18 – маъруза .
Маъруза режаси
1. Электр тармоқни лойиҳалаштиришда ечилиши лозим бўлган масалалар таркиби.
2. Электр тармоқни лойиҳалаш усуллари
3. Асосий техник иқтисодий қурсаткичлар.
4. Автоматик лойиҳалаш системалари.
Таянч иборалар: Лойиҳалаш; тармоқни ривожлантириш; капитал маблағ; қўшимча харажат; тан нарх; ишончлилик; оптимал вариант; номинал кучланиш; оптимал кучланиш; кесим юзаси; иқтисодий кесим юзаси; истисодий интервал; рухсат этилган кучланиш исрофи.
(Адабиётлар: 1-4, 6-9, 12-14).
Энергетика системаларининг электр тармоқларида техник
иқтисодий ҳисоблашлар
18.1. Энергетика системалари ва электр тармоқларини лойиҳалашнинг вазифалари ва усуллари.
Энергетика системаларини лойҳалашнинг вазифаси уларнинг ривожланишини аниқловчи, истеъмолчиларни талаб этилувчи сифатидаги электр ва иссиқлик энергиялари билан ишончли даражада энг кичик харажатларда таъминловчи ечимларини ишлаб чиқиш ва техник-иқтисодий асослашдан иборатдир.
Энергетика системалари ва электр тармоқларини лойҳалаш босқичсиз лойиҳалаш ишларини бажариш билан бошланади. Бу ишларни бажариш натижасида лойиҳалашнинг иқтисодий самарадорлиги ва мақсадга мувофиқлиги, катта нархли қурилиш, қайта қуриш ва электр тармоқ объектларини кенгайтиришни аниқлаш учун асословчи материаллар ишлаб чиқилади.
Электр тармоқлар ривожланишини лойиҳалаш “Энергетика системаси электр тармоғининг ривожланиш схемаси” деб юритилувчи мустақил иш ёки энергетика системаси ривожланиш схемасининг ташкилий қисми сифатида бажарилиши мумкин. Электр тармоқларини лойиҳалаштиришда турли вазифаларни бажарувчи ва турли кучланишлардаги тармоқларни ривожлантириш умумлаштирилади. Лойиҳалашнинг қуйидаги тахминий ташкилий қисмлардан иборат бўлган босқичларида таркиби ва ҳажми бўйича турлича масалалар ечилади:
кўрилаётган энергетика системасининг мавжуд тармоғини таҳлил қилиш;
истеъмолчиларнинг электр юкламаларини аниқлаш ва алоҳида нимсистемалар ва энерготугунлар учун актив қувват балансини тузиш, янги пасайтирувчи нимстанциялар қуришни асослаш;
электр станцияларининг иш ҳолатларини ҳисоблаш (агар кўрилаётган тармоққа электр станцияси уланган бўлса) ва лойиҳалаштирилаётган электр тармоқнинг юкланишини аниқлаш;
электр тармоқнинг турли иш ҳолатларини ҳисоблаш ва тармоқ схемаси тузилишини асослаш;
реактив қувват балансини тузиш ва тармоқда кучланишни ростлаш шартларини аниқлаш, компенсацияловчи қурилмаларнинг типлари, қувватлари ва жойлаштирилиш пунктларини аниқлаш;
лойиҳаланувчи тармоқнинг қисқа туташув (ҚТ) токларини ҳисоблаш, коммутацион аппаратларнинг узиш имкониятларига талабларни аниқлаш, ҚТ қувватларини чеклаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
сиғим токларини компенсациялаш учун қўлланилувчи ёй сўндирувчи реакторларни танлаш ва сонларини, қувватларини ҳамда ўрнатилиш жойларини асослаш (одатда, 35 кВ ва ундан паст тармоқлар учун амалга оширилади);
электр тармоқни белгиланган ҳажмда ривожланишининг келтирилган параметрлари, натурал ва суммавий кўрсаткичлари, ишга туширилиш кетма-кетлигини аниқлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |