7. Муносабатларнинг тугаши – бир-бирлари билан бошқа сира юз кўришмаслик билан боғлиқ қарор чиқаришдан бошланади. Айримлар шеригининг айбдор эмаслигини билиб турса-да, муносабатларни тугатгиси келаверади, айримлар эса бир-биридан кўнгилсиз бўлиб қолган бўлсаларда, биргада яшайверади. Бундайлар ўзаро муомалани кескин камайтириб, деярли гаплашмай ҳам яшайверади, бундай аразлашлар кўпинча у ёки бу томоннинг депрессив ҳолатини, асаббузарликни келтириб чиқаради. Чунки одатда бундай ҳолатда қолган шахс бошқа севгилиси йўқлигидан ёки янги танишлар ҳам шундай алдаб кетишидан, боласи тақдирини ижобий хал қила олмаслигидан жуда қайғуради ва ҳатто касалга ҳам чалиниб қолади.
Эр ва хотин ўртасидаги романтик муносабатлар ёки ишқ-муҳаббат аслида бир инсоннинг бошқаси устидан доимий ҳукмронлиги, бу ҳислардан ўз манфаати нуқтаи назаридан фойдаланиши демакдир. Бундай ҳаракатларнинг типик мисоли адабиётда ўз аксини топган бўлиб, бу – Дон Жуан образидир. У ўз жинсий майлларини қондириш мақсадида янгидан-янги қурбонларни топади ва ўз хоҳиши йўлида уларнинг ҳис-туйғуларини топтаб кетаверади. Ёки гўзал ва келишган аёл ўз мафтункорлиги билан эркакларни ром этиш йўли билан уларнинг хисларини жиловлаб олиши мумкин. Яъни, Шостром деган олимнинг фикрича, ҳар қандай ишқ-муҳаббатда ана шундай манипулятив ҳолатлар мавжуд бўлади.
4.3. Романтик муносабатларга асосланган муносабатларнинг турлари
Психологик манбаларда севгига асосланган муносабатларнинг бир қатор турлари ва типологияси келтирилган. Биз бу ўринда Ж. Лининг 6 типли муносабатлар назариясини келтиришни жоиз деб билдик. Уларнинг дастлабкиси – Eros, бу романтизм ва хиссий майлларга асосланган муҳаббат бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад – севгилисининг висолига эришиш ва у билан яқин, жинсий муносабатда бўлишдир. Mania – бир томоннинг иккинчи томон меҳри ва муҳаббатига эришиши учун ҳамиша хавотир ва интиқлик билан боғлиқ бўлган талабчан, интиқ ҳиссиётидир. Ludis – ўзига қаратилган, худбинларча муҳаббат, бунда севгига эришмоқчи бўлган шахс нима қилиб бўлса ҳам суюклисининг висолига эришмоқни кўзлайди. Storge – дўстона, мустаҳкам ва самимий ҳисга асосланган бир-бирига яқин, анчадан буён таниш бўлган одамлар ўртасидаги севги. Agape – бирор объектга нисбатан интиқлик, сабр-қаноат билан бошдан кечирилаётган илоҳий севгидир. Ниҳоят, Pragma фақат шу инсон билан яшагандагина ҳаётдаги барча мақсад-муддаоларига эришиш мумкинлигини англаган, ҳаётий, аниқ мўлжалли, шахсий худбинликдан холи бўлган тоза севгидир (Э.Хэтфилд, 2003).
Шу каби севгини типологияларга ажратишга уринган олимлар сони кўп (масалан, Маслоу, Гозман, Шостром ва бошқалар), лекин барчасида ҳам ақл-идрокка, ҳаётий мўлжаллар хусусиятларига, ўзаро ҳамкорликка, тайёрликка таянган севги анча бақувват ва умрибоқийдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |