2-савол баёни. Молия тизимининг бошқа бўлинмаларидан фарқли ҳолда, давлат бюджетида, икки тушунчанинг терминологик қўшилиши мавжуд: 1) бюджет – иқтисодий (молиявий) категория сифатида; 2) бюджет – мамлакатнинг асосий молиявий режаси сифатида. Айрим ҳолларда давлат бюджетининг моҳияти фақат мамлакатнинг асосий молиявий режаси сифатида талқин этилади. Буни тўғри деб эътироф этиб бўлмайди. Чунки иқтисодиётга тегишли бўлган ҳар қандай режа у ёки бу иқтисодий категориянинг намоён бўлиш шаклларидан бири ҳисобланади. Шунга мувофиқ равишда, давлатнинг асосий молиявий режаси давлат бюджети (умумдавлат молияси) категориясининг намоён бўлиш шаклидир. Яъни бюджет давлатнинг асосий молиявий режаси сифатида иқтисодий категория ва бюджетга хос бўлган хусусиятлар мажмуининг намоён бўлишидир. Иқтисодий категория ва мамлакатнинг асосий молиявий режаси сифатида уларнинг “давлат бюджети” деб бир хил номланиши предметнинг моҳиятини ўзгартирмайди ва давлат бюджетини иқтисодий (молиявий) категориялар таркибидан чиқаришга асос бўла олмайди. Бундан келиб чиқадиган асосий хулоса шуки, давлат бюджети дейилганда, энг аввало, икки тушунчанинг қўшилишини тушуниш керак: 1) давлат миқёсида ялпи ички (миллий) маҳсулотни тақсимлаш натижасида вужудга келадиган иқтисодий (молиявий) муносабатлар (иқтисодий категория); 2) шу категориянинг намоён бўлиш шакли сифатида давлатнинг асосий молиявий режаси.
Молия тизимининг бошқа барча бўлинмалари ва иқтисодий (молиявий) категориялар (баҳо, иш ҳақи, кредит ва бошқалар) билан чамбарчас боғлиқлиги ҳам давлат бюджетига хос хусусиятдир.
Давлат бюджетининг моҳиятини очиб беришда у орқали амалга ошириладиган тақсимлаш жараёнларининг мазмунини кўриб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади.
Ялпи ички (миллий) маҳсулотни давлат бюджети орқали тақсимлаш бир вақтнинг ўзида, ўзаро боғланган ва маълум даражада мустақил бўлган уч босқичга эгадир:
умумдавлат пул фондини шакллантириш (бюджет даромадлари);
ҳудудий ва маълум мақсадларга мўлжалланган кўп сонли бюджет фондларини яратиш;
бюджет фондидан фойдаланиш (бюджет харажатлари).
Давлат бюджети орқали ялпи ички (миллий) маҳсулотни тақ-симлашнинг бу босқичлари бир вақтнинг ўзида ва узлуксиз содир бўлсада, бу уларнинг нисбатан алоҳидалигини ҳам инкор этмайди. Бу босқичларни бўлиш ва уларни алоҳида-алоҳида кўриб чиқиш орқали бюджетли тақсимлашнинг характери, шакли ва методлари тўғрисида осонроқ ва аниқроқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Бюджет фондини шакллантиришда икки хил тушунчадан фой-даланилади:
бюджетга тўловлар (солиқлар, ажратмалар, божлар ва бошқалар);
давлат бюджетининг даромадлари.
Бу тушунчалар бир хил маънони англатади. Чунки уларнинг иккаласи ҳам давлат ва маблағ тўловчилар ўртасида вужудга келадиган бир хилдаги тақсимлаш муносабатларини ифода этади. Бу ерда фақат маъно жиҳатидан эмас, балки миқдорий жиҳатдан ҳам бир хилликка эришилган. Зеро, уларнинг ҳар иккаласи ҳам миллий даромаднинг ягона қисмига тегишлидир. Бироқ бу тушунчаларнинг иккиёқламалик характерга эгалигини ҳам унутмаслик лозим.
Шундай қилиб, “бюджетга тўловлар” ва “давлат бюджетининг даромадлари” тушунчалари юқорида кўрсатилган умумийликка эга бўлсалар-да, бир вақтнинг ўзида, улар ўртасида объектив фарқлар ҳам мавжуд. Бюджетга тўловлар хўжалик юритувчи субъектлар ёки тўловчилар молиясининг таркибий элементларидан ҳисобланади ва бошқа тақсимлаш муносабатлари билан ўзаро органик боғлиқликда кўрилади; давлат бюджетида улар даромадлар шаклини олади ва бюджетнинг субъектлар (хўжаликлар) билан бюджет муносабатлари кенг соҳаларининг бошқа элементлари билан ўзаро боғлиқликда таҳлил қилинади. Бу ҳолда, тақсимланаётган миллий даромаднинг ягона қисми икки хил иқтисодий мазмун касб этади ва молия тизимининг турли бўлинмаларида турлича кўринишга эга бўлади.
Давлат бюджетининг даромадлари ўзининг яхлитлиги (ягоналиги, бирлиги) билан фарқланади ва улар ягона мақсадга – ижтимоий эҳтиёжларни қондиришга хизмат қилади. Ундириш методлари, тўловчиларнинг таркиби, тўлаш муддатлари ва ҳоказоларда катта фарқланишлар бўлишига қарамасдан, уларнинг барчаси давлат пул фондини шакллантириш бўйича давлат ва тўловчилар ўртасида вужудга келган тақсимлаш муносабатларини ташувчилар (ифодаловчилар)дир. Бу ўз навбатида, маблағларни тўловчилар билан давлат ўртасидаги муносабатларнинг барчаси орасидан молиявий (бюджет) категориянинг бир кўриниши сифатида алоҳида муносабатларни ажратиб олишга асос яратиб беради. Агар молия иқтисодий категория сифатида эътироф этилган бўлса, бюджет бу категориянинг таркибий қисми, кўринишларидан биридир. Ўз навбатида, бюджет ўзига тегишли бўлган (бюджетли) категорияларни вужудга келтиради. Улар давлат бюджети деб номланган категорияга нисбатан маълум даражада бўйсунувчанлик характерига эга бўлиб, унинг таркибий қисмлари сифатида майдонга чиқади. Ана шундай бюджет категориялари сифатида давлат бюджетининг даромадлари ва харажатларини келтириш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |