Яшпалнинг ижоди ХХ аср прогрессив йўналишдаги ҳинд адабиётининг муҳим босқичи ҳисобланади. У 1903 йил 3 декабрда Фирозпур (Шарқий Панжоб) да туғилган. Отаси эрта вафот этиб, оиланинг барча ташвиши онасининг елкасига тушади. Уни диний мактабга берадилар.
12 ёшли Яшпалнинг “Узук” (“Ангутхи”) номли ҳикояси мактаб адабий журналида чоп этилди. Кейин у коллежга кирди, у ерда ҳам кўплаб ҳикоялар ёзди. Улар “Бхрамар”, “Прабха”, “Праптан” журналларида чоп этиларди. Талабалар ташкилотларида фаол иштирок этди.
Террорчилик фаолиятларида қатнашгани учун қамоққа тушиб қолади. У ерда “Қафасдан парвоз” (“Пинжре ки уран”, 1939) кейинчалик ҳикоялар тўпламига кирган новеллалар яратди.
1938 йил жамоатчиликнинг босими остида ҳукумат Яшпални озод қилишга мажбур бўлди. Яшпал хотини билан биргаликда охирги жамғармасига “Виплав” (“Инқилоб”) журналига асос солди. 1939 йил улар журнални “Бош” номи остида урду тилида чоп этила бошлади.
Илк асарларида ёзувчи фақатгина ижтимоий тенгсизлик муаммолари кўтарилган юксак романтик образларни яратган бўлса, кейингиларида, хусусан “Ўртоқ Дада” (1941) романида у аниқ воқеликка, ўзи бевосита иштирок этган конкрет сиёсий воқеалар – Ҳиндистоннинг 40-йиллардаги сиёсий ҳаёти, ундаги майда буржуа вакилларининг иштирокига мурожаат қилади. Инқилобчилар, ишчилар, ўз ҳуқуқлари учун курашувчи иштирокчиларнинг образлари бу асарларнинг диққат марказида туради, шунингдек, миллий озодлик курашидаги “коммунистларнинг роли” кўрсатиб берилган. У жамиятнинг инқилобий қайта тикланиши йўллари ҳақидаги масалани ўртага ташлайди.
Яшпалнинг биринчи романи маълум даражада автобиографик тарздадир. Унда устоз М.К.Ганди қарашларидан четга чиққан, терроризмдан воз кечиб, марксизм ғояларига келган ёзувчининг дунёқарашидаги ўзгариш акс эттирилган. Кейинчалик яратилган “Сотқин” (1943) ва “Партиядош ўртоқ” (1946) номли романларида Ҳиндистондаги миллий озодлик ҳаракатининг алоҳида босқичлари ёритилган.
Воқеликни янада кўпқиррали ва тўлиқлигича акс эттиришга бўлган интилиш Яшпални замонавий буржуа жамиятидаги оддий инсоннинг ҳаёт йўлини кўрсатиб беришга ундади. Навбатдаги “Инсон қиёфалари” деб номланган романнинг қаҳрамонлари – бева деҳқон аёл ва оддий ҳайдовчи.
1956 йилда Ҳиндистонда тинчлик тарафдорлари ҳаракатини ташкил қилишда фаол иштирок этган даврида у “Амита” романини яратади. Романнинг асосий ғояси жаҳонда тинчлик бўлишидир.
1956 йилда Панжоб штатининг ҳукумати ёзувчини “Адигрантх” ҳар йили бериладиган адабий мукофотга сазовор деб топди. Бу мукофот ҳиндий тилини ривожлантиришга қўшган бебаҳо ва улкан ҳиссаси учун берилди.
Яшпалнинг етук асарларидан бири, унинг ижодининг чўққиси бу – “Ёлғон ҳақиқат” деб номланган роман-диалогдир (1958-1960). Унда мамлакат мустақилликка эришишидан аввалги Ҳиндистонни бўлиш воқеалари ҳақида ҳикоя қилинади.
1958 йилда Яшпал ҳинд делегацияси таркибида Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг Тошкент конференциясида иштирок этади. У М.А.Горькийнинг “Ёшлик”, кейин эса Б.Кебобаевнинг “Ҳал қилувчи қадам” ва А.Мухторнинг “Опа-сингиллар” романларини ҳиндий тилига таржима қилади.
60-йилларнинг охири 70-йилларнинг бошида Яшпал “12 соат” (1963), “Апсаранинг қарғиши” (1965), “Кишанда” (1968) деб номланган қисса ва романларни яратади. Уларда у маънавий-этник муаммоларга мурожаат қилган ва ахлоқнинг муҳим масалаларини кўтарди.
1973 йилда Яшпалнинг сўнгги “Турли мулоҳазалар” деб номланган романи чиқади. Бу йирик асар унинг барча ижтимоий-сиёсий ва тарихий романларидан ўтган ҳинд халқининг миллий озодлик кураши мавзусини давом эттиради.
Яшпалнинг бадиий насри хиндий адабиётида танқидий реализмнинг кейинги ривожланиши натижасида пайдо бўлган ва социалистик мафкура нуқтаи назаридан қаралган бадиий таҳлилнинг оқибати бўлган воқеликни бадиий англашнинг янги услубини пайдо бўлишини характерлаб беради.