Замонавий ўзбек бадиий киносида иккинчи жаҳон уруши мавзуси матякубов Азиз Атаназарович



Download 72,5 Kb.
bet1/2
Sana23.08.2022
Hajmi72,5 Kb.
#847575
  1   2
Bog'liq
ЗАМОНАВИЙ ЎЗБЕК БАДИИЙ КИНОСИДА ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ МАВЗУСИ


ЗАМОНАВИЙ ЎЗБЕК БАДИИЙ КИНОСИДА ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ МАВЗУСИ


Матякубов Азиз Атаназарович
ЎзР ФА Санъатшунослик институти таянч докторанти


Аннотация. Мақолада Иккинчи жаҳон уруши мавзусида сўнгги йиллар яратилган ўзбек бадиий фильмлари таҳлил этилиб, ушбу тематиканинг мустақиллик даврида қандай тенденциялар асосида ёритилаётгани ва уруш мавзусини очиб беришда қандай изланишлар олиб борилаётгани, бу борадаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида мулоҳаза юритилган. Таҳлил предмети сифатида “Берлин-Оққўрғон”, “Илҳақ” ва “101” номли бадиий фильмлар танланган.
Калит сўзлар: иккинчи жаҳон уруши мавзуси, қаҳрамон, бадиий фильм, мустақиллик даври, миллий кино, ғоя.
Аннотация. В статье анализируются созданные в последние годы узбекские игровые фильмы на тему Второй мировой войны, рассматриваются тенденции в освещении этой темы в период независимости, а также творческие поиски, проведенные для выявления темы войны, ее достижений и недостатков. Предметом анализа выступили игровые фильмы «Берлин-Аккурган», «Ильхак» и «101».
Ключевые слова: тема вторая мировая война, герой, игровой фильм, период независимости, отечественный кинематограф, идея.
Annotation. The article analyzes Uzbek feature films created in recent years on the theme of the Second World War, examines trends in the coverage of this topic during the period of independence, as well as creative searches conducted to identify the theme of the war, its achievements and shortcomings. The subject of the analysis were the feature films “Berlin-Akkurgan”, “Ilkhak” and “101”.
Key words: the theme is the Second World War, hero, feature film, the period of independence, domestic cinema, idea.


Сўнгги 4-5 йилликда тарихий хотирани тиклаш [1], Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги тарихимизни ўрганиш борасидаги изланишларни жадал давом эттиришга [2] алоҳида эътибор қаратила бошлагач, Иккинчи жаҳон уруши мавзуси миллий киномизда яна қайта актуал тематикалардан бирига айланмоқда. Агар 1991-2018 йиллар орасида фақатгина “Ватан” (2006) фильми уруш мавзусини етакчи планга олиб чиққан бўлса, охирги тўрт йилликнинг ўзида учта картина – “Берлин-Оққўрғон”, “Илҳақ”, “101” уруш манзараларини турли ракурслардан очиб беришга қаратилди. Бунинг ўзига яраша ижтимоий-маданий сабаблари бор, албатта.
Мустақилликнинг дастлабки даврларида санъат ва маданият зиммасига миллий қадриятларимизни тиклаш, буюк аждодларимиз номини улуғлаш вазифаси юклатилгани боис, уруш тематикасига маълум вақт мурожаат қилинмади. Яқин йиллардан бошлаб Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида тутган ўрни ва аҳамиятини тадқиқ этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгач, халқимиз томонидан уруш йиллари кўрсатилган жасоратни абадийлаштириш мақсадида “Ғалаба боғи” бунёд этилди, шу ернинг ўзида “Шон-шараф музейи” ишга туширилди, шахсан давлат раҳбари топшириғи билан “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” номли китоб-альбоми тайёрланди. Мазкур ўзгаришлар, табиийки, Иккинчи жаҳон уруши мавзусига нисбатан янгича қараш ва ёндашувларни тақозо этмоқдаки, бу, биринчи навбатда, кино санъатида ўз аксини топмоқда.
Агар Собиқ Иттифоқ даврида яратилган уруш мавзусидаги фильмларда “ягона мафкурага амал қилиш, тарбиявий функцияга эгалик, душманни енгишда коммунистик партиянинг фавқулодда аҳамияти, совет халқи ва коммунистик партия бирдамлиги, ватанпарварлик руҳининг етакчилиги, совет кишиси образида қаҳрамонлик ва инсонийликни кўрсатиш” [5; 160] устунлик қилган бўлса, эндиликда уруш йилларидаги халқ ҳаётининг реал манзарасини кўрсатиш, ўша давр мафкурасининг асл мақсадларини фош этиш, фронт ва фронторти ҳаётида халқимизнинг тутган ўрнини очиб бериш фильмларнинг асосий мазмунини ташкил этмоқда.
“Берлин-Оққўрғон” (реж. З. Мусоқов, 2018) фильмида уруш тематикасидаги ўзбек бадиий фильмлари тарихида илк маротаба уруш олди ва уруш йилларидаги сиёсий-мафкуравий қарашлар ҳамда уларнинг жамият ҳаётига таъсирини мустақил позициядан туриб мушоҳада қилишга уриниш амалга оширилган. Буни юзага чиқариш воситаси сифатида муҳим сиёсий шахслар ҳисобланган давлат ва жамоат арбоблари танлаб олинган.
Айниқса, жаҳон тарихидаги икки йирик шахс – Адольф Гитлер ҳамда Иосиф Сталин образларининг воқеалар иштирокчиси ўрнида талқин этилгани, мустақиллик даври ўзбек киносида ташланган дадил одимлардан бўлди. Чунки улар тимсолида уруш арафа жаҳон сиёсати майдонида кечган улкан жараёнларни тафтиш этишга интилиш кузатилади.
Эътиборли жиҳати, фильмда уруш олди ва уруш йилларидаги фожиаларга, халқ бошига тушган мусибатларга фақат фашистик ғоя тарафдорлари айбдор деган бирёқлама муносабат эмас, балки СССРда юритилган қаттиқ сиёсатнинг ҳам кучли таъсири бўлгани ўринли эпизодлар орқали очиб берилган. Шу асно иккала позициянинг қилмишлари ҳақида хулоса чиқариш томошабиннинг ўзига ҳавола этилади.
Агар совет даврида уруш мавзусида ишланган ўзбек бадиий фильмларида фашистлар ҳаракати фақат совет кишисининг уларга бўлган муносабати, улар ҳақида айтганлари ва таърифлари фонида англашилган бўлса, “Берлин-Оққўрғон” фильми орқали бу стереотипга нуқта қўйилиб, душман тарафнинг вакиллари ҳам алоҳида шахс, алоҳида тақдир эгаси ва алоҳида қаҳрамон сифатида олиб чиқилди. Аудиторияга гитлерчиларнинг нималар ҳақида фикрлагани, орзу-истаклари ва режалари уларнинг ўз тилларидан етказилди.
“Илҳақ” (реж. Ж. Аҳмедов, 2020) бадиий фильмида эса уруш йиллари минглаб ўзбек хонадонларида кечган жараёнлар – жудоликлар, етишмовчиликлар, доимий руҳий изтироблар таъқиби беш нафар навқирон ўғлини фронтга жўнатиб, улардан айрилган Зулфия ая оиласи мисолида очиб берилди. Мазкур картинада ҳам давр сиёсатининг оддий халқ ҳаётида қолдирган мудхиш излари, уруш таъсирида инсонийлигини йўқотган ва уни сақлаб қолишга уринган кишилар қисмати, умуман, фронторти ҳаётининг турли қирралари эски шаклда, бироқ янгича мазмунда ёритилди. Мазмуннинг янгилиги шундаки, фильмда уруш даври мафкураси аслида қандай бўлгани ва шахсга сиғинишнинг аянчли оқибатлари нималарга олиб келиши дадил кўрсатилган.
Асир тушган Исҳоқжон билан фашист командири ўртасида бўлиб ўтган суҳбатда ана шундай муносабатлардан бири кузатилади. Мазкур эпизодда, бир томондан, совет ҳукумати, шу жумладан, Сталиннинг ўзбеклар бошига солган мусибатлари рўйи-рост душман тилидан баён қилинса, иккинчи тарафдан, Исҳоқжоннинг урушга Сталин учун эмас, онаси ва оиласи учун келганлигини билдириши миллий позициямизни ифодаловчи ҳақиқатни юзага чиқаради.
Хусусан, илгари яратилган ўзбек фильмларидаги қаҳрамонларнинг “ватан учун, озодлик учун” қабилидаги сўзлари остида ватанга садоқатни, унинг фонида эса ҳукумат ва партияга садоқатни ифодалаш етакчилик қилган бўлса, эндиликда қаҳрамонларнинг жангга ўз оиласи тинчи учун киришганлигини билдириши ватаннинг остонадан, оиладан бошланиши, оилага садоқат ва фидойилик чинакам ватанпарварлик эканини англатади.
Қолаверса, фильмда “Ҳамма нарса фронт учун!” каби баландпарвоз шиорлар остида амалга оширилган “ватанпарварлик ва фидойилик”лар аслида халқнинг сўнгги бир бурда нонини тортиб олиш эвазига бўлгани ҳам таъкидлаб ўтилган.
Иккинчи жаҳон уруши мавзусида яратилган “101” бадиий фильмида тарихий хотирани тиклаш, махсус концлагерда тажриба қуролига айлантириш мақсад қилинган 101 нафар ўзбек йигитининг маънавий-руҳий ғалабасини кўрсатиш вазифаси белгиланган эди. Миллий киномизда асирликдаги аскарлар тақдири ҳақида “Ватан ўғлонлари” (реж. Л. Файзиев, 1968), “Ватан” (реж.
З. Мусоқов, 2005) фильмларида ва қисман “Унутилмаган қўшиқ” (реж. Р. Ботиров, 1974), “Икки солдат ҳақида қисса” (реж. З. Собитов, 1976) картиналарида кўрсатиб ўтилган. Шунга кўра, гарчи “101” фильми уруш мавзусидаги янги йўналишни олиб чиқмаса-да, унда эътибор қаратилган масала алоҳида ёндашувга эга. Хусусан, бундан аввал яратилган фильмларда концлагерлар ҳаёти асосан аскарларнинг қийноққа солиниши ва шу орқали фашистлар зулмини очиб беришга йўналтирилган бўлса, “101”да ўзбек асирлари билан кечган воқеалар уларни улкан жасоратли қаҳрамонлар сифатида талқин этишга қаратилди.
“Берлин-Оққўрғон” фильмида уруш йилларидаги инсонлар қисматини кўрсатиш орқали тарих ҳақиқатларидан хабардор қилиш етакчидир.
“Илҳақ” фильмида эса уруш йиллари халқимиз бошига тушган синовли кунларни тасвирлаган ҳолда бугунги осойишта ҳаётимизни қадрлаш кераклиги, фронт жангоҳларида қурбон бўлган ота-боболаримиз ҳамда фронтортида улкан матонат эгасига айланган Зулфия ая сингари садоқатли бувиларимиз хотирасини абадийлаштириш асосий планга олиб чиқилган.
“101”да “Амерсфорт” концлагеридаги ўзбек йигитларининг Гитлер режаларини барбод қилиш йўлида кўрсатган улкан матонатларини акс эттиришга эътибор берилди.
“Берлин-Оққўрғон” фильмида ўзбек халқининг ғалабага қўшган фавқулодда ҳиссаси ёки урушдаги жасоратини ёритиб беришга алоҳида урғу берилмаган бўлса-да, фильм қаҳрамонларидан бири – Қўзивой Шодиев (Ҳасан Шуҳратов)нинг снайперчи сифатида фашистларга қарши беаёв кураш олиб боргани акс эттирилган. Бироқ қаҳрамон характеридаги баъзи сифатлар унга нисбатан икки хил баҳсли мулоҳазани келтириб чиқаради.
Биринчиси, Қўзивойнинг хатти-ҳаракатлари ва гап-сўзларидаги ўта соддадиллик аломатлари жуда бўрттириб ифодалангани боис, бир қарашда, уни довдир феълли йигит сифатида қабул қилиш мумкин. Лекин индивидуал режиссёрлик услуби ва шунга монанд бошқа қаҳрамонларга берилган Қўзивойникига ўхшаш характер бўёқлари инобатга олинса, Қўзивой феъл-атворидаги ғалати жиҳатларни фильм стилистикасидан келиб чиқиб қўлланилган табиий элемент деб тушуниш мумкин. Масаланинг нозик томони шундаки, Қўзивой сингари довдирсифат характерга эга образларни иккинчи жаҳон урушида курашган ота-боболаримиз намунаси, ўзбек йигитлари орасида душманга қарши мардонавор жанг олиб борган қаҳрамон ўрнида таклиф эта оламизми-йўқми?
Иккинчиси, фашистларни зир қақшатган ўзбек йигити сифатида атай кучли ақл-заковат ва теран мушоҳадага эга қаҳрамон эмас, – гарчи бундай сифатлари мавжуд типик вакиллар жуда кўп топилса-да – балки қишлоқнинг оддий-содда йигити танлангани ўзбекнинг ҳатто Қўзивой сингари дали-ғулиси ҳам фашистлар юрагига ғулғула солиб, уларнинг тазирини бера олган қабилидаги хулосага ундайди.
“Илҳақ” фильмининг “асосий ютуғи шундаки, ундаги қаҳрамонлар умумлашма характерга эга ... фильмда она образи бу фақат Зулфия Зокирова тимсоли эмас. Муаммонинг кўлами ва образнинг залвори онани бутун ўзбек оналари тимсоли сифатида гавдалантиришга омил бўлган. ... Бир сўз билан айтганда, она умумлашма образ сифатида она халқ рамзи, фронтга фарзандларини кузатиб, ўзи фронт ортида фронтдагидан кам бўлмаган азоб-уқубатни кўрган ўзбек халқи тимсоли! Беш ўғил эса мана шу улуғ халқнинг буюк қудратини ўзида намоён этган мардликнинг турфа кўринишларидир!” [6; 5]. Бундай умумлашма сифатларни Мардон раис, Мелс, Зарифа, Чори образларида ҳам учратиш мумкин.
“101” фильмида қаҳрамон тушунчасига алоҳида шахс сифатида эмас, балки умумий мақсад йўлида бирлашган инсонлар жамоаси деб қараш тўғрироқ бўлади, яъни Смоленск жангида сўнгги ўқ-дорисигача курашиб, фашистларга асир тушган ва охирги лаҳзаларгача инсонийлигини сақлаб қола олган 101 нафар ўзбек аскарларининг барчаси – аслида битта қаҳрамон. Эҳтимол, шу боис аскар йигитларнинг биронтасига индивидуал характер, бошқалардан ажралиб турувчи алоҳида сифатлар ва уларни томошабинга таништирувчи мақсадли биографик эпизодлар берилмагандир. Бироқ фильмда бундай ёндашувни асословчи етарли манба топилмагани ҳамда 101 нафар йигитни ягона қаҳрамон этиб кўрсатиш учун керакли талқин шакли устида изланмагани фильм ғоясининг мазмун жиҳатидан етарлича очилмай қолишига сабаб бўлган.
Қолаверса, “101” фильми мисолида ёш актёрларнинг уруш мавзуси бўйича кўникмалар шакллантириши кераклиги ҳам сезилиб қолган.
“Совет давридаги фильмлар билан қиёслаганда сўнгги ўн йилликдаги ҳарбий фильмлар шакл ва ифода воситаларининг кескинлиги жиҳатидан фарқланади. Бундай тенденциянинг асосий омили – режиссёрларнинг ҳаётий ҳақиқатга эришиш ва уруш манзараларини совет идеологияси билан зеб берилганидек эмас, балки чинакамига кўрсатишга интилишидир” [3; 230]
“Берлин-Оққўрғон” фильмида уруш мавзусини ёритиш бўйича ноодатий ўзига хос шакл танланган. Дастлабки эпизоддаёқ муаллиф уруш билан боғлиқ турфа хотираларини қуроққа ўхшатар экан, буни бевосита фильм учун танланган шаклга ишора сифатида қабул қилиш мумкин. Чиндан ҳам фильм воқеалари бир қарашда анчайин тарқоқ ва турли хронологияга қурилган қуроққа ўхшаш ҳар хил эпизодлардан иборатдек кўринади. Бироқ фильм воқеалари аниқ композицияли яхлит сюжетга қурилган. Шунчаки фильмда мустақил тузилмага эга, аммо мантиқан бир-бирига боғланган учта линия мавжудлиги сабаб, воқеалар аввалига бироз чалкашдай туюлиши мумкин.
Фильм умум композициясини ташкил этувчи биринчи линияни “Раҳбарият линияси” дейиш ўринли. Бу линияга икки давлат – фашистлар Германиясига тааллуқли Адольф Гитлер, Генрих Гиммлер, Йозеф Геббелс, Рудольф Гэс, Герман Геррингдан иборат гуруҳ вакилларини ҳамда СССР раҳбариятига кирувчи Иосиф Сталин, Максим Литвинов, Александр Поскрёбишев, Вячеслав Скрябин (Молотов) сингари шахслар образи ёритилган сюжет тармоғини киритиш мумкин. Иккинчи линия “Зиёлилар линияси” бўлиб, унда Всеволод Мейерхольд, Михаил Чехов, Зинайида Рай, Марям Ёқубова каби зиёли инсонлар тақдири ўрин олган. Ниҳоят, учинчи линияни “Оддий халқ” ташкил этиб, унда Қўзивой Шодиев ва Клаус Кёстлинг оиласи билан боғланган воқеалар ёритилади.
Мана шу учала – “Раҳбарият”, “Зиёлилар” ва “Оддий халқ” линиялари фильм воқеалари давомида ўзаро кесишиб, бир-бирини тақазо этувчи яхлит сюжет занжирига айланган. Фильм учун танланган бундай шакл уруш йилларидаги жараёнларни турли қатлам ва доиралар мисолида кенг қамраб олиш имкониятини берган. Шу сабаб, фильмда урушни аланга олдирган йирик сиёсатчилардан тортиб, чекка қишлоқларда яшовчи Қўзивой сингари оддий инсонлар образини учратамиз.
Шунингдек, фильмда қўлланилган “Ранг” ва “Хроника” билан боғлиқ шаклий изланишларни ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли. Масалан, фильмда фойдаланилган оқ-қора ва рангли кадрларни бевосита эпизодлар мазмунидан келиб чиқиб таҳлил қилиш зарур. Эътибор қаратилса, фильмдаги барча сиёсий мазмунга эга эпизодлар оқ-қора тасвирларда, самимий ва эзгу муносабатларга йўғрилган эпизодлар эса рангли кадрларда ифодаланган.
Хроникал кадрларнинг қўлланилиши ҳам фильмнинг шаклий-мазмуний ифодасидан келиб чиққан. Аслида бадиий фильмда ҳужжатли хроникал тасвирлардан фойдаланиш фильм бадиияти ва воқеалар ривожида катта эҳтимол билан сунъийликни юзага келтириш хавфи бор, бироқ “Берлин-Оққўрғон”да қўлланилган хроникал тасвирлар қаҳрамонлар ва воқеалар мазмунини тўлдирувчи қўшимча восита вазифасини ўтаган.
Фильмнинг шаклий-услубий томонларидан яна бири – бу воқеалар умумий муҳитида юмор ва комик вазиятларнинг ҳамроҳлик қилишидир. Буни иккинчи жаҳон уруши фожиалари билан боғлиқ жиддий жараёнлар ва аянчли қисматлар фонида сюжет динамикасини таъминлаш воситаси ва ўша давр сиёсатига нисбатан сатирик муносабат ўрнида қабул қилиш мумкин.
“Илҳақ” фильми воқеалари “Берлин-Оққўрғон”даги сингари мураккаб композицияга эга эмас, анъанавий шаклдан фойдаланилган. Турмуш ўтроғидан айрилиб, беш нафар ўғлини катта қилган Зулфия ая оиласи даврасида бахтиёр, кутилмаганда бошланган уруш эса бу бахтли кунларга соя солиб, аянинг фарзандларини бирин-кетин уруш домига тортади. Воқеалар сўнггида уруш якунлангани ва ғалаба қозонилгани ҳақида эълон берилар экан, Зулфия ая бу ғалабани беш нафар фарзанди ўлими эвазига келган мотамдай қабул қилади. Совет давридаги иккинчи жаҳон урушига бағишланган фильмларда, одатда, ғалаба катта тантана ва хурсандчилик билан қарши олинса, “Илҳақ”да бунга нисбатан индивидуал муносабат кўрсатилган, яъни урушда қозонилган ғалаба асли миллионлаб қурбонлар ва Зулфия аяники сингари пароканда бўлган юз минглаб оилалар аъзаси экани акс этган.
Фильм воқеаларининг содда ва изчил шаклга эгалиги уларни ортиқча қийинчиликсиз қабул қилиш ва тушунишга замин яратган. Қолаверса, фильмда ҳалол ва ориятли Зулфия Зокирова оиласи, давр сиёсатининг қўғирчоғига айланган Мардон раис, унинг худбин ва қочоқ ўғли Мелс, қийинчиликларга сабр қила олмай, хиёнат йўлига кирган Зарифа ҳамда жисмонан мажруҳ бўлишига қарамай, энг машаққатли вазифани зиммасига олган хат ташувчи Чори образлари билан боғлиқ сюжет линияларининг битта мақсад йўлида бирлаштирилгани воқеалар яхлитлигига хизмат қилган.
Кенг маънодаги талқин шакли устида изланиш фильмда қанчалик муҳим эканлигини “101” фильми мисолида яна ҳам аниқроқ англаш мумкин. Чунки “101”да айни шу жиҳат инобатга олинмагани ва керакли шакл топилмагани фильм муваффақиятига жиддий соя солган.
Аввало, фильмда мавзуга оид материалларнинг яхши ўзлаштирилмагани антураж сунъийлигига, қаҳрамонлар хатти-ҳаракатининг ҳаётий эмаслигига, воқеа-ҳодисаларнинг мантиғи бузилишига олиб келган.
Шунингдек, фильмда тасвирий ечимни мазмунан тўлдиришга эҳтиёж сезилмаган ва тасвирнинг ўзи керакли маънони тўлиқ етказиб бера олган ўринларда ҳам баёнчиликка берилиш, кадр ортидан ўқилувчи ортиқча изоҳ ва шарҳларнинг кўплиги ҳам фильмнинг бадиий қийматини сезиларли даражада туширган. Гарчи фильм воқеалари бугунги кун кишисининг уруш йилларида бўлиб ўтган ҳодисаларни хотирлаши воситасида ёритилган бўлса-да, баёнчилик воситасидан кинематографик услубда фойдаланилмаган.
“Уруш мавзусида фильм суратга олиш бўйича етарли билим ва тасаввур бўлмаган тақдирда, анъанавий услубга мурожаат қилинади, яъни уруш ҳақида омма онгида сақланиб қолган тарихий штампларни кўрсатишга ўтилади” [4; 211]. “101”да ҳам ана шу йўлдан борилгани деярли ҳар бир эпизодда яққол сезилиб қолган.
“Берлин-Оққўрғон” фильмида “халқ душмани”га чиқарилган одамнинг аёли билан қизини гарчи улар қаттиқ назорат остида бўлса-да, ўзбек оиласи томонидан илиқ кутиб олиниши ва уларга нисбатан бир оила сифатида қаралиши ўзбек халқига хос менталитет сифатида акс этган.
“Илҳақ” эса тўлиғича миллий колоритга қурилган фильм. Буни уч хил ракурсда кўриш мумкин. Биринчиси, декорация ва либослардан иборат ташқи безакларда. Иккинчиси, урф-одат ва турмуш тарзида. Учинчиси, албатта, қаҳрамонлар характерида ифодаланган.
“101” фильмида урушдан аввал муаллим бўлиб ишлаган Ҳошим бошчилигидаги ўзбек йигитларининг ўзаро муносабатлари, вафот этган сафдошлари ҳақига қўл очиб дуо қилишлари, фашистларнинг тарғибот фильми учун атай оч қолдирилганига қарамай, уларга ташланган нонни пешонасига суриб, азиз билишлари каби ҳолатларда миллий хусусиятлар юзага чиққан.
Янги маълумотларга кўра, иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбекистон умум аҳолиси 6 млн 551 минг кишини ташкил этгани ҳолда, юртимиздан урушга 1 млн 951 мингга яқин киши сафарбар этилган ва шулардан 538 мингдан ортиғи жангларда ҳалок бўлган, 158 мингдан кўпроғи бедарак кетган. Уларнинг уруш оловларида қанчалик мардонавор курашганлиги, ғалаба ва фашизмга қарши жангларда чинакам жасорат кўрсатганлигини эса 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимизнинг жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани, 301 нафар ўзбек ўғлонларининг Совет Иттифоқи Қаҳрамони деб топилгани, шунингдек, 70 нафар юртдошимизнинг учала даражадаги Слава ордени билан тақдирлангани тасдиқлайди [2]. Ана шундай мард аждодларимиз хотирасини тиклаш, оддий ўзбек оилаларидан чиққан Қаҳрамонлар ҳақида авлодларга етказиш ва энг асосийси, урушнинг даҳшатли оқибатларини кўрсатган ҳолда, тинч-тотув ҳаётнинг аҳамиятини очиб бериш миллий киномиз зиммасида турган муҳим вазифалардандир.

Download 72,5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish