир. Фарғона водийсида ҳамда Тошкент вилоятида (Тожикистонда эса Хўжандда) кенг тарқалган катта ашула (ёки панис ашула) жанри эса, аксинча, кенг ҳажмли ривожланган куйининг речитатив-декламатсион характердалиги билан ажралиб туради. Бу соф маҳаллий жанр, юқорида айтганимиздек, икки-уч ва ундан ортиқ ҳофизлар томонидан анъанавий услубда чолғу асбоблари жўрлигисиз ижро этилиб келинмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |