6-§.Қамоқ
ЎзР ЖКнинг 49-моддасида белгиланишига кўра, қамоқ-шахсни батамом ажратган шароит остида сақлашдан иборат бўлиб, бир ойдан олти ойгача муддатга белгиланади. ЖКнинг 84-моддасида белгиланишича, вояга етмаганларга нисбатан эса бир ойдан уч ойгача муддатга тайинланади.
Ўтган ХХ асрда криминалист олимларнинг айримлари қисқа муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси етарли даражада самарали натижа бермаётганлигини, қисқа муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинганлар кўпроқ рецидив жиноят содир қилаётганларини таъкидлаб, унинг ўрнига қўрқитиш хусусияти кучлироқ бўлган жазо турини жорий қилишни таклиф қилиб келар эдилар. И.Карпец «Қонунда жазонинг мавжуд бўлишининг ўзи ахлоқий жиҳатдан беқарор бўлган шахсларга нисбатан руҳий таъсир қилади.Жиноий жазо шахсни жиноят содир қилиш имкониятларидан маҳрум қилади. Шу туфайли жазонинг жиноятчиликни олдини олиш кучи ошади деб ёзган эди.111[111] Инсонларда бошига мусибат тушиши мумкинлигидан қўрқиш хусусияти қонун талабларига риоя этишини таъминлашнинг муҳим шартидир. Инсоннинг айнан ана шу инстинктив хусусиятлардан фойдаланиб жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатли озодликдан маҳрум қилиш ўрнига қўрқитиш хусусияти кучлироқ бўлган жазонинг муайян турини олимлар кўп йиллардан бери таклиф қилиб келган бўлсаларда, аммо бу таклифлар жиноят қонунларида ўз ифодасини топмади.
Фақат Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган амалдаги Жиноят кодексида олимларнинг бу таклифлари амалда ўз ифодасини топди.
Қамоқ жазоси озодликдан маҳрум қилишнинг бир тури бўлмай, мустақил жазо тури бўлиб, жазолаш элементлари анча кучайтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги 16-сонли «Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарорининг қамоқни қўллаш бўйича 7:1 бандида берилган тушунтиришга кўра, «Қамоқ... судланганни қайта тарбиялашга, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда эришиш мумкин бўлмаган ҳоллардагина қўлланиши мумкин», дейилади.
Қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар жамиятдан батамом ажратилган ҳолда икки кишилик, тўрт кишилик ёки умумий камераларда сақланадилар. Уларни сақлаш шароити ЎзР Жиноят ижроия кодексининг 35-моддасида баён қилинган.
Қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар, одатда, ҳукм чиқарилган жойдаги махсус қамоқ уйларида (камераларда) сақланадилар.
Қамоқ жазосига биринчи марта ҳукм қилинган шахслар олдин қамоқ ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаб чиққан шахслардан алоҳида сақланадилар.
Қамоқ жазосини ўтаётган маҳкумларга учрашувлар, телефон орқали сўзлашувлар, посилкалар олиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишга рухсат этилмайди.
Аммо қамоқ жазосини ўтаётган вояга етмаганларга яқин қариндошлари билан ҳар ойда бир марта муддати уч соатгача бўлган қисқа муддатли учрашув имконияти берилиши мумкин. Шунингдек, ҳомиладор аёллар ва ёнида ёш боласи бор аёлларга шифокорнинг берган хулосасига кўра, даволанишига ва кучли овқат билан таъминланишига муҳтож деб топилган беморларга, тиббий хулосада белгилаб берилган миқдорда посилкалар ва йўқловлар олишларига рухсат этилади.
Қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар меҳнатга жалб қилинмайди. Аммо ЎзР Жиноят-ижроия кодексининг 42-моддасида белгиланишига кўра, қамоқ уйининг хўжалик хизматига оид ишларга ҳафтасига тўрт соатгача бўлган муддатга ҳақ тўламаган ҳолда жалб этилиши мумкин.
Мустақил давлатлар Ҳамдўстлигига кирувчи айрим мамлакатларнинг ЖК да (масалан, Россия федерацияси ЖКнинг 54-моддаси) қамоқ жазоси ҳукм чиқарилгунча ўн олти ёшга тўлмаганларга, ҳомиладор аёллар ҳамда саккиз ёшгача боласи бор аёлларга нисбатан тайинланмаслиги белгиланган. ЎзР Жиноят кодексида эса бундай чеклашлар йўқ. Иш ҳолатларига кўра, суд қамоқни ҳар қандай шахсга нисбатан тайинлаши мумкин.
Қамоқ жиноят содир қилган шахсларга нисбатан суд ҳукми билан тайинланиши; жарима жазосини тўлашдан бўйин товлаган тақдирда жаримани қамоқ билан алмаштирилиши мумкин.
ЎзР ЖКнинг 74-моддаси асосларида озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштирилганда қамоқ билан алмаштирилмайди. Чунки ахлоқ тузатиш ишлари қамоққа нисбатан анча енгил жазо ҳисобланади. Қамоқ жазосини ўтаётган шахс жазосининг қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш мумкинлиги қонунда белгиланмаганлиги боис бу жазонинг қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштирилмайди.
Озодликдан маҳрум қилишнинг қолган қисмини ЖКнинг 74-моддаси асосида қамоқ билан алмаштириш мақсадга мувофиқ эмас.
Чунки қамоқ озодликдан маҳрум қилишга нисбатан анча енгил жазо бўлсада, маҳкумни сақлаш шароити анча оғирдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |