Маънавият >ВАТАНПАРВАРЛИКНИНГ ЮКСАК НАМУНАСИ
Культура и исскуство 6 июля 2015, 10:53 http://fikr.uz/blog/poems/vatanparvarlikning-yuksak-namunasi.html
Н. Собиров, А. Акбаров
Президентимиз Ислом Каримовнинг мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафасида нашр этилган «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» номли асари қанча-қанча аждодларимизнинг, мақсад ва бунёдкорлик ишларимизнинг ҳаётбахш манбаига айланган мустақиллликка эришиш йўлида 1989-1991 йиллар мобайнида олиб борилган ўта оғир ва машаққатли курашлар тарихидир.
Асарда ноёб тарихий хужжатлар истиқлолимиз меъмори, мустақил давлатимиз асосчиси, ўша пайтда юз берган ижтимоий жараёнларнинг асосий марказида турган, уларнинг барчасини ўз қалби ва юрагидан ўтказган инсон – юртбошимиз томонидан теран таҳлил этиб берилган. Тўпламдан ўрин олган маъруза ва нутқлар муаллифнинг юксак интеллектуал салоҳияти, ҳар қандай шароитда ҳам Ўзбекистон манфаатини қатъий туриб химоя қилишга қаратилган принципал позицияси, нотиқлик махорати ёрқин акс этгани билан алоҳида ажралиб туради.
Мамлакатимизда хуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда асосий устивор йўналишлар бўлган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик, ахолини ижтимоий муҳофаза қилиш, иқтисодиётни тубдан ислоҳ этиш, миллий армияни шакллантириш, инсон манфаати, хуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётни эркинлаштириш, илм-фан, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш масалалари мустақиллигимизнинг пойдевори қўйилаётган ўша даврдаёқ Юртбошимиз чиқишларида ўз ифодасини топганига китобни мутоалаа қилиш жараёнида амин бўламиз.
Истиқлол арафасида республикамизда ҳукм сурган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазият, халқимиз бошидан кечирган ўта таҳликали воқеа-ходисаларни ўз кўзи билан кўрган, уларга гувоҳ бўлган одамларнинг сафи камайиб бораётгани, униб-ўсиб келаётган ёш авлод эса бу тарихдан етарли даражада хабардор эмаслигини инобатга оладиган бўлсак, ушбу китоб барча суронли мураккаб йилларнинг энг ишончли хужжати сифатида халқимизнинг истиқлол йўлидаги барча интилиш ва курашларини бор мураккаблиги билан кўрсатиб беради.
Мазкур асардан жой олган барча чиқишларда муаллиф ўзининг ҳар бир фикри ва сўзини аниқ далил ва рақамлар, мантиқий хулосалар билан асослаб беради. Муҳими, юртимиз мустақиллиги ўз-ўзидан қўлга киритилмаганлигига ишонч хосил қиламиз. Мустақиллик тинимсиз курашлар, қийинчилик ва йўқотишлар, уйқусиз тунлар, изланиш ва изтироблар, мунозара ва муҳокамалар, баъзида қувончли интилишлар маҳсули сифатида номоён бўлади.
Бир сўз билан айтганда, 1991 йилнинг 31 август санасида қўлга киритилган миллий мустақиллигимиз йигирманчи асрда халқимиз томонидан амалга оширилган буюк маънавий жасоратдир. Бу жараёнда Президент Ислом Каримов кўрсатган жасорат, мардлик, фидоийлик ватанпарварликнинг юксак намунасидир.
Халқимизнинг сиёсий тафаккур ҳазинасига бебаҳо бўлиб қўшилган «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китоби барчамизни ҳозирги ўта таҳликали замонда доимо хушёр, огоҳ ва сергак бўлиб яшашга даъват этади. Шу асосда мазкур китоб ёшларимизни ватанимизнинг янги тарихини чуқур англаб, ундан зарур сабоқ ва хулосалар чиқариб, юртимизнинг қадимий шухрати, бугунги қудрати ва салоҳияти, жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб бўлиб яшашга, содиқ бўлишга ўргатади.
«Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» асари ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириб мустақилликни қадрлаш, мустаҳкамлаш, атрофимизда содир бўлаётган ҳар бир воқеа-ходисаларга дахлдорлик хиссини уйғотади ва ватанпарварликнинг юксак намунаси сифатида эътироф этилади.
0
http://fikr.uz/blog/poems/vatanparvarlikning-yuksak-namunasi.html
Do'stlaringiz bilan baham: |