8–МАВЗУ: ФАЛСАФИЙ АНТРОПОЛОГИЯ(ИНСОН ФАЛСАФАСИ)
РЕЖА:
Инсоннинг келиб чиқиши ҳақида диний ва илмий ёндашувлар
Инсон фалсафий таҳлил объекти сифатида.
Онгнинг келиб чиқиши ва моҳияти.
Онгнинг тузилиши, шакллари ва функциялари.
Таянч тушунчалар : Антропология, инсон борлиғи, антропогенез, биологизм, социологизм, психологизм,индивид, индивидуаллик, субъект, шахс, инсон, одам, ҳаётнинг мазмуни, суицид ва парасуицид, онг, онгсизлик, онг ости, психика, мия, инъикос, сезги, идрок, тасаввур, эмоция, ирода, хотира, интуиция,онг ва тил, онг ва меҳнат.
Инсоннинг келиб чиқиши ҳақида диний ва илмий ёндашувлар
Инсоннинг келиб чиқиши энг мураккаб ва жумбоқли феноменлардан бири ҳисобланади. Қадим замонлардан бошлаб ушбу феноменни тушунтиришда бир-бирига қарама-қарши бўлган икки парадигма мавжуд: инсоннинг худо томонидан яратилганлиги ғояси ва табиий тарихий эволюция ғояси.
Ибтидоий мифларда одамларнинг келиб чиқиши кўпинча мифик қаҳрамонларнинг трансформацияси, тотем аждодлар, бутун мавжудот яратилган мифик даврдаги персонажларнинг трансформацияси натижаси ёки уларнинг ижод маҳсули сифатида тасаввур этилади. Айрим мифларда одамларнинг пайдо бўлиши тасодифий хусусиятга эга бўлса, бошқаларида демиурглар – тотем аждодларнинг онгли иши сифатида акс эттирилади.
Жаҳон динларида мавжуд бўлган яратилиш актининг барча тасвирлари ўз илдизларига кўра айнан мифологияга бориб тақалади. Масалан, жаҳон динларида кенг тарқалган инсоннинг худо томонидан лойдан яратилганлиги ҳақидаги тасаввурнинг мифологик илдизларга эга эканлиги яққол кўриниб туради. Вавилонда яратилган поэма - "Энум Элиш»да тасвирланишича дастлабки одам тартиб худолари ва тартибсизлик (хаос) худолари ўртасида бўлиб ўтган урушдан сўнг лой ва қондан пайдо бўлган. Қадимги Мисрдаги афсоналардан бирида Хнум деган худо одамни кулолчилик чархи ёрдамида лойдан ясалганлиги айтилди. Аёлнинг эркак кишининг қовурғасидан ясалганлиги мотиви Месопотамияда яратилган мифларга бориб тақалади. Инсоннинг худо томонидан яратилганлиги ҳақидаги парадигма ҳар доим диний эътиқодлар ва ишончларга асосланган. Кейинги пайтда «космик тажриба» назариялари пайдо бўлдики, уларнинг марказида ҳам одамнинг яратилганлиги ҳақидаги ғоя туради. Диний талқинлардан фарқли ўлароқ, ушбу назарияларда инсон қандайдир ўзга планетага мансуб цивилизация томонида яратилган деб тасдиқланади.
Ушбу концепцияга кўра, Ердаги кўплаб ноёб иншоотлар (Миср эҳромлари, Пасха оролидаги тошдан ясалган улкан ҳайкаллар, фақат тепада қараганда кўринадиган бениҳоят улкан расмлар ва ҳоказо) ана шу ўзга сайёраликлар томонидан яратилган деб ҳисобланади.
Фан ўзга сайёраларда цивилизациянинг мавжудлигини ва улар Ерга келган бўлишлари мумкинлигини принцип жиҳатидан инкор этмайди. Бироқ, инсоннинг ўзга сайёраликлар томонидан яратилганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай далиллар мавжуд эмас. Бу мавзуга оид барча мулоҳазалар ҳозирга қадар мушоҳада-гипотеза бўлиб қолмоқда.
Инсоннинг табиий-тарихий келиб чиқиши тўғрисидаги фалсафий концепциялар то XIX асрнинг охирига қадар фақат мушоҳадалардан иборат бўлиб, ҳеч қандай исбот-далилларга эга эмас эди. Бироқ илмий маълумотларнинг тўпланиши билан мазкур ёндашув илмий ҳамжамиятда тобора кўпроқ устунликка эга бўла бошлади.
Инсоннинг ҳайвонларга ўхшаб кетишини одамлар жуда қадимги замонлардаёқ пайқаганлар. Антик фаннинг пайдо бўлиши билан инсон ва ҳайвонларни қиёсий таҳлил қилиш йўлидаги дастлабки уринишлар ҳам юзага келди. Бундай ҳаракатларнинг дастлабкиларидан бирини Қадимги Грецияда Арасту амалга оширди, Қадимги Римда яшаган врач ва анатом Клавдий Гален эса биринчилардан бўлиб одам билан маймун ўртасидаги ўхшашликларни тавсифлаб берди.
Одамнинг келиб чиқиши ҳақидаги табиий-илмий қарашларнинг узил-кесил тасдиқланишида Ч.Дарвиннинг «Табиий танланиш натижасида турларнинг келиб чиқиши» (1859) ва «Инсоннинг келиб чиқиши ва жинсий танланиш» (1871) каби асарларида баён этилган эволюция назарияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.
XIX асрнинг ўрталарига қадар атнропогенезнинг талқинлари табиий-илмий хусусиятга эга бўлди, яъни антропогенез фақат табиий фанлар (анатомия,эмбриология, эволюция назарияси ва бошқалар) доирасида изоҳланди.
Антропогенезнинг ҳозирги замон илмий назарияси эндиликда тор тармоқ соҳаси эмас, балки табиий ва ижтимоий фанларнинг туташув чегарасидаги мажмуавий фанлараро тадқиқотлардан иборат.
Ҳозирги замон таснифлари маълумотларига кўра, одам турига, умуртқалилар кичик турига, сут эмизувчилар синфига, приматлар гуруҳига, гоминоидларнинг катта оиласига, гоминидлар оиласига, Hоmо турига мансубдир.
Бундан 100-150 минг йил илгари неоантроплар – ҳозирги биологик типдаги одамлар пайдо бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |