ПИЛЛАЧИЛИК КЛАСТЕРЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ТИЗИМНИ РАҚАМЛАШТИРИШ ЙЎЛЛАРИ
З.Т.Сиддиқов, ТДАУ, и.ф.н.,доцент
Н.А.Алиева, ТДАУ, таянч докторант
Х.Д.Давронбекова, ТошДАУ, магистр
Аннотация. Инновацион иқтисодиёт шароитида пиллачилик кластерларини рақамли иқтисодиётни ташкил этиш асосида ривожлантириш муҳим вазифалардан биридир. Мақолада пиллачилик тармоғидаги тизимларни рақамлаштиришда, маслаҳат хизматларини ташкил этиш ва янги билимларни тарқатиш буйича тавсиялар ишлаб чиқилган.
Аннотация. В условиях инновационной экономики развитие кластеров тутового шелкопряда на основе организации цифровой экономики является одной из важных задач. В статье разработаны рекомендации по цифровизации систем шелковой промышленности, организации консультационных услуг и распространению новых знаний.
Abstract. In the conditions of an innovative economy, the development of silkworm clusters based on the organization of the digital economy is one of the important tasks. The article developed recommendations for the digitalization of silk industry systems, the organization of consulting services and the dissemination of new knowledge.
Калит сўзлар: пиллачилик тармоғи, кластер, инновация, рақамли иқтисодиёт, ахборот, маслаҳат хизмати,экспорт, илм-фан.
Ҳозирги даврда жаҳонда хомашё эмас, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган иқтисодиёт етакчилик қилмоқда. Ички бозорда тайёр маҳсулот импортини камайтириш билан бирга экспорт салоҳиятини ошириш бўйича изланмаган тармоқлар рақобатда ютқазиб қўйиши мумкинлигини, халқаро тажрибалар мисолида кўриш мумкин. Пиллачилик тармоғида ҳам кластер тизимини қўллаш тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган тизимни, тармоқда вертикал интеграцияни ташкил этиб, инновацион ёндашувни талаб этади. Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга оширишга доир давлат дастурининг 22-мақсади 119-бандининг 6-бандостида мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солган ҳолда маҳаллий саноат тармоқлари экспорт салоҳиятини янада ривожлантиришда ипак маҳсулотлари экспортини 95 млн АҚШ долларига етказиш муҳим вазифалар сифатида белгилаб берилган [1].
Пиллачилик кластерлари пилла етиштиришдан то пилла хом ашёсидан тайёр маҳмулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш билан шуғулланади. Пиллачилик кластерларининг асосий таъсисчилари пиллани бирламчи қайта ишлаш корхоналари бўлиб, улар кластернинг ядроси ҳисобланади ва бошқарув звеноси сифатида фаолият юритади. Уларга касаначи, деҳқон ва фермер хўжаликлари шартнома асосида пиллани етиштириб берадилар[2]. Пилла корхона томонидан қабул қилинади, сақланади, бирламчи қайта ишланади. Пиллани чуқур қайта ишлаш жараёни эса, пиллачилик кластерларида мавжуд корхоналарда ёки ҳусусий корхоналар билан келишган ҳолда амалга оширилади ва тайёр маҳсулот экспортга йўналтирилади.
Ҳозирги кунда Республикада 76 та пиллачилик кластерлари мавжуд бўлиб, ушбу тармоқ ва соҳа корхоналари ишчиларининг асосий қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Пиллачилик кластерларини инновацион ривожлантириш, қишлоқ аҳолисини иқтисодий-ижтимоий холатини яхшилаш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, камбағаллик даражасини камайтириш имконини беради. Лекин пиллачилик кластерларида тармоқ маҳсулотларининг рақобатбардошлиги пастлиги, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг ташкил этилмаганлиги, кластер усулини қўллашда билим ва тажриба етишмаслиги каби муаммолар мавжуд бўлиб, пиллачилик экспортининг атиги 28 фоиз тайёр маҳсулотлар улушига тўғри келмоқда[3].
Пиллачилик кластерларини ривожлантиришда тизимни рақамлаштириш заруриятини келтириб чиқармоқда. Айниқса, илм фан ва ишлаб чиқаришни интеграциясини ташкил этиш, ахбарот маслаҳат хизматларини ташкил этиш, пиллачилик тармоғида рақамли технологияларни қўллаш, тармоқ самарадорлигини оширишга имкон беради.
Пиллачилик кластерлари фаолиятини ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш, хом ашё ишлаб чиқаришдан то сотишгача бўлган жараёнларни самарали ташкил этиш мақсадида пиллачилик тармоғида маслаҳат хизматларини ташкил этиш мақсадга мувофидир. Ҳозирги кунда, қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошида агроконсалтинг хизматлари мавжуд бўлиб, улар асосан тутчилик ва пилла етиштириш йўналишида маслаҳат хизматларини ташкил этган. Таклиф этаётган маслаҳат хизмати эса, нафақат хом ашё етиштиришга, балки пиллани бирламчи ва чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулот кўринишида сотиш йўналишида ҳам ўз хизматларини кўрсатади.
Пиллачилик тармоғини ташкил этиладиган маслаҳат хизматлари тутчилик, ипак қуртини тайёрлаш, пилла етиштириш, пиллани қайта ишлаш, ипак толаларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш техника ва технологиясини такомиллаштириш, ипак толали тўқималарнинг янги яратилган рақобатбардош турларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, ипак мато, ипак гилам, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш ҳамда маркетинг фаолиятини ташкил этишда хизматлар кўрсатиши лозим. Маслаҳат хизматини ташкил этилиши пиллачилик корхоналарида қўшилган қиймат занжирини самарали ташкил этишда, кластернинг ҳар бир бўғинида инновацияларни жорий этишда ҳамда кластер тизими самарадорлигини оширишда хизмат қилади[4].
Бунинг учун, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси билан келишган ҳолда пиллачилик кластер раҳбарлари билан онлайн учрашувлар ташкил этилиб, хизматлар инновацион марказ ва унинг хизмат турлари билан таништирилади.Замонавий талабларга жавоб берадиган, фойдаланишга қўлай ва керакли ахборотлар билан бойитилган интернет сайт яратилади.Алоқа воситалари асосида пиллачилик кластерлари соҳада банд бўлган ходимлар- мижозларга қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат курсатиш соҳасига тегишли маслаҳат хизматлари кўрсатилади. Ижтимоий тармоқларда ва телеграмм каналларда пиллачилик кластерлари фаолияти билан таништириб борилади ва шу асосда қишлоқ хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича тарғибот ишлари олиб борилади.Илғор пиллачилик кластерлари фаолиятини ўрганиш ва тажриба алмашиниш мақсадида, тренинглар ташкил этилади. Илм-фан янгиликлари ва инновациялар трансфертини амалга ошириш бўйича маълумотлар бериб борилади.Пиллачилик кластерлари маҳсулотларини реклама қилиш ва маркетинг фаолиятини ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатилади.
Шу билан бирга, пиллачилик тармоғини инновацион ривожлантиришда хорижий тажрибалардан фойдаланган ҳолда, тизимни рақамлаштириш асосида қўйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
-пиллачилик тармоғидаги тадқиқотлар ва ишланмалар, илм соҳасида эришилган янгилик ва янги билимларни ахбарот технологиялар ёрдамида тарғиб қилиш;
-пиллачилик тармоғидаги ишлаб чиқариш жараёнларинини оптималлаштириш;
-маҳсулот бозорларини тадқиқ қилиш ва янги бозорларга кириб боришда рақамлашли технологиялардан фойдаланиш;
-маҳсулотнинг сифатининг сертификация тизими, экпортни ошириш ва ўз брендига эга бўлиш мақсадида рақамли технологияларни такомиллаштириб бориш;
-пиллачилик тармоғида кластерларни ташкил этиш ва уни бошқариш бўйича таълим берувчи марказларни ташкил этиш ва мамлакатда етакчи пиллачилик кластерларнинг тажрибаларини онлайн намойиш этиш;
-пиллачилик тармоғидаги интелектуал салоҳиятни ошириш мақсадида, онлайн ўқув курсларини ташкил этиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |