Амалдаги солиқ қонунчилигига кўра қуйидаги юридик шахсларнинг мол-мулкига солиқ солинмайди:
а) нотижорат ташкилотларнинг мол-мулкига (тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган мол-мулкдан ташқари).
Солиққа тортиш мақсадида нотижорат ташкилотлар деганда қуйидагилар тушунилади:
фақат давлат бюджети маблағлари ҳисобига молияланадиган, тасдиқланган сметалар доирасида харажатларни қоплашга бюджетдан дотациялар оладиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар;
хайрия бирлашмалар, уюшмалар ва жамғармалар, халқаро ташкилотлар, диний бирлашмалар ва бошқа ташкилотлар:
1) ижтимоий-хайрия ёки бошқа мақсадлар учун барпо этилган, тадбиркорлик фаолияти учун даромад олишни кўзламаслиги таъсис ҳужжатларида қайд этилганлари;
2) молиявий ва бошқа маблағларни мазкур ташкилотнинг ходимлари, муассислари ёки аъзоларининг шахсий манфаатлари учун тақсимламайдиган ва инвестицияламайдиганлари (меҳнат учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдирлашлардан ташқари);
б) халқ таълими ва маданият муассасалари эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган мол-мулкка;
в) уй-жой-коммунал хўжалиги ва бошқа умумфуқаровий аҳамиятга молик шаҳар хўжалигининг мол-мулкига.
г) ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, "Нуроний" жамғармаси ва "Ўзбекистон чернобилчилари" уюшмасининг мулкида бўлган, ишловчилари умумий сонининг камида эллик фоизини ногиронлар ташкил қилган юридик шахсларнинг мол-мулкига;
д) янги ташкил этилган юридик шахсларнинг мол-мулкига, рўйхатдан ўтган пайтидан эътиборан икки йил мобайнида.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан (ўз ҳудудида мол-мулк жойлашган солиқ тўловчиларга нисбатан) юридик шахсларга қўшимча имтиёзлар берилиши ҳам мумкин.
Мол-мулк солиғи ҳисоблаб чиқарилаётганида солиқ солинадиган база қуйидагиларнинг қийматига камайтирилади:
солиқ тўловчининг балансида бўлган уй-жой-коммунал ва ижтимоий-маданий соҳа объектларининг;
табиатни муҳофаза қилиш, санитария-тозалаш мақсадида ва ёнғинга қарши хавфсизлик учун фойдаланиладиган объектларнинг;
маҳсулот ўтказгичлар, алоқа йўллари (шу жумладан автомобиль йўллари), алоқа ва энергия узатиш линияларининг, шунингдек уларни фойдаланишга яроқли ҳолда сақлаб туриш мақсадида қурилган иншоотларнинг.
Солиқ солиш мақсадида уларни фойдаланишга яроқли ҳолда сақлаб туриш мақсадида қурилган иншоотларга устунлар, табиий ва сунъий тўсиқлардан ўтишлар ва бошқа муҳофаза иншоотлари киради.
алоқа йўлдошларининг;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра тўхтатиб қўйилган асосий ишлаб чиқариш фондларининг;
шаҳар йўловчилар транспортининг (таксидан, шу жумладан йўналишли таксидан ташқари), шаҳар атрофидаги йўналишларда йўловчилар ташийдиган умумий фойдаланишдаги автомобиль транспортининг (такси, шу жумладан йўналишли таксидан ташқари);
йўл хўжалиги корхоналари ва ташкилотларининг йўлларни таъмирлаш ва сақлаш ишларида банд бўлган транспорт воситаларининг;
солиқ тўловчининг балансида бўлган ҳамда тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилмаётган фуқаролик ҳимояси ва сафарбарлик аҳамиятига молик объектларнинг;
лизингга олинган мол-мулкнинг, лизинг шартномасининг амал қилиш муддатига;
хорижий кредит ҳисобига харид қилинган асбоб-ускуналарга, ушбу кредитни сўндириш муддатига, лекин у беш йилдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Мазкур имтиёз қуйидагиларга татбиқ этилади:
а) солиқ тўлашга доир мажбуриятлар юзага келган пайтдан бошлаб ушбу кредитни сўндириш муддатига, лекин беш йилдан оширмаган ҳолда, мазкур асбоб-ускуна бўйича мол-мулкка;
б) бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тўловчининг балансида қайд этилган етказиб бериш, монтаж қилиш ва ишга тушириш-созлаш харажатларини ўз ичига оладиган асбоб-ускуналарнинг бутун қийматига.
Солиқ тўловчиларга Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси амалга киритилишига қадар қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан тақдим этилган солиқ имтиёзлари улар тақдим этилган муддат тугашига қадар сақланади.
Юридик шахслар бюджетга жорий тўловлар суммасини ҳисобот йили мол-мулкининг ўртача йиллик қолдиқ қийматидан ва белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиқиб мустақил равишда ҳисоблайдилар.
Бюджетга жорий тўловларни тўлаш ҳар ойнинг 20-кунидан кечиктирмай, йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида тўланади.
Биринчи чорак, ярим йил, 9 ой ва йил тугаганда тўловчилар мустақил равишда мол-мулк солиғини ўсиб борувчи якун билан, ҳисобот даврида мол-мулкнинг ўртача қолдиқ қийматидан келиб чиқиб, ҳисоблаб чиқадилар ва ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасидан, йил якунлари бўйича йиллик молия ҳисоботларини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай объект жойлашган жойдаги давлат солиқ органларига белгиланган шаклда тақдим этадилар. Мол-мулк солиғининг ҳисобланган суммаси ҳисоб-китобни тақдим этиш учун белгиланган кундан кечиктирмай тўланади. Акс ҳолда ҳар бир кечиктирилган кун учун ҳисобланган солиқ суммасига нисбатан 0,033 фоиз миқдорида пеня (молиявий жарима) қўлланилади.
Ортиқча тўланган солиқ суммалари, агар солиқлар ва йиғимлар бўйича бюджетга қарз мавжуд бўлмаса, тўловчининг ёзма аризасига кўра бўлғуси тўловлар ҳисобига қайд этилади ёки 30 кун ичида корхонага қайтарилади.
Бюджет билан ҳисоб-китобларнинг бухгалтерия ҳисоби бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олиш ҳисобварағи бўйича юритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |