Юридик ва жисмоний шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ. Юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи Режа: 1. Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи.
2. Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи.
3. Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи.
4. Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи.
Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи. Ўзбекистонда корхоналар фаолиятини солиққа тортиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири корхоналарнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг жорий қилиниши бўлди. Мол-мулк солиғи дастлаб, Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 15 февралда қабул қилинган “Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисида” ги Қонунига асосан жорий этилди ва шу билан бирга корхоналарнинг ишлаб чиқариш фондларига тўлов ҳамда транспорт воситаларига солинадиган солиқ бекор қилинди.
Ҳозирги вақтда ушбу солиқнинг ҳуқуқий асоси бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида” ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ҳамда бошқа солиқ қонунчилиги билан боғлиқ бўлган меъёрий хужжатлар ҳисобланади.
Ўзбекистон солиқ тизимида юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўғри солиқлар таркибига киради ва моҳиятига кўра бу солиқ асосий фондлар шаклидаги ресурсларга нисбатан белгиланган солиқ ҳисобланади. Мазкур солиқ бўйича тушумлар суммаси тўлиқ маҳаллий бюджетларга тушади ва у бюджетнинг барқарор даромад манбаларидан бири ҳисобланади.
Мамлакат солиқ тизимида мол-мулк солиғини жорий қилишдан кўзланган мақсад биринчидан, корхоналар ўзларининг хўжалик фаолиятини юритишда ортиқча ва фойдаланилмаётган мол-мулкини сотишга қизиқишини уйғотиш бўлса, иккинчидан, корхоналар балансидаги мол-мулкдан самарали фойдаланишни рағбатлантиришдан иборат. Чунки, корхоналарнинг маънавий ва жисмоний томондан эскирган асосий воситаларини янги, илғор технология-ускуналар билан янгилаши ишлаб чиқарилаётган товарларнинг баҳосини арзонлаштиради ва рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришга имкон беради.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг балансидаги барча мулклардан солиқ тўлашга мажбур қилиш уни ортиқча бино, иншоотлар, машина ва ускуналардан қутилишига ундайди. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш воситалари бозорини шакллантиришга, маҳсулот таннархини пасайтиришга ҳамда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятини яратади. Шунингдек, мол-мулк солиғи даромад ва мулк тақсимотидаги номутаносибликни бартараф этишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Солиқ қонунчилигига асосан мол-мулк солиғининг тўловчилари бўлиб, солиқ солинадиган мол-мулкка эга бўлган юридик шахслар ҳисобланади.
Солиқ солиш мақсадида юридик шахслар деганда, мулкида, хўжалик юритишида ёки тезкор бошқарувида мол-мулкка эга бўлган ва ўз мажбуриятлари бўйича мол-мулки билан жавоб бера оладиган ҳамда мустақил баланс ва ҳисоб-китоб варағига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар тушунилади.
Солиққа тортишнинг алоҳида режими ўрнатилган айрим тоифадаги корхоналарга, жумладан ягона ер солиғини тўловчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилар, ягона солиқ тўловини тўловчи миқрофирма ва кичик корхоналар ҳамда савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ҳамда нотижорат ташкилотлар учун уларнинг асосий фаолияти бўйича мол-мулк солиғини тўлаш татбиқ этилмайди.
Агар солиққа тортишнинг алоҳида режими ўрнатилган юридик шахслар фаолиятнинг асосий тури билан бир қаторда бошқа фаолият турлари билан шуғуллансалар, улар алоҳида ҳисоб юритишлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулк солиғини тўлашлари зарур бўлади.
Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғининг объекти бўлиб, асосий воситалар (шу жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган асосий воситалар), номоддий активлар, тугалланмаган қурилиш объектлари ҳамда белгиланган муддатда ишга туширилмаган асбоб-ускуналар қиймати ҳисобланади.
Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғининг солиққа тортиш базаси бўлиб эса: а) асосий воситаларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати (шу жумладан молиявий ижара (лизинг)шартномаси бўйича олинган асосий воситалар);
б) номоддий активларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати;
в) белгиланган муддатларда тугалланмаган қурилиш объектининг ўртача йиллик қиймати;
г) меъёрий муддатларда ўрнатилмаган ускуналарнинг ўртача йиллик қиймати ҳисобланади. Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғининг ставкалари ҳар йили кейинги молия йил учун тасдиқланадиган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида белгиланади. Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиз миқдорида белгиланган.