9-§. Ўлим жазоси
Ўлим жазоси жиноят қонунида назарда тутилган энг оғир жазо тури бўлиб, маҳкумни суд ҳукми билан ҳаётдан маҳрум қилишдан иборатдир. Ўлим жазоси алоҳида ҳоллардагина фақат қонунда назарда тутилган бўлсагина қўлланади.
ЎзР ЖКнинг 51-моддасига биноан отиб ўлдириш тариқасидаги ўлим жазоси фақат жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми), терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учунгина тайинланиши мумкин.
Ўлим жазоси алоҳида жазо туриб бўлиб, бу жазога ҳукм қилинган шахсларга нисбатан ЎзР ЖК 42-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган маҳкумни ахлоқан тузатиш мақсади қўйилмайди. Балки жиноятчи томонидан жиноий фаолиятни давом эттиришга чек қўйиш ва бошқа шахслар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш ҳамда ижтимоий адолатни тиклаш мақсадида тайинланади.
Айрим мамлакатларнинг жиноят қонунларида ўлим жазоси жиноий жазо сифатида назарда тутилмаган. Шунингдек, бундай жиноий жазодан воз кечишни талаб қилувчи ҳаракатлар ҳам фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон Республикасининг 1959 йилда қабул қилинган Жиноят кодексининг 25 моддаси санкциясида ўлим жазоси назарда тутилган эди. Амалдаги Жиноят кодекси қабул қилинган вақтда, бу кодекснинг 13 моддаси санкциясида ўлим жазоси назарда тутилган эди. 1998 йил 29 август қонуни билан (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 9-сон, 181-модда) ўлим жазосини тайинлаш саккизта моддагача қисқартирилди. Булар: жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми), номусга тегиш (118-модданинг тўртинчи қисми), агрессия (151-модданинг иккинчи қисми), геноцид (153-модда), терроризм (155-модданинг учинчи қисми), давлатга хоинлик қилиш (157-модданинг биринчи қисми), жиноий уюшма ташкил этиш (242-модданинг биринчи қисми), гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш (273-модданинг бешинчи қисми).
Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш ва жиноят қонунининг инсонпарварлик принципларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 август қонуни билан ўлим жазоси ЖКнинг фақат тўртта моддасида қолдирилди холос. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, 9-10 сон, 165-модда). Улар ЖК 51-моддасининг биринчи қисми диспозициясида кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 14 декабрь қонунига биноан ўлим жазоси ЎзР ЖКнинг фақат иккита моддасида (терроризм — 155-модданинг учинчи қисми ва 97-модданинг 2-қисмида) қолдирилди холос.
Мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан жиноий жазоларнинг либераллаштирилаётганлиги ўлим жазосига ҳам тубдан ёндашишни тақозо қилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовнинг Олий МажлиснингҚонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси муҳим аҳамиятга эга бўлди. Жумладан унда юртбошимиз “Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш борасида биз ҳал этишимиз лозим бўлган яна бир масала — бу жазолаш тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлашдир.
Бу ўринда гап, айрим мамлакатларда бўлганидек, ўлим жазосига мораторий қўллаш, яъни маҳкум йиллар давомида ушбу жазо чораси қачон ижро этилишини кутиб ётиши тўғрисида эмас, балки уни бутунлай бекор қилиш ҳақида бормоқда”115[115] деб алоҳида таъкидлаб ўтди.
Ўлим жазоси тайинланиши мумкин бўлган жазоларнинг жуда ҳам қисқартирилганлигидан ташқари, бу жазони тайинлаш мумкин бўлган шахслар доираси ҳам чекланган.
ЎзР ЖК 51-моддасининг иккинчи қисмида белгиланишига кўра, ўлим жазоси аёлга, олтмиш ёшдан ошган эркакга ва ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга нисбатан тайинланиши мумкин эмас.
Ўлим жазоси афв этиш тартибида йигирма беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилиши мумкин.
Ўлимга ҳукм қилинган шахсларни афв этиб, озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштириш ваколати Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасининг 20-бандига асосан фақат Ўзбекистон Республикасининг Президентига берилган. Ўлим жазосига ҳукм қилинган шахс ҳукм қонуний кучга кирганидан кейин авф этиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Авф этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилгунга қадар ҳукмнинг ижроси тўхтатиб турилади.
Ўлим жазосига ҳукм қилинган шахслар, фақат шундай маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган жойларда сақланадилар ва уларни умумий сақлаш шароитига ўтказишга йўл қўйилмайди.
Ўлим жазосига ҳукм қилинган шахс қонунда назарда тутилган тартибда зарур фуқаровий ва оила-никоҳ муносбатларини расмийлаштиришга, юридик ёрдам олиш ҳамда муддати ва миқдорини чекланмаган ҳолда адвокат билан учрашиш; чекланмаган миқдорда хат олиш ва жўнатиш; яқин қариндошлари билан ҳар ойда бир марта қисқа муддатли учрашув; руҳоний билан учрашув ва тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга (ЎзР Жиноят-ижроия кодексининг 137-моддаси).
Юқорида баён қилинганлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ўтиш даврида ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш жараёнида ўлим жазосини ҳам босқичма-босқич қисқартириб, келажакда бу жазо туридан тамоман воз кечиш йўлидан бормоқда.
Ўлим жазосидан тамоман воз кечиш 1950 йил 4 ноябрда қабул қилинган, 1984 йил 22 ноябрдаги № 6 протоколда белгиланган «Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш Европа конвенцияси»га қўшилишнинг шартларидан биридир.
Do'stlaringiz bilan baham: |