ВАЗИФАГА АСОСЛАНГАН ТИЛ ЎҚИТИШ
Нилуфар Мухитдиновна ЮЛДАШОВА
Ҳорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети
yuldashova-n@mail.ru
Аннотация:Мазкур мақола Вазифага асосланган тил ўқитиш ёндашувини (TBLT) ўрганишга бағишланиб, унда “вазифа” ҳақида олимларнинг турли фикр ва қарашлари тадқиқига эътибор қаратилган. Шунингдек, хорижий тилни ўқитишда бу ёндашувни қўллашда вазифаларнинг турлари хақида маълумот берилади.
Annotation.This article is devoted to the study of the Task-Based Language Teaching Approach, and it considers different perspectives and views of scholars on the “task”. The article also provides information on the types of tasks and their application in teaching foreign languages.
Аннотация: Данная статья посвящена изучению подхода к обучению языку, основанного на заданиях (TBLT). Особое внимание в статье уделяется рассмотрению различных точек зрений и взглядов учёных о трактовке понятия «задание». Кроме того, в статье представлена информация о типах заданий, используемых в процессе обучения иностранному языку.
Калит сўзлар: вазифа, вазифага асосланган тил ўқитиш, коммуникатив тил ўқитиш, прагматик хусусият, аутентик мулоқот.
Ключевые слова: задание, подход к обучению языку основанного на заданиях, коммуникативное обучение языка, прагматический признак, аутентичное общение.
Key words: Task, Task-based language teaching, Communicative language teaching, pragmatic features, authentic communication.
Ўтган 40 йил давомида вазифага асосланган тил ўқитиш (TBLT) ёндашуви бутун дунё бўйлаб хорижий тилни ўрганиш бўйича тадқиқотчилар, ўқув дастурларини ишлаб чиқувчилар, педагог, ўқитувчи тренерлар ва тил ўқитувчиларининг эътиборини тортиб келади. Ушбу атама иккинчи тилни ўрганиш (SLA) тадқиқотчилари ва тил педагоглари томонидан асосан ўқитувчи ҳукмронлиги ва шаклга йўналтирилган хорижий тилни ўқитиш амалиёти ҳақидаги эмпирик асосларга жавобан ишлаб чиқилган ва бу тушунча улар томонидан ривожлантирилган.
Вазифага асосланган тил ўқтитиш коммуникатив тилларни ўқитиш ёндашувидан (Communicative Langauge Teaching) келиб чиққан бўлиб, унинг қуйи тоифаси ҳисобланади. Ўқитувчилар турли сабабларга кўра бу ёндашувни қабул қилдилар. Баъзилар ўқувчиларнинг маънони ифода этиш қобилиятини ривожлантириш учун вазифаларга асосланган ўқув дастурига ўтган бўлсалар, бошқалар синфда тилни ҳақиқий ҳаётий вазиятларга бевосита алоқаси бўлмаган синф фаолиятидан келиб чиқадиган псевдо алоқа эмас, балки ҳақиқатан ҳам коммуникатив қилишни хоҳлашган. (Псевдо алоқа сўзларнинг қисмлари/фрагментлари ёрдамида алоқа қилишнинг бузилган уринишларини англатади) .1
Д.Нунан педагогик жиҳатдан вазифаларга асосланган тилларни ўқитиш қуйидаги тамойил (принциплар) ва амалиётларни кучайтирди деб такидлайди:2
Таркибни танлашда эҳтиёжларга асосланган ёндашув;
Ўрганиш мақсад қилинган тилда ўзаро алоқага киришиш орқали мулоқот қилишни ўрганишга ахамият бериш;
Ўқув вазиятларга аутентик матнларни киритиш;
Ўқувчиларга нафақат тилга, балки ўқув/ ўрганиш жараёнининг ўзига ҳам эътибор қаратиш имкониятларини бериш;
Ўқувчининг шахсий тажрибаларини синфда ўрганишга муҳим ҳисса қўшадиган элементлар сифатида яхшилаш;
Синфда тил ўрганишни синфдан ташқари тилдан фойдаланиш билан боғлаш.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек вазифага асосланган тил ўқитиш ёндашуви/ технологияси кўпгина тадқиқотчиларнинг диққат марказида бўлиб келган ва бу ёндашув бўйича талайгина тадқиқотлар олиб борилган. Бунга исбот сифатида уларнинг вазифага таълим фаолияти сифатида берган таърифларини кўриб чиқамиз.
Ричардс, Платт ва Веберларнинг фикрига кўра вазифа тилни қайта ишлаш ёки тушуниш натижасида, яъни жавоб сифатида амалга ошириладиган фаолият ёки ҳаракат. Масалан, аудиолентани тинглаб ҳаритани чизиш, кўрсатмани тинглаш ва буйруқни бажариш кабилар вазифа деб чунилиши мумкин. Вазифалар тилни қўллаш ёки қўлламасликни ўз ичига олиши мумкин. Вазифа одатда ўқитувчидан топшириқнинг муваффақиятли бажарилди деб ҳисобланиши учун нималар ҳисобга олинишини белгилашни талаб қилади. Тил ўқитишда турли туман вазифаларнинг қўлланилиши тил ўқитишни яна ҳам коммуникатив қилади…чунки ўз мақсадлари йўлида тилдан фойдаланишдан фарқли ўлароқ у синф фаолиятининг мақсадини таъминлайди.3
Кранки эса вазифага асосланган тил ўқитишнинг ўзига хос хусусияти шундаки, тил ўрганувчилар ўқув мақсадларини ўз ичига олмаган, синфдан ташқарида тил ўрганишга имконият яратиб берадиган фаолиятлардан фойдаланади деб айтади. Вазифалар ўқув мақсадларига эга бўлмагани учун бошқа фаолиятлардан фарқ қилади.4
Прабхунинг фикрига кўра ўрганувчиларнинг берилган маълумотлардан фикрлаш жараёни орқали натижага эришишни талаб қиладиган ва ўқитувчиларга ушбу жараённи назорат қилиш ва тартибга солишга имкон берадиган фаолият вазифа сифатида қабул қилинади.5
Яна бир тадқиқотчи, Кандлин, вазифни ижтимоий муҳитда кўзда тутилган ёки пайдо бўладиган мақсадларни жамоавий тадқиқ қилиш ва амалга оширишда мавжуд ва янги билимларга нисбатан қўлланиладиган ўрганувчиларнинг когнитив ва коммуникатив ишлаш тартибларини ўз ичига олган табақалаштирилган, кетма-кет, муаммоли ҳаракатлар тўпламидан бири деб такидлайди.6
Нунан ўзининг “Task-based Language Teaching” номли китобида вазифани тил ўрганувчиларни ўрганилаётган тилни тушуниш, ундан моҳирона фойдаланиш, муомалага киришишни ўз ичига олган синф ишининг бир қисми бўлиб, ўрганувчиларнинг эътибори асосан лингвистик шаклга эмас, балки маънога қаратилган дейди.7
Виллис эса вазифани натижага эришиш учун ўрганилаётган тил ўқувчи томонидан коммуникатив мақсадда қўлланиладиган фаолият деб ҳисоблайди.8
Скейан вазифани фаолият деб ҳисоблаб унда 9
маъно бирламчи (муҳим);
ҳал қилиниши керак бўлган баъзи алоқа муаммоси мавжуд;
таққосланадиган реал дунёдаги фаолиятлар билан боғлиқлиги бор;
вазифани бажариш (тугатиш) муайян устуворликка эга;
вазифани баҳолаш натижа нуқтаи назаридан амалга оширилади.
Лии вазифани қуйидагича таърифлайди:
Синфдаги фаолият ёки машқ бўлиб, а) мақсадга фақат иштирокчиларнинг ўзаро мулоқотга киришиши орқали эришиш мумкин, б) ўзаро алоқага киришишни тизимлаштириш ва кетма-кетлаштириш механизми ва с) маъно алмашинувига эътибор;
Тилни ўрганишга бўлган ҳаракат бўлиб, тил ўрганувчилардан бир қатор иш режаларини амалга ошириш чоғида ўрганилаётган тилни тушуниш, уни моҳирона бошқариш ва ишлаб чиқаришни талаб қилади.10
Байгейт вазифани ўрганувчилар танлови таъсирида бўлган ва ўқувчилар томонидан қайта талқин қилинишига мойил бўлган фаолият деб, бу ўқувчилардан мақсадга эришиш учун маънога урғу бериб тилдан фойдаланишни талаб қилади дейди.11
Эллис эса вазифа натижага эришиш учун тил ўрганувчилардан тилни прагматик тарзда қайта ишлашни талаб қиладиган иш режаси бўлиб, бу иш режаси мазмунни тўғри ва мос равишда етказилганлиги нуқтаи назаридан баҳоланиши мумкин. Шу мақсадда вазифа ўрганувчилардан биринчи навбатда маънога эътибор беришни ва ўзларининг лингвистик ресурсларидан фойдаланишни талаб қилади, гарчи вазифани ишлаб чиқишда ўрганувчилардан муайян шакллардан фойдаланиш кўзда тутилган бўлсада. Вазифа тилнинг ҳақиқий дунёда қўлланилишига тўғридан-тўғри ёки билвосита ўҳшаш бўлган тилдан фойдаланишга олиб келади. Бошқа тил машқлари каби вазифа ишлаб чиқарувчи ёки қабул қилувчи, оғзаки ёки ёзма маҳоратни, шунингдек турли ҳил когнитив жараёнларни жалб қилиши мумкин деб ёзади.12
Эллис томонидан берилган ушбу таърифнинг қизиқ томони шундаки у тил педагогикасининг деярли барча муҳим мунозарали томонларини ўз ичига олади: маънога эътибор, грамматика билан шуғулланиш, прагматик хусусиятларни киритиш, аутентик мулоқотдан фойдаланиш, ижтимоий ўзаро таъсирнинг аҳамияти, тил кўникмаларининг интеграцияси ва психолингвистик жараёнлар билан алоқаси.
Вазифага берилган таърифлардан сўнг уни турларини кўриб чиқишдан олдин вазифанинг педагогик ва мақсадли турларига қисқача тўхталиб ўтамиз. Лонг педагогик вазифаларни (pedagogical tasks) мақсадли вазифаларни (target tasks) бажариш йўлидаги қадам сифатида кўриб чиқади. Унинг айтишича педагогик вазифалар коммуникатив муваффақият, семантик аниқлик, прагматик мувофиқлик ва ҳатто грамматик тўғрилик каби мезонларга мувофиқ мақсадли вазифаларга тобора аниқроқ яқинлашиб боради. Мақсадли вазифалар одатда улар билан боғлиқ педагогик вазифаларга қараганда мураккаброқ бўлганлиги сабабли, тобора аниқроқ яқинлашиш одатда талабаларни тобора мураккаб педагогик вазифаларни бажаришини англатади.13
Навбат вазифанинг турларини кўриб чиқишга келди. Бангалор лойиҳасида учта асосий вазифа турлари берилади: ахборот бўшлиғи, сабаб бўшлиғи ва фикр бўшлиғи.14 Бу лойиҳа, шунингдек, коммуникацион ўқитиш лойиҳаси деб ҳам номланган бўлиб, 1979 йилдан 1984 йилгача давом этган. Лойиҳа одамлар ҳақиқий ва фойдали тилдан лингвистик бўлмаган мақсадларда фойдаланишга ҳаракат қилсалар улар тилни тезроқ ўрганадилар деган асосий гипотезага асосланган эди.15
Ахборот бўшлиғи фаолияти маълумотни бир кишидан бошқа кишига, бирон шаклдан бошқа шаклга ёки бирон жойдан бошқа жойга -одатда тилдан ёки тилга маълумотни кодлаш ёки декодлашни талаб этади.
Сабаб бўшлиғи фаолияти берилган маълумотдан хулоса чиқариш, амалий фикрлаш, алоқа ёки намуналарни идрок этиш орқали янги маълумот олишни билдиради. Бу турдаги фаолият ахборот бўшлиғи фаолияти каби маълумотни тушуниш ва етказишни ўз ичига олади, лекин фарқли жиҳати шундаки қабул қилинган маълумот етказиладиган маълумот билан бир хил эмас. Уларни бирлаштириб турувчи сабаб бор.
Фикр бўшлиғи фаолияти бирон вазиятга шахсий фикрни, ҳиссиётни, муносабатни аниқлаб билдиришни англатади. Бу фаолият фикрини исботлаш учун аниқ маълумотлардан фойдаланиш, далилларни шакллантиришни ўз ичига олсада, лекин натижаларни тўғри ёки нотўғри деб кўрсатадиган объектив тартиб йўқ, шунингдек ҳар хил талабадан ва турли хил вазиятларда бир хил натижани кутишга сабаб ҳам йўқ.
Худди шу давр мобайнида Паттисон бошқа турдаги вазифалар типологиясини бериб, етти хил вазифа ва фаолитларни кўрсатиб ўтди.16
Савол ва жавоб
Диалог ва саҳна кўриниши
Мослаштириш вазифалари
Алоқа стратегиялари
Расм ва расмли ҳикоялар
Муаммо ва бош қотирмалар
Муҳокама ва қарорлар
Ричардснинг педагогик вазифалар типологияси эса қуйидагича:17
Do'stlaringiz bilan baham: |