Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 2 июндаги 278-сон қарорига 1-ИЛОВА Бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисида НИЗОМ I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР 1. Бинолар ва иншоотлар давлат кадастри ҳудудий принцип бўйича ташкил этилади ва бу объектларнинг ҳуқуқий, хўжалик ва архитектура-қурилиш мақоми тўғрисидаги маълумотлар тизимини мужассамлаштиради.
Бинолар ва иншоотлар давлат кадастри бинолар ва иншоотлардан самарали фойдаланишни ва уларни муҳофаза қилишни, мулк эгаларининг ва бу объектлардан бошқа фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини, шунингдек бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш учун юритилади.
2. Бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш бўйича муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва мазкур Низом билан тартибга солинади.
Давлат шаҳарсозлик кадастрини, давлат ер кадастрини, фойдали қазилма конлари давлат кадастрини, кўп йиллик ўсимликлар давлат кадастрини юритиш бўйича муносабатлар бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
3. Бинолар ва иншоотлар давлат кадастри маълумотлари барча давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий юридик кучга эгадир. Кадастр ҳужжатлари бинолар ва иншоотлар билан фуқаролик-ҳуқуқий битишувларни амалга оширишда, уларни лойиҳалаштиришда ва бошқа юридик ҳаракатларда ҳуқуқий, иқтисодий ва техник маълумотлар сифатида қабул қилиниши керак.
4. Бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш бу объектлар тўғрисидаги кадастр маълумотларини шакллантиришдаги ишончли ҳужжатлар ва бошқа маълумотлардан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.
5. Бинолар ва иншоотлар тўғрисидаги кадастр маълумотлари мулк эгалари, уларга ашёвий ҳуқуқларга эга бўлган шахслар, учинчи шахслар, давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ва бошқа давлат органлари томонидан судда талашилиши мумкин.
6. Бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритувчи шахслар қонун бузилишларини очган тақдирда, бу ҳақда тегишли давлат органларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ёки прокуратурага хабар беришга мажбурдирлар.
7. Мулк эгаси бўлган бинолар ва иншоотларга ашёвий ҳуқуқларга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар уларга тегишли бўлган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларга эга бўлишлари шарт.
Бино ва иншоотни давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурияти мулк эгасига ёхуд бино ёки иншоотга ашёвий ҳуқуқларга эга бўлган шахсга юкланади. Улар бино ёки иншоотни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича барча ёки айрим мажбуриятларини учинчи шахсларга юклашлари мумкин. Бу ҳуқуқларни ва мажбуриятларни рўёбга чиқариш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
8. Ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган шахслар ёки улар томонидан ваколат берилган шахслар бино ёки иншоотга бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар пайдо бўлгандан, ўзгаргандан ва тўхтагандан ёхуд ҳуқуқий ҳолати ўзгаргандан кейин бир ой муддатда бино ва иншоотга кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалига, ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда буюртманома беришлари шарт.
9. Туманлар ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар бўйича бинолар ва иншоотларнинг давлат кадастрини юритиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг тегишли туманлар (шаҳарлар)даги филиалларига юкланади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича кадастр маълумотларини умумлаштириш тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари томонидан амалга оширилади.
Умуман республика бўйича кадастр маълумотларини умумлаштириш, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш ишларига умумий раҳбарлик қилиш, шу жумладан уларни методик жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.
10. Бинолар ва иншоотлар давлат кадстрини юритувчи органлар кадастр ҳужжатларини ва кадастр маълумотларини рухсатсиз олиш ва ошкор этишдан ҳимоя қилинишини таъминлашлари шарт.
11. Бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш бўйича ишлар кўчмас мулкка кадастр ҳужжатларини тайёрлаганлик учун тўланадиган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.
Давлат мулки бўлган объектлар бўйича бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш ишлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан маблағ билан таъминланади.