1-савол. XIV аср иккинчи ярмида Мовароуннаҳрдаги вазият.
Амир Темурнинг марказлашган давлат тузиши.
«Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак».
Ислом Каримов (Амир Темур – фахримиз, ғуруримиз).
1348 йилга келиб Чиғатой улуси икки қисмга Мовароуннаҳр амирлиги ва Мўғулистонга бўлиниб кетди. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича Мовароуннаҳр 10 га яқин мустақил бекликларга бўлиниб кетган эди. Самарқандда Амир Боён Сулдуз, Кешда Амир Хожи Барлос, Хўжандда Амир Боязид Жалойир, Балхда Ўлжойту Сулдуз, Ҳисори-Шодмонда Амир Ҳусайин ва Амир Ясовурийлар ўзларини ҳокими мутлақ деб эълон қиладилар. Мўғулистон хони Туғлуқ Темур (1359-1363) ўз ерларини кенгайтириш мақсадида Мовароуннаҳр ерларига ҳарбий ҳаракатлар уюштира бошлайди. Мана шундай ички ўзаро урушлар авж олиб, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий инқироз кучайиб борган даврда тарих майдонига мўғул босқинчиларига қарши курашда ном чиқарган буюк соҳибқирон, моҳир саркарда Амир Темур кириб келди.
АМИР ТЕМУР Шаҳрисабз яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида Барлос бекларидан Муҳаммад Тарағай оиласида 1336 йил 8 апрелда дунёга келган. Унинг амакиси Ҳожи Барлос Кеш шаҳрининг ҳокими эди. 1360-1361 йилларда Туғлуқ Темур ҳеч қандай қаршиликсиз Мовароуннаҳр ерларига бостириб кирганида Ҳожи Барлос Хуросонга қочади. Ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор ҳиссиёти кучли бўлган ёш Темур эса амакиси ҳокимлик қилиб турган ерларини душман қўлига бермаслик учун Туғлуқ Темур хизматига киради ва тез орада Кеш вилояти ерларига ҳокимлик қилиш учун ёрлиқ олади.
Амир Темурнинг бу иши Мовароуннаҳрда сиёсий тарқоқлик, ўзаро курашлар ва бошбошдоқлик ҳукм сурган даврдаги бирдан-бир тўғри йўл эди. Чунки Мовароуннаҳр амирларининг Туғлуқ Темурга қарши бош кўтариб чиқиши мўғул босқинчиларининг Мовароуннаҳр ерларини яна бир бор вайрон этишига олиб келиши муқаррар эди. Айни пайтда Амир Темур ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида мўғулларга қарши кураш бошлайди. Маҳаллий ҳокимият учун бўлган жангларнинг бирида, аниқроғи Сейистонда (1362 й.) туркманларга қарши бўлган жангларда ўнг қўли ва ўнг оёғидан яраланиб бир умрга оқсоқ бўлиб қолади.
Туғлуқ Темур 1361 йилда Мовароуннаҳр ерларини бошқаришни тажрибасиз ўғли Илёсхўжага топширади. Лекин Темур Илёсхўжага хизмат қилишдан бош тортиб, ўша вақтда Балх ҳокими бўлиб турган Амир Ҳусайн билан иттифоқ тузади.
1363 йилда Туғлуқ Темурнинг вафоти Мовароуннаҳр учун бўлган курашларни кучайтириб юборади. Амир Темур ва Амир Ҳусайннинг бирлашган қўшинлари 1365 йилда Илёсхўжа қўшинларига қарши иттифоқликда Тошкент ва Чиноз оралиғида бўлган «лой жанги» ўзаро тўқнаш келадилар. Жанг иттифоқчиларнинг мағлубияти билан тугайди. Мазкур жанг Амир Темур ҳаётидаги биринчи ва охирги мағлубият бўлган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |