2-савол баёни. Молиявий режалаштириш доирасида молиявий режани ишлаб чиқиш ҳар қандай корхонанинг молиявий иқтисодиётини барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар тизимида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Молиявий режалаштиришнинг асосий функциялари орасида молиявий маълумотни молиявий режа ёки унинг бажарилиши тўғрисида ҳисобот шаклида ташкил қилиш учун стандартларни белгилашни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Молиявий режалаштириш жараёнида корхонанинг операцион (жорий) ва истиқболли (узоқ муддатли) режасини амалга оширишда зарур бўлган маълум миқдордаги молиявий ресурслар бўлиши мумкин.
Операцион молиявий режалар ёрдамида корпоратив молиявий стратегияни ишлаб чиқишда асос яратилади.
Молиявий режалаштиришнинг асосий функциялари қаторига қуйидагилар киради.
- корхона маблағларининг нормал айланишини, шу жумладан реал капиталга инвестициялар, молиявий инвестицияларни, жумладан, айланма маблағларнинг кўпайишини ва корхонанинг ижтимоий ривожланишини таъминлаш;
- захираларни аниқлаш ва корхонанинг турли даромадларидан самарали фойдаланиш учун ресурсларни сафарбар этиш;
- инвесторларнинг манфаатларига риоя қилиш;
- бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар, корхона ходимлари ва юқори корхоналар билан муносабатларни аниқлаш;
- солиқ юки ва капитал тузилишини оптималлаштириш;
- корхоналарда режалаштирилган операцияларни ва вазиятларни мақсадга мувофиқлигини назорат қилиш.
Молиявий режалаштириш функциялари билан боғлиқ равишда молиявий режа оператив ва истиқболли режага бўлинади. Узоқ муддатли ва жорий режалаштиришнинг комбинацияси ривожланган мамлакатларда янги корхонани яратиш ёки янги турдаги маҳсулотларнинг чиқарилишини асослаш жараёнида ишлаб чиқилган бизнес-режадир.
Молиявий режалаштиришнинг икки тури бўлиши мумкин:
стратегик молиявий режалаштириш;
жорий молиявий режалаштириш.
Стратегик молиявий режалаштириш ўз ифодасини стратегик молиявий режаларда топадики, у ташқи ва ички муҳитда ўзгараётган хўжалик юритиш субъекти молиявий тараққиётининг кўп вариантли башоратидан иборатдир.
Стратегик молиявий режа, ҳеч бўлмаганда, қуйидаги саволларга аниқ жавоб бермоғи лозим:
хўжалик юритувчи субъект учун талаб қилинадиган капиталнинг ўлчами қандай, у қайси манбалар ҳисобидан ва қандай муддатларда жалб қилинади?
бу капиталдан қандай қилиб фойдаланилади?
ўз кучига ишонган ҳолда хўжалик юритувчи субъект ривожланиши мумкинми? Агар йўқ бўлса, молиявий ресурсларни жалб қилишнинг манбалари қандай?
хўжалик юритувчи субъект пул маблағлари тушуми, ишлаб чиқаришнинг рентабеллиги ва инвестициялар даромадлигининг қандай даражаларига чиқиши мумкин ва қай муддатларда?
Ўз навбатида, жорий молиявий режалаштиришнинг асосий функциялари қуйидагилардан иборат:
ишлаб чиқариш, инвестицион, маркетинг, илмий-лойиҳавий ва қидирув фаолиятларини ҳамда социал лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган молиявий ресурсларнинг ҳажми ва уларнинг манбаларини аниқлаш;
маҳсулотни (ишни, хизматни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш таннархини режалаштириш;
пул оқимларини режалаштириш;
бутун хўжалик юритувчи субъект доирасида фойдани режалаштириш (башоратлаш);
инвестицияларнинг даромадлилигини режалаштириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |