Сабаб ва оқибат диалектикаси. Сабаблар ички ва ташқи, бевосита ва билвосита, объектив ва субъектив бўлиши мумкин. Субъектив сабаблар кўпинча фаолият, хулқ-атвор, қилмишларни изоҳлаш соҳасида намоён бўлади.
Объектнинг моҳиятини ташкил этувчи қарама-қарши кучлар, тенденцияларнинг ўзаро алоқаси сабабнинг ички манбаи ҳисобланади. Масалан, одамлар ўз касаллиги ёки қарилигини қайғу-ҳасрат, муваффақиятсизликлар, оғир иш ва ҳоказолар билан тушунтиришга мойилдирлар. Амалда қарилик ёки ўлимни енгишга ҳали ҳеч ким муваффақ бўлмаган, чунки қарилик ҳам, ўлим ҳам ички сабаблар билан изоҳланади. Шу сабабли баъзилар оғир иш билан шуғулланиб ҳам узоқ вақт ёш ва соғлом бўлиб қолади, айрим такасалтанглар эса жуда тез қарийди. Ташқи сабаблар турли объектлар ўзаро алоқасининг маҳсулидир.
Сабаб ва оқибат муносабатларини орқага қайтариб бўлмайди. Сабаб ва оқибатнинг соф чизиқли жараён сифатидаги механистик талқини муқаррар тарзда сабаб ва оқибатни орқага қайтариш мумкин, деган хулосага олиб келади. Масалан, Ой қарама-қарши йўналишда айлана бошласа, у дастлабки ҳолатга келган бўлар эди. Аммо бу фараз замирида сохта асослар ётади: у сабаб-оқибат муносабатларига тасодифий омиллар тўплами кучли таъсир кўрсатишини ҳисобга олмайди. Дастлабки ҳолатга қайтиш – бу мазкур омиллар тўпламини амалда мужассамлаштириш демакдир. Ваҳоланки, уларнинг ҳаммасини амалда мужассамлаштириш мумкин эмас, демак, дастлабки ҳолатга қайтиш мумкин эмас.
Сабаблар ва оқибатларнинг муносабатлари мураккаб ва ранг-барангдир. Бир сабаб кўплаб оқибатларга сабаб бўлиши ва, аксинча, бир оқибат замирида кўп сонли сабаблар ётиши мумкин. Айрим сабаблар чексиз оқибатлар занжирининг илк манбаи ҳисобланади. Баъзи бир сабаблар «занжир реакцияси» кўринишини касб этиши, яъни икки ёки ундан ортиқ оқибатни юзага келтириши, улар эса, ўз навбатида, икки ёки ундан ортиқ оқибатга сабаб бўлиши мумкин.
Баҳона ва шарт. Сабаб, баҳона ва шартни фарқлаш лозим. Баҳонани субъектив сабаблар қаторига киритиш мумкин. Бунда воқеа ёки шерикнинг ҳаракати ўзининг, одатда, нотўғри жавоб ҳаракатларини оқлаш мақсадида талқин қилинади ва баҳоланади. Шартлар-амалдаги ёки эҳтимол тутилган сабабнинг мавжудлик муҳитини ташкил этадиган ички омиллар ва ташқи муносабатлар мажмуидир. Синергетика муҳитга ягона негиз, бўлғуси тузилманинг ранг-баранг шакллари манбаи, ривожланишнинг турли йўллари учун майдон сифатида қарайди. Сабаб-оқибат муносабатлари тизимида шартларнинг амалдаги аҳамиятини тушуниш учун қуйидаги мисолни кўриб чиқамиз. Фуқаро А. хотини сузишни билмаслигидан хабардор бўлгани ҳолда, ундан қутулиш учун уни денгиз бўйлаб саёҳатга юборади. Оқибатда хотини сувга чўкиб ўлади. Эрнинг ҳаракатлари хотин ўлимининг сабаби ҳисобланадими? Бу мисол шартлар ўз ҳолича оқибат сабаби бўла олмаслигини, лекин сабабнинг амалга ошишига кўмаклашадиган ёки монелик қиладиган омил ҳисобланишини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |