Биринчидан, жамият тараққиётининг муваффақияти иқтисод, сиёсат, маданият ва бошқа соҳалардаги ахборот оқимининг сифати ва тиғизлигига боғлиқ;
Иккинчидан
Биринчидан, жамият тараққиётининг муваффақияти иқтисод, сиёсат, маданият ва бошқа соҳалардаги ахборот оқимининг сифати ва тиғизлигига боғлиқ;
Иккинчидан, коммуникациянинг глобаллашуви, бўлиб ўтаётган ходисаларни бутун дунёдан, шунинг ҳар бир давлатнинг ўз жамиятидан ҳам яшириш имкониятини йўққа чиқараяпти;
Учинчидан, иқтисодий ривожланган давлатлар хукуматларининг фаолияти тўла-тўкис фуқароларнинг маъқуллаши ёки маъқулламаслигига боғлиқ бўлиб қолаяпти.
Хозирги даврнинг асосий парадокси шундаки, ўзларини демократиянинг намунаси, деб ҳисоблайдиган давлатларда, ҳуқуқий демократик, фуқаролик жамиятида тўртинчи ҳокимият саналадиган, аслида бутунлан мустақил бўлиши лозим бўлган оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги нисбий тушунчага айланиб қолмоқда. Бу давлатларда ҳукумат томонидан ташкил қилинган махсус ахборот хизмати органлари оммавий ахборот воситалари учун устун мавзуларни аниқлаб бериб, улардан биринчидан ўз фуқароларига психологик таъсир кўрсатиш, уларни давлатнинг ташқи ва ички сиёсатининг тўғри эканлигига ишонтириш, иккинчидан, халқаро муносабатларда ўзларининг геосиёсий ва геоиқтисодий манфаатларини амалга оширишда фойдаланишмоқда. Бир сўз билан айтганда, хозирги кунда турли манбалардан тарқатилаётган ахборотнинг хақиқийлиги жуда катта эҳтимоллик билан бахоланиши мумкин.
Хозирда ахборот механизмлари замонавий сиёсатнинг ажралмас қисмига айланди. Жамиятнинг бир ёки бир неча қатламини, масалан, талабаларни қўзғаб, резонанс акс-садоли технология механизми воситасида, катта маблағ ва билимдон мутахассислар ёрдамида ҳар қандай хукуматни ағдариш хеч гап бўлмай қолди. Ахборот хозирги кунда ҳар бир жамиятнинг барча қатламларининг, қуйи табақалардан тортиб элитагача ижтимоий фикрини шакллантирмоқда.
Хозирда замонавий психологик уруш талабларига кўра ахборотнинг стандарт қурилмасидан оғиш содир бўлмоқда. Хусусан:
Ахборот манбасини ўзгартириш. Рақиб давлатнинг сирини учинчи давлат оммавий ахборот воситалари орқали фош қилиш.
Ахборот каналини ўзгартириш. Маълумот тарқатишнинг расмий каналларидан норасмий каналларга (М: миш-мишларга) ўтиш.
Ахборот қабул қилувчини ўзгартириш. Маълумотнинг ёлғондан тарқалиб кетиши, ахборот қабул қилувчи гўёки у билиши мумкин бўлмаган ахборотни қабул қилиши.
Хабарни ўзгартириш. Тақдим қилинаётган қадриятлар кетма-кетлигида у ёки бу ходисанинг мақомини ёки мавқеини ўзгартириш. Муҳимни арзимас, номуҳимни ўта муҳим ходиса сифатида тақдим қилиш.
Шовқинни ўзгартириш. Одатда шовқин халақит берувчи манба ҳисобланади. Лекин шовқиндан фойдаланиш мумкин, керакли маълумотни шовқин сифатида тақдим қилиб, уни керакли ахборот манбаига айлантирилади.
Психологик операцияларнинг муҳим хусусиятларидан бири муқобил коммуникатив муҳитда ишлаш ҳисобланади. Муқобилсиз коммуникатив муҳит асосан совет даврига тегишли бўлиб, бу даврда мавжуд расмий ахборот манбаидан ташқари хеч қандай маълумот олишнинг имкони бўлмаган, албатта бундай муҳитнинг ҳам ўзига яраша афзал томонлари мавжуд, масалан, худди шу муҳит ўта оғир пайтларда фуқароларнинг садоқатини таъминлаган. Муқобил коммуникатив муҳитда бошқа “ўйин қоидалари” амал қилади. Бунда олдини олувчи маълумот муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бўлиб ўтган ходисанинг талқинини жамият расмий шахсдан эшитса, бундай маълумот кўпчиликнинг диққатини жалб қилади, бундай олдини олиш, бир томондан омманинг ҳар қандай маълумотни ҳокимият вакилидан эшитишга бўлган иштиёқини қондиради, қолаверса, турли ўзгача талқинларнинг пайини қирқади.
Шунингдек, кимдир фаол ҳимоя қилаётган мавжуд тасаввурларни ўзгартириш муаммосини акс эттирадиган агрессив коммуникатив муҳит тушунчаси ҳам мавжуд. Маълумки муқобил маълумот ҳар доим ўта салбий кутиб олинади, шунинг учун сингдирилаётган маълумотнинг самарасини орттирадиган қатор махсус усуллар ишлаб чиқилган:
Манфаатлар, ўтмиш билан хозирнинг мослигига урғу бериш, бундай мосликни аудитория билан максимал даражада яқинлаштириш. Бунда сўзловчига нисбатан ижобий муносабат маълумотнинг ўзига кўчирилади.
Керакли маълумотни тақдим қилиш учун обрўли манбани жалб қилиш. Бунда ҳам маълумот манбаига ишонч маълумотнинг мазмунига кўчирилади. Масалан, Афғонистонда халқ “Би-Би-Си” радиостанциясига ишонганлиги туфайли совет мутахассислари миш-мишларни айнан шу канал номидан тарқатишган.
Кўпчиликнинг фикрига қўшилиш. Бунда маълумот “ҳамма шу фикрда, ҳамма шундай ўйлайди, ҳамма шундай ҳисоблайди”, кўринишида тақдим қилинади, ўз-ўзидан тушунарлики, рақиб томоннинг фикри озчиликнинг фикри сифатида тақдим қилинади.
Тавсия қилинаётган маълумот илғор қарор сифатида, тескари қарорни эса эскирган, ўзини оқламаган қарор сифатида тақдим қилиш.
Тортишувни рақибнинг салбий сифатларига кўчириш, чунки “ёмон одамдан яхшилик чиқмайди”.
Психологик операциялар оммавий коммуникатив босим доирасида аниқ нуқтага йўналтирилган коммуникатив таъсирни тақозо қилади. Психологик урушда миқдор эмас сифат муҳим, яъни тарғибот материалининг қанча тиражда нашр қилинганлиги эмас, қанчаси мақсадга, манзилга етиб борди ва қандай самара берди. Бу ерда маълум қоида амал қилади, яъни барча ижтимоий нормалар гуруҳий характерга эга, шунинг учун уларни фақатгина янги нормаларга амал қиладиган гуруҳлар орқалигина ўзгартириш мумкин, бунда нисбатан кичик гуруҳ ўз таъсирини ўтказиши учун катта жалб қилувчи кучга эга бўлиши лозим. Бу вазифа одатда “фикр, қарашлар етакчилари (лидерлар)”га таяниб ҳал қилинади. Тадқиқотларда “фикр, қарашлар етакчилари (лидерлар)”га хос бўлган қуйидаги сифатлар аниқланган:
“Фикр, қарашлар етакчилари” фақат ижтимоий иерархияда эмас, бутун ижтимоий қурилмада, тенгдошлар орасида ҳам мавжуд.
“Фикр, қарашлар етакчилари” сиёсий фаол, бўлиб ўтаётган ходисаларга қизиқишади ва унга муносабат билдиришади.
“Фикр, қарашлар етакчилари” бошқаларга нисбатан ахборот таъсирига нисбатан “очиқ” бўлишади.
“Фикр, қарашлар етакчилари” қабул қилган маълумотларидан бошқаларга узатиш ёки маслаҳат бериш учун фойдаланишади.
Психологик операцияда босим ўтказиш модели қуйидаги таркибий қисмлардан ташкил топади:
Ахборотнинг кириш қисми қуйидагиларни таъминлаши лозим: а) бир вақтнинг ўзида оммавий онгга жойлашиш (М: катта тираждаги варақалар ёрдамида); б) оммавий онг бўлаклари ўртасида осонгина бир-бирига ўтиш (М: оломон); в) ахборот истеъмолчиси диққатини кафолатли жалб қилиш (М: иккинчи жахон уруши вақтида аскарлар қўлига олиши учун варақаларни яланғоч қизлар суратлари билан безатилган). Афғонистонда совет армияси миш-мишларни асосан чойхоналарда тарқатган. Кўриниб турибдики, кириш маълумот тарқатишнинг жисмоний шартларини ҳисобга олади.
Кучайтириш ахборотнинг мазмуний характеристикаларига таянади. Бунда маълумотнинг мазмуни аудиториянинг талабларига мос келиши муҳим. Маълумот айни пайтда аудиториянинг эҳтиёжлари билан келажакда унинг муаммоларининг ҳал қилиниши ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажариши лозим.
Акс садо (резонанс) ахборотнинг мазмунини уни қабул қилган микрогуруҳдан ахолининг кенгроқ қатламларига тарқалишини таъминлайди.
Ҳар қандай психологик операция шунингдек муболаға, бўрттириш механизмига таянади, айнан муболаға, бўрттириш асосий мақсад туфайли амалга оширилган ҳаракатни оқлайди.
Психологик операция учта типга бўлинади: стратегик, оператив ва тактик, оператив психологик операция стратегик ва тактик психологик операциялар ўртасида оралиқ босқич бўлиб ҳисобланади. Стратегик операциялар келажакда намоён бўладиган натижаларни кўзда тутса, оператив операциялар минтақавий мақсадли аудиторияга йўналтирилади, тактик операциялар эса бевосита ҳарбий ҳаракатларни қўллаб қувватлаш учун амалга оширилади.
Психологик операциялар пайтида маълумот матнини яратиш жараёнида мавзу билан рамз ўртасидаги фарқ киритилади. Бу жараён лингвистикадаги мазмун ва шакл ўртасидаги фарққа ўхшаб кетади, чунки психологик операцияда мавзу психологик мақсадга эришиш учун маълум қилинаётган ахборот бўлса, рамз мавзуни баён қилиш усули бўлиб ҳисобланади.
Мавзулар эҳтимол тутилган ожиз нуқталар бўйича гуруҳланади: бир мавзу “биз – улар” фарқи бўйича жамиятни гуруҳларга ажратиши лозим бўлса, бошқа бир мавзу жамиятда муқаррарликка урғу бериши керак бўлади (муқаррар бир томоннинг ютқазиши ва иккинчи томоннинг ғалаба қозониши), учинчи мавзу қонунийликни асослайди (дўстлар қонуний, рақиблар ноқонуний). Нотўғри тушунилишининг олдини олиш учун мавзу ва рамзларнинг тўғри танланишига алохида эътибор бериш керак бўлади, шу муносабат билан психологик операция амалга оширилаётган аудитория синчиклаб ўрганилади, бунда аудиториянинг этник ва диний-маданий хусусиятлари алохид аҳамиятга эга бўлади.
Психологик операция учун маълумот-ахборотларни яратиш бирлаштириш (интеграция), концептуализация ва тараққиёт босқичларига бўлинади.
Интеграция психологик операция йўналтирилган аудиторияни тахлил қилиш натижаларини мос келадиган маълумот воситаси билан бирлаштиришга йўналтирилади. Бунда қуйидаги саволларга жавоб берилади:
Психологик операция йўналтирилган аудитория ўзи қандай аудитория? Маълумотда унга нима дейиш керак? Қандай шароитда бу маълумот юқори самара беради? Мақсадли аудитория қаерда жойлашган? Психологик операция – маълумотнинг мақсади нима? Маълумотни қандай тузиш керак ёки акцияни қандай амалга ошириш керак?
Концептуализация аудиторияни тахлил қилиш ва усул танлаш натижаларини аниқ ишчи режа ва коммуникатив дастурга кўчиради. Бунда қуйидаги саволлар кўриб чиқилади:
Қандай қилиб диққатни жалб қилиш (варақаларга қандай жалб қилувчи элементларни жойлаш); қандай қилиб ишончлилик иллюзиясини таъминлаш (матнга аудиторияга азалдан маълум фактларни киритиш); қандай қилиб эсда олиб қолишни таъминлаш (баландпарвоз сарлавха қўйиш, муваффақиятли сўз бирикмаларини танлаш); қандай қилиб керакли ҳиссиётларни қўзғаш; маълумотни қандай қилиб такрорлаш (яхшироқ эсда қолиши учун кўп марта қайтаришни режалаштириш) ва х.з.
Психологик операцияда фойдаланиладиган энг муҳим элементлардан бири миш-мишлар ҳисобланади. Миш-мишлар психологик мазмунда кескинликни юмшатиш учун ишлатилади. Миш-мишлар кучли қурол ҳисобланиб, яхши тайёрланишни ва назоратда тутиб туришни талаб қилади. Миш-мишлар учун учта таркибий қисм хос: манба, миш-миш, қабул қилувчи-узатувчи. Миш-мишлардан фойдаланишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш керак:
Миш-миш манбаи аудиториянинг ишончига сазовор бўлиши керак;
Миш-мишнинг мазмуни ишончли бўлиши керак;
Миш-мишни қабул қилувчи уни кейинги даражага узатувчи бўлиши керак.
Миш-мишларни яратиш усуллари алохида диққатга сазовор. Бу ерда муҳими узатиш ва идрок қилиш хусусияти ҳисобланади. Бунда учта операциядан фойдаланилади:
Текислаш – миш-миш қисқа, содда, оғзаки узатишга мос бўлиши керак;
Бўрттириш – катта хажмдаги матндан фақат керакли фактларгина олиниши керак;
Ўхшатиш – миш-миш мавжуд стереотиплар, этноцентризм ва бидъатларни акс эттириши керак.
Миш-мишлар тарқатишда турли ижтимоий гуруҳлар томонидан ахборотни қайта ишлаш хусусиятларини ҳисобга олиш муҳим. Бунда асосий қоида шуки “текисланмаган ахборот бўрттирилади ва муҳим ахборотга айланади. Битта гуруҳ томонидан бўрттирилган ахборот бошқа гуруҳ томонидан текисланади”.
Миш-мишлар нафрат, қўрқув ва умид каби ҳиссиётлардан озиқланади. Унинг таркибида ирим-сиримлар ҳам муҳим рол ўйнайди. Филиппинда 1940-йиллар охирида партизанларнинг вампирлардан қўрқиши маълум бўлгач, вампирлар хақида миш-мишлар тарқатилиб, иккита қонсиз, бўйнида иккита тешикли мурда ташлаб кетилган ва тез орада партизанлар бу ҳудудни тарк этишган.
Деворлардаги ёзувлар ҳам катта таъсир кучига эга бўлиб, ахоли томонидан кўпчиликнинг иродаси сифатида қабул қилинади.
Психологик операцияларнинг самарадорлиги масаласи марказий муаммо саналади. Самарадорлик қуйидаги омиллар билан аниқланади: 1) мақсадли аудиториянинг типи ва жойлашиши; 2) аудиторияга босим ўтказадиган коммуникация каналларининг сони ва турли-туманлиги; 3) босим ўтказиш дастурларининг бойлиги даражаси; 4) маълумотлар матнининг аудиториянинг стандартларига мослиги даражаси.
Психологик операция – ташвиқотни тахлил қилишнинг қуйидаги усуллари мавжуд.
Манба. Бунда манбанинг ишончлилиги, аниқлиги, унинг ҳокимият, ҳарбий қўмондонлик, ташкилотлар ёки алохида гуруҳлар билан алоқаси алохида аҳамиятга эга.
Мазмун. Бунда ахлоқий рух, иқтисодий, биографик ва этник омилларга эътибор қаратилади.
Аудитория. Аудиториянинг тахлили маълумотни йўналтириш керак бўлган турли туман аудитория типларига эътиборни жалб қилади.
Медиа. Маълумотни узатишнинг қайси усули кўпроқ одамларни жалб қила олди, деган саволга жавоб беради.
Самара. Ушбу маълумотни оммавий онгга жойлашнинг эҳтимол тутилган оқибатларини тахлил қилади.
Рақибнинг узатаётган ахборот-маълумотини рад қиладиган қарши ташвиқот ҳам қуйидаги аниқ усулларга таянади.
Бевосита рад қилиш. Бу усулда рақибнинг ахборот-маълумоти вайронкор самара бермасидан олдин ишончли тарзда аудиторияга тез етиб бориши керак. Лекин, рад қилишнинг бу усули диққатни жалб қилиб, рақибнинг янги маълумотининг тарқалишига хизмат қилиши ҳам мумкин.
Бавосита рад қилиш. Тўғридан-тўғри рақиб томонидан тарқатилаётган маълумотни қайтармайди, балки унинг айрим сифатлари, масалан, матннинг ишончлилиги, муаллифнинг компетентлилигига шубҳа билдиради.
Диққатни чалғитиш. Ижтиомий онгни муаммодан чалғитадиган янги мавзуларни киритиш.
Сукут сақлаш. Баъзан рақиб томонидан тарқатилаётган маълумотга ортиқча диққатни жалб қилмаслик учун сукут сақлаш фойдалироқ бўлади.
Огоҳлантириш. Рақиб томонидан кўтарилиши мумкин бўлган мавзулар хақида олдиндан хабар бериш.
Мутахассислар шу нарсани эътироф этишадики, ибтидоий жамоа одами ёввойи одам эди, кейинчалик ёввойи одам ақлли одамга айланди, замонавий одам эса ахборот одами бўлиб қолди. Замонавий одам билим ва тажрибадан кўра кўпроқ ахборотга, турли манбалардан тарқатилаётган ғояларга тобе бўлиб қолди. С. Карл-Мурза таъкидлаганидек “Бугун оммавий ахборот воситалари маълумотнинг эмас, мафкуранинг қуролига айланди. У тарқатаётган маълумотлар ичида энг муҳими бизнинг онгимизга контрабанда йўли билан жойлаштирилаётган ғоялар бўлиб ҳисобланади”. Шуни қўшимча қилиш мумкинки, бугун ҳар қандай ахборот-маълумот, хатто реклама-тижорат маълумоти ҳам ижтимоий онгни шакллантирадиган ғояга айланди.
Айни пайтда оммавий ахборот воситалари орқали реклама мақсадида, баъзан реклама ниқоби остида тўғридан-тўғри тарғибот-ташвиқот мақсадида, бетўхтов равишда, аниқ мақсад кўзлаб беҳисоб маълумот ва ахборот оммавий онг таркибига жойланмоқда. Баъзан зарарсиздек туюлган бу ахборот-маълумотлар одамларнинг дунёқараши, турмуш тарзи, стереотиплари, установкалари, қадриятлари йўналиши, ўзаро муносабат усуллари, оилавий ва жинсий муносабатларини, кийиниш, овқатланиш маданиятини ўзгартирмоқда. Шу йўл билан аниқ геосиёсий ва гоеиқтисодий мақсадни кўзлаган кучлар баъзан оммавий маданият, ҳуқуқий-демократик ғоялар ниқоби остида ўз мақсадларига хизмат қиладиган диний, сиёсий экстремистик, террористик ғояларни ижтимоий онг таркибига жойлашмоқда. Бундай жойлаштириш, сингдириш, юқтириш қандай усуллар билан амалга оширилиши хақида тўхталамиз.
Психологик уруш олиб бориш усуллари хақида сўз юритишдан олдин шу нарсани алохида таъкидлаш лозимки, бу усуллар тижорат-рекламада қўлланиладиган усуллардан деярли фарқ қилмайди, чунки психологик уруш ҳам, тижорат-реклама ҳам энг аввало тарғибот-ташвиқот бўлиб ҳисобланади ва шахс қурилмасига маълум ғоя, дунёқараш, турмуш тарзи ва қадриятлар тизимини жойлашга ҳаракат қилади.