XVII–XVIII асрларда Сурия. Ерга эгалик қилишнинг ҳарбий-лен тизими Суриянинг вилоятларида қисман тарқалган эди. Бироқ бутун Усмонийлар империясида XVI асрдаёқ бошланган ушбу тизимнинг инқирози Сурия вилоятларида ҳам акс этди. Вали Портанинг расмий вакили сифатида империя марказининг зарурий молиявий ва ҳарбий ёрдамидан фойдаланиши лозим эди.
Амалда эса сипоҳийларнинг таъсири пасайиши натижасида марказий ҳокимият солиқ йиғиш ва қўшин етказиб беришни валилар зиммасига юклашга мажбур бўлди. XVII–XVIII асрларда Усмонийлар империясида молиявий инқироз ва коррупциянинг кучайиши натижасида усмоний маъмурлар ўз фаолиятларида борган сари вилоятлардаги анъанавий маҳаллий зодагонларга таянишга мажбур бўлдилар.
XVII–XVIII асрларда Усмонийлар империясида бошланган жараён – янги ижтимоий қатлам – аёнлар қатламининг, яъни маҳаллий зодагонларнинг шаклланиш жараёни Сурия учун ҳам характерлидир. Аёнлар давлат ерларидан солиқ йиғиш ҳуқуқини сотиб ола бошладилар. Ерлардан солиқ йиғиш ҳуқуқини сотиб олиш – илтизамий – Усмонийлар империясининг бошқа вилоятларидаги сингари Сурияда ҳам кенг тарқалди. Бундай ҳуқуқни сотиб олувчиларни мултазим деб аташган, улар ер ҳажмига қараб солиқ миқдорини давлат хазинасига олдиндан тўлаганлар ва кейин деҳқонлар ҳисобига бойиб кетишганлар. Мултазимларнинг деҳқонлардан олинадиган солиқ миқдорини кескин оширишларига давлат амалдорлари эътибор қаратмас эдилар. Борган сари мултазимлар солиқ йиғиш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қолиш ва ҳатто мерос қолдириш учун ҳаракат қила бошладилар. Солиқ йиғиш ҳуқуқи сотиладиган йиллик аукционлар шунчаки ясамачиликка айланиб қолди, чунки энди валилар ҳам ўзларига қарашли ерларда мултазим бўла бошладилар. Сурияда ерларнинг асосий қисми турли хил кўринишда эски, усмонийларнинг кириб келишига хайрихоҳлик билан қараган, маҳаллий зодагонларнинг қўлида эди. Тоғли Ливанда ерларни бошқариш Маанидлар сулоласидан, XVII аср охирида эса Шихаблар сулоласидан бўлган шайхлар қўлида эди. Бошқа уруғдан бўлган шайх ва амирлар ўз ерларини Ливан амири бошчилигида ҳарбий хизматни ўташ шарти билан бошқариш ва мерос қолдириш ҳуқуқига эга эдилар. Харфуш уруғидан бўлган шиа мазҳабидаги амирларга Баалбек ва Бекаа водийсининг бир қисми тегишли бўлиб, бу ерларни улар мерос сифатида бошқариб келарди. Ансарийлар (алавийлар) яшайдиган ерлар бир неча қабила бошлиқлари – муқаддамунлар ўртасида бўлиб олинган эди.
Фаластинда ҳам маҳаллий ер эгаларининг бир неча уруғлари ерларга эгалик қилишарди. Давлат барча ерларнинг олий мулкдори ҳисобланган Усмонийлар империясида юқоридаги жуда кўплаб ер эгалари аслида солиқ йиғиш ҳуқуқини сотиб олганлар ҳисобланган ва давлат бу ҳуқуқни уларга вақтинча – илтизам ёки умрбод – маликиён асосда берган. XVII асрдан бошлаб ҳарбий бошлиқларнинг ерга эгалик қилиш ҳоллари кўпаяди. Қачонлардир маҳаллий аҳолидан ўзини алоҳида тутган, ёпиқ ҳисобланган яничарлар корпуси ҳам аста-секин маҳаллий аҳоли вакиллари билан тўлдирилиб, кўпчилиги даромадлари бўйича маҳаллий зодагонларга тенглашади. Маҳаллий аёнларнинг бошқа бир қисмини уламолар ташкил қилади. Улар вақф ерларидан олинган фойда ҳисобига бойиб кетишади ва илтизам асосида давлат ерларини кўплаб харид қиладилар. Натижада уламоларнинг бой оиласи катта фойда келтирадиган лавозимларни, масалан, йирик масжиднинг имоми лавозимини авлоддан-авлодга ўтказиб келиши оддий ҳол бўлиб қолади.
Вазифаларини аниқ бажарадиган давлат хизматчилари ва қонунийлик ўрнига аста-секин протекционизм, уруғ-аймоқчилик, шунингдек, найрангбозлик ва порахўрлик келади. Бу ҳол эса давлатни ич-ичидан емира бошлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |