Адвокатнинг ўзига хос одоб-ахлоқи, маънавий тамойиллари ва бошқа касбий фазилатлари қуйидагиларда намоён бўлади:
– Биринчидан, адвокат ўзининг одоб-ахлоқи билан халқ ўртасида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиши, адвокатлик шаънига доғ туширадиган, касбининг обрўсини тўкадиган, жамиятнинг унга нисбатан бўлган ҳурмати ва ишончига путур етказадиган хатти-ҳаракатларни содир этишдан ўзини сақлаши лозим. Касб этикаси, авваламбор, адвокатларга ҳимояси остидаги шахслар билан адвокатлик сирини сақлаш орқали ишончли муносабатларни таъминлашга кўмаклашади;
– Иккинчидан, ҳимояси остидагилар билан яқин муносабатда бўлганлиги, бу касбнинг айнан юқори даражада эркин, мустақиллиги ва маълум даражада ёпиқлилиги сабабли адвокатнинг ўзини ҳимоя қилади;
– Учинчидан, адвокатнинг суд, давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар билан, оммавий ахборот воситалари билан, касбдошлари ва адвокатлик уюшмалари билан муносабатларини тартибга солишга ёрдамлашади;
Халқаро Юристлар Ассоциацияси адвокатлари этикасининг бош тамойилларида адвокатларнинг касбий бурчлари қуйидагича келтирилган:
1. Адвокатлар ўзлари муносабатда бўлаётган кишилар билан ўзаро ишонч ва ҳамдардликнинг энг юқори даражасига эришиши керак;
2. Адвокатлар суд олдидаги мажбуриятларни, одил судлов талабларини ҳамда касбий этика талабларини бажариш асосида ўз мижозларининг манфаатларига энг муҳим нарса сифатида қарашлари лозим;
3. Адвокатлар касбий бурчини бажариш жараёнида олинган ҳар қандай мажбуриятларни улар амалга оширилмагунча ёки бекор бўлмагунча ҳурмат қилиши керак;
4. Адвокатлар, агар уларнинг ёки бошқа мижозларининг манфаатлари мижознинг манфаатлари билан қарама-қарши бўлса таклифни қабул қилмасликлари даркор;
5. Адвокатлар қонунда кўзда тутилган ҳолатлардан бошқа ҳолатларда ўзининг олдинги ва ҳозирги мижозларининг сирларини сақлашлари лозим;
6. Адвокатлар ўз мижозларининг адвокатни эркин танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилишлари лозим ва ҳ.к. Қонунни бузган шахсни ҳимоя қилар экан ҳимоячининг ўзи қонунга оғишмай риоя этиши, яъни қонуний усуллардан фойдаланган ҳолда ҳимоя қилиши керак. Шунингдек, у ҳимоянинг қўлланилиши ахлоқан мумкин бўлган усулларини татбиқ қилиши лозим бўлади. Ҳимоячи ўзига ишонч билдирган шахсга фойдали бўлса-да, судга ёлғон гапириши, судни ноқонунийликка ундашга ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида”ги қонуни 2-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг асосий вазифалари қонун устуворлигини” таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат» дейилади. Бу вазифалар албатта прокуратура ходимлари томонидан ахлоқ қоидалари ва принципларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Прокурор жамият манфаатларини ҳимоя қилади, давлат номидан сўзлайди, шу билан бирга судланувчининг қонуний манфаатларини, қадрини ҳимоя қилиши лозим бўлади. Прокурор ўзининг масъулиятли бурчини бажарар экан, жамиятга хизмат қилади. Бу хизмат, қачонки унга қатьий ахлоқийлик сингдирилса, жамият ва инсон қадри қанчалик ҳимоя қилинса, шунчалик самарали бўлади. Прокурорнинг ҳуқуқий ва ахлоқий мажбурияти объектив ва холис бўлишни талаб этади. Ўз нутқида айбланувчига нисбатан қўполлик қилиши, устидан кулиши, ташқи кўриниши, миллати, жисмоний камчиликларига тил теккизиши ҳолларига йўл қўймаслиги лозим бўлади.
Прокурор айбланувчини тавсифлар экан, унга нисбатан айбсизлик презумпцияси мавжудлигини ёдда тутиш талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |