ЎЗБЕК ХАЛҚ МУСИҚА ИЖОДИ ВА УНИНГ ЛОКАЛ УСЛУБЛАРИ
Режа:
I.Кириш;
II.Асосий қисм:
Локал (маҳаллий) услуб ва уларнинг ўзига хос характерли белгилари.
Хоразм локал (маҳаллий) услубининг ўзига хос хусусиятлари.
III.Хулоса;
Кириш
Ўзбек халқининг мусиқа маданияти кўп асрлик тарихга эга, кўпгина созанда ва хонандалар авлодининг фаолиятида қарор топган халқ ҳамда оғзаки анъанадаги устозона мусиқа санъати бу ҳақда гувоҳлик беради. Моддий маданият ёдгорликларининг тасдиқлашича, бугунги Ўзбекистон ҳудудида Ўрта Осиё халқларининг аждодлари яратган қадимги цивилизатсия мавжуд бўлган. Археология маълумотлари, тасвирий санъат асарлари (шарқ ижодиёти асарларида тасвирланган миниатуралар), шарқшуносларининг янги тадқиқотлари ва, ниҳоят, ўрта асрдаги Ўрта Осиё яшаб ижод этган олимларнинг мусиқий рисолалари таржимаси ўзбек халқи мусиқа маданияти тараққиётининг тарихий жараёнининг тасаввур қилишимизга ёрдам беради.
Ўзбек халқи аждодларниннг мусиқа сарчашмалари Ўрта Осиё ҳудудида яшаган қардош халқлар, биринчи навбатда тожик халқи ижоди билан мустаҳкам боғланган. Бу мусиқа асарларнинг Х-ХI асргача (яъни, бу халқлар фаол чегаралангунларигача) ўзида бир бутунликни ифода этди, кейинчалик у ўзбек ва тожик мусиқа маданиятларининг шаклланиши учун умумий асос бўлиб хизмат қилди.
Ўрта Осиё халқлари ҳаётида тарихий чегараланиш босқичи тахминан бизнинг ерамизгача бўлган биринчи минг йилликдан бошланади. Булар ўтроқ деҳқонлар (суғдийлар, бақтрияликлар, хоразмийлар) ҳамда кўчманчи (саклар, массагетлар ва бошқа) қабилалар эди. Улар ҳақидаги маълумотлар “Авесто”да ҳам учрайди. Халқ поэтик ва мусиқа санъатининг бошланиши ўша даврларга бориб тақалади. Халқ поетик ва мусиқа санъати дастлаб синкретик ҳолатда бўлгани тўғрисида “Авесто” китоби ва бошқа қадимги ёзма ёдгорликлар, турмуши, уларнинг урф-одатлари, тўй-томошаларининг элементларидан гувоҳлик беради. Юксак салоҳияти юнон, рим ва хитой манбаларида ҳам якдиллик билан эътироф этилган. Айрим илмий қарашларга кўра, Хоразм кўҳна зардўштийлик динининг муқаддас китоби бўлмиш "Авесто" нинг ватани ҳисобланади. Тадқиқотларнинг далолат беришича, "Аряним Вейжо" деб аталувчи “Авесто” макони ўзининг қаҳратон совуқи, жазирама иссиғига эга бўлган ҳамда ерлари тарс ёриладиган ва илонлари кўп ўлка, деб таърифланади. Дарҳақиқат, Орол фожеасидан олдинги даврларда, юқорида айтилган кескин континентал иқлимни, тақир ерларнинг худди қовун тўрига ўхшаб ёрилишини, илонлар уй ҳайвонларидек том-у омборларда яшаб юришини бутун минтақа бўйича кўпроқ Хоразмда кузатиш мумкин эди. Зардуштлик урф-одатларининг қиёфаси бироз ўзгарган ҳолда Хоразм воҳасининг бугунги ҳаёт тарзида ҳам кўплаб кузатилади. Уларнинг ҳаммаси қўшимча далил сифатида кўзлаётган фикримизнинг исботига хизмат этиши мумкин. Аждодларимиз томонидан яратилган жанр ва шакллардаги анъанавий мусиқа намуналари бадиий – маънавий меросимизнинг ажралмас мулкига айлангандир.Ўзбек халқининг мусиқа меросида, асосан, тўртта маҳаллий услуб мавжуд. Булар Хоразм, Бухоро-Самарқанд, Фарғона-Тошкент, Сурхандарё- Қашқадарёни кўрсатиш мумкин. Бу зоналарда маҳаллий услубларнинг бунёдга келиши маълум этник бирлик ҳамда умумижтимоий-иқтисодий шароит натижасидир.
Махаллий услублар хақида гапирар эканмиз қуйидаги услубларнинг энг қадимийси яъни Хоразм услубига тўхталиб ўтамиз. Хоразм махаллий услубининг ўзига хос хусусиятлари: миллий оҳангларнинг ўйноқилиги, жўшқинлиги, ёқимлилиги, фолклор қўшиқчилигигагина хос бўлган созларининг товуш ҳосил қилиш хусусиятлари орқали миллий хислатларни ифодалаши, қўшиқлар шаклининг тузилиши, миллий куй ривожланиши қонуниятларининг шахс онгидаги инъикоси, қўшиқлар матни ёрдамида халқнинг этник турмуш тарзи ва миллий қадриятларнинг ёрқин тасвирланишида намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |